26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Рўзақул ХОЛМУРОДОВ: “Икки халқ дўстлиги – абадий!”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга Давлат ташрифи Наврўз байрами кунларида ўтди. Қозоғистоннинг расмий делегацияси таркибида иштирок этган Қозоғистон халқи Ассамблеяси Раисининг ўринбосари Рўзақул Холмуродов билан учрашган мухбиримиз ундан таассуротларини ўртоқлашишни сўради. 

– Рўзақул Сотиболди ўғли, Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга Давлат ташрифи ОАВда батафсил ёритилди. Ушбу тарихий воқеаларнинг иштирокчиси сифатида қалбингизда қандай ўй-фикрлар кечди?

– Давлат раҳбари бошқа мамлакатларга, одатда, расмий, давлат ва иш сафарлари билан боради. Ўтган йили янгидан сайланган Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёевнинг Наврўз тантаналарига ҳамоҳанг уюштирилган Қозоғистонга илк сафарига кўпчилик катта қизиқиш билдирди. Унга пухта тай­ёргарлик кўрилди. Икки давлатнинг ишчи гуруҳлари имзоланиши кутилган ҳужжатлар лойиҳасини олдиндан тайёрлашди. 22 март куни кечга яқин 

Ш. Мирзиёев Астанага учиб келди. Уни аэропортда ҚР Бош вазири Б. Сағинтаев, ҚР Ташқи ишлар вазири Қ. Абдрахманов, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Е. Утембаев, Астана шаҳри ҳокими А. Исекешевлар кутиб олишди. 

23 март куни Ақўрда қароргоҳида расмий қабул маросими ўтди. Расмий шахслардан 11 киши Ўзбекистон Президентига таништирилди. Шулар қаторида камина ҳам бўлдим. Ақўрдадаги Тантаналар залида Ш. Мирзиёев биз билан саломлашди. Сўнгра, икки Президент саф тортган фахрий қоровуллар қаторини оралагач, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари ижро этилди.

Кичик доирадаги учрашувдан сўнг кенгайтирилган таркибда – Парламент Сенати раисининг ўринбосари, расмий делегация аъзолари,  вазирлар ҳамда вазирликларнинг масъул ходимлари иштирокида музокаралар олиб борилди. Унинг якунига кўра, 7та шартнома имзоланди. Шунингдек, Давлат раҳбарлари  айрим  ўзгартиришлар киритилган “Стра­тегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномага ҳам қўл қўйдилар. Учрашувдан сўнг қароргоҳда ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Икки давлат алоқасини баҳолаш мезони – улар ўртасидаги савдо-сотиқнинг даражасидир. Ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 2 миллиард доллар миқдорида экани ва унинг қўшни давлатларнинг имкониятларидан камлиги таъкидланди. Савдо-сотиқни яқин вақтда 5 миллиардга етказиш вазифаси белгиланди. 

Бунинг учун нима қилиш керак?

Авваламбор, қўшма корхоналар очиш, савдо уйларини қуриш лозим. Маълумки, биз томондан қўшни республикага азалдан буғдой, ун етказилади. Бу иш очиқ йўлга қўйилса, деган таклиф айтилди. Ўзбекистон эса, юртимизга сабзавот маҳсулотлари, мева-чева ўтказишдан манфаатдор. У ерда Туркия, Италия каби давлатлар билан ҳамкорликда илғор технологияларга асосланган корхоналар қурилган ва улар бизни юқори сифатли тўқимачилик  маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятига эга. 

Музокаралар чоғида қозоқ-ўзбек бирлашган завод ва фабрикаларини қуриш масаласи ҳам кўтарилди. Маълумотларга қараганда, ҳозир шундай 800та корхона  бор экан. Ҳукумат даражасида 3-4 қўшма корхона қуриш таклифи ижобий ҳал этилди. Жорий йилда Қўстанай шаҳрида Ўзбекистоннинг бренди – “Равон” автомашинасини йиғиш корхонаси қуриладиган бўлди. Бундан буён “Иртиш –Павлодар–Шимкент” нефть қувури орқали Ўзбекистонга нефть етказиб берилади. Илгари у жойдаги заводлар 11 миллион тонна нефтни қайта ишлаган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич икки баравар камайиб кетган. 

Шу куни Астана шаҳридаги “Мустақиллик” саройида 500га яқин Қозоғистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтиб, унда жами бир миллиард доллар миқдорида шартномалар имзоланди. 

Шунингдек, ўзаро транспорт алоқасига алоҳида эътибор берилади. Астанадан Тошкентга ҳафтасига 3 марта самолётлар учади. “Алмати–Тошкент” йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилганини Президентимиз Н. Назарбаев алоҳида мамнуният билан таъкидлади. Шаҳарлараро автобусларнинг қатновини йўлга қўйиш масаласи ҳам тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда. 

Ҳукумат томонидан мутасадди вазирликларга аниқ топшириқ ва вазифалар берилди. Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳамкорлик қилиш борасида шартнома имзоланди. Икки давлат Парламентлари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Ўзбекистон Байналмилал маркази орасида муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус меморандумлар имзоланди. Ўзбекистонда “Қозоғистон кунлари”ни, Қозоғистонда “Ўзбекистон кунлари”ни ўтказиш таклифи киритилди. Бир неча йиллар олдин Мақтаарал туманидаги 24 чақиримли  йўл Қозоғистон ҳисобига олиниб, ёпиб қўйилган эди. Худди шу каби, Ўзбекистон тасарруфига берилган бироз йўл ҳудудидан Қозоғистон уловлари ўтолмай қолганди. Ўзаро келишувга мувофиқ, энди ушбу йўл икки биродар халқ фуқароларига беминнат хизмат қилади. 

Айтиш жоизки, музокараларда фуқароларни кўпдан қийнаётган яна бир муҳим масала – чегарадан ўтишни енгиллаштириш тўғрисидаги таклифлар ҳам айтилди. Жумладан, вилоят ҳокими Ж. Туймебаев билан бирга “Ипак йўли” божхона бекатидан ҳам фуқароларни енгиллаштирилган тартибда ўтказиш масаласини кўтардик. Чегарадан қайта-қайта ўтавергач, айрим тадбиркорларнинг паспортига штамп қўйиладиган саҳифалар тўлиб қоляпти. Шунинг учун ҳам келажакда гувоҳнома билан ўтказиш жорий қилинса, айни муддао бўлади. 

Келажакда маданий-маърифий алоқаларни, бирлик ва аҳиллик анъаналарини янада ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, фақат давлатларнинг ҳукуматлари даражасида эмас, балки минтақалар орасидаги алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга эътибор қаратиш лозим. 

Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев сафардан кўнгли тўлганини, учрашувлардан жуда мамнун эканини, музокараларнинг самимият ва ишонч руҳида ўтганидан хурсандлигини изҳор этди. Шартномалар имзоланмаган бўлса-да, томонлар Сирдарё ва Амударё сувларидан фойдаланиш ҳақида келишиб олишди. Сув масаласи идоралараро комиссияда қаралади ва уни ҳал этишга кенг йўл очиб берилади. “Қайси давлатда қанча ер майдони борлиги, қанча миқдорда сув кераклиги маълум”, деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев Орол денгизи муаммосига ҳам тўхталди. Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида Оролни тиклашга жаҳон жамоатчилиги назарини қаратса, деган фикрни билдирди. Шу каби, халқни тоза сув билан таъминлаш масаласи ҳам жуда долзарблиги қайд этилди.

Очиғини айтиш керак, Қозоғистон Президенти Н. Назарбаевнинг Ўзбекистонга қилган Давлат сафарларида илгари ҳам делегация таркибида бўлганман. Кўп масалалар Ўзбекистон томонидан эътиборсиз қоларди. Бу гал Ўзбекистон раҳбари ушбу имзоланган шартномаларни юзага чиқариш учун махсус “Йўл харитаси” ишланишини ва уларнинг бажарилиши Президент маъмурияти томонидан қатъий назоратга олинишини таъкидлади.  

– Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Ўзбекистон Байналмилал маркази ўртасида имзоланган меморандумда қандай ишлар режаланган?

– Ўн йил муқаддам Тошкентда Қозоғистон халқи Ассамблеясининг фаолияти  ҳақида маъруза қилганман. Жорий йил февраль ойида ҚХА номидан бир гуруҳ меҳмонлар Тошкентга бордик. Халқ дипломатиясининг аҳамияти катта, унинг воситасида унча-мунча қолиб кетган масалалар кўтарилади ва ҳал этилади. Маданият, санъат ва спорт соҳаларида алоқа мустаҳкам бўлса, бошқа муаммолар ҳам ечимини топади. Ўзбекистонда бир миллиондан зиёд қозоқ этноси вакиллари, Қозоғистонда 600 мингга яқин ўзбеклар яшайди. Шунинг ўзи  икки халқ дўстлиги барқарорлигининг асосидир!

– Учрашув чоғида Элбоши Н. Назарбаев ўзбекистонлик қозоқ ёшларини юртимиздаги олий ўқув юртларида ўқишга чақирди. Ўзбек ёшларининг қўшни республика олийгоҳларида ўқиш имкониятлари борми?

– Бизда, қонунга мувофиқ, исталган давлатдан, шу каби Ўзбекистондан қозоқ ёшлари келиб, ЯМТни муваффақиятли топширса, олий ўқув юртида бепул ўқиши мумкин. Мақсад – ёшларни шу жойда ўқитиб, ишга олиб қолиш. Ўзбекистонга борганлар эса ОЎЮда ўқишга фақат чет давлатнинг фуқароси сифатида кириши ва пул тўлаб ўқиши мумкин. Бу масала илгари ҳам бир неча бор турли давраларда кўтарилган. Бошқа соҳаларга қараганда, ҳозирги кунда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларини тайёрлаш долзарб бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини тайёрлаш масаласини кўтарганман. У мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда. Қандай ҳал бўлишини келажак кўрсатади. Бу борада бизда тажриба бор. 1994 йилдаги Ўзбекистон давлати раҳбарияти билан ўзаро абитуриентларни алмашиш ҳақидаги келишувга мувофиқ, ҳар йили 150тадан  битирувчи Тошкент, Жиззах, Навоий ва Гулистон шаҳарларидаги олийгоҳларга қабул қилинган. Бу шартнома 1997 йилгача, 4 йил давомида ишлади. Кейин тўхтаб қолишига сабаб, юқорида айтганимдек, ўзбекистонлик абитуриентлар вазирлик орқали эмас, тўғридан-тўғри келиб ўқишга киришган. Ҳозир ҳам шу масалани ҚР Таълим ва фан вазирлиги орқали ҳал этса бўлади. 

Чегарадан ўтишни соддалаштириш, сунъий тўсиқларни бартараф қилиш каби масалалар борасида ҳам иш юритиляпти. Амалиётда бундай тажрибалар етарли. Лекин давлат хавфсизлиги масаласини ҳам унутмаслик керак. Ўзбекистон томони ҳам бундай фикрга қарши эмас. Масала ана шундай енгиллаштириш  ишларининг механизмини яратишда.

– Раҳмат, сизга мустаҳкам соғлик ва омад тилаймиз!

 

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди., 2017-04-10, 13:16 877
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.