26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ЭЛБОШИ ВА ТУРКИЙЛАР ТЎРИ ТУРКИСТОН

Жорий йил Қозоғистоннинг янги пойтахти, кечаги Астана – бугунги Нур-Султаннинг 22 йиллиги нишонланади. Мустақил элимизнинг муқаддас даргоҳи, қутлуғ маскани, Евросиё марказида жойлашган бош шаҳар Буюк Даштнинг ижодий янгиланиш руҳини бутун дунёга намоён қилди. 

Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти, Элбоши Нурсултан Назарбаев Элўрданинг 20 йиллик тантанасида: “Мустақиллик туфайли бутун дунёга дўстлик қучоғини кенг очган маҳобатли Астанани барпо этиб, қутлуғ масканига қўндирдик. “Қозоғистон йўли” – эл тараққиётининг янги стратегияси айнан ушбу баракали шаҳардан бошланди. Элимизнинг барча минтақаларига олиб борувчи “Нурли йўл” деб айтсак, айни муддао”, – деди.

Астана шаҳрининг собиқ ҳокими сифатида айтарим, Элўрдамиз – Элбошининг улкан матонати. Астана орқали тарихимизнинг янги саҳифаси ёзилди. Эзгу ниятли, пок виждонли ҳар қандай одам Астана ғоясини юксак баҳолайди. Ҳурмат қилади.

Етакчи давлатлар раҳбарларининг фикрларига эътибор қаратайлик. Россия Президенти Владимир Путин: “Астана – ҳозирги дунёнинг жавоҳири. 20 йилда Қозоғистон пойтахтининг аҳолиси 3,5 бараварга ўсиб, майдони 2,5 бараварга кенгайди. Астана – Евросиёнинг энг замонавий шаҳарларидан бири”.

Хитой Халқ Республикасининг раиси Си Цзиньпин: “Астана Қозоғистон халқининг меҳнатсеварлиги ва фаровонлиги рамзи бўлди. Сўнгги 20 йилда бу ерда келажаги буюк шаҳарни яққол намоён этувчи ажойиб ўзгаришлар амалга ошди.”

Бразилиянинг машҳур насрнависи Пауло Коэлье: “Астана – Элўрда тушунчасидан ҳам юксак. Бу – ғоя. Бу руҳий юксалиш ва трансформациянинг ғояси. У ёрқин келажак ва фуқаролар ҳаётидаги юксак довонларни намоён этади”.

Энг муҳими, Элбошимизнинг ўзи Элўрдани ёшариш ва янгиланиш йўлидаги миллатимизнинг янги қиёфаси, дея таърифлайди. 

Элбоши феномени – дунё тан олган улкан ўзгариш. Тўнғич Президентимиз – Элбошимизнинг феноменли ўзгариш-хусусиятини намоён этган яна бир ғояси – Туркистон. Бугун Тўнғич Президентнинг 2018 йил 19 июндаги Фармони билан Туркистон вилоятининг ташкил этилгани ҳамда тарихий шаҳар – Туркистоннинг минтақа марказига айланганига икки йил тўлди.

Муқаддас шаҳар Буюк Ипак йўли бўйидаги марказларнинг бири бўлган. 

Туркий халқларнинг муқаддас қадамжоси, маънавий чанғароғи, қадим бешиги саналган Қозоқ хонлигининг неча асрлар бўйи пойтахти, бош шаҳри бўлган. Туркистон – маънавий янгиланиш дастурининг энг ўзгача меваларидан бири.

Биз Элбошини жасорат ва ташаббускорлик, янгиланиш ва эзгу изланишлар, оқил ва доноликда ўхшаши йўқ йўлбошчи деб билишимиз керак. Бу – бугунги бутун туркий оламнинг илғор фикрли, адолатпарвар, юксак маънавиятли шахсларининг умумий фикри. Қанотли қоидаси. 

Ўтган йили ноябрь ойида “Егемен Қазақстан”да Элбоши Кенгашининг раҳбари, Махмут Қасимбекнинг “Элбоши ҳамда фаровон Туркистон” мақоласи эълон қилинди. Жамоатчилик фикрига сабаб бўлган ушбу мақолага фикр-мулоҳаза билдирувчилар оз бўлмади. Муаллиф алоҳида таъкидлаб ўтганидек, Туркистонни ривожлантириш ғояси элимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ айтилиб, уни амалга оширишга бел боғлаган Тўнғич Президент экани маълум. Бунга яққол мисол – Туркистонда 1991 йили Элбошининг Фармони билан халқаро Қозоқ-Турк университетининг очилиши. Ушбу мақсадда Нурсултан Абишулининг обрў-эътибори туфайли Туркиядан катта миқдорда маблағ жалб этилгани маълум. Ҳатто собиқ Иттифоқ даврида Нурсултан Абишули Ҳазрат Султон мақбарасига махсус ташриф буюрган. Шароити билан ҳар томонлама танишган. “Шундан буён бу шаҳарга ихлоси борган сайин ортиб, унинг келажак тақдири ҳақида теран ўйланиб юрганига атрофидагилар гувоҳ”, – дейди мақола муаллифи.

Элбоши: “Ҳар бир халқ, ҳар бир мустақил мамлакат ўзининг маънавий марказини аниқлаб олиши керак. Қозоғистоннинг маънавий маркази – Туркистон. У – Қозоқ элининг маънавий юраги”, деган эди. 2000 йили ЮНЕСКО доирасида нишонланган Туркистон юбилейидаги маърузаси ҳам қадим шаҳарни юксакларга кўтарди. 2009 йили Элбоши ташаббуси билан Астанада Туркий академия ташкил этилиб, кейинроқ унга халқаро академия мақоми берилди.

2015 йили Аҳмад Яссавий мақбараси ЮНЕСКОнинг бутундунё мерослари рўйхатига киритилди. 2016 йили ушбу нуфузли Халқаро ташкилот даражасида Хожа Аҳмад Яссавий йили нишонланди. 

Туркий халқларнинг муқаддас маскани, Қозоқ элининг маънавий юраги ҳисобланган қадим Туркистоннинг муқаддас тупроғида 170га яқин мартабаси буюк шахснинг ҳоки бор. Бу ерда қозоқ халқининг 21 хони, 19 бийи, 52 ботири, 8 султони, буюк бобокалонимиз Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси қошига дафн этилган. Дунёда машҳур Ҳазрат Султон мақбарасига меъморий кўриниши ва мураккаблиги томонидан тенг келадиган бинонинг йўқ эканлиги ҳам аллақачон тасдиқланган ҳақиқат.

Буюк устоз, шоир, теран фикрли донишманд Хожа Аҳмад Яссавий ҳамда унинг эзгу ишлари, таълимоти, бетакрор ҳикматлари ҳақида “Тарих тўлқинида”, “Асрлар туташган жойда”, “Синовли ўн йил” китобларида ҳаяжонланиб ёзган. 2010 йили Аҳмад Яссавий номидаги ХҚТУда буюк бобомизнинг ўлмас меросини ўзлаштиришнинг йўллари белгиланди. 2011 йили март ойида Туркистонда республиканинг зиёли қатлам вакиллари суҳбат қуриб, Яссавий таълимотига тизимли турда эътибор бериб, айланмага киритиш кераклигига эътибор қаратилди. Буюк алломани “Буюк Даштнинг етти қирраси” мақоласида ҳам Абу Носир Ал-Форобий, Хожа Аҳмад Яссавий, Абай алоҳида тилга олинади.

Нурсултан Абишули Назарбаевнинг 2000 йили қадим шаҳримизнинг шонли санасида: “Туркистонни вилоят марказига айлантирамиз. Бу тўй – Туркистонни марказга айлантиришнинг бошланиши”, деган сўзи элнинг ёдида. 

Бундан икки йил муқаддам июнь ойида Буюк Туркистон даласида жуда катта янгилик юз бергани маълум. Нафақат Қозоғистон, балки бутун туркий оламнинг йўлбошчисига айланган Нурсултан Назарбаевнинг 2018 йил 19 июндаги тарихий Фармони билан Туркистон вилояти ташкил этилди. Шимкент шаҳрига учинчи йирик мегаполис республика мақоми берилди. Туркий оламнинг қадим шаҳри Туркистон минтақа марказига айланди. Элбошининг алоҳида Фармони нафақат Қозоғистон халқини, балки бутун дунё туркий оламининг обрўсини оширди.

Шундай қилиб Туркистонни гуллаб-яшнатиш бошланди. Барча ишларни жиддий назорат қилиб, тизимли таҳлил қилиб, тарозига солишни ўрганган Тўнғич Президентимизнинг Туркистон шаҳри ва бутун минтақага нисбатан ихлоси аввалгидан ҳам ортди. 2018 йил 29 сентябрда Нурсултан Абишули Туркистонга махсус сафар билан келди. Ўзи билан бирга Ҳукумат раҳбаридан бошлаб, барча вазирликлар ва етакчи маҳкамалар, улкан компаниялар раҳбарларини ҳам олиб келди. Катта йиғилиш ўтди. Барча масалалар, амалга оширилган ишлар, кимнинг нима қилиш кераклиги муҳокама қилинди. Барчасидан хабардор, Туркистон нафасини қалби билан сезадиган Элбоши шу сафарида жуда муҳим қўшалоқ ҳужжатга – “Туркистон шаҳрини туркий оламнинг маданий-маънавий маркази сифатида ривожлантириш бўйича бош режанинг концепциясини тасдиқлаш тўғрисида ҳамда “TURKISTAN” махсус иқтисодий минтақасини қуриш” Фармонларига қўл қўйди. Иккала Фармоннинг мазмун-моҳиятини алоҳида кўрсатиб, Ҳукумат ва ҳокимликларга, элимиздаги йирик компанияларга аниқ топшириқлар берди. Янгича ишлаш масъулиятини юклади.

Элбоши 2019 йили ноябрь ойининг бошида икки кунлик иш сафари билан яна вилоятга келди. Шаҳарни чин ихлос билан шошилмай оралади. Дастлабки куни янгидан бунёд этилаётган иншоотлар, барпо этилган гулзорлар, фавворалар, махсус арбатнинг қурилишига танқидий нигоҳ билан қараб, хурсанд бўлди. “Бир йилдек вақт оралиғида жуда катта ишлар амалга оширилибди”, деди мамнунлик билан. Мақбара ва Есимхан майдони ўртасидаги маънавий-маданий марказда ўтган концертда қатнашиб, йиғилганлар олдида сўзга чиқди. 

– Юртимиз мустақиллик олгандан кейин Туркистонни пойтахтга айлантирмоқчи бўлдим. Бироқ, ўзингизга маълум, шароит бунга йўл қўймади. Бугун бу шаҳар вилоят марказига айланди. Шаҳар жонланади, Туркистон гуллаб-яшнайди. Туркий оламнинг бешигини ободонлаштиришда қўшни туркий давлатлар ҳам бизга ёрдамлашишига ишонаман, – деди.

Туркистон шаҳрида дастлабки навбатда 175та иншоотнинг қурилиши режалангани, шунинг 102таси йил охирида фойдаланишга берилишигача айтди. Туристлар сони ҳамда янги сердаромад иш ўринларининг ортиши, халқнинг ижтимоий аҳволи яхшиланишига эътибор қаратди. Шу ноябрь ойидаги сафарининг иккинчи куни Нурсултан Абишули қурилиши ниҳоясига етган катта иншоотларни оралади. Янги “Никоҳ саройи”да бўлди. Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази, “Алатау” медиа маркази, вилоят ҳокимлигининг биноси, унинг икки томонида қад кўтараётган минтақавий департаментлар ва вилоят бошқармалари идоралари ҳам Элбошига ёқди. Туркистон шаҳри маданий-маънавий марказини қайта қуришнинг бориши, туризм индустрияси ва сув ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларидаги лойиҳалар билан танишиб, қунт билан суриштирди. “Туркистан” халқаро аэропорти ва 600 ўринли кўпсоҳали касалхонанинг ўзгачалигини зўр қизиқиш билан айтиб берди. Тўнғич Президентимиз, Nur Otan партиясининг раиси минтақавий филиал фаолиятига, халқ ва ҳокимлик ўртасини иш юзасида яқинлаштириш каби ташаббусларда устуворлик зарур эканлигини айтди. 

Элбоши “Буюк Дашт” маркази, “Hampton bu Hilton” меҳмонхонаси, марказий стадион каби бошқа бир қатор иншоотларга борди. Сафар якуни бўйича ОАВ вакиллари билан ўтган брифингда кейинги бир йилда кўламдор ишлар бажарилганини таъкидлаб ўтди. Фойдаланишга берилган ҳамда қурилиши жадал олиб борилаётган иншоотлар, келажакда қад кўтарадиган биноларга алоҳида тўхталди. Келаси йили, яъни жорий йил қўшни туркий мамлакатлар саммитининг Туркистонда ўтиши эҳтимоли борлигини айтди. 

– Бутун Қозоғистон халқи Туркистоннинг ривожланишини қўллаб-қувватламоқда. Ҳар бир уй, ҳар бир шаҳар – Қозоғистоннинг бойлиги. Элўрдани қурган вақтда молиялаштиришга боғлиқ саволлар бўлган эди. Энди Нур-Султан шаҳри барча харажатларни ўтаб, йил сайин бюджетга триллионлаб даромад олиб келмоқда, – деди.

Тўнғич Президентимизнинг Туркистон тўғрисидаги режа-лойиҳалари ва орзу-умидлари ҳар томонлама амалга ошмоқда. Туризмни ривожлантиришга боғлиқ аниқ ишлар ҳам, транспорт инфратузилмасининг энг асосий иншооти ҳисобланган Туркистон халқаро аэропорти қурилишининг сифати ҳам бевосита Нурсултан Абишули ҳамда Давлат раҳбарининг назоратида. Туркистонда Халқаро туризм университетини очиш ҳам – Элбошининг ташаббуси.

Элбошининг бепоён Қозоғистоннинг ҳар бир минтақасига фарзандлик меҳр билан қараб, бугунги ишларга ҳар томонлама баҳо берадиган, келажакни донолик билан тахминлай олиши барчамизга маълум. Тўнғич Президентимиз аввалданоқ “Жанубнинг ўрни ўзгача”, “Жанубда бўлишни яхши кўраман”, “Жануб қуёши билан, халқининг меҳмондўстлиги билан, урф-анъаналарга содиқлиги билан, сахийлиги билан, энг муҳими, меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради”, “Ўрдабоши – эл юраги, ер маркази”, “Мақтаарал – қозоқнинг ифтихори”,”Туркистон – қозоқ даласининг маънавий тўри”, “Туркистон – элимизнинг маънавий пойтахти”, деган фикрларни тез-тез айтади. Фақат сўз билан эмас, маблағ ажратиш, ҳомийларни сафарбар қилиш орқали доим ғамхўрлик қилиб келади.

“Бейнеу – Бўзой” газ қувури, Кўксарой сув омбори, Сирдарё ўзани орқали Мирзачўл – Мақтаарал минтақасига қурилган Мустақиллик кўприги, халқаро ҳамда республика аҳамиятига эга катта йўллар, яна ва яна кўплаб бунёдкорлик ишлари Элбошимизнинг бевосита меҳнати. Жануб халқи ҳеч кимга тобе бўлмаслиги учун амалга оширилган ажойиб лойиҳалари.

Энди, мана, Туркистонни ривожлантиряпмиз. Шаҳарга келадиган меҳмонлар, фахрийлар ва зиёли қатлам вакиллари Элбошига, Давлат раҳбарига раҳмат айтади. Туркистонни Нур-Султан шаҳри билан таққослайди. 

– Бир неча йиллар муқаддам пойтахтимизга бир-икки ой бормай қолсак, танимай қолиб, ҳавасимиз келарди, ҳозир Туркистон ҳам худди шундай. Ой сайин янгиланиб, ёшариб бормоқда,– дейишади.

Туркистон – туркий оламнинг, қозоқнинг маданий-маънавий пойтахти. Шундай экан, маънавият томони устувор бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам “Хожа Аҳмад Яссавий музейи”, Қозоқ мусиқали драма театри, Халқаро туризм университети, илмий-оммабоп кутубхона каби ажойиб илмий масканлар Туркистонда бўлиши тушунарли. Масалан, бу ерда қуриладиган кутубхонанинг тенгги йўқ дейиш мумкин. Қозоқ кутубхонаси. Туркистонга хос муқаддас жой. Финларнинг ғояси билан, яъни ишхона ва уйдан ташқари “учинчи жой” ғояси бўйича, анъана ва янгилик уйғунлигига асосланган, ўзгача ибратли маскан илк бор бизнинг Туркистонда барпо этилади. Бу ерда фуқаролар китоб ўқиб, фикр алмашиб, суҳбат қуришади. Илмий-оммабоп кутубхона дунёнинг энг илғор тажрибалари асосида қурилмоқда. Унинг ичида 200 ўринли анжуман-зали, болалар зали, миллий адабиёт маркази, ассамблея, коворкингли таълим, урф-одат ва анъаналар маркази, санъат зали, хорижий тиллардаги адабиёт зали, абонементлар, даврий нашрлар зали, IT технологиялар кабинети, жамғарма сақлаш хоналари, киноконцерт уюшмалари, овоз ёзиш ҳамда театр студиялари бўлади.

Nur Otan партияси бутун республика бўйича “Кутубхона – замонавий таълим маркази” лойиҳасини йўлга қўйиб, янги ташаббусларни амалга оширмоқда. Нафақат ушбу лойиҳа балки, бошқа бир қатор лойиҳалар Туркистондаги янги кутубхонанинг фаолиятига жўшқинлик беради.

“Open space” маркази Wi-Fi тармоғига ҳамда ягона онлайн кутубхонасига қўшилади. Ўлкашунослик йўналишидаги китоб жамғармаси рақамли форматга кўчирилади. Кутубхона замонавий талабаларга мос, ўқувчиларга имкон қадар қулай, сўнгги шакл-шамойилда хизмат кўрсатади. Тадбирлар, кўргазмалар, барча пардозлаш ишлари теран интеллектуал, концепциявий ҳамда руҳий мазмунда намоён этилади.

Шунингдек, “Буюк Дашт” ҳамда “Хожа Аҳмад Яссавий” музейларининг мазмун-моҳияти кўпчиликни лол қолдиради. Биз ҳали ҳам Аҳмад Яссавий бобомизнинг асл меросларини айланимга тушира олмай, эга бўла олмай юрибмиз.

“Буюк Дашт” марказидан Туркистон руҳи тафаккуримизга нур сочиб, онгимизни чархлайди. Буюк Дашт элининг, Туркистоннинг тарихини текшириб-таҳлил қилиб берадиган, халққа ўқитиб ўргатадиган, туристларга тушунтириб, тарғиб этадиган марказ бўлади. У “Дала өркениеті”, “Киелі қорған”, “Туркі әлемі”, “Көне қала”, “Қазақ хандығы”, “Тәуелсіз Қазақстан белестері”, “Тұнғыш Президент” залларидан иборат.

Элбошимиз Туркистон минтақасини ҳар томонлама ривожлантиришнинг асосий беш йўналишини аниқлаб берди. Биринчиси – Туркистон шаҳрини ривожлантириш, иккинчиси – Туркистон вилоятининг маданий-маънавий соҳасини ривожлантириш, учинчиси – минтақанинг туманлари ва шаҳарлари, қишлоқларини ривожлантириш, тўртинчиси – агросаноат мажмуасини ривожлантириш, бешинчиси – индустриал минтақаларни ривожлантириш. Бутун минтақанинг мажмуавий тараққиёти тубдан қайта қаралиб, улкан ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилди. Туркистон шаҳрининг эски, қадим қисмини аслига келтириб, анъана ва янгича ғоя асосида ривожлантириш масаласи ҳам бир тизимга туширилди. Қадимги кичик туманларнинг инфратузилмаларини ривожлантириш, сув ва газ, кариз тизимларини таъмирлаш ишлари юритилмоқда. Артезиан сувлари тортилиб, ариқлардан сув оқа бошлади. Кўчалар таъмирланиб, чироқлар қўйилди.

Ўз навбатида Элбошимизнинг топшириғига кўра, Ҳукумат томонидан вилоят учун ўта муҳим, тақдирини ҳал этувчи бешта фармойиш қабул қилинди. Кўпчилик жуда қувонди. “Қувона билганга барака қўнади, баҳолай билганга бойлик қўнади”, деган ибратли сўз бор. Фармонларнинг ҳаммаси муҳим. Айниқса, “Туркистон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2024 йилгача мажмуавий лойиҳаси тўғрисида”ги ҳужжатнинг ўрни ўзгача. Элимизнинг раҳбарлиги томонидан беш йил мобайнида минтақамизга йўналтириладиган маблағ 1трлн. 200 млн. тенгедан ошди.

Минтақамиз қишлоқ хўжалиги, қурилиш, маданият, спорт, сармоя тортиш ҳамда бошқа соҳаларда ҳам аниқ пешқадамликка эришмоқда.

Ўтган йилдан бошлаб, Туркистон шаҳрини яшил шаҳарга ҳамда об-ҳавоси имкон қадар қулай минтақага айлантириш мақсадида “Яшил белбоғ” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Туркистон атрофида 2021 йилгача 3,5 млн. кўчат экиш кўзланган. “Яшил белбоғ” кўчатзорида Туркистон табиатига мос, тезда мослашадиган кўчатлар, кўп йиллик гуллар ва гиёҳлар етиштирилмоқда.

Муқаддас шаҳар қизғалдоқли, гулзорли чаманзор шаҳарга айланади. Чанги чиқиб ётадиган шаҳарда сув масаласи ечимини топмоқда. Кентов ва Туркистон орасида қуриладиган сув омбори, бошқа сув манбалари топиш, “Яшил белбоғ” лойиҳаси – ҳаммаси Элбошининг ғоялари. Умумий узунлиги 150 чақиримдан иборат канал кўп масалани ҳал қилади.

Натижада асосий-асосий, муҳим-муҳим мафкуравий, маънавий-маданий йўналишни белгилаб, шулар асосида ҳар томонлама ишлашга киришдик. Булар: Туркистонни туркий оламнинг энг йирик зиёрат ҳамда туризм марказига айлантириш; Туркистонни дунё миқёсидаги ҳунармандчилик ҳамда чевар усталар марказига айлантириш; Туркистон – Буюк Ипак йўлидаги йирик савдо маркази; Хожа Аҳмад Яссавий буюк маънавий шахс. Булар – Элбошимиз алоҳида эътироф этадиган, доимий эътиборда ушлайдиган йўналишлар.

Авлодлар ворисдошлиги, бирлик ва ҳамжиҳатлик, эл бўлиш ва мардлик – ота-боболаримизнинг омонати, Туркистонимизнинг, туркийларнинг таълимоти. Давлат раҳбари, Қозоғистон Республикаси Президенти сифатидаги дастлабки сафарини Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаев ҳам муқаддас шаҳримиз Туркистондан, аз-Наврўздан бошлади. Ўзининг мустаҳкам тамойиллари ворисдошлик, адолат ҳамда тараққиёт эканини ҳам Туркистонда илк бор маълум қилди. 

Қасим-Жўмарт Кемелули дастлабки суҳбатида: "Туркистон нафақат қозоқ халқининг, балки бутун туркий элларнинг хосиятли макони. Туркистон – кўп асрлик инсоният шажарасининг гувоҳи ҳамда тараққиёт жавоҳири. Диққат билан кузатсангиз, халқимизнинг аввалги ва кейинги тарихида эл бошқарган шахсларимиз ҳам ўта масъулиятли онларда, мураккаб сиёсий қарорлар қабуллайдиган пайтларда Туркистонга таъзим билан борган. Тўнғич Президентимиз – Элбоши Нурсултан Абишули Назарбаев ҳам ушбу қадим заминга тез-тез келиб турганини биласизлар"  дейди. 

Шунингдек, ота-боболар руҳи, омонати, Буюк Дашт элидаги кечаги ҳамда бугунги давлатчилик анъанага, эволюциявий тараққиёт ворисдошлигига адолат ҳақида айтди. Элбошимизнинг Туркистон вилоятини қургани қайси томондан олиб қараманг, бебаҳо, улуғ ташаббус эканлиги, тарихий адолатни аслига келтиргани, энди Туркистонни ривожлантиришга ҳар биримиз масъул эканлигимиз билан ажралиб туради. Бундай муқаддас тушунча билан анъанага содиқлик фақат ривожланган миллатнинггина қўлидан келишига алоҳида тўхталди. 

Муқаддас тўримиз Туркистон шаҳри вилоят марказига айланганига икки йил тўлди. Буюк Ипак йўли бўйидаги қутлуғ макон ҳисобланган қадим Туркистон батамом туркий оламнинг маданий-маънавий маркази сифатида ҳар томонлама, яратувчанлик ривожланиш йўлига тушди. Элбошимиз – туркий оламнинг доно йўлбошчиси.

Элўрдамизни туркий дунёнинг юраги, Туркистоннинг таянчи, дейди халқимиз. Ёзувчи, миллатнинг севимли рассоми, бутун дунё туркийларининг қадрли оғаси Шерхан Муртаза  айтганидек: 

“Туркистонни гуллаб-яшнатиш – фарзандлик бурчимиз”.

Ўмирзақ Естайули Шўкеев, Туркистон вилояти ҳокими, 2020-06-27, 04:31 598
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.