26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бейсен Тажибаев: Халқни саросимага солишга эмас, бирлаштиришга хизмат қилайлик

Қозоқ халқида шундай мақол бор: «Тош тушган ерига оғир». Агар эътибор берадиган бўлсангиз, бунинг маъноси жуда чуқур. Маълумки, жорий йил 1 май куни Ўзбекистондаги “Сардоба” сув омборининг тўғони бузилиб, Туркистон вилоятининг Мақтаарал туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.

Ҳозирги вақтда Мақтаарал туманидаги 4та аҳоли манзили, Жанатурмис (46 уй), Женис (130 уй), Фирдавсий (250 уй) ва Ўргебас (194 уй) сув остида қолган. Умуман олганда, ҳудуддаги 620 уйнинг пойдевори сув туфайли вайрон бўлган. Аҳоли хавфсиз жойга кўчирилди. Эвакуация бўлимларида 120 тиббиёт ходими аҳолини синчковлик билан текшириб, зарур ёрдам кўрсатмоқда. Полиция ходимлари Женис, Жанатурмис, Фирдавсий ва Ўргебас аҳоли манзилларида 5та назорат пунктини ўрнатдилар. Шунингдек, Жетисай тумани, Қўғали қишлоғида хавфсизликни кучайтириш учун 5та транспорт воситаси ва 508 киши сафарбар қилинган. 

Бундан ташқари, Мақтаарал туманидаги сув тошқини туфайли қишлоқ хўжалигидаги экинлар ва чорва молларини рўйхатга олиш ишлари давом этмоқда. Ушбу масала билан махсус бўлим бошлиқлари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ шуғулланмоқда. Бугунги кунда мутахассислар 3600 гектардан зиёд экин майдонлари сув остида қолганини ва зарар кўрганлигини аниқладилар. Дастлабки тахмин бўйича етказилган зарар 404 миллион тенгени ташкил этади. Албатта, бу ҳозирча аниқлангани. Жанажўл ва Енбекши қишлоқ округларининг Женис, Жанатурмис ва Жантақсой овулларидаги ерлар кўпроқ зарар кўрганини пайқаш қийин эмас. Сув босган ернинг саксон беш фоизи пахта, қолган қисмида беда ва маккажўхори жойлаштирилган. 

Шу ўринда биз аҳолига уйлар, нобуд бўлган моллар ва уларнинг харажатлари ҳисоблаб чиқилишини ва рўйхат тузилишини етказамиз. Шунга қараб ёрдам кўрсатилади. Шу сабабли, чиқимларимиз қайтариладими ёки йўқми, деб ташвишланишга ҳожат йўқ.

Кўряпсизми, фавқулодда вазият чоғида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Вилоят ҳокими Ўмирзақ Естайулининг ўзи бош бўлиб, ўринбосарлари, бошқармалар раҳбарлари, бўлим мутахассислари, полиция ва фавқулодда вазият ходимлари, тиббиёт ходимлари, ОАВ вакилларидан ташкил топган 600га яқин киши Мақтаарал туманида туну-кун ишлаяпти. Ким учун? Албатта, халқ учун. Зеро, муқаддас Мирзачўл ҳудуди Туркистон вилояти қишлоқ хўжалигининг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Бу туман аҳли меҳнаткаш, саҳардан то кечгача ишлайди ва пешана тери эвазига ҳалол пул топади. Аввало, ушбу фуқароларнинг хавфсизлиги ва ҳаёти ҳимоя қилиниши керак. Шу нуқтаи назардан, мирзачўлликлар билан бирга бўлиш, қийин пайтларда уларни қўллаб-қувватлаш , ёрдам бериш – бизнинг бурчимиз.

Бироқ, сўнгги икки-уч кун ичида ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон атайлаб сувни оқизиб юборган. Кимдир сув омборини атайлаб бузиб ташлаган. Маҳаллий ҳокимлик фавқулодда вазият бўлишини билган ҳолда ишламаяпти. Улар тошқин ҳақида огоҳлантирмаганлар. Нега аввалроқ айтишмайди?» – деган танқидий фикрлар айтилмоқда. Бир нарса аниқ. Тезкор штаб ташкил этилиб, тинимсиз иш олиб борилмоқда. Шунинг учун, агар аниқ далил бўлмаса, турли миш-мишларни тарқатиб, эл орасида асоссиз ваҳима туғдиришни тўхтатиш керак. Халқ усиз ҳам коронавирус эпидемияси туфайли фавқулодда вазиятдан чўчиб ўтирганида яна саросима уйғотиш одамийликка ёт нарса, деб ҳисоблайман. Минглаб одамларга хизмат кўрсатишда камчиликлар учраши мумкин. Турли хил муаммолар туғилади. Бироқ, шуни тан олиш керакки, давлат халқни ҳимоя қилиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда.

Одамларни сиртдан танқид қилиш ҳар доим осон. Бутун мамлакат нотинч бўлиб турган бир пайтда биз узоқдан асоссиз маълумотларни тарқатгандан кўра, кўнгиллилар сафига қўшилишни тавсия этамиз. Келинг, Мақтааралга бориб, хизмат қилиб, ватанпарвар эканлигимизни кўрсатайлик. Агар сиз Рамазон ойида Мақтаарал ва Жетисай туманлари аҳолисига яхшилик тиласангиз, сизнинг халқ учун қилган хайрли ишларингиз ҳисобга олиниши сўзсиз.

Ҳурматли биродарлар!

Мен сизларни муаммога дуч келган мирзачўлликларни қўллаб-қувватлашга чақираман. Саховатли, савобталаб инсонлар учун “Туркистон” корпоратив ижтимоий ривожланиш жамғармаси фаолият бошлаганлигини маълум қиламан.

Гуманитар ёрдам тўхтамай келмоқда. Уларни маҳаллий оқсоқоллар, партия ва жамоат фаоллари назорат қилиб туришибди. Келинг, ҳар бир фуқарога ёрдам бериб, қийин пайтларда бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик!

Бейсен ТАЖИБАЕВ, Nur Otan партияси вилоят бўлими раисининг биринчи ўринбосари, 2020-05-07, 04:24 527
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.