26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг БАЁНОТИ

Ҳурматли ватандошлар! 

Барчангизга маълум, Қозоғистон халқи 16 мартдан бошлаб фавқулодда вазият тартибига кўчди. 

Албатта, бу даврнинг одамларга осон бўлмагани аниқ. Айрим фуқаролар ишидан айрилиб, даромадсиз қолди. Мўлжаллаб қўйган режаларини ўзгартиришга мажбур бўлганлар ҳам бор. 

Одамийлик нуқтаи назаридан мен буни тушунаман. 

Хавфли вирус Қозоғистонда кенг ёйилиб кетмаслиги учун ана шундай муҳим, бироқ ўта зарур қарор қабул қилдим. Шу туфайли иллат ёппасига таралиб кетмади. 

Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти ҳам, халқаро таҳлилчилар ҳам Қозоғистоннинг ҳаракатларини ижобий баҳолашмоқда. Элимизда қатъий карантин чоралари жорий этилиб, жамоат транспортининг фаолияти тўхтатилди.

Муассасалар ва корхоналарнинг аксарияти масофадан ишлаш режимига кўчди. 

Кўчалар, уй-жойлар дезинфекцияланиб, беморларга тиббий кўмак кўрсатилмоқда. 

Бинобарин, барча вилоятларда шароит бир хил эмас. Айрим минтақаларда иллат авж чегарасидан ўтгандай. Аммо қатор минтақаларда вирус таралиш хавфи ҳали ҳам сусаймаётир. Биз улардаги аниқ санитария аҳволига қараб ҳаракат қиламиз. 

Бош вазифа – фуқароларимизнинг соғлигини сақлаб, ҳаётини муҳофаза қилиш.

Ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаб, халқнинг даромадини сақлаб қолиш учун ҳам махсус чоралар кўрилаётир. 

Яна такрор айтаман: ҳозиргидай мураккаб даврда ҳар бир фуқаро бизнинг назаримизда бўлади. Давлат ҳеч кимни қийин аҳволда қолдирмайди. 

Мен фавқулодда вазият пайтида фуқароларимизни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган чораларнинг иккита мажмуасини эълон қилдим. 

Ушбу чоралар имкон борича амалга оширилмоқда. Жамият томонидан айтилаётган ўринли танқид-фикрлар ҳам бор. Уларни инобатга оламиз. 

Бугунги кунгача 4 миллион 250 минг фуқарога молиявий ёрдам кўрсатилди.

570 мингдан зиёд одамга озиқ-овқат тарқатилди.

Ҳаммаси бўлиб 1,1 миллиондан кўпроқ кишини озиқ-овқат билан таъминлашни мўлжаллаяпмиз. 

Элбоши ташаббуси билан тузилган “Биргамиз” жамғармасидан маблағ бўлинди. 

Nur Otan партияси фаол ишламоқда.

Апрель-май ойларида 1,6 миллиондан кўпроқ одамга коммунал тўлов учун ёрдам кўрсатилади.

Озиқ-овқатнинг етарли бўлиши ва унинг сифатига оид доимий мониторинг юритилмоқда. 

Элимизда озиқ-овқат танқислиги йўқ. 

Маҳаллий ҳокимлик органлари ижтимоий аҳамиятга эга товарлар баҳосини назоратда ушлаб турибди. 

Биз иллатга қарши курашнинг олдинги сафида бораётган шифокорларни молиявий қўллаб-қувватлаяпмиз. 

Соғликни сақлаш вазирлиги ва ҳокимлар бошқа тиббиёт ходимларига кўмаклашиш учун тегишли чоралар кўришмоқда. 

1,6 миллиондан зиёд одам, 11,5 минг нафар кичик ва ўрта бизнес вакили насияларини кейин тўлаш имкониятига эга бўлди. 

Бу жами 360 миллиард тенгедан зиёдни ташкил этади. 

Бугун кичик ва ўрта бизнес мураккаб шароитга дучор бўлди. Ушбу соҳага ҳозир ёрдамлашмасак, иқтисодиётни аслига келтира олмаймиз.

700 мингдан зиёд компания ва хусусий тадбиркорга солиқда имтиёзлар берилди. Шу орқали улар 1 триллион тенгега яқин маблағни тежай олади. 

Кичик ва ўрта бизнесга самарали насия бериш учун маблағ бўлинди. 

Ишчилар сонини ва иш ҳақи ҳажмини камайтирмаслик мақсадида йирик компанияларга тегишли қўллов кўрсатилади. Ҳозир уларнинг рўйхати тузилмоқда. Унга эл иқтисодиёти учун ўта муҳим компаниялар киритилади. 

Қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари қийинчиликка қарамасдан фаолиятини тўхтатишмаяпти. Деҳқонларнинг меҳнатидан ўта мамнунмиз. 

Кўкламги экин-тикин мавсуми масалалари ечимини топди. 

Бу ишга ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳокимларга ана шундай вазифа юкланади. 

Мазкур мавсумга ҳамда маҳсулотни олдиндан сотиб олишга 200 миллиард тенге ажратилди. 

Шундан 70 миллиарди уруғлик ишлаб чиқаришини ривожлантириш, ўғитлар сотиб олишга сарфланади. 

Умуман олганда, фуқаролар ва бизнесни қўллаш учун 6 триллион тенгега яқин маблағ бўлиняпти. Бу – салмоқли мадад.

Ҳукумат ва ваколатли органларнинг вазифаси – маблағнинг самарали ишлатилишини ва ана шу жараёнларнинг имкон қадар шаффоф бўлишини таъминлашдан иборат.

Эришилган натижалар билан кифояланиб қолишга бўлмайди. Мавжуд аҳвол ҳали ҳам мураккаб.

Коронавирус бутун жаҳонни эгаллаб келмоқда.

Вирус юқтирганлар сони 3 миллионга яқинлашди. Бу кўрсаткич ўсиб бораяпти. 

Пандемиянинг иккинчи даври бошаниб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Қозоғистон иллатнинг авж чегарасидан ҳали ўтмади. Вазиятнинг назоратдан чиқиб кетиш хавфи бор. 

Таассуфки, айрим минтақаларда, айниқса, Алматида вирусга чалинган шифокорлар ва тиббиёт ходимлари ўта кўп. 

Шунинг учун уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тезкор чоралар қабулланмоқда. 

Масаланинг моҳиятини текшириб, бунга йўл қўйган раҳбарларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш керак. Бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги даркор. 

Хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилган маъқул. Бусиз бўлмайди. Шундай қилмасак, иллатнинг янги ўчоқлари пайдо бўлиши мумкин.

Коронавирусга енгил-елпи қараш мумкин эмас. Карантин талабларидан бир лаҳза бош тортсак, дардни қайтадан кучайтириб оламиз.

Коронавирус – одам соғлигига хавф туғдирадиган ўта юқумли касаллик. Уни бутун жаҳон тан оляпти. Буни йўққа чиқариб, одамларга ёлғон ахборот тарқатиш эса яхшиликка олиб бормаслиги ҳам маълум. Бу – фуқароларимизнинг саломатлигига путур етказадиган ҳаракат.

Мамлакатимиздаги ҳозирги вазият муносабати билан ҳамда Давлат комиссиясининг таклифларини инобатга олган ҳолда мен Фавқулодда вазият тартибини шу йил 11 майга қадар узайтириш ҳақида Фармон чиқаришга қарор қилдим

Бу – биз бошдан кечираётган мураккаб даврнинг талаби. 

Қонунга мувофиқ 11 майда Фавқулодда вазият тартиби тугатилади. 

Элимизни пандемия чангалидан қутқариш – ҳаммамизнинг умумий вазифамиз. Мен учун ҳар бир фуқаронинг ҳаётидан қимматроқ ҳеч нарса йўқ. 

Шу билан бирга Фавқулодда вазият режимини таъминлаш бўйича Давлат комиссияси карантин талабларини юмшатишга тайёр. 

Даставвал вируснинг таралишини қатъий назорат қилиб турган вилоят ва шаҳарлардан бошлаш мумкин. 

Давлат комиссиясига пойтахтнинг намунасига қараб, мамлакатимизнинг барча минтақаларида ўз фаолиятини бошлайдиган муассасаларнинг рўйхатини тузиб чиқиш топширилди.

Биринчи навбатда саноат корхоналари, қурилиш, йўл қурилиши ва транспорт компаниялари, банклар ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ишга киришиши керак. 

Бироқ барча санитария меъёрлари сақланиб, ишхоналарда дезинфекция ишлари мунтазам юритилиб туриши шарт. Кундалик ҳаётда ижтимоий масофага амал қилган дуруст. 

Корхона раҳбарларига ва маҳаллий ижро органларига алоҳида масъулият юкланади. Шу муносабат билан барча даражадаги ҳокимликларнинг роли бирмунча ортади. 

Ҳукумат келаси ойда ҳам даромадидан ажралган фуқароларга 42 500 тенге миқдорида ёрдам пули беради. 

Қайтадан ариза ёзишнинг ҳожати йўқ. Тўлов илгари тақдим этилган ҳужжат бўйича амалга оширилади. Муҳтож оилаларга озиқ-овқат таратилаверади. 

Изоляция даврида ота-оналарнинг кичкинтой болалари билан тўрт деворга қамалиб ўтириши осон эмас. 

Давлат комиссияси ҳокимликлар билан биргаликда ҳовлилар ва ўйин майдончаларини очиш масаласини ўйлаб кўриши керак. Албатта, аввало барча санитария меъёрлари ва хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиниши лозим. 

Чорбоғлар соҳиблари ҳам қаттиқ ташвишда. Сабаби, ҳозир кўкламнинг қоқ ўртаси. Кўпчилик учун қулай давр. Давлат комиссияси ушбу масалани ҳам кўриб чиқди. Энди уни ҳал этиш йўлини айтади. 

Мамлакатимизда йўловчиларга мўлжалланган барча ҳаво йўллари ёпилди. У ўз вақтида қабулланган тўғри қарор бўлди. 

Бинобарин, вазиятнинг нисбатан барқарорлашганини инобатга олган ҳолда Ҳукумат 1 майдан бошлаб, пойтахт ва Алмати орасидаги авиайўналишларни очадиган бўлди. Мазкур чора фуқаролар билан бир қаторда иллатга қарши курашаётган аксари мутахассисларнинг фаолияти учун зарурдир. 

Барча хавфсизлик чораларини пухта ўйлаштириб, авиация ва санитария хизматларининг ўзаро ҳаракатлари тартибини ишлаб чиқиш муҳимдир.

Карантин тартибини босқичма-босқич енгиллатиш деганимиз, ўзимиз ўрганган кундалик тирикчиликка қайтиш эмаслигини тушуниб олганимз маъқул. 

Ҳордиқ ва савдо марказлари, кинотеатрлар, ресторанлар, хиёбонлар ва одам кўп йиғиладиган бошқа масканлар ҳозирча ёпиқ бўлади. Олий ўқув юртлари, коллежлар, мактаблар масофадан ўқитишни давом эттираверади.

Мамлакат фуқароларини бу чораларга тушуниш билан қарашга чақираман. 

Халқимизда “Тўзим тилакка етказади”, деган нақл бор. Шунинг учун сабр сақлайлик.

Куннинг исиши ва карантиндан чарчаш масъулиятсизликка сабаб бўлмаслиги керак. Карантин тартиби бузилса, коронавирусга чалинувчилар сони бирдан кўпайиб кетиши мумкин.

Айниқса, сурункали касаллиги бор ва заиф одамлар ўта эҳтиёт бўлишлари лозим. Ҳатто кичкинтой болаларнинг касллик юқтириши мумкинлигини пайқадик. Шунинг учун уларнинг саломатлигига лоқайд қарашга бўлмайди. 

Ҳозирча бу вируснинг вакцинаси йўқ. 

Карантин чораларига қатъий риоя қилсаккина иллатдан қутуламиз.

Ўта зарурият бўлмаса, ҳеч қаёққа чиқмай, уйда ўтиринг. 

Бу, айниқса, ҳозирги қутлуғ Рамазон ойида ўта муҳим. Бу даврнинг ҳам асл мақсади – чидам ва тўзим, сабр ва қаноат эканини биласиз.

Бу йил Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси рўзада қатор тартиблардан воз кечишни тавсия қилди. Шунинг учун ҳозирги вақтда ифторликларнинг ўзини кўпчилик билан бирга ўтказа олмаслигимиз маълум. 

Олдиндаги май ойидаги байрамларни ҳам уйда нишонлашга  тўғри келади. Бинобарин, Ғалаба кунида Улуғ Ватан уруши фахрийларидан бирортаси эътиборсиз қолмайди. Ҳаммасига муносиб ҳурмат кўрсатилади.

Ҳокимлар уруш ва фронторти фахрийларига моддий жиҳатдан ёрдам берадилар. 

Соғликни сақлаш вазирлиги касалликни тест орқали аниқлаш ишини иложи борича кучайтириши лозим. Уни халқаро андазаларга мувофиқ суткасига камида 20-25 минггача етказиши шарт. Шу муносабат билан Ҳукуматга қисқа вақт ичида мамлакат тест-тизими ишлаб чиқаришини йўлга қўйишни топшираман. 

Биз иммунобиология препаратларини тайёрлаш учун бор имкониятларни ишга солишимиз зарур. 

Вакцина етарли бўлган пайтда Қозоғистон хорижнинг дори-дармонларини кутиб ўтирмаслиги керак.

Бўҳрондан кейин ҳам тиббиётни ривожлантиришга жиддий эътибор берамиз. Ушбу соҳага давлат томонидан салмоқли қўллов кўрсатилади. 

Ҳукумат Аҳоли саломатлиги ва соғликни сақлаш тизими тўғрисидаги янги кодекс лойиҳасига ушбу соҳани такомилаштирадиган аниқ таклифлар киритиши лозим. 

Парламент мазкур кодексни сессия сўнгигача қабуллайди, деб ўйлайман.

Биз ҳозирдан бошлаб танликдан кейинги даврга тайёрланишимиз керак. 

Буни Элбоши Хавфсизлик Кенгашининг 24 апрелда ўтган мажлисида аниқ-равшан айтди. 

Ҳукумат ва Миллий банк 11 майгача Иқтисодий тараққиётни аслига келтириш борасидаги мажмуавий режани тайёрлайди. 

Унда бўҳрондан зарар кўрган соҳаларни қўллаб-қувватлаш чоралари қамраб олинади. 

Ҳозир мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичига қадам ташлаётир. Чин маънода биз энди бутунлай янги шароитда ҳаёт кечирамиз. 

Шунинг учун иқтисодиётда ва давлат бошқарув тизимида кўламдор ва муҳим ўзгаришлар зарур.

Иллатга қарши курашнинг олдинги сафидаги фуқароларни яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. 

Халқнинг хавфсизлиги учун жонидан кечиб юрган шифокорлар ва тиббиёт ходимларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари ва ҳарбий хизматчиларга ташаккур айтаман. 

Хавф-хатарга қарамай, муҳтож одамларга ёрдам қўлини чўзаётган волонтёрлардан мамнунман.

Шунингдек, халққа тезкор ва ҳаққоний ахборот таратиб юрган журналистларга ҳам миннатдорчилик билдираман.

Бўҳронга қарши чораларни амалга оширишга ҳисса қўшаётган давлат девони ходимлари ҳам ҳурматга лойиқ. 

Қозоғистон Халқаро ҳамжамиятдан ҳеч нарсани яширмай, барча маълумотларни ошкора эълон қилмоқда. 

Шунинг учун айрим фуқароларни миш-миш ва ёлғон маълумотлар таралишига йўл қўймасликка чақираман. 

Албатта, давлат идораларининг фаолиятида нуқсонлар бор, бироқ давлат хизматчиларининг аксарияти ишини ҳалол бажармоқда. 

Камчиликларни кўриб турибмиз. Улардан тегишли сабоқ чиқариб, тегишли чораларни кўрамиз. 

Бу танглик бизнинг бирлиги мустаҳкам, элини севадиган ватанпарвар халқ эканимизни кўрсатди.

Ҳар доим ана шундай миллат бўлиб бирлаша билсак, барча мақсадларимизга эришамиз. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. 

Эл ғами учун бошлаган ишимиз хайрли бўлади, деб ишонаман!

Халқимиз “Барака боши – бирликда” дейди.

Муштдай жипслашсак, ҳар қандай қийинчиликни енгамиз!

Биз биргамиз!  

2020-04-27, 23:25 569
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.