26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Этик тортиш'' вазифаси кимда?

Мақолани тайёрлашдан аввал обдон тарозуга солиб кўрдим мавзуни.  Лекин барибир у тинчлик бермасди, ахийри  фикр доирам етганича,  қоғоз қоралашга жазм қилдим. 

Аслида бу янгилик эмас, замон талаби ё рўзғорнинг камини тўлдириш мақсадими, билмадим, оилани моддий таъминлашни аёллар ўз зиммаларга олганига анча бўлди. Бу ҳолатни  жамият ҳам лоқайдлик билан қабул қилди, менимча.

 ...Ҳар гал ишдан қайтарканман, маҳалладаги эркакларнинг тўпланиб турганига кўзим тушади.  Аслида бу табиий ҳолатдай  кўринади. Дийдор ғанимат, деганларидек, кечқурун бироз гурунг қизийди-да. Сиёсатдан олди-қочди, кун  мавзуидаги одатий гаплар...  Авваллари қишлоқ кўчаларида 3-4 аёл тўп-тўп бўлиб гаплашиб туришарди. Бугун эса улар ўрнини эркаклар эгаллашган!. Беихтиёр уларнинг гаплари қулоғимга чалинади: «Кеннойим яхши юрибдими?» деса бири, «Ҳа, яхши юрибди. Бозорда савдо қиляпти, янганг. Катта савдогар бўп кетган», дейди мақтанганнамо. Унинг юзидаги хотиржамлик, қониқишни кўриб, дод деворгинг келади. Кимлигини эсдан чиқарган эркакларга ачинасан. Уларни тушунгинг келмайди. Бутун оғирликни аёлга ташлаб қўйиш гуноҳ эканлигини англаш учун донишманд бўлиш шарт эмас-ку, деган фикр менга тинчлик бермайди. Вазифасини унутган, нималарнидир рўкач қилиб, уй юмушларини бажариб ўтирган эркакларга нисбатан нафратинг ортади.

Тўғри, бировни қоралашдан осони йўқ. Ҳеч кимга осон тутиб  бўлмайди. Шу эркакнинг ҳам уйда ўтириб қолишига нимадир сабаб бўлгандир,  аммо уни кимдир кўчадан келиб ҳал қилиб бермайди-ку! Излаб, имкон топаётганлар қанча! 

Бугунги кунда тўрвасини орқалаб, хорижда “тентираб” юрган аёлларингизнинг аҳволи, тақдири билан ҳеч  қизиққанмисиз? Ё ўша сиз мақтанган, “катта савдогар бўлиб кетган” жуфтингизнинг вафодорлигига кафолат бера оласизми? Узр, албатта, бу билан мен савдогар аёлларнинг барчаси бирдек эркини шайтон измига бериб қўйган демоқчи эмасман.  Асло! Лекин имондан чиқиш бирпаслик дейишади-ку!  

Чўнтагида пули бори савдо билан шуғулланар, майли, лекин, оилани тебратиш учун бола-чақаси, эрини ташлаб, иложсизликдан иш излаб, аёл боши билан хорижга отланганлар қанча? Ким нима деса, десину, лекин бу гапни ҳеч “ҳазм ” қилолмайман! Чунки, ўзим ҳам аёлман, онаман!  Турмушнинг муштларига елкасини тутолмаган, ўз вазифасини тўлиқ англолмаган ё унутган эркакларнинг диёнати, ғурури увол кетганига минг афсус қиламан.

Яқинда шундай аёллардан бири (исм-шарифини ёзмасликни ўтинди)  билан суҳбатлашишга муяссар бўлдим. Юртимизда кезиб юрган нохуш эпидемия туфайли карантин эълон қилингач, Жанубий Кореядаги ишини ташлаб, зудлик билан уйига қайтган экан.

–Бешта аёл бир уйни ижарага олиб, яшардик. Кетганимга уч йилдан ошди. Биринчи борган йилимиз   роса қийналдим, гапнинг очиғи. Ҳамма ишга рози бўлдик.  Далага чиқиб, тарвуз ҳам йиғдик, боғда мева ҳам тердик. Гоҳида уй соҳиблари олиб кетиб, уй юмушларини бажартирар, гоҳида дала ҳовлисини йиғиштирар эдик. Сўнг бир заводга ишга жойлашдим. Аёл бўлганим учун арзимаган пул оламан, лекин шунисига ҳам шукр қилардим. Чунки, уйга озгина бўлсада, маошимдан орттириб жўнатаман. Оилам билан деярли ҳар куни ишдан қайтгач, телефонда гаплашиб оламан. Болаларимнинг  кўзидаги соғинчни кўриб, туни билан ухлолмасдим. Айниқса, кенжамнинг хархашалари юрагимни тирнаб юборади. Лекин на илож, ишлаш керак. Оилани боқиш керак.

“Уйдаги турмуш ўртоғингиз нега ўзи бормай, сизни юборди”, деб сўрашга эса ботинолмадим. Гапнинг очиғи, фойдасиз ҳам эди. 

Д. Умарова эса Ўзбекистоннинг Ангрен шаҳридан. Россиянинг Санкт--Петербург шаҳрида яшаркан. Аниқроғи, шу ерда ишлайди. Ёлғиз аёл икки қизини онасига ташлаб, мусофирчиликнинг аччиқ нонини ейишга мажбур экан.   

–Қизларимнинг келажаги учун шу йўлни танладим. Турмуш қуришдан аввал банк ходимаси эдим. Топиш-тутишим ёмон эмасди. Фарзандларим кетма-кет туғилгач, ишга чиқолмай, уйда қолишга мажбур бўлдим, Фалокат бир келса, қўшалоқлаб келади, деганларидек, ҳар қанча уринмай, оилам барбод бўлди. Икки боламни бағримга босиб, онамникига қайтдим. Бир неча йил бозорда у-бу  сотиб,  кун кўрдим. Лекин қизларим вояга етгач, топишим етмай, Россияга отландим. Чунки, вақт шуни тақозо этарди. Бир неча йилдан бери шу ердаман. Гоҳида ошхонада идиш-товоқ юваман, кўпроқ пул олай деб, чанг суртиш, артиб-тозалаш ишларини ҳам гарданимга оламан. Фаррошлик ҳам қилдим, қишда қор курадим. Бу ернинг қиши жуда қаттиқ бўлар экан. Айниқса, аёзли кунларини айтмайсизми, кўзингизни очолмайсиз, гоҳида киприкларимнинг учи ҳам музлаб қолади.  

Бизнинг юртда бундай қорни кўриш даргумон.  Ўзбекистонни соғинаман. Қанийди, оилам бағрига тезроқ қайтсам... 

Бу фақат иккита аёлнинг юрак нолалари. Рўйхатни эса, истаганча, давом эттириш мумкин.  Юртимизнинг юзлаб, балки минглаб аёллари, қизлари хорижда.  Бунга бизнинг баъзи бир лоқайд, ношуд, диёнатсиз “кучли қавм” вакиллари сабабчи,  деб ўйлайман.

Лекин ўзингизни ҳар қанча оқлашга уринманг, ўзингизни ҳар қанча омадсиз қилиб кўрсатманг, «ўтириб» қолишингизга атрофдан  қанча сабаб изламанг, ўз вазифаларингизни аёлларингизга юклаб қўйдингизми, бўлди, юзингиз қора!

...  Бувижонларимизнинг ёшлигимда эшитган бир гапи мудом қулоғим остида жаранглайди: “Эрга тегиш осон, этик тортиш қийин” .  Ана шу “этик тортиш” машаққати бугун аёлларимиз, оналаримиз зиммасида, шунинг учун улар мусофирчиликда сарсон-саргардон. Бир бурда нон топиш, оилани боқиш илинжида елиб-югуради. Бутун ёшлигини, куч-қувватини хориждаги заҳматли меҳнатга сарфлайди. 

...Эри кўзига чўчқадай кўринишини қўшни аёлга энсаси қотиб сўзлаётган аёлнинг ўрнида ўз жуфтингиз бўлишини истамассиз, жаноб эркаклар? Лекин, бир умр меҳр, эътибор кўрмаган, қорни тўйгану кўнгли тўлмаган аёлдан бундан бошқа таъриф кутишга ҳақлимизми?!

Эркак баркамол аёлни орзу қилади. Аёл ҳам баркамол эркакни орзу қилади. Бу одатий ҳолат. Лекин  билишмайдики, Аллоҳ уларни бир-бирини тўлдирсин, баркамол бўлсин деб яратган. Ана шу комилликни юзага келтиришда оиладаги икки инсоннинг меҳр-муҳаббати, ўзаро ҳурмати, садоқати, бир-бирини қўллаб-қувватлаши муҳим роль ўйнайди. Ана шу фазилатлар мужассам бўлган оилаларнинг саркорлари  жуфти ҳалолини нафақат бегона юртларда ишлатмаслик, балки номаҳрам кўзлардан ҳимоя қилиш, рўзғор тебратишни ўзининг бақувват елкаларига олишга ҳаракат қилади.   

Мен бунга аминман! Сиз-чи, азизлар!

Шаҳноза УСМОНОВА, 2020-06-17, 03:16 670
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.