26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Топганимиз лойга кетмасин

Кўз олдингизга келтиринг, бир йигит уйланиб, 25-30 ёшга кирганида оиласи учун уй қуришни бошлайди, уни ўрта ҳисобда 40-45 ёшга етганда битиради. Аммо бу уйлар пойдевори бўш ва материалларининг ночорлиги туфайли 30-40 йилдаёқ бузиб, қайта қуриш шарт даражасига тушиб қолади.

Бу иш яна ҳалиги уйни қурган йигитнинг зиммасига тушади. Аммо афсусланарли жойи шундаки, у ҳам худди отасига ўхшаб уйни омонат, яъни вақт ўтиши билан яна қайта қурадиган қилиб тиклайди. Бу ҳол авлоддан-авлодга ўтиб давом этаверади. Оқибатда ўзбек бор маблағини бир умр ўзи чангаллаб ўтган лойга сарфлашга мажбур бўлади.

Топганини илм-маърифатга, маданиятию маънавиятга эмас, лой чангаллашга сарфлаб, шу билан овораи-сарсон бўлиб ўтиб кетаверади. Нима сабабдан собиқ Иттифоқда одамлар навбатга қўйилиб, бепул уй-жой берилган? Бир марта бериладиган, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган умрини халқ, юрт хизматига бағишласин, мазлумлик ва қолоқликни ортда қолдирсин, деб.

Мен ўша пайтларда Москвага (гарчи ошкора бўлмасада) бўйсунмай, «қайсарлик» билан кун кўрган кавказликларга ҳавас қилгандим (қишлоқлардагина эмас, йирик-йирик шаҳарларда ҳам русча ёзувни топиш амри-маҳол эди). Уларнинг ўзига хос уй қуриш услуби, одатлари маъқул келган эди. Кавказликлар, аввало, оилалари учун қураётган уйларнинг пойдеворини мустаҳкам қилиб олишади. Кейин уйни сифатли пишган ғишт ёки тошдан тиклашади. Бундай уйлар умрбоқий бўлиб, ҳеч қачон (албатта, табиий офатлардан Аллоҳ асраса) уни қайта қуришга эҳтиёж туғилмайди.

Наҳотки, бизда шу оддий ҳақиқатни тушуниб етадиган одам топилмаган, бўлса, дейсиз? Топиларди. Лекин ошкора тарғиб қилса ё ўзи амалда шунақа иморат қурса, дарҳол текшир-текшир бошланиб, оғир айбларни бўйнига илишарди. Натижада у қамалиб, уй-жойи мусодара этиларди.

Замон янгиланиб бормоқда. Бугун юртимизда ким кўпроқ ишласа, яхшироқ яшайверсин, деган қоида ҳукмрон. Ишбилармон, тадбиркор, меҳнаткаш одамларга доим йўл очиқ. Бу, албатта, биз ҳикоя қилаётган уй-жой қурилиши соҳасига ҳам алоқадор. Энг замонавий, муҳташам ва мустаҳкам маъмурий бинолар қурилишида шахдам қадам ташлаётган давлатимиз хусусий уйлар қурилишига ҳам катта эътибор қаратмокда. Ҳатто имтиёзлар билан узоқ муддатли қарзлар бермоқда. Шундай экан, энди қурилаётган уйларимизнинг ҳам ички, ҳам ташқи қиёфаси яхши томонга ўзгарсин. Шундай иморатлар қурайликки, уларнинг умри боқий бўлсин! Авлоддан-авлодга қайта қурилишларсиз сақланиб қолсин. Шундагина халқимизнинг бор топган-тутгани «лой чайнаш»га кетавермайди. Аксинча, маънавияту келажак авлоднинг бахтли ҳаёти учун сарфланади

САМАРҚАНДНИ ҚУРИШГАН...

Биз ҳам шундай уйлар қурайликки, кўрган киши уларда истиқомат килаётганларнинг дид-савиясига қойил қолсин. Тўғри, бир томони маблағу, иккинчи томони қурилиш материалларига боғлиқ катта меҳнат талаб этадиган бу ишни бирданига ҳал қилиб бўлмайди. Бироқ босқичма-босқич юзага келган имкониятларни ҳам қўлдан чиқармаслигимиз керак. Ахир халқимиз, истак бўлса, имконият топилади, деб бежиз айтмаган-ку!

Бир-бирига ўхшамайдиган, эгасининг юксак дид ва савиясидан дарак берадиган бетакрор, жозибапи хусусий иморатлар бунёд этилса, Ватанимиз обод, кўркам, бой бўлмайдими?

Қурилиш материалларига келсак, уларнинг ҳаммаси ўзимиздан чиқади, чет эллардан ташимаймиз. Тош, шағал, ғишт, шиферни ҳисобга олмаганда, олий сифатли мармарнинг бир неча тури бор.

Тўғри, ёғоч тақчиллиги ҳозирча сезилиб турибди. Бироқ юртимизда бу муаммони ҳам бемалол ҳал этиш мумкин. Бунинг учун дарахтзорлар барпо этаман, деган деҳқонларга ер ажратиб бериш керак, шундагина экилган кўчатлар қуриб қолмайди, молга ем бўлмайди. Теракзорлар барпо этилса, салқин, сўлим масканлар кўпаяди ва ҳаво тозаланади.

Ота-боболаримиз руҳларини шод этайлик, десак, қураётган биноларимиз юксак дид билан, муҳташам, мустаҳкам бунёд этилиши керак. Уй-жой қурилиши индустриясида собик Иттифоқда ҳозир Россия олдинда бормоқда, бунга улар чиқараётган «Красивые дома» деган журнал мисол бўла олади. Бизда уларни айнан кўчиришнинг умуман кераги йўқ. Бизнинг уйларимиз миллийлик касб этиши керак. Унда қадим ва замонавий қадриятларимиз уйғунлашиб кетсин. Бир хил қолипдаги уйлару мавзелар яратиш бизнинг халқимизга ярашмайди. Бундан буён шаҳар ва қишлоқларгина эмас, ҳар бир бино ўзига хос меъморий, қиёфага эга бўлсинки, унда яшаган ҳам, уни кўрганнинг кўзи ҳам завқ олсин, қалби яшнасин.

Авазхон АБДУФАТТОҲ. «Муштум» журнали, 9-сон, 2018 йил, 2020-05-16, 02:53 561
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.