26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳайит дастурхонига

УФА ШАҲРИДА ХАЛҚАРО ЧАК-ЧАК БАЙРАМИ ЎТДИ. УНГА УФАЛИКЛАР 1 ТОННАЛИК ЧАК-ЧАК ОЛИБ КЕЛИШДИ(Тасвирда).

 

Ҳайит байрами арафасида ҳар бир уйда бўғирсоқ, чак-чак каби пишириқлар тайёрланади. Онам, қайнонам бу каби ноз-неъматлар, мазали таомларнинг пазандаси бўлгани учун, мен ҳам улардан ўрганганларим бўйича пишираман ва улар кўпчиликка манзур бўлади.

Лекин, ўйлаб кўрсам, бундай ажойиб пишириқларни тайёрларканману, унинг қандай келиб чиққани тарихини билмас эканман. Сиз-чи, ҳеч эшитганмисиз? 

 

Ушбу саволлар оғушида интернетга шўнғидим.

Чак-чак

Шарқнинг ва асал, анвойи гуллар ҳамда ёнғоқнинг таъми келиб турадиган шарқ анъанавий ширинликларининг, афсонавий ва бир вақтнинг ўзида ҳақиқий олами уларнинг бетакрор мазасидан баҳра олишимизга имкон беради.

Бизга айни шарқ шинавандалари роҳат-лукум, қиём, ҳолва, зефир, мармеладлар каби ширинликларни тақдим этган. Айтгандай, севимли музқаймоғимиз ҳам шарқ ширинликларидан бири.

Чак-чак – ўзбек миллий ошхонасининг энг севимли ширинликларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Ҳар бир уй бекасининг чак-чак пишириш маҳорати бўйича ўз сирлари мавжуд.

Қадим замонда барча шарқ ширинликларини аччиқ дориларга афсонавий маза бериш учун доришунос ва табиблар тайёрлашган. Бугунги кунда шарқ ширинликларининг 200га яқин тури мавжуд. Унинг ичида эса чак-чак алоҳида эътиборга эга.

Чак-чак – туркий халқларнинг ошхонасида, яъни, Бошқирдистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва яна асаларичилик, қишлоқ хўжалиги билан фаол шуғулланадиган кўп мамлакатларда севимли ширинлик ҳисобланади. Ёғ, ун, тухум ва асал – мазали чак-чак тайёрлаш учун керакли маҳсулотлар. 

Илгари у торт каби байрам пишириқларидан бири бўлган. Уни барча байрамларда ва муҳим саналарда тайёрлашган. Никоҳ тўйларида ёш келин-куёвларнинг ота-оналари бир-бириникига меҳмонга борганда совға сифатида байрам пироги ва албатта, чак-чак олиб келарди. Ҳозир эса чак-чакни тайёрлаш учун алоҳида сана бўлиши шарт эмас.

Илгари унинг тайёрланиши ҳам ўзгача эди. Турмушга чиқмаган қизлар хамирни ёйган ва кесган, турмуш қурганлар эса уни қовурган. Чак-чакнинг асал қиёми ва шакли билан ёши катталар шуғулланарди. Аёллар бир уйга тўпланиб, бу пишириқни тайёрлашарди. Шунингдек, татар халқида чак-чакни анъанага кўра, тўйга тайёрлайдилар, унинг бир қисми дастурхонга бирон нарса олиб келгани учун меҳмонга берилади. Олиб келган таоми қанчалик мазали бўлса, чак-чакнинг бўлаги ҳам каттароқ бўлади. Қанча кўп чак-чак ейилса, умри ҳам шунчалик зиёда бўлади, деб ҳисобланган. Анъанавий тўй чак-чагини тайёрлаш учун 400 дона тухум сариғи ишлатиларди. 

Афсонага кўра, Булғория хони ўзининг ёлғиз ўғлини уйлантирмоқчи бўлибди ва байрам дастурхонида янги таом исташини маълум қилибди:

- бу таом узоқ муддат бузилмасин ва мазасини йўқотмасин ҳамда тайёрлаш осон бўлсин; 

- тўйимли ҳамда аскарлар эгардан тушмай еб кетаверсин; 

- муҳим шарти – у истаган байрам дастурхонининг безаги бўлсин;

- бутун булғор халқининг рамзига айлансин;

- уйга ҳурматли меҳмон келганда ҳам уялмай тортиқ қила олишсин ҳамда узоқ элларга совға қилиш мумкин бўлсин;

- одамлар денгиз ортида ҳам бу таомни тотиб кўриб, Булғорияга келишни истасин. 

Қандолат усталари, ошпазлар ва оддий халқ узоқ вақт ўйлаб, кўп ҳаракат қилишибди. Хон кўп турли ва мазали таомларни татиб кўрибди. Улар ичидан барча талабларга мос келадиган янги таом – чак-чакни танлабди. Уни бир чўпонннинг аёли ун, тухум ва асалдан тайёрлаган экан. Сўнг, ўғлининг тўйида хон ёшларга ажойиб чак-чакни тортиқ қилибди ва тилак билдирибди:

– Ҳаётда мана шу чак-чак каби бир бирингиздан айрилмай яшанглар ва фарзандларингиз мана шу чак-чак доналари каби кўп бўлсин, улар олтинга кўмилиб, ширин умр кечиришсин. Бир-бирингизнинг муносабатингиз ҳам мана шу таомдай ширин бўлсин. Оилангиз халқимиз билан чак-чакдай жипс бўлсин.

Шундан бери татар тўйларида чак-чак дастурхоннинг безагига айланган.

Чак-чакни уч ҳафта сақлаш мумкин. У қўл билан ейилади.

 

Чак-чак тайёрлаш учун керакли масаллиқлар:

Тухум – 10 дона.

Ош содаси – 1 чой қошиқ (0,5 чой қошиқ сирка билан аралаштирилган).

Бир чимдим туз.

Ун – тахминга кўра.

Асал – 300 гр. 

Шакар – 150 гр.

Биринчи навбатда идишга тухум чақилади, бир чимдим туз солиниб, кўпиртирилади (қўлда ёки миксерда), сўнг уксус билан ош содаси аралаштирилиб, яна кўпиртирилади, охирида хамир қорилади. Тайёр хамирни 30-40 минут тиндириш керак. 

Кейинги босқич – хамир ёйиш. Тинган хамир унланган стол устида жуда оҳиста ҳаракатлар билан ўқловда ёйилади. Ингичка ёйилган хамир нақшли кесгичда майда учбурчак (хоҳишингизга кўра, тўртбурчак шаклда, сомонча шаклида) шаклларда кесиб чиқилади. Шакллар кичикроқ бўлиши керак, зеро, хамирга қавартма солинган ва қовуриш давомида шишиб кетади. 

Кейинги босқич: ёғ қизигач, олов ҳарорати пасайтирилиб, кесиб чиқилган шаклчалар пишириб олинади. Шунингдек, хамир шаклини йўқотмаслиги учун уни камроқ миқдорда солиб қовуринг.

Безатилиши: пишган чак-чак совутилиши лозим. Унга қадар қиём тайёрланади. Бунинг учун товага асал солиниб эритилади, сўнг шакар солиниб, қизаргунга қадар тўхтатмай аралаштириб турилади. Қиём оловдан олиниб, тоғорага солинган чак-чакнинг устидан айлантириб қуйилади. Уни секин аралаштирасиз, сўнг лаганчага солиб, пирамида шаклига келтирасиз. Қиёмни жуда кўп қуйиб юбормаслик зарур. Чак-чак тайёр. Энди устига яна озгина қиём номига қуйиб чиқилади ва истакка кўра ёнғоқ, мағизга ўхшаган безаклар сепиб чиқилади. 

 

Бўғирсоқнинг тарихини 

биласизми? 

 

Бўғирсоқ – туркий халқларда ноннинг бир тури ҳисобланади. У думалоқ ёки тўртбурчак шаклда бўлиб, хамирни ёққа қовуриб тайёрланади. Турли халқларда бўғирсоқ пиширишнинг ўз усуллари бор. У байрам дастурхонларини безаш учун ишлатилиши ёки эрталабки чойга тортилиши ҳам мумкин. Тарихи қадимга бориб тақаладиган бу пишириқ кўчманчи туркий халқларнинг турмуш тарзи билан боғлиқ. Тайёрланиши тез ва осон, тўйимли, узоқ муддат бузилмаслиги туфайли кўчманчи халқ уни узоқ сафарларда дастурхонга қўйган. Айтиш жоизки, бўғирсоқ туркий халқларнинг барча байрамларида дастурхонга тортилади. 

Қуйида бўғирсоқнинг бир усулини эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

Хамир тайёрлаш учун керакли масаллиқлар:

Сут – 0,5 л.

Шакар – 1 ош қошиқ.

Қаймоқ – 1 ош қошиқ.

Хамиртуруш – 10 гр.

Ун – 1 кг.

Туз – таъбга кўра. 

Қовуриб олиш учун 500 мл ўсимлик ёғи.

Аввалига хамирни қориб олиб, пакетга ўраб, 30-40 минутга тиндириб қўясиз.

Хамирни ҳасипга ўхшатиб бўлиб олинг ва ёнғоқ катталигида бўлакчалар кесинг. 

Хамир бўлакчаларини ғалвирга ёки човлига қўйиб, бош бармоқ ёки кафт билан сал босиб айлантириб, шакл беринг. 

Қиздирилган ўсимлик ёғида, ҳар томонидан паст оловда пишириб олинг. 

Тайёр бўлган бўғирсоқни дастурхонга ўз таъбингизга кўра тортиқ этинг. 

Ёқимли иштаҳа!

 

 

 

Малика ЭЛТОЕВА, 2017-06-23, 19:16 1201
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.