26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Кишининг уволи

(Давоми. Боши ўтган сонда).

 

Шундай мағрур аёл қандоқ қилиб онам билан ёшликдан дўст бўлганига ҳайрон қоламан.

– Одам танимаётганмиш, нуқул уйимга кетаман, дермиш, тавба, кечагина соппа-соғ юрган, бугун шундай аҳволга тушиб ўтирса, – деди ойим ўзига-ўзи гапиргандай. – Кишининг уволи ёмон экан-да.

Бошимни кўтариб, онамга тикилдим, билдимки, у ичини бўшатмоқчи.

– Қизим, боя айтганимдек, Фахринисо ёшлигида жуда сулув эди. Билим юртидаги йигитларнинг кўпчилиги дугонамнинг ортидан илашиб юрарди. Бечоралар ўзига гапиролмай, фақат ишқий мактублар ёзардилар. Лекин Фахринисо уларни назарига илмасди.

Учинчи курсда ўқиб юрганимизда жамбиллик Сакен деган йигит ўқишини бизнинг билим юртимизга алмаштирди. У жуда келишган, баланд бўйли, елкадор бўлиб, жингалак сочлари, қош-кўзлари қизларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этар эди. Биринчи курсдан то тўртинчи курс қизларигача ҳаммаси шу йигитга ошиқ эди. Сакен эса фақат Фахринисонинг йўлини тўсар, кутубхонада бирга дарс тайёрлашга чақирар, у билан соатлаб суҳбатлашишарди.

Улар худди Лайли Мажнун каби бир-бирига ошиқ эдилар. Муносабатлари шундай чуқурлашиб кетдики, уларни бир-бирисиз тасаввур қилиш мушкул эди. Орадан бир йил ўтди, билим юртида ўқишлар тугаб, давлат имтиҳонларига тай­ёргарлик бошланиб кетди. Ҳозирги “Тез ёрдам” касалхонаси атрофи дарахтзор бўлиб, “Рошша” деб аталарди. Шу сўлим маскан илгари талабалар дарс тайёрлайдиган жой эди. 

Ана шундай кунларнинг бирида Фахринисо кайфияти тушиб, йиғлагудай бўлиб келди. Бир гапириб, ўн куладиган дугонамнинг афт-ангорига разм солсам, кўзлари йиғидан шишиб кетган, қовоқлари осилиб қолибди. Худди кўп йиллар давомида тўшак тортиб ётган касалга ўхшарди. 

– Нима бўлди, Фахри, тинчликми? – деб сўрадим.

– Тинчликмас, Анор, уйда ҳар куни тўполон. Акам Сакен билан кетаётганимизни кўриб қолибди. Буни дадам ва онамга оқизмай-томизмай етказибди. Дадам бечора индамадилар, лекин онам сочларини юлиб, агар шу йигитни десанг, сени “оқ” қиламан, берган сутимга рози эмасман, деяптилар. Бошим қотиб қолди, дугонажон, – дерди Фахринисо кўз ёшларини тиёлмай. 

Унга чин дилдан жоним ачиди. Ўзим шу ёшгача бирорта йигитни севиб қолиш тугул ёқтирган ҳам эмасдим. Чунки ишқ-муҳаббатдан ҳам кучлироқ орзуларим бор эди, шу пайтларда. Билим юртини тамомлаб, олий ўқув юртига ўқишга кирсам, мустақил касб эгаси бўлсам, биринчи устозим сингари болаларга билим берсам, дердим. 

Онам ёшлиги, дугонаси ҳақида ҳикоя қилар экан, кўзлари шодликдан порлар, юзлари эса ҳам хижолатдан, ҳам қувончдан бир оқариб, бир қизарарди. 

– Шундай қилиб, Фахринисо билан Сакеннинг оташин севгисига ота-она томонидан чек қўйилди, уни ота томонидан ёши каттароқ бир йигитга унаштирдилар. Лекин дугонам яширинча Сакен билан учрашишни давом эттираверди. Энг хунук воқеани кейин эшитдим. Дипломни олиб, мен ўз ишларим билан овора бўлиб юрганимда Фахринисо дугонам ақлга сиғмайдиган, киши эшитса, тепа сочи тикка бўладиган иш қилибди.

Биз билан бир курсда ўқийдиган, дадаси Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган Ҳури исмли қиз бор эди. Унинг бор-йўқлиги билинмас, жуда юввош, ҳаммага “сиз” деб мурожаат қилар, ортиқча гап-сўзи йўқ эди. Ана шу қизни алдаб-сулдаб, Фахринисо ўзининг ўрнига йигит билан қочишга кўндирибди. 

Фахринисо Ҳурини қандай авраганини билмайману, юқорида айтганимдек, Сакен билан қочириб юборди. Ўзи эса ўша қариндошининг дўхтир ўғлига турмушга чиқди. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди. Дугонам тўрт қиз, икки ўғилнинг онаси бўлди. 

Дастлаб йигитнинг ота-онаси янги келинни қабул қилмабди. Сакен ҳарбий қисмда ишларкан, ишхонаси берган бир хонали квартирада истиқомат қила бошлашибди. Ҳури шу ердаги мактабга ишга жойлашибди. Орада фарзанд дунёга келибди. Қиз бола экан, лекин ногирон туғилибди. Ана шундан бошлаб, Сакен Ҳурининг бошига итнинг кунини солибди. Ҳар куни уни тепкилаб урар, “мен сени эмас, Фахринисони яхши кўрганман, сен ўзинг итдай илашиб келгансан”, деб бўлмағур сўзлар билан ҳақорат қиларкан. Шундай қилиб, Ҳури дугонам тўрт йил азоб-уқубатда ҳаёт кечирибди. Иккинчи фарзандига ҳомиладор пайтида эри ғирт маст аҳволда келиб, калтаклабди. Бояқиш дугонам бир ой касалхонада ётиб даволанибди, ичидаги боласи ўлик туғилибди. Онаси бағрига қайтай деса, юзи шувут, қайтмай деса калтаклардан, ҳақоратлардан юраклари зада бўлган Ҳури охири чидай олмай, Сакен узоқ иш сафарига кетганда, қизини ва бир иккита кийимларини олиб, поездга ўтирибдию, Шимкентга қайтиб келибди. Ҳаётнинг барча аламларини, азобларини кўравериб, ўз соясидан ўзи қўрқадиган бўлиб қолган эди у ўшанда. Бечора етимликда ўсгани етмаганидай, ичмаган қатиғига ҳам пул тўлаганди. Шимкентга келгач, онасининг ёлғизлигини билибди, чунки кичик синглиси ҳам турмуш қуриб кетган экан-да. Ҳури қизини кўтариб уйига борса, онаси йўл қараб ўтирган экан. Ўртоғимни кечирибди, улар бирга яшай бошлашибди. Шаҳардаги мактаблардан бирига ишга жойлашибди.

 

(Давоми бор).

 

 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи, 2017-06-27, 19:16 169
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.