26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўст кулфатда билинади ёки Рамазондаги саховат

Коронавирус иллатига қарши кураш олиб бораётган юртимизда Мақтаарал туманини сув босиши оқибатида 2 май куни техноген сифатидаги фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Карантиндан тўла чиқиб улгурмаган туркистонликлар учун бу яна бир катта синов бўлгани шубҳасиз. Воқеа содир бўлган жойга бориб, юз берган вазият билан яқиндан танишиш ҳамда хайрли ва эзгу ишларга тўла Рамазон ойида саховат кўрсатаётган ҳамюртларимиз сафидан ўрин олиш ниятида “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев раҳбарлигида жамоамизнинг бир гуруҳ вакиллари “Газель” автомашинасига ортилган инсонпарварлик ёрдами билан мақтаараллик ҳамюртларимиз, муштарийларимиз ҳузурига отландик. 

Туманнинг Мирзакент, Атакент қишлоқларини сув босиш хавфи юзага келганлиги сабабли одамлар кўчирилган бўлса-да, мазкур аҳоли манзилларига тошқин яқинлашмабди. Уларнинг турмуш тарзи одатий ҳолатига қайтган. Фавқулодда вазият туфайли 31 мингдан зиёд киши хонадонларидан хавфсиз жойга кўчирилди. Улардан 17 мингдан зиёди хавф йўқлиги сабабли уйларига қайтарилди. Айни дамда Мақтаарал туманидаги 5та аҳоли манзили: Женис, Жанатурмис, Фирдавсий, Ўргебас ва Дўстиқ қишлоқларидаги уйлар сув остида қолиб, 6127 киши эвакуация пунктларига ҳамда яқинларининг хонадонларига кўчирилган. Умуман олганда Жанатурмис қишлоғида 321, Женисда – 1922, Фирдавсийда – 2376 ва Ўргебасда 1451та уй бор. Шундан 1030та уйнинг сув остида қолгани аниқланди. 

Фирдавсий, Ўргебас қишлоқларига киравериш йўлларини ҳам сув босган катта йўл чеккасида эса Қизилўрда, Жамбил, Туркистон вилоятлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг 30га яқин катта машиналарда қишлоқ ҳудудидаги сувни йўлнинг нариги бетига оқизаётганига кўзингиз тушади. Жамбиллик фавқулодда хизмат ходимлари қишлоқ аҳолисидан қўлдан келган ёрдамини аямаяпти. Резина қайиқлар ёрдамида ўргебасликларнинг уйларига кириб, техник жиҳозлар, зарур буюмлар, ҳужжатларни чиқариб беришда кўмаклашишаётган экан. Ўргебасликларнинг саросимали, ташвишли чеҳраларига боқиб, саволлар билан мурожаат қилишнинг мавриди эмаслигини англадим. Шундай эса-да, хонадонларини безаб турган, меҳмонлар кутиладиган курси, жиҳозлар, кўрпа-тўшаклар ортилган махсус “КамАЗ” ларни кўрганда, ҳам ўкинасиз, ҳам кўнглингизда умид учқунлари пайдо бўлади. Зеро, иншааллоҳ, саноқли кунлардан сўнг бу жиҳозлар янги уйларда ўз ўрнини топади ва оила корига ярайди.

 Томлари қулаган, деворлари тенг ярмигача сувга ботган уйлар манзарасига гувоҳ бўлиш асабларни таранглаштиради, кутилмаган офатнинг сўраб келмаслиги ва ҳар биримизнинг доимо огоҳликда яшашимизнинг муҳимлигини намоён этаётгандек гўё...

 Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг ҳам офат оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этишаётганини кўриб, қардош халқлар вакилларининг шундай масъулиятли паллада, синовли дамларда бир тану бир жон бўлиб, елкама-елка туриб ишлашаётганига беихтиёр таҳсинлар айтасиз.

 Ўзбекистон Республикаси ФВВ катта лейтенанти Фазлиддин Ҳолиқов техноген офат оқибатларини бартараф этишда ҳамкасблари билан биргаликда жонбозлик кўрсатмоқда экан. У бизни раҳбарият жойлашган томонга йўллади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бош бошқармасининг бошлиғи, фуқаро мудофааси полковниги Санжар Зуппаров шу ерда ходимларининг ишини назорат қилиб, керакли йўл-йўриқлар бераётган экан:

– Биз Мақтаарал туманига 6 май куни таркибида 38та техника, 205 ходим бўлган отряд билан етиб келдик. Шундан 13таси ўт ўчириш машинаси, 11таси ёрдамчи техника, қолгани эса қурилиш-муҳандислик техникаси, яъни қудратли экскаваторлар. Шахсий таркиб ўзи билан қўшимча равишда 100та мотопомпа олиб келган. Уларнинг ёрдамида сувни ташқарига чиқариб ташлаяпмиз. Ярим кун мобайнида 10 млн. литр сувни йўлнинг нариги томонига ташладик. Бугун эса кечагига нисбатан уч баравар кўп иш бўлади. 

– Бу ерда неча кун бўласизлар?

– Сув босган Фирдавсий, Ўргебас қишлоқлари ҳудудидаги сувни тўлиқ чиқаргунгача шу ерда бўламиз. Аввал паст текисликлардаги сувларни чиқарамиз. Маҳаллалар ичкарисидаги сув пастликка тўпланяпти. Кўчалар очилгач, ҳовлиларга ҳам кириб, одамларга ёрдам берамиз. Ёрдамга яна қўшимча техника келяпти. Бугун 10та қурилиш экскаватори олиб келинди, эртага 8та ўт ўчириш техникаси келади. Ишлашимиз учун барча шароитлар яратилган, озиқ-овқатлар ҳамда ошпазлар, шифокорлар, техника учун ёнилғини ҳам ўзимиз билан бирга олиб келдик. Ҳозир қишлоқдаги 8-сонли мактаб биносига жойлашганмиз. Офат оқибатларини биргаликда бартараф этмагунча бу ердан кетмаймиз, – дейди С. Зуппаров. 

Мусоҳабадан сўнг йўл четидаги ўргебасликларнинг қулаётган уйлари, сувга ботган томорқалари – аянчли манзара гувоҳи бўлиб, уй соҳибларига тўзим, сабр ва қаноат тиладик. Техника шовқинида ўз ишини пухта бажараётган азамат йигитлар атрофида парвона бўлиб юрган ит эътиборимизни тортди. Кўппак узоқдаги ҳовлига қараб маъюс увиллаб қўяр, ўз ини ва эгаларини қўмсаётгани шундоққина сезилиб турарди. 

Ҳа, мусичанинг ҳам уйи бузилмасин экан. Тез кунларда қишлоқ аҳолиси ҳам, жониворлари ҳам бошпанали бўлишини Яратгандан сўраб, юкларимизни махсус омборга топшириш учун Атакент аҳоли манзили томон йўлга тушдик. Йўлдаги бетон симёғочлар устига солинган лайлак инларини ҳам эътиборсиз қолдирмаган муҳарриримиз: “Атрофни сув босса, лайлакка не ғам, унинг тўпиғига ҳам чиқмайди”, деб мийиғида кулиб қўйди. Лайлак эса уясида, атрофига олазарак қараб-қараб тумшуғи билан полапонларига егулик бераётгани кўриниб турарди. Тўғри, сув унинг тўпиғига чиқмайди, чиқмасин ҳам. Роббим гўшаларимизни сув балосидан, ўт балосидан, бошқа табиий офатлардан асрасин! Омийн.

Мунира САЪДУЛЛАЕВА. Собиржон ИСАМАТОВ суратга олган. Шимкент – Мақтаарал – Шимкент, 2020-05-12, 05:01 821
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.