26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Энг муҳими – сабр-қаноат ва тўзимлилик

Мамлакатимиздаги фавқулодда вазият ва давлатнинг бўҳронга қарши чора-тадбирлари ҳақида Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев баёнот берди

Ҳурматли ватандошлар!

Ҳозир бутун жаҳон мисли кўрилмаган мураккаб вазиятга дуч келди. Коронавирус иллати ер юзини қоплаб боряпти. Бугунги кунда 177 давлатда 800 мингга яқин одам ана шу дардга чалинди. Уни юқтирганлар сони кундан кунга ўсиб бормоқда. 

Биз фавқулодда вазият жорий этиб, Қозоғистонда вируснинг ёппасига таралишига йўл қўймадик. Пировардида вазиятни назоратда ушлаб турибмиз. Аҳолиси Қозоғистон билан тенг айрим мамлакатларда коронавирусга чалинганлар сони ўнлаб баравар кўп.

Мен пойтахт билан Алматидагина эмас, мамлакатимизнинг ҳамма минтақаларида карантинни кучайтиришни топширдим. Барча қозоғистонликларга сабр сақлаб, тушуниш билан ёндашгани учун раҳматимни айтаман. 

Биз бесаранжомлик туғилишига йўл қўймаймиз. Айни пайтда халқ давлатни қўллаб-қувватлаши керак. Бу – ўта муҳим.

Коронавирус – ботмонлаб кириб, мисқоллаб чиқадиган хавфли дард. Бинобарин, биз иллатга чалинган одамларга керакли барча ёрдамни кўрсатамиз.

Бугун бутун мамлакатимиз шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг матонатига тан бермоқда.

Улар – одамлар умрини сақлаб қолиш учун курашаётган бугунги кун қаҳрамонлари.

Шунинг учун ҳам пандемияга қарши курашнинг олдинги сафида бораётганларга қўшимча қўллов кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилдим.

Шифокорларга ва тиббиёт ходимларига 3 ой мобайнида қўшимча устама ҳақ тўланади. Тиббиёт ходимларининг ҳаётини суғурталаш масаласи ҳам ечимини топди. Оқ халатли олижаноб инсонлар ундан ҳам зўр қўлловга лойиқ, албатта. Шунингдек полиция ходимлари ва ҳарбий хизматчиларга ҳам алоҳида миннатдорлик билдираман.

Фавқулодда вазият тартибининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари бўлиши муқаррар. Биз учун фуқароларнинг соғлик билан бир қаторда ўз даромадидан айрилмаслиги ҳам муҳимдир. Мен бунгача Бўҳронга қарши дастлабки чоралар мажмуасини эълон қилдим. Ҳукумат ва ҳокимлар уни амалга оширишни бошладилар.

Аҳволнинг мураккаблаша борганини инобатга олиб, фуқароларга ва бизнесга янада қўллов кўрсатиш юзасидан қуйидаги қўшимча қарорларни қабулладим. 

Биринчи. Инфляциянинг кучайиши муносабати билан пенсия, давлат нафақалари ва адресли ижтимоий ёрдам миқдорини йилига 10 фоизга индексациялашни топширдим. Шу муносабат билан таъкидланган тоифадаги фуқароларнинг даромадини орттириш учун давлат томонидан 200 миллиард тенгедан зиёд маблағ бўлинади. 

Иккинчи. Бу йил 23 мартда даромадидан маҳрум бўлган фуқароларга энг қуйи маош миқдорида қўллов кўрсатилишини айтгандим. Энди эса ана шу ёрдамни оладиган фуқаролар тоифасини кенгайтиришни топшираман. 42500 тенге миқдоридаги бу маблағ илгари доимий ишлаб, маош олганларгагина эмас, ўзини-ўзи иш билан таъминлаганлар ва расмий тиркалмаган ҳолда ишловчиларга ҳам берилиши керак. Бундай кўмакни олиш учун улар ўз мақомларини тасдиқлатиб олишлари лозим. Шундан сўнг таъкидланган фуқаролар фавқулодда вазият даврида давлатдан ой сайин ижтимоий ёрдам олиб турадилар. Айрим фуқаролар етарли норасмий даромадга эга бўлсада ана шу тўловни олиш учун барибир ҳужжат тўғирлайдилар деган асосли шубҳалар ҳам йўқ эмас. Эсингизда бўлса, бундай вазиятга илгари ҳам дуч келганмиз. Аммо биз айрим инсофсиз кишилар касрига 100 минглаб чинакам муҳтож ҳамюртларимизни зарба остига қўя олмаймиз. 

Умуман олганда, 23 мартда ва бугун эълон қилинган чоралар натижасида 3 миллионга яқин фуқаромиз қўллаб-қувватланади.

Учинчи. Мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизими бўйича суғурталанмаган фуқароларнинг тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини 1 апрелдан 1 июлгача узайтиришни топшираман. Таъкидланган суғурта тизимида бўлиш-бўлмаслигидан қатъиназар, ана шу даврда фуқароларимизга тиббий кўмак тўлиқ кўрсатилиши зарур.

Тўртинчи. Кундалик эҳтиёж моллари ва озиқ-овқатни текин оладиган фуқароларнинг тоифаси ҳам кенгаяди. Бундай ёрдам тури 1, 2, 3-гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар ва ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқароларга берилиши керак. Шундай чора орқали 800 мингдан кўпроқ одамга кўмак кўрсатамиз.

Бу борада рўзғорга керакли буюмлар ва озиқ-овқатнинг тегишли меъёри тасдиқланса, дуруст бўларди.

Маҳаллий кичик ва ўрта бизнесни маҳсулот етиштириш ҳамда етказиб бериш ишига сафарбар этиш керак. 

Ҳукумат мамлакат IT компанияларини ижтимоий қўлловга мўлажалланган маблағнинг мақсадли сарфланишига мониторинг юритишнинг самарали механизмини таъминлашга имкон берадиган дастур ишлаб чиқишга жалб этиши лозим. Келажакда бундай ёрдамни нарсалар сифатида эмас, фуқароларнинг мустақил танлаши ва харид қилиши учун пуллай беришга ўтилгани маъқул. 

Бешинчи. Кўкламги экин-тикин мавсумини ўз вақтида ўтказиш ўта муҳим. Бюджетдан 70 миллиард тенге бўлинади. Ушбу маблағ хўжаликларга “Аграр насия корпорацияси” ҲЖ орқали берилади. Унинг устама ҳақи 5 фоиздан ошмайди. 

Ана шу мақсадга “Оддий буюмлар иқтисодиёти” дастури орқали қўшимча 100 миллиард тенге ажратишни топшираман. 

Таъкидланган дастур доирасидаги якуний миқдор барча соҳалар бўйича умумлаштирилиб, 6 фоиз бўлади. 

Биринчи галда кичик ва ўрта деҳқон хўжаликларига қўллов кўрсатган маъқул. Шу билан бирга Ҳукуматга ёнилғининг бозор баҳосини 15 фоизга арзонлатиб, 165 тенгегача пасайтириш вазифаси юкланди. Буни таъминлаш учун 390 минг тонна ёнилғи имтиёзли асосда сотилади. 

Арзон ёнилғи хўжаликларга етказиб берилиши лозим. Уни етказадиган “операторлар”нинг фаолияти шаффоф бўлмоғи керак.

Ҳукумат ва Бош прокуратура минтақаларда тегишли назорат ва кузатув ишларини таъминлаш даркор. 

Карантин шароитларида мураккаблашган қатор муаммолар бор – гаровга қўйилган мулкни аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида расмийлаштириш, нотариал жиҳатдан тасдиқлаш, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш ва ҳоказолар. Шунинг учун кўкламги дала ишларини Ҳукумат ва ҳокимликлар алоҳида назоратга олмоғи лозим. Озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳозир ҳар бир кун ғанимат.

Олтинчи. Карантин чоралари туфайли пойтахт, Алмати ва Шимкент шаҳарлари атрофида меҳнатга лаёқатли аҳоли, биринчи галда, ёшларнинг кўпайганлиги кузатилмоқда. Ҳукумат ва ҳокимлар “Бандликнинг йўл харитаси” доирасида айнан таъкидланган минтақаларда зудлик билан аниқ лойиҳаларни бошлашлари лозим. 

Одамларда даромад манбаи бўлиши керак, токи улар кун кўриш учун маблағ топмай, боши берк кўчага кириб қолмасинлар. 

“Бандликнинг йўл харитаси” доирасида ишлаш ниятини билдирган фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки баравари ёки 85000 тенге миқдоридаги ёрдам пули иш жойига келган заҳоти тўланади. Бу доимий иш ҳақи ўрнига эмас, унга қўшимча сифатида бериладиган пулдир. 

Шу муносабат билан махсус сафарбарлик ўринлари очилиб, ҳокимликлар тушунтириш ишларини олиб борадилар, коронавирусга тегишли экспресс-тест олиб, ходимларни сафарбар қилиш ва янги иш жойигача етказишни уюштирадилар. 

Иш берувчилар “Бандликнинг йўл харитаси” бўйича ишловчиларнинг ҳаммасига тегишли шароитлар яратиб, муҳофаза қуроллари билан таъминлашлари зарур. 

Еттинчи. Мен бунгача кичик ва ўрта бизнесни қўллашга қаратилган чораларни эълон қилдим. 

Булар – солиқ имтиёзлари, қарзни тўлаш муддатини узайтириш ва бошқа чоралар.

Кичик ва ўрта бизнес вакилларининг таклифларига келсак, уларнинг аксарияти қўллаб-қувватланмоқда ва ваколатли идоралар томонидан амалга оширилмоқда. 

Шу жумладан, давлат қўллов чораларига мувофиқ келадиган хизмат турларини кенгайтириш, насия устама ҳақини озайтириш ва ихчамлаштириш, давлат кафолатларининг ҳажмини ошириш ишлари кўзда тутилган. 

Молиявий созлаш агентлиги кичик ва ўрта бизнеснинг кредитлари бўйича тўловлар муддатини чўзиш ва тузилмани ўзгартириш масаласида банклар ва бошқа молия ташкилотлари билан ишлаяпти. Ана шу масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Кўплаб тадбиркорлар фавқулодда вазият даврида кредитларга фоизлар қўймасликни банклардан талаб қилишни сўрашмоқда. Шуни тушуниш керакки, бу банклар учун зарар демакдир. Банклар ҳам иқтисодиётимизнинг ажралмас қисми. Шундай бўлсада, мен иккинчи даражадаги банклардан фуқаролик жавобгарлик ва бирдамлик кўрсатишни сўрайман. Банклар учун қийин пайтларда давлат уларга катта ёрдам берди. Ҳозир сизлардан аҳолини ва мамлакат бизнесини қўллаб-қувватлаш талаб этилмоқда. 

Лозим бўлса давлат томонидан қўшимча йўл-йўриқлар кўрсатилади. Вазият янада мураккаблашадиган бўлса, Ҳукумат ва молия соҳасидаги мутасадди идоралар ушбу масалани ҳал этиш учун тегишли чоралар қабуллайдилар.

Яна бир масала. Тадбиркорларимиз солиқ юкламасини озайтириш борасида қўшимча ёрдамга муҳтож. Бу иш жойларини сақлаш ва маош тўлаш учун ўта муҳимдир. 

Шу боисдан иқтисодиётнинг энг кўп зарар кўрган шўъбаларидаги кичик ва ўрта бизнес вакиллари 6 ойга (бу йил 1 апрелдан 1 октябргача) иш ҳақи тўлов жамғармасидан ушланадиган солиқлардан озод қилинади.

Бу умумий овқатланиш, савдо, транспорт хизмати, маслаҳат хизмати, IT, меҳмонхона, туризм ва бошқа соҳаларни ҳам қамраб олади. 

Уларнинг аниқ рўйхатини фавқулодда вазият тартибини таъминлаш бўйича давлат комиссияси тасдиқлаб, лозим бўлган пайтда тўлдириб туради. 

Тадбиркорларнинг мурожаатида танглик даврида солиқ тўламаслик ҳақида илтимос бўлганини айтган эдим. Шу ўринда қуйидаги масалани таъкидлагим келади.

Тегишли жадал қарор қабул қилинди. Менинг топшириғим бўйича Ҳукумат кичик ва ўрта бизнес соҳибларининг барча солиқ тўловларини 3 ойга тўхтатди. 

Бу ҳозирги вужудга келган вазиятда солиқдан озод қилингани билан кейин унинг тўланиши кераклигини билдиради. 

Шу билан бир вақтда биз иқтисодий аҳволни атрофлича баҳолаб турибмиз. Келгусида вазиятга қараб сўнгги қарорни қабуллаймиз. 

Яна бир масала. Ҳукумат томонидан Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги шериклар билан бизга энг муҳим импорт учун киритиш божларини олиб ташлаш борасида иш юритилмоқда. Алоҳида муҳофаза воситалари, уларни ишлаб чиқаришга керакли хомашё, вакциналар, ташҳис учун тўпламлар борасида қарор қабул қилинди. Бизда етарли бўлмаган қатор озиқ-овқат товарларига солинадиган импорт бож солиғини пасайтириш юзасидан иш давом этмоқда. 

Ҳукумат мамлакат бизнесининг талабларини инобатга олиб, таъкидланган ишни жадаллаштирса, дуруст бўлади. 

Шунингдек, маҳаллий кичик ва ўрта бизнес салоҳиятидан фойдаланиш керак. Бу – ўта муҳим масала. 

Ҳокимликлар ва Ҳукумат (”Давлат озиқ-овқат корпорацияси” орқали) камида 6 ой бурун мамлакат агро ва қайта ишлаш корхоналаридан маҳсулот сотиб олишнинг кафолатланган тизимини йўлга қўйиши зарур. Бошқача қилиб айтганда, “олдиндан сотиб олиш” ёки “олинган маҳсулот бўйича сотиб олиш” механизмини жорий этиши даркор.

Корхоналар ўзаро ҳамкорлигининг пухта йўлини аниқлаш яъни, даладан дўкон пештахтасигача бўлган занжирни аниқлаб, уларни имтиёзли насия билан таъминлаш лозим. 

Бу борада бизнес вакиллари ишлаб чиқариш ҳажмини таъминлаш, баҳони барқарор ушлаб туриш, иш билан таъминлаш ва ўзига юкланган бошқа вазифаларни ҳам масъулият билан бажаришлари керак.

Саккизинчи. Таъкидланган чоралар мажмуасини амалга ошириш учун Ҳукуматга ва Миллий банкка барча молия манбаларидан фойдаланишни топшираман. Улар орасида Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси, Миллий банкнинг маблағи ва воситалари ҳам бор.

Тўнғич Президентимиз – Элбоши тузган Миллий жамғарманинг маблағидан ҳам самарали фойдаланишимиз лозим. 

Бўлинган маблағни аниқ иқтисодиётга жадал ва тегишли даражада етказиш учун давлат ривожланиш институтлари орқали молиялаштириш имкониятини ҳам кўриб чиққан маъқул. Улар орасида “Байтерек”, “Аграр насия корпорацияси” ва бошқалар бор. 

Бундай қўллов тури ва бошқа имтиёзлар экспорт салоҳиятига эга тез ривожланиб бораётган ўрта даражадаги компанияларга мўлжалланиши керак. Мазкур компаниялар бўҳрондан кейинги даврда асосий “ҳаракатлантирувчи куч”га айлана олади. 

Яна бир масала. Тангликка қарши чоралари ва молиявий ресурсларнинг кўламига қараб бўлинаётган маблағнинг мақсадга мувофиқ ҳамда самарали ишлатилишини, фуқаролар ва бизнесга қўллов кўрсатиш даврида ошкоралик ва шаффофлик қоидаларини таъминлашнинг аҳамияти каттадир. 

Бу вазифа Ҳисоб қўмитасига юкланади. Бу ишга минтақавий тафтиш комиссиялари, жамоатчилик кенгашларини ҳам сафарбар этиш лозим. Бунда фавқулодда вазият чоғида қўйиладиган махсус талаблар ҳам инобатга олиниши керак. 

Қадрли биродарлар!

Ҳаёт ҳар биримизни мураккаб шароитга мубтало қилганини тушунаман. Бироқ, коронавирус эпидемияси – вақтинчалик ҳодиса, ва биз уни, албатта, енгамиз.

Бутун жаҳон курашмоқда. Биз ҳам бор куч-ғайратимизни ишга соламиз. Биз, давлат ва жамият биргаликда барча одамларга ёрдам қўлини чўзамиз, ҳеч кимни кўмаксиз қолдирмаймиз. 

Муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаймиз. Бунга ҳеч қандай гумон бўлмаслиги керак.

Коронавирусга чалинган беморларга алоҳида далда бермоқчиман. Тушкунликка тушманг! Бу касаллик қанчалик хавфли бўлмасин, ундан фориғ бўлиш мумкин. Сизларга кўмаклашиш учун бор имкониятларни ишга соламиз.

Энг муҳими, чидамлилик, тўзимлилик ва жавобгарлик кўрсатайлик. 

Биз – руҳи буюк, бирлиги мустаҳкам, кўкси тоғдай халқмиз. Шунинг учун бу синовдан ҳам суринмай ўтиб, қийинчиликни бирга бартараф этишимизга ишонаман. 

Катта тўйларимиз ҳали олдинда. Турмушимиз тўкис бўлсин, биродарлар!

Биз биргамиз!

2020-04-02, 03:06 424
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.