26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Миллатларни бирлаштирган маҳорат сабоғи

Инқироз ўзи билан ҳамнафас тараққиётнинг янги жабҳаларини очиб беради, шу билан бирга бунинг учун имкон эшикларини оча оладиган ижодкор инсонларни ҳам кўпайтириб бораверар экан. Бунга, айниқса, карантин чоралари кучайтирилган, оила аъзоларимиз уйдан чиқмай, ягона шиоримиз “Уйда қолинг!” деган қизғин паллада гувоҳ бўлдик. Онлайн тартибда ишлаш кўпроқ рўзғор ишларига эътибор қаратишга имкон берди. Болалар ҳам шундай шароитга кўникишди. Китоб ўқиш баробарида, интернет имкониятларидан фойдаланиб, турли дастурларни амалда ишлатиш, тест топшириб, масофадан олган билимларини текширишга одатланишди.

Вақтдан унумли фойдаланиш ҳамда оиламиз даромадини ошириш мақсадида Элбошимизнинг тавсияларига амал қилдик. Тўғри, оила бюджетини эътиборга олиб, иккита эмас, битта сигир сотиб олдик. Унинг бераётган сути оиламиздан ортиб, қўшнилар ҳамда қариндошлар корига ярай бошлади. Оиламизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда ўзимиз истеъмол қилаётган маҳсулотлар ассортиментини кўпайтиришни мақсад қилдим. Сут маҳсулотларини қайта ишлаётган ва бозорларимизни сифатли пишлоқлар билан таъминлаётган тадбиркорлардан маҳорат сабоғини олишга қарор қилдим. Туркистон вилоят озарбайжон этномаданият бирлашмаси раисаси Рамила Мустафоевага мурожаат қилдим. Ҳам сабоқ олиш, ҳам улар билан суҳбат уюштириш ниятим борлигини билдирдим. Бундай ишларга ўта ташаббускор Рамила рози бўлди ва учрашув кунини белгилади...

Йўлма-йўл таниқли этник озарбайжонлик санъаткор Сами Юсуфнинг Насимийнинг илоҳий сўзларига басталанган қўшиқларини тинглаб боряпман: 

Менинг қалбимга икки жаҳон сиғар, 

Бироқ мен бир жаҳонгасиғмасман...

Мана бугун эса биз сиз билан Сайрам туманининг Қорасув қишлоғига – Шафига Амирова хонадонига ташриф буюрамиз. Озарбайжонларнинг миллий таомларидан бири – пендирни (ўзига хос пишлоқ) тайёрлашни ўрганамиз. Шафига опа хонадонига халқининг фаолларидан Фарида Муталимова, Наргиза Носировалар ҳам жамланишибди. Улар миллий таомни ўрганиш ҳамда суҳбатлашиш учун келганимдан хурсанд бўлишди. Бу ҳам бошқа элатга нисбатан ҳурмат, эътиборни ўзида мужассам этади. Менинг суҳбатдошларим буни жуда яхши билишади, кўзларида анъаналарига чексиз ҳурмат, қадриятларини авайлаш, энг муҳими бундан фахрланиш туйғуси чарақлаб турибди. 

Сизларни улар билан алоҳида таништирай. Мезбонлар орасидаги катта ёшдаги Фарида опа 1982 йилда Озарбайжоннинг Нахичеванидан бизнинг Қорасувга келди, аммасининг неварасига турмушга чиқди. Мана қирқ йилдирки, Қозоғистон заминида яшаб, фарзандлик, неваралик бўлди. 2 ўғлини олий маълумотли қилиб вояга етказди, ўзи эса рўзғор ташвишлари билан бор орзу-умидларини оила фаровонлигига бахшида этди. Биз билан учрашувга узум баргларини қуритиб, банкаларга солинган ҳолда олиб келибди.

– Дастурхонимизни дўлмасиз тасаввур эта олмайсиз. У албатта, таомларимиз орасида ўзига хос ўрин эгаллайди. Дўлмани ток баргидан тайёрлаганимиз учун ҳам ҳар бир озарбайжонликнинг ҳовлисида йўқ деганда 2-3 туп ток ўсиши керак. Меваларидан роҳатланиш баробарида, унинг баргидан ҳам самарали фойдаланиш керак. Барглари чиқиб, ҳали шапалоқдан каттаймаган ҳажмга келганида уни узиб, авайлаб ўраб, банкаларга жойлаштирамиз. Уларни шунчаки ёпиб қўйсангиз ҳам, консерваласангиз ҳам бўлади. Анча вақт сақланса ҳам бузилмасдан тураверади. Қийма ва гуручни аралаштириб, ток баргларига ўраб чиқасиз. Дўлмани паст оловда пиширишга ҳаракат қилинг, гуручлари жуда эзилиб кетмасин, шакли бузилмагани ҳам мазали, ҳам дастурхонда чиройли кўринади. Неваралар боқишдан қўлим бўшади дегунча ток баргларини тахлай бошлайман. Қўлим ҳам шунга ўрганиб қолган. Қариндошлар, танишларим менга буюртма беришади. 3та сигирни соғиб, сутидан пишлоқ тайёрлайман. Умуман, биз, озарбайжонлар қўйни ҳам соғамиз. Эчки, қўй сутидан тайёрланган пишлоқларимиз ҳам жуда мазали бўлади. Уй бекасиман, нафақага ҳали анча бор. “Уй бекаси” деган ном аёлдан 24 соатлик тушликка, ҳордиққа узилишсиз меҳнат қилиш кераклигини англатади. Сутдан тайёрланган маҳсулотлар борки – дурда, сариёғ, пишлоқнинг тур-турларини тайёрлаб, лавашнинг турли хилларини ҳамюртларим дастурхонига тортиқ қиляпман,– дейди Фарида опа мени дастурхонга таклиф қиларкан. 

Хонадон соҳибаси Шафига опа эса дастурхон тузаш билан овора. Унинг Қозоғистонга келиб қолишига қатағон йиллари сабаб бўлди. Онасининг бобоси 30- йилларда Қозоғистонга қатағон қилинган. Шунинг оқибатида мана бир авлод озарбайжонликлар Қозоғистон халқи сафига қўшилиб, фаровон турмуш кечиришяпти. 1986 йили Маҳаммадга турмушга чиқди. Яратган уларга 2 фарзанд ато этди. Мана ҳозир уларнинг фарзандларини вояга етказишда уларга дуогўй ҳам ёрдамчи. Асли ҳисобчилик касбини эгаллаган уй соҳибаси, бироз йиллар дўконда ишлаб юрди. Ҳозир эса тадбиркорлик билан машғул. 15 йилдирки озарбайжонларнинг миллий пишлоғини тайёрлаб, буюртмачилар дуосини оляпти.

– Баъзида аҳолидан 1 тоннагача сут харид қиламан. Қаймоғи олинмаган сут бўлиши керак, ундан пишлоқ тайёрлаймиз. Уни озарчасига пендир деб атаймиз. Баъзилар пейнир ҳам дейди. Масалан, Озарбайжонда уни пендир дейишади. Асосан тўйларга, оилавий маросимларга кўп буюртмалар келиб туради. Ҳозир карантин чоралари кўрилаётган пайтда буни тайёрлаш ҳам анча қисқарди. Қишлоғимиз бозорлари, савдо расталарини махсус пишлоқ билан таъминлаб келяпмиз. Биласизми, турли пишлоқларга турли кимёвий қўшимчалар қўшилганлиги боис кўпчилик бу маҳсулотларнинг табиийлигидан гумонсираб, уй шароитида, қўлда тайёрланадиган маҳсулотларни топиб, истеъмол қилишади, – дейди Шафига опа куни кеча пиширган лавашларини дастурхонга қўяр экан.

– Лавашни биз сингари тандирда тайёрласанглар керак? 

– Ҳа, буюртмага қараб турли ўлчовда ёпишга ҳаракат қиламиз. Қотган юпқа лавашларимизни аввал сувлаб юмшатиб оламиз, кейин унинг устига турли кўкатлар, пиширилган тухум ёки гўшт солиб бутерброд сингари ўраймиз. Истеъмол қилиш учун қулай ўлчовда кесиб дастурхонга тортамиз. Уни дурмак деб атаймиз. Хон дурмак, чўпон дурмакни фарқлашади. Каттароқ лаваш таркибига кўпроқ гўшт солинган бўлса, у ҳолда уни хон дурмак деймиз. Кўкатлар ва тухум, пишлоқдан иборат бўлса бу чўпоннинг таоми ҳисобланади, – дейди кулиб. 

Лаваш, дурмак, пишлоқларнинг турли хиллари билан чой ичиб олганимиздан кейин Шафига опа билан пендир тайёрлашга киришиб кетдик.

Қозонда 4 литрча сутни 30 даражада илитиб олдик. Уни пиширишнинг ҳожати йўқ, пишлоғингиз ёғлироқ бўлишини хоҳласангиз сутнинг ҳам ёғлироғини танлайсиз, сутнинг умуман қаймоғини олмайсиз. Сутимиз ҳарорати 

тайёр. Энди унга муҳим яна бошқа суюқлик қўшишга тўғри келади. Молларнинг қатқоринини кўпинча ахлатга шундайлигича ташлаймиз. Ўша ичак тозалаб ювиб, тузланиб, қуритиб қўйилади. Пишлоқ, сузма тайёрланганда ажраладиган зардоб сувга ботириб қўйилади. Бир кеча-кундуз мазкур суюқликда турган ичак ўзига хос моддаларни ажрата бошлайди. Сувда юмшаган ичакдан ажралган суюқликни сузиб олиб 4 литрга тақрибан 50 гр.ни аралаштирамиз. Таъбга кўра туз соламиз. Бироқ вақт ўтиши билан бояги сутимиз қаттиқроқ аралашмага ўхшаб қолади. Унинг ичидаги чўзилувчан қисмини докада сузиб олиб, шаклга келтирамиз. Ўзидан ажралган сувга ботириб қўямиз. 4 литр сутдан деярли 800 гр. тайёрланди. Қолган сутдан эса қатиқ ивитиб ёки сепараторда қаймоғини олиш мумкин. Қолган сут исроф бўлмайди – қатиқ, сузма қилинади, ундан эса қурт тайёрласангиз ҳам бўлади. Агар қаймоқни ҳам ана шу ускунада сутдан ажратиб олсангиз, демак сизнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотларингиз сони яна кўпайди дейиш мумкин. 

Шафига опанинг айтишича ҳозирги кунда кўпчилик бундай усулда пишлоқ тайёрламас экан. Пендир тайёрлашда пепсин кукунини ишлатишар экан. Бу ҳам мол ичагидан кимёвий усул билан тайёрланган маҳсулот. Бироқ пепсиндан тайёрланган пишлоқларни унинг табиий сифатини юқори баҳолайдиганлар тез ажратиб олишади. Шу боис ҳам буюртмачилар пишлоқни табиий ичакдан тайёрланишини талаб қилишади.

– Молнинг қатқоринидан тайёрланган пишлоқнинг мазаси ҳам бошқача бўлади, – дейди Шафига опанинг келини Наргиза Носирова. Кимёвий модда барибир кимёвий маза беради, маҳсулотингизнинг мазаси ҳам бироз сунъийлашади, – дейди.

Буни қарангки, Наргиза опа Носировлар хонадонига келин бўлган экан. Оқсувкентдаги рус мактабларидан бирида таълим олаётган ва аълога ўқиётган ўзбек қизи Наргизанинг орзулари бисёр эди. Тофик исмли қорасувлик йигит унга севги изҳор этди. Битирув имтиҳонларига тайёргарлик кўраётган қиз бунга эътибор ҳам бермади – у ўқиши керак, олий маълумотли бўлиши керак. Бироқ йигитнинг муҳаббати унинг тақдирида туб бурилиш ясади, режаларини ўзгартириб юборди. Тофик 10-синфни битириш арафасида турган аълочи қизни олиб қочди. Қизнинг қаршиликларига қарамасдан никоҳ ўқилди, оила бунёд бўлди. Мактабни битириш имтиҳонлари ҳам қолди, ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат ҳам олинмади. Наргизага бошқа миллат хонадонига келин бўлиб бориш осон бўлмади. Бутун орзу-армонларини юрак қатига тахлаб қўя қолди. 

– Бир ойда озарбайжон тилини ўргандим, анъаналари, урф-одатларига кўника бошладим. Мактабни тугатиб, олий ўқув юртига ўқишга киргим келарди. Оила қурганимга ҳам мана 26 йил бўлибди. Мактабга битирув имтиҳонларини топширишга кетаётгандим, мени олиб қочиб кетишди, икки соатда тақдирим бутунлай ўзгариб кетди. Бошида осон бўлгани йўқ. Уйимга кетиб ҳам кўрдим. Бироқ тақдирга тан бердим. Меҳрибон қайнонам ўзи етимликда ўсган менга оналик қилди. 3 фарзанднинг онаси бўлдим, бахтли аёл, ардоқли онаман. Ирода исмли қизимни турмушга бердик. Бува-буви бўлиш арафасидамиз. Бироқ ҳатто мактабни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳномамни ҳам олмаганлигим менга алам қилади. Орзулари мўл қиз эдим, тақдир менга озарбайжон хонадонига бахт олиб киришимни муносиб кўрди. Миллий таомларнинг барчасини тайёрлай оламан, халқларимиз ўртасида ўхшашлик жиҳатлари анча кўп экан, – дейди Наргиза Носирова.

Турли халқларни бир хонадонга жамлаган озарбайжон пендири ҳақиқатан ҳам мазали экан. Пишлоқ, дўлма, дурмак, лаваш ва бошқа турли таомлар билан тушлик қилар эканмиз анъаналардаги ўхшашликлар, юртимиздаги ҳамжиҳатлик тўғрисидаги суҳбатимиз қизиди. Мезбонларимни эсдалик учун суратга олар эканман, улар ҳовлида ўсаётган анор олдида суратга тушишни исташди. Ҳовлидаги анор рамзий маънога эга. Ҳар бир озарбайжонлик миллатининг тимсоли сифатида албатта анор экишга ҳаракат қилади, рамзий маъноси ҳам шу бўлса керак. Унинг таркибидаги майда доначалар маҳкам, бир тутам ва яхлит ушлаб турадиган унинг ҳимояси – қобиғига эҳтиёткорлик билан ўраб, чирмалган. Биз ҳам анор доначаларидекмиз, Яратган турли элатлар қилиб, ҳамжиҳат яшашимиз учун дунё аталмиш бир қобиққа авайлаб ўраб қўйгандир балки...

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2020-09-04, 21:35 421
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.