26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Абай – эл билан элни дўстлаштирувчи шахс

Абай Қўнанбайули нафақат қозоқ халқининг балки бутун туркий оламнинг фахри. Буюк шоирнинг қалб қўридан олиб ёзилган ва келажак авлодга қолдирган мангу мероси бутун инсониятга тегишли маънавий хазина, деб ўйлайман. Унинг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди. Шоирнинг шеърлари ҳаётий моҳиятини йўқотмаган. Ўқиган одам теран буюк мутафаккирнинг фалсафий хулосаларидан завқланиб, ҳаёт ҳақиқати, турли воқеаларнинг келиб чиқиш сабабларидан воқиф бўлиб, асарнинг қандай якунланишини кўриб, мафтун бўлади. Табиат манзаралари, чунончи, баҳорнинг ҳаётбахш қисқа кунларию ёзнинг фараҳбахш таровати, кузнинг маҳзун кайфиятию “уст-боши оқ қиров” қишнинг қаҳри қаттиқ бўлишини назм тилида ажиб ҳислар билан тасвирлайди. Абайнинг адабий мероси, илғор фалсафий фикрлари, буюк яратувчилик ғоялари Ватанга, инсонга, табиатга, ҳаётга бағишланган юксак маънавий дунёси бўлиб, халқининг қалбидан абадий жой олган.

“Насиҳатлари” эса, ҳаётнинг оқ-қорасини, яхши-ёмонини ажратиб беради. Дунё халқлари таълим ва фанга интилаётган пайтда, ўз халқим лоқайдлик қилиб, эзгуликлардан мосуво бўлмасин, деб хавотирланади. Халқининг камчилигини танқид остига олади, келажакка йўлни кўрсатади. Инсоният ўз вужудидаги хурофотлару оғир хасталиклардан халос бўлиб, эл келажаги ёрқин бўлишини тилайди. Авлодга пурмаъно фикрлар ва ибратли нақлларини қолдирди. Абай меросига назар соладиган бўлсак, мана шундай ўта ажойиб, теран фикр маржонларини терамиз.

1995 йили Абайнинг 150 йиллиги ЮНЕСКОнинг ташаббуси билан жаҳон миқёсида нишонланди. Буюк мутафаккир ва шоирга бағишланган тантанали тадбирда маъруза қилган Элбоши Нурсултан Назарбаев шундай фикрларни ўртага ташлаган эди. У: “Агар Абай бўлмаса, мана шу асрнинг бошидаёқ фуқаровий баркамоллигу жиддий мулоҳазакорликка, услубий ранг-барангликка замон билан бирга одимлаб, замондош билан бирга сирдош бўла оладиган даражадаги ижтимоий мулоҳазага эга бўлган ёзма адабиёт мактаби – том маънода Абай мактаби шаклланмас эди. Шоирни миллийлик қобиғидан чиқариб, уни умумбашарий шоирга айлантирган омил унинг ўз халқига бўлган чексиз ва беғубор муҳаббати, эл-юртининг тақдири билан боғлиқ курашчан доно фикрларидир. Зеро, ўз халқини чин севган кишигина бошқа халқларни сева олади, ўз қадрини ҳимоя қилишга қодир одамгина инсоннинг қадрини улуғлай олади”, дея фикр билдирди. 2019 йили 30 майда Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг махсус Фармони чиқди. Унда Ҳукуматга давлат комиссиясини тузиш, умумреспублика режасини тасдиқлаш вазифалари топширилди. Шунингдек, Абайнинг “Жидебай-Бөрілі” давлат тарихий-маданий ҳамда адабий-мемориал қўриқхона-музейини мажмуавий янгилаш вазифаси юклатилди. Буюк арбобнинг хизматларини жаҳонга кенг тарғиб қилиш мақсадида инглиз, араб, япон, испан, итальян, турк, хитой, немис, рус, француз каби ўн хорижий тилларга сифатли таржима қилиш, нашр этиш ҳамда халқаро миқёсда тарқатиш кўзда тутилди. 

 Давлат раҳбарининг Фармони ҳар бир қозоғистонликнинг келажакка ишончини мустаҳкамлади. Хорижда ҳаёт кечираётган қондошларимизнинг мартабасини оширди.

Жорий йил 9 январда Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг «Абай ва XXI асрдаги Қозоғистон» номли мажмуавий мақоласи нашр этилди. Унда Давлат раҳбари Абай насиҳатларининг бугунги замонамиз учун долзарблигига тўхталиб, оқин ижодидан баҳраманд бўлиш – халқимиз учун таълимоти мўл жараён эканлигини таъкидлади. Давлат раҳбари: “Абайнинг муносабатлари ХХI асрдаги Қозоғистон жамияти ва унинг барака-бирлиги учун жуда қадрли. Ҳаким Абайнинг таълимоти ижтимоий ва моддий маданият тараққиётининг юксак босқичларига чиққан давлатлар тамойиллари билан уйғунлашади. Қонун устуворлиги, салтанатнинг шаффофлиги ва халқ олдида ҳисобот бериши юксак даражада бўлиб, давлат фаолиятига жамият вакиллари фаол аралашгандагина адолат устуворлик қилади”, деб хулоса қилган. Ўзи кўтарган ташаббусига мувофиқ, “Халқ овозига қулоқ тутадиган мамлакатни” шакллантиришнинг моҳиятига тўхталди. Ҳокимият ва халқ ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилиши лозим. Шу мақсадда барча муаммоли масалаларни ҳамкорликда муҳокама қилиб, ҳал қилиш мақсадида Миллий ижтимоий ишонч кенгаши ташкил этилди. “Олим Абай – дунё даражасидаги қозоқ оламининг даҳоси. У бутун инсониятга дахлдор онг, ақл-идрок ва донолик билимлари уруғини экиб кетди. Маълумки, Мухтор Ауезовнинг “Абай йўли” романидаги бадиий образ орқали Абай жаҳон адабиётида юксак баҳоланди. Бироқ бу Абайни танишнинг фақат бир жиҳати. Абайни билиш учун унинг назм ва насрларидаги ифода этилган ғоялар маъносини очиш зарур”, деди Қ. Тўқаев. 

Шунингдек, шоирнинг ҳаёт йўли, маънавий мероси ва унинг қозоқ маданиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳақида ҳужжатли фильм ва телесериаллар яратиш режалаштирилди. Шу жумладан, “Абай” телесериали суратга олинади.  Буюк мутафаккирнинг юбилейи арафасида Ҳукумат қарори билан 10 август – Абай куни сифатида белгиланди. Бу тадбирлар жамоатчилик онгини янгилаш, ягона мамлакат, бир бутун миллат сифатида мамлакат ривожига туртки бериш. Абай мероси миллатларни жипслаштириш ва мамлакат тараққиётига хизмат қилади, деб ўйлайман.

 Минглаб одам иштирок этадиган улкан тадбир ўтмагани билан илмий-текшириш ишлари давом этаверади, тарғибот иши тўхтаб қолмайди. Газета-журналларга мақолалар эълон қилинмоқда. Жорий йилда нишонланиши режаланган маданий тадбирлар дунёвий иллат туфайли кейинга қолдирилди. Зеро, Абайнинг юбилейи бир йил билан чекланиб қолмаслиги аниқ. 

Ҳозир ўта мураккаб даврни бошдан кечиряпмиз. Бутун дунёда иллатга қарши кураш олиб борилмоқда. Халқимиз ҳозирги синовдан омон-эсон ўтиб, муваффақиятларга етаверишини тилайман. Энди Абайнинг халқаро миқёсдаги донгдорлиги ва унга жаҳон халқлари эҳтиромига тўхталмоқчиман. Чунки, элингни таништиришда доим тарихий шахсларнинг ўрни ўзгача. Бутун дунё қозоқ деганда авваломбор Абайни билади. Хорижга борсангиз, “Қаердан келдингиз?”, деб сўрайди. Қозоғистондан келганимизни билгач, улар бизнинг эл тўғрисида биладиган маълумотларни айта бошлайди. Шунда кўп ҳолларда буюк арбобнинг исми тилга олинади. 

Дунёвий ахборотга кўз югуртирсак, жаҳон мамлакатларининг кўпчилигида Абай ёдгорликлари бор, бош шаҳарларида катта кўчаларнинг бирига буюк оқиннинг номи берилган. Чунончи, Россия пойтахти Москвада, Венгрия маркази Будапештда ҳамда Франциянинг Ренн шаҳрида Абай ёдгорлиги қад кўтарган, Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Абай бюсти ўрнатилган. Миср, Ҳиндистон пойтахти Қоҳира ва Нью-Деҳли, Германия маркази Берлинда, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон пойтахтлари Боку, Бишкек ҳамда Душанбеда, Украинанинг Киев ва Краматорск, Днепропетровск шаҳарларида Абай Қўнанбайули номида кўркам кўчалар мавжуд. Лондон шаҳрида ёзувчи Роллан Сейсембаевнинг ташаббуси билан Абай уйи очилгани маълум. 

Парламент хизмат сафари билан Ўзбекистонга борганимда Тошкент шаҳрида Абайнинг ёдгорлиги ва кўчасини кўриб, лол қолдим. “Мен ушбу буюк мутафаккир, доно Абайнинг элидан келдим!” деган сўз беихтиёр тилимга келиб, вужудимни қувонч ва фахр ҳисси чулғаб олди.

Бутун қиёфаси билан гавдаланган буюк ҳайкал икки давлат раҳбарлари иштирокида 2013 йили очилган эди. Ўзбекистон мактабларида мунтазам равишда Абайшунослик дарслари ўтилади. Баъзи мактабларга шоир номи берилган. Ўзбек халқи ёзувчининг ижодини суйиб ўқийди, десам муболаға бўлмайди. Янгиликлар тасмасидан Абайнинг қўшиғи япон тилида илк бор куйланганини ўқиб, бошимиз осмонга етди. Польшада буюк оқин сурати туширилган почта маркаси чиқарилди. Бошқа олис хориж мамлакатларида уламо оқинга кўрсатилган эҳтиромнинг оз эмаслигини яхши биламиз. Шунингдек, Европа давлатарида, Япония ҳамда Жанубий Кореяда Абай ижодига шинаванда кишилар бисёр, деб эшитганман. Ҳатто, таржима эмас, қозоқ тилида, яъни унинг ўзи ёзган меросни ўқигиси келадиганларнинг сафи кенгаймоқда. Бунга далил сифатида қатор хорижлик машҳур фуқароларнинг Абай қўшиқлари ва насиҳатларини қозоқ тилида ифодали ўқиб, элга тарғиб қилаётганини интернет орқали кўриб-билиб юрибмиз. Бу борада, ўтган йили бошланган оқиннинг ижодидан қатралар ўқиш эстафетаси муваффақиятли ташаббуслардан бири бўлганини таъкидлаб ўтаман. Шу билан бирга, Абайни нафақат бизнинг олимлар, балки хорижнинг тажрибали олимлари ҳам таҳлил этишмоқда. Улар ҳам Абайшунослик фанига беқиёс ҳисса қўшмоқда. Абайшунослик илмининг бошқа мамлакатларда кенг қанот ёйиши – жуда қувончли ҳол. Абай меросини ёш авлод онгига сингдиришнинг моҳияти катта. Бу борада, мактабларнинг ўқув дастурига махсус “Абайшунослик” фани жорий этилаётгани айни муддао. Эл орасида ҳамда хорижда Абай меросини тарғиб этиш борасида зиёлиларнинг амалга оширадиган вазифалари залворли, деб ҳисоблайман. Бу ишга бир ёқадан бош чиқариб киришган афзал. 

Абай мероси – бебаҳо хазина. Унинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тадқиқ қилиш давом эттирилишига ишончим комил. 

Халқимизни хушнуд этадиган маълумотлар топилиши эҳтимол. Чунки, буюк оқиндан қўшиқ ва насиҳатлари қолди.

Маълумки, Абай ўз ҳаёти ва ижод йўли билан сўз дунёсида алоҳида эҳтиромга эга сўз санъаткори бўлиб, у ўлан, достон, ҳикмат жанрида самарали қалам тебратди. Халқ ҳаётини чуқур билган халқпарвар шоир олға сурган тушунчада бирлик каби умуминсоний ғоялари билан оламга ва авлодларга самимий сўзларини айта олди.

 Ўзи ёзиб қолдирганидек, “ўзидан боқий сўз қолдирган” мутафаккирга халқнинг ҳурмати ошиб бораверади. Унинг обрўси эл билан бирга ортаверади.

Фахриддин ҚОРАТОЕВ, Парламент Мажлисининг депутати, Nur Otan фракцияси аъзоси, 2020-09-12, 05:03 204
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.