26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Инсон авлоди билан минг йил яшайди”

Ақл билан меҳнат бирлашса – инсоннинг ҳаёт йўли равон бўлади, деган нақл бежиз айтилмаган. Орамизда ана шундай инсонлар борки, улар билан фахрланиб, улардан ибрат олишга интиласан, киши.

 

Абомуслим Елтоевни танийсизми?

 

“Қозоғистонда туғилиб ўсдим, шу юртга хизмат қилишни бурчим деб биламан”, дейди мақола қаҳрамони, “Қазақтелеком” ҲЖнинг “Олис билан алоқа” бирлашмаси раҳбари Абомуслим Елтоев. 

У 1952 йил 12 июль куни Шимкент шаҳрида туғилган. 

Тошкент давлат электр-алоқа институтини 1974 йилда тамомлаб, ушбу корхонага ишга келган. Мана, 43 йилдан буён бир корхонада меҳнат қилиб келмоқда. Корхона учта – Жамбил, Қизилўрда, Жанубий Қозоғистон вилоятларига алоқа хизматини кўрсатади.

“От изини той босар”, деганларидек, Абомуслим аканинг падари бузркувори УВУ фахрийси, раҳматли Ўсмонали ота жанг майдонларидан омон қайтиб, Шимкентдаги телефон-телеграф станциясида ўз ишини давом эттирган фидойи инсон эди. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Почетный радист СССР” унвони ва бошқа кўплаб мукофотлар билан тақдирланган. Ўсмонали ота ҳам 45 йил ўз касбида меҳнат қилган экан.

– Оилада тўрт ўғил эдик. Онам Қутбинисо болалар тарбияси билан шуғулланган. Оиланинг энг каттаси мен эдим. Икки укам ҳозир (Оллоҳ раҳматига олсин)орамизда йўқ. Ҳалол, очиқ кўнгил, уруш кўрган отам, хокисор ва беозоргина онамдан бизга яхши ном билан яшаш, муносиб из қолдириш мерос бўлиб қолди. Шу буюк меросни кўз қорачиғидек асраш бизларга ҳам фарз, ҳам қарздир, – дейди ҳамсуҳбатим.

 

Ота касбни ардоқлаган авлод

 

Отадан ибрат, онадан меҳр-муҳаббат фарзандларга меросдир. Ноёб касб соҳиби, талабчан, меҳнаткаш, оқил раҳбар, доно ота Абомуслим Ўсмонали ўғли фармацевтика соҳасида меҳнат қилиб, фахрий ҳордиққа чиққан рафиқаси Мавлуда ая билан 4 ўғил, бир қизни ўстириб, вояга етказиб, 20 нафар ширин-шакар набираларнинг келажагини кўриш орзусида умргузаронлик қилишмоқда.

Ота ўғли ҳалол меҳнати билан элу юртга танилди.

 – Ёшлигимда радио, телефон тузатишга жуда қизиқардим. Тушгача мактабда ўқиб, куннинг иккинчи ярмида дадамнинг ишхонасида бўлардим. Худога шукр, отамнинг, ўзимнинг касбга бўлган меҳр-муҳаббатимиз фарзандларимизга ҳам насиб этганидан беҳад мамнунман. Келажакда набираларим ҳам бизнинг ортимиздан боришига умидворман. Тўнғичим Улуғбек вилоят телекоммункация дирекциясида, Алишер мен билан, Отабек “Теле-2” алоқа тармоғида меҳнат қилишади, Ойбек врач-стоматолог, қизим Умида ҳам бизнинг сафимизга қўшилди – алоқачи.

 

Ҳалол меҳнат умрни чароғон қилади

 

А. Елтоев ҳақида бежиз қалам тебратмаяпмиз. Чунки Элбошимиз ҳам кейинги пайтда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган инсонларни улуғлаш, уларни ҳозирги авлодга ибрат қилиб кўрсатишни бот-бот такрорламоқда. Яқинда Астана шаҳрида “Сулолалар меҳнати” куни арафасида “Самруқ-Қазина” миллий фаровонлик жамғармаси раҳбари Ўмирзақ Шўкеев оилавий анъаналарни асраб, уни давом эттириб келаётгани, кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда тажрибаси учун Абомуслим Елтоевни “Еңбек әулеті” медали ҳамда Фахрий ёрлиқ билан тақдирлади. Елтоевлар авлодининг умумий меҳнат стажи – 131 йил. Айтишга осон, бироқ бу йиллар замирида машаққатли меҳнат, ҳалоллик, эл-юртга, касбга меҳр яширинган. Ўсмонали отанинг касбини қадрлаган ўғилнинг фарзандлари ҳам падарига муносиб авлод давомчиларига айланди.

Дарҳақиқат, меҳнат – жамиятнинг гуллаб-яшнашига пойдевордир. Бугунги техника асрида алоқасиз бир дақиқа ҳам яшаш мумкин эмас. Жамиятда унинг ўрни жуда катта. Айнан шундай масъулиятли соҳада 43 йилдан буён сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган А. Елтоев кўксига “Ерең енбегі ушін” медалини шахсан Элбоши Нурсултан Назарбаев тақиб қўйган. Унинг кўксини турли юбилей медаллари, “Фахрий алоқачи” кўкрак нишони безаб турибди. Қаҳрамонимиз кундаликдаги иш фаолиятидан ташқари спортнинг шаҳмат, футбол, волейбол турлари билан ҳам шуғулланади. Республика, вилоят миқёсидаги мусобақаларда жамоа билан иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишган. Қолаверса, А. Елтоев кўплаб хайрия тадбирларида фаол қатнашиб, она юртимиз фаровонлигига муносиб улуш қўшиб келмоқда.

Қисқа муддатли суҳбатдан сўнг, қаҳрамоним билан хайрлашиб, кўчага чиқсам, бирлашма дарвозасида Абомуслим аканинг ҳайдовчиси Ҳусниддин мени ишхонамга элтиб қўйиш учун кутиб турган экан. Машинага ўтирарканман, очиқ чеҳрали, сабр-қаноатли, матонатли, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсата оладиган, маданиятли, миллат эътирофига муносиб кишилар борлигидан қувондим. Улар бор экан эл-юрт тинч, турмуш фаровон, ёш авлод илмли, тарбияли, ишбилармон. Чунки ёшлар улардан ибрат олиб ўсадилар, уларга эргашадилар.

 

 

Тасвирларда: Ў. Шўкеев мукофот топширмоқда; Елтоевлар оиласи.

 

P.S: 65 ёшни қарши олиш арафасида турган Абомуслим Ўсмонали ўғлини таваллуд айёми ҳамда 28 июнь – Алоқа ва ахборот ходимлари куни билан чин дилдан қутлаймиз. Оилавий хотиржамлик, соғлик-омонлик хонадонингизни тарк этмасин. Келгуси ишларингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлсин!

Мухтабар УСМОНОВА, 2017-06-27, 19:27
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.