26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Кишининг уволи

Ишдан келсам, дарвоза­хонада онам кичик қи­зим­ни бағрига бос­ганича ер­га тикилиб ўти­риб­ди. Хаёлга шунчалик берилиб кет­ганиданми, саломимга алик ҳам олмади. Қизалоғим мени кўриши билан бувисининг қўлидан чиқишга уринди, онам бўлса бепарво, қўл­ларини маҳкам қисганича менга талпинаётган на­бирасини қучо­ғидан бўшат­масди.

– Ойи, тинчликми, нима гап, са­­лом берсам, эшитмадингиз? – дедим таажжубланиб.

– Ия, қачон келдинг, пайқамабман, иш кунинг яхши ўтдими? – деди ойим  ҳамон  ўз хаёллари оғушидан чиқа олмай.

– Раҳмат, ойижон, бугун ҳамма­сига улгурдим, йил якунида қилина­диган ҳисоботларнинг барчасини топ­ширдим. Энди имтиҳонларни ўтказсак бўлгани, у ёғи таътил.

– Яхши, чой қайнаб турибди, тез кийимингни алмаштир, бугун бир кул­чатой қилинглар, гўшт ва қазиларни пишириб қўйганман, хамир ҳам тайёр, ёйиб, қозонга солсанг бўлгани... Қизла­рингга айт, олма тагидаги каравотга жой ҳозирлашсин, шу ерда ўтириб, мазза қилиб ейлик!

Овқатни лаганларга солиб, хон­­тахта устига қўяр эканман, зимдан онамга разм солдим. У бугун ғалатироқ эди, бир нуқтага тикилганича жимгина хаёл сурар, димоқни қитиқловчи  та­ом ҳиди ҳам уни хаёл уммонидан чиқаролмас эди. 

– Ойи, овқатга қаранг, нима бўлди сизга... – дедим сабрим чидамай.

– Э-э-э, ҳа, овқатга қаранглар, – деб лаганга қўл чўзди.

Онамнинг бундай аҳволга тушгани сабабини  биламан. У отам билан ўтган бахтли онлар ёки талабалик йиллари ёдига тушгандагина мана шундай бўлиб қоладилар.

– Яна дадам ҳақида ўйлаяпсизми? – дедим унга тикилиб.

– Раҳматли даданг бир сония ҳам ёдим­дан кўтарилган эмас, фақат бугун бош­­­­­­­­­­­­қа нарсани эслаяпман, – деди ойим. – Дугонам Фахринисо касал бўлиб қолибди.

– Вой, шунга шунча куйиб-пиш­масангиз, дугонангизнинг шифокор қизлари бор, муолажа қилишар, да­во­­лашар, ҳамманинг ташвишини қила­вермай, ўзингизни ҳам ўйласангиз-чи. У ўғил-қизининг қарзидан қутулган. Сизнинг ҳали бир қиз ва ўғлингиз бор, – дедим ич-ичимдан куюниб.

– Э-э-э, қизим, билмайсанда, ёш­ликдан тепкилашиб, бир бурда нонни бўлишиб еган ўртоғимда Фахринисо. Педагогика билим юртида ҳам бирга ўқиганмиз, – деди ойим яна ўйчан ҳо­латда. – Ёшлигида жуда кўркам, қад­ди-қомати келишган, чиройли қиз эди, тушмагур.  Духоба дўппи кийиб, сочларини устидан чамбарак қилиб оларди. Айниқса, оппоқ юзидаги кул­гичлари кишини дарров ўзига ром қиларди. Бизнинг уйга кўп келар, бирга дарс тайёрлардик. Ўқишга завқи паст эдию, лекин йигитларни дарров эр­­­гаштириб олишга уста эди.

Ойим дугонаси ҳақида гапирар экан, овқатни ҳам ёлчитиб емади. Дас­­турхонга фотиҳа ўқилгач, идиш-то­­­воқларни кўтарганча ошхонага йўл олдим.

Сўнгра хонамга кириб, имтиҳон би­лет­­ларини тайёрлар эканман, ойим унсиз  кириб келди. Билдимки,  мен билан гаплашгиси келяпти.

– Қизим, имтиҳонлар ҳам бошлан­гандир, – сўради оҳиста диванга  чўкар экан.

– Йўқ, индинга, – дедим бошимни кўтармай.

– Эртага вақтлироқ келсанг, Фахри­нисо опангни кўриб чиқсак. Қўшнилар, аҳволи оғир, дейишяпти, – деди у маъюс ҳолатда. 

Ойимнинг барча танишларини, ёш­ликдаги дугоналарини, ҳамкасбларини ҳурмат қиламан, лекин  шу Фахринисо опани унчалик жиним суймайди. Онам содда, болалардай ишонувчан, тилла тақинчоқларни умуман ёқтирмайдиган, устига енгил штапел кўйлакдан бошқа нарсани киявермайдиган, қош-кўзи­га сурма тугул ўсма қўймайдиган, од­миликни ёқтирадиган, биров йиғласа, қўшилиб йиғлайдиган аёл. Фахринисо опа эса унинг тамоман акси. У унча-мунчани писанд қилмайди, сўзини кўпчиликка ўтказишни яхши кўради, маҳалладаги хотинларни “ётқизиб-турғизади”.

(Давоми бор).

 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи, 2017-06-23, 19:11 190
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.