26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
35 йилда синалган дўстлик...

1980 йилнинг 13 март куни Ўрал (ҳозирги Ғарбий Қозоғистон) вилоят “Приуралье” газетасида “Ўзбекистонлик Сарибоев Ғофуржон Абдуваҳобович жанговар дўсти Сарсенғали Ўспановни изламоқда” деган кичкинагина эълон чоп этилади. Беш-олти жумладан иборат эълонда Ғофуржон ва Сарсенғали иккисининг 1944 йили Чкалов шаҳар (ҳозирги Оренбург) госпиталида бирга даволаниб, дўстлашгани, сўнг йўллари айро тушиб, фақат Сарсенғалининг Ўрал вилоятидан эканлиги ёдида қолгани ёзилганди. “Ушбу эълонимга Сарсенғали ёки унинг қариндош-уруғлари акс-садо беради, деб ўйлайман. Менинг манзилим: 702519, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, 19-сонли, Танғатўпти қишлоғи” деб якунлабди ўз сўзини ўзбекистонлик жангчи.

Яширишнинг ҳожати йўқ, Ғофуржон Сарибоевнинг фронтдош дўстини излаганлиги ҳақидаги эълон бунгача ушбу газетада бир неча бор чоп этилганди. У Ўспановни 35 йил мобайнида излаган. Дўсти Қозоғистоннинг Ўрол вилоятидан эканлигини билгач, Ўрол вилоят партия қўмитасига ҳам мактуб йўллайди. Улардан “Сизнинг хатингизни вилоят газетаси таҳририятига йўлладик”, деган жавоб келади. Бироқ ўзбекистонлик қариянинг хатларини фақат рус газетасигина чоп этаверган. Лекин у излаган Ўспановлар оиласи шу вақтда Тайпақ туманининг Қурайлисай қишлоғида истиқомат қилишарди. Бирорта рус кишиси йўқ қишлоққа рус тилидаги газета қаердан ҳам келарди? Бўлмаса, уруш фахрийларининг кўпчилиги ҳаёт, Ғалаба кунлари бир-бири билан учрашиб, кўришадиган даврлар эди-ку. Бунинг устига қишлоқ, туман номлари тез-тез ўзгариб турди. Бу орада Ўспановлар оиласи бир-икки марта қўшни қишлоқларга кўчиб борган экан. 

Шундай қилиб, Сарсенғали Ўспановнинг дараги яқин орада чиқавермайди. Қозоғистондан хабар келавермагач, Ғофуржон Россиянинг Ўрол округига қарашли Свердловск вилоятидаги газета таҳририятларига ҳам хат ёзади. Фақат 1980 йил 13 март куни Ўрол вилоят газетасида эълон қилинган кичкинагина эълонни Қурайлисайдаги Ўспановлар оиласини яхши танийдиган бир киши тасодифан ўқиб қолиб, “Ушбу эълоннинг сизларга тегиши йўқми?” деб сўрайди. Шундагина Сарсенғали Ўспановнинг фарзандлари ўзбекистонлик фахрийнинг излаб юрган дўсти ўз оталари эканликларини билишади.

Шу вақтгача ўроллик жангчининг дараги чиқмай, узоқ йиллар бўйи хабарсиз бўлишининг сабаблари бор эди. Сарсенғали Ўспанов 1969 йили 54 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Фарзандларига оталарини фронтдош дўсти излаши етти ухлаб тушларига кирмагани аниқ эди. Болаларининг айтишига қараганда, оталари ҳаётлигида уруш ҳақида, унда кўрган қийинчиликлари, қуролдош дўстлари ҳақида деярли айтмаган экан. Бунинг устига, Сарсенғали ва Ғофуржон иккиси жанггоҳда бирга бўлишмаган, фақатгина госпиталда танишиб, бир неча ой даволанишган. Ўзбек фахрийсининг қозоқ дўстини узоқ вақт излаб, бир марта бўлса ҳам учрашишни ўттиз беш йил орзу қилиши бу икки инсоннинг ўша вақтдаги қийин-қистов даврлардаги бир-бирига жигардан ҳам яқин бўлиб кетганлигини билдириши шубҳасиз. 

Сарсенғали Ўспанов 1914 йили Ғарбий Қозоғистон вилояти, Тайпақ тумани, Кенсуат қишлоғида дунёга келади. 1942 йили урушга отланиб, даставвал отлиқ аскарлар, кейинчалик артиллерия полкида хизмат қилган. 1944 йили оғир яраланиб, бир оёғидан айрилгач, Чкалов шаҳридаги госпиталга юборилади. Ғофуржон Сарибоев эса ҳарбийга 1943 йилнинг 23 февралида чақирилиб, 1-Болтиқбўйи фронтида артиллериячи сифатида жанг қилади. 120мм миномёти расчёти командири бўлган. 1944 йили 3 февраль куни яраланиб, у ҳам Чкалов шаҳридаги ҳарбий госпиталга жойлаштирилади. Ғофуржон ҳам бир оёғидан айрилган. Шундай қилиб, тақдирлари ушбу госпиталда кесишган икки жангчи шу кунларига ҳам шукрона келтириб, оғир синовларни бирга кечириб, оға-инидай бир-бирига қадрдон бўлиб кетишади.

Газетада чоп этилган эълондан кейин кўп ўтмай, Сарсенғали Ўспановнинг ўғли Женис ўзбекистонлик жангчига мактуб йўллайди. Кекса жангчига миннатдорчилик билдириб, бир йил аввал отасининг ҳаётдан кўз юмгани, ўзидан бир этак фарзанд қолдириб, бугунги кунда улар тинч-тотув яшаётганлигини билдиради. Кўп ўтмай, Ғофуржон Сарибоевдан ҳам хат келади.

Мактубда шундай сатрлар бор эди:

“Салом менинг қадрдонларим Женисбек ва женгеше!

Сизлардан хат олгач, Сарсенғали оғамдан деб жуда қувонгандим. Бироқ бу хат Женисбекдан эканлигини билдим. Мен сизларнинг отангизни излаганимга кўп вақт бўлди. Уни фақат Ўрол вилоятидан эканлигини билардим. Шунинг учун Ўрол вилоят партия қўмитасига, маҳаллий матбуотга ҳам кўп бора хат ёздим. Мана, натижада ўзларингиздан мактуб олдим. Бунинг учун сизларга катта раҳмат!

Мен Сарсенғали оғам билан госпиталда танишиб, иккимиз қадрдонлардай бўлиб кетдик. Палатадаги каравотларимиз ҳам ёнма-ён эди, овқатланишга ҳам бирга борардик. Мен шу вақтда 21 ёшда эдим. Мени госпиталдан 22 август куни чиқаришди. Кейинчалик госпиталдан бироз вақтгача хат келиб турди. Сўнг уйидан хат ола бошладим. Лекин уруш тугагач, барчаси унутилди. Мактублар ҳам йўқолди. Алоқамиз узилиб қолди.

Женисбек, Сарсенбек оғамнинг вафот этганлигини эшитиб, қаттиқ куйиндим. У киши камида 70-80 йил яшайдигандай, соғлиги мустаҳкам инсон эди. Сизларда отангиз иккимизнинг госпиталда тушган суратимиз сақланиб қолган бўлиши мумкин. Мабодо ушбу сурат бор бўлса, отангларнинг ёнида ҳарбий фуражкада турган менман, ёш бола каби кўринаман.

Қадрли Женисбек ва женгеше! Агар лозим топсанглар, бизнинг уйга меҳмонга келинглар. Биз жуда хурсанд бўламиз.

Салом билан, оталарингизнинг дўсти Ғофуржон Сарибоев. 

15 март 1980 йил”.

Дарҳақиқат, икки фронтчи дўст урушдан қайтгач, бир-икки марта хат ёзишган. Бироқ кейинчалик шу учбурчак хатлар ҳам камайиб, узилиб қолган. Иккиси ҳам ҳаётнинг қувончу ташвишларига ўралиб, оралари узоқлашаверган. 

Госпиталда бир-бирини қиймай, хайрлашган дўстларга Аллоҳ қайта дийдорлашувни насиб этмади. Аллоҳнинг иродаси шу экан, на илож.

Сарсенғали Ўспановни фарзандлари ёддан чиқаришмаган. Аксинча, унинг мардликларини бугунги авлоди фахрланиб айтиб юришади.

...1943 йилнинг 20 сентябрида Морозов номидаги 8-гвардиячи ҳарбий дивизия 29-гвардиячи жанговар полк командири, гвардия майори В. Симбуховский Сарсенғали Ўспановни жасорати учун Қизил Байроқ орденига тавсия этади. 

Жасорат унутилмайди. Шу йилнинг октябрь ойида Сарсенғали Ўспанов II даражали “Ватан уруши” ордени билан тақдирланади.

Урушдан кейинги йиллари С. Ўспанов Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Тайпақ (ҳозирги Ақжайиқ) туманида меҳнат қилиб, рафиқаси иккиси етти нафар ўғил-қизни вояга етказишади.

... Жангчи Сарибоевдан хат келгандан кейин ҳам икки томон борди-келди қилишолмайди. Бу ҳаёт-ку. Кундаликдаги тирикчилик, иш, оила дегандай... Орадан ўн йилча вақт ўтади. Бунинг устига шу йилларда Иттифоқ давлатларининг аҳволи танг бўлиб, замон ўзгариб турган даврлар эди. Шундай бўлсада, икки оила хат ёзишиб туришарди. 

1990 йили Сарсенғали Ўспановнинг катта ўғли Серик отасининг дўстини излаб, Ўзбекистонга боради.

Бироқ, кекса фронтчини тирик кўриш насиб этмайди. Минг афсуски, бироз аввал Ғофуржон Сарибоев вафот этгани маълум бўлади. Унинг фарзандлари Серикнинг излаб келганидан жуда қувонишиб, ўзбекнинг миллий чопонини кифтига ташлаб, икки жангчи дўстларнинг госпиталда тушган суратини эсдаликка совға қилади. 

Шундан буён икки томоннинг алоқаси узилган эмас. Шу кунгача яқин туғишганлар каби дийдорлашиб туришади. Яъни оталарининг абадий дўстлиги авлодида ҳам давом этиб, мустақил икки давлатнинг, икки авлоднинг муносабатига дарз туширмаган. Қозоқ ва ўзбекнинг дўстлиги бугунги ёшларга ҳам ибрат бўлиши шубҳасиз.

Ўралхан ДАУТ. “Егемен Қазақстан”., 2020-06-02, 04:03 978
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.