26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Устахонадаги суҳбат

Миллатимизнинг қадриятларига, узоқ ўтмишига назар солсак, касб-ҳунар эгаллашга алоҳида эътибор қаратилганига гувоҳ бўламиз. Қадим замонларда, ҳаётимизга электроника, компьютер кириб келмаган даврларда ҳунарнинг ўрни ўзгача эди. Чунки, ҳозирги замонавий мутахассисликлар мавжуд бўлмаган замонларда аждодларимиз ўз ҳунари билан оиласини тебратиб келган. Ҳунармандлар иззат-икромда бўлган. Ота-боболаримиз фарзанд тарбиясида илм эгаллашдан ташқари болаларини ҳунарли қилишга уринишган. 

Мақоламизнинг қаҳрамони ҳам миллий чолғу асбоблари ясашни ота-боболаридан ўрганиб, касбини эъзозлаб келмоқда. Ҳозирги даврда миллий чолғу асбобларига эҳтиёж камайган бўлишига қарамай, Азамат Мирамат ўғли вақтининг аксарият қисмини устахонасида ўтказади, десам муболаға бўлмайди. 

СОЛИЕВ АЗАМАТ МИРАМАТ ЎҒЛИ – 1951 йилда Сайрам заминидаги Бозорқопқа қишлоғида туғилган. Тельман номли мактабда умумий таълим олгач, махсус касб-ҳунар билим юртида механизаторликка ўқиди. Турмуш ўртоғи Фароғат ая билан олти қиз ва бир ўғилни вояга етказиб, барчасини оилали қилишган. 

– Азамат ака, суҳбатимизнинг аввалида ушбу ҳунарни эгаллашга сабабчи бўлган ота-боболарингизни ёдга олсангиз...

– Ота-боболарим – Эрмат, Турдимат, Соли боболар ва дадам – Мираматлар деҳқончилик билан шуғулланишган. Шу баробарида улар миллий чолғу асбоблари устаси ҳам бўлишган. Улар кўнчилик билан ҳам шуғулланишган. Отамни ёнида юриб, ҳунарнинг сир-асрорларини ўргана бошладим. Мен эсимни таний бошлаганимда маданият соҳасига эътибор кучая бошлади. Шунда ҳаётимизга турли миллий чолғу асбоблари кириб кела бошлади. У вақтда бизда чолғу асбобларининг усталари йўқ эди. Отамнинг қизиқиши кучли бўлгани учун уларни ясашни ўзлаштира бошлади. Бундан хабар топган санъаткорларимиз чолғу асбобларини таъмирлаш учун унга мурожаат қиларди. Расулмат акам, укаларим – Нурмат ва Бегматларга отам ҳунармандчиликнинг нони тотли эканлигини бот-бот такрорларди. Улар хонандаликка қизиқишиб, шу йўлда кетишди. Мен эса отамнинг қўлидан ҳунарини олдим. 

– Танловларда ҳам иштирок этган экансиз...

– Шимкент ва Сайрамда уюштирилган ҳунармандлар танловларида қатнашиб, лауреат бўлганман. Фахрий ёрлиқ, сертификат, совға-саломлар олганман. Сайрам тумани ҳокими Қуаниш Айтаханов устахонамга келиб, ишларим билан танишганди ва мени Туркистоннинг 1500 йиллик тадбирига таклиф қилганди. Шу ерда уч давлат президенти ишларимни томоша қилган.

Мустақилликнинг илк йиллари иқтисодий оғир йиллар бўлган эди. Халқимизда тўй-базмлар камайиб, бизнинг ишимизга талаб бўлмай қолди. Шунда эгар-жабдуқ, жазлиқ, қуюшқон, қамчи ва бошқа буюмлар ясашга мажбур бўлганман. Ҳозир ҳам шу ишни давом эттириб келяпман. 

– Ҳарбий хизматда ҳам меҳнатсеварлигингиз, серғайрат бўлганингизни командирлар юқори баҳолашган экан...

– Мурманск вилоятида Шимолий флотда икки йил хизмат қилганман. Армияда комсомол қўмитасининг олтинчи чақириқ сессиясига делегат бўлганман. (Мандатини кўрсатди). Рус тилини яхши билганим, сиёсатга қизиққаним учун армияда бир йил комсорг бўлганман. У ерда эркин кураш, 10 чақиримга югуриш ва ўқ отишдан биринчи разряд олганман. Сузиш бўйича ҳам нормативларни бажарганман. Қишлоғимиз яқинида сув омборини ўртоқларим билан баҳслашиб, сузиб ўтганим (1 чақириму 100 метр) эсимга тушиб кетди. Армиядан келгач, уч кунгина дам олдим. Кейин ихтисослигим бўйича колхозга ишга чақиришди. Комбайн, ДТ-75 тракторни ҳайдадим. Шундай кунларнинг бирида шоли ўришга Чордара туманига юборишди. Иш жуда оғир эди. Ҳарбий хизматда чиниққаним туфайли ҳар қандай оғир ишга бардош бериб ишладим. 

– Асанбай Асқаровнинг қўлидан машина олганингизни ҳамма билавермайди...

– Ҳа-а. 1978 йилда вилоятда шоли ўриш бўйича механизаторлар орасидаги мусобақада ғолиб бўлганим учун биринчи котиб Асанбай Асқаров менга машина (Жигули) совға қилди. Кейин Кўкчатовга ишга бордик. У ёқда ҳам биринчиликни қўлдан бермай, мукофотига мотоцикл совға қилишган. Куйбишев тумани, Ломоносов совхози, 6-бригадада буғдой ўрганман. У пайтда сиёсат кучли эди. Раҳбарият қаерга юбормасин, бориб ишлаш мажбурий эди. Мусобақада олий ўринни эгаллаганим Сайрам тумани раҳбарларини ҳам қувонтирган эди. Колхозда яхши ишлаганим учун ҳам бир мотоцикл беришган. Вилоят темирйўли тармоғи раҳбари, социалистик Меҳнат Қаҳрамони Мухамеджанов ҳам бир мотоцикл туҳфа қилган. Буларнинг замирида оғир меҳнат ётганини таъкидлаш жоиз. 

– Овчилик қилишингизни ҳамма ҳам билавермайди...

– Буни ишқибозлик, десак ҳам бўлаверади. Ота-боболарим ҳам овчилик билан шуғулланишган. Бўш вақтимизда тўпланишиб, ов қиламиз. Шунда оғир меҳнатдаги жисмоний толиқишдан фориғ бўламан. Овнинг гашти ўзгача. 

– Минтақамизда миллий чолғу асбобларини тайёрлайдиган бошқа усталар ҳам борми?

– Қорабулоқда Ҳайдар уста бор. Унинг ҳам ўзига яраша мухлислари бор. 

– Чолғу асбобларини мукаммал ишлаш учун ўзбекистонлик усталарга мурожаат қилганмисиз?

– Ўзбекистонда миллий чолғу асбоблари мукаммал ишланади. Масалан, тор Озарбайжон халқининг миллий чолғу асбоби ҳисобланади. Уни ўзбекистонлик усталар ўзларига мослаштириб ишлашмоқда. Абдуқодир уста афғон рубоби билан торни чатиштириб, янги чолғу асбоби яратди. Унга “манзур” деб ном қўйди. Мен ҳеч қандай янги чолғу асбоби яратмаганман. Лекин, ҳар бир асбобни асл нусхасидек ишлашга ҳаракат қиламан. Чунки, улар мукаммал ишланган. 

– Битта торни ишлашга қанча вақт сарфланади?

– Тор кўп йиллик тут дарахтидан ишланади. Уни кузда кесиб олиб, 4-5 йил ўзининг технологияси асосида қуритилади. Уларга қирқилган вақти ёзиб қўйилади. Шу даврда ёғоч 80-85 фоизга қурийди. Кейин коса ишланади. Ундан сўнг, яна 2-3 йил сақланади. Шундагина уста кутган натижа беради. Умуман олганда, битта торни ишлашга 6-10 йил вақт кетади. Дастаси, қулоқларини ўрик, ёнғоқ дарахтларидан ишлайман. Молнинг юпқа терисидан чарм қоплаймиз. Концерт рубобининг териси эса лаққа балиқнинг терисидан ишланади.

– Шунга яраша ҳақ тўланадими?

– Иттифоқ даврида битта тор 1000 сўм бўлган. Шу пайтда колхозчилар 60 сўм маош олишарди. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, шу пулга 10 тонна буғдой берарди. Ҳозир 10 тонна буғдойнинг нархи – 1 миллион тенге. Талабдан келиб чиқиб, битта торни 250-300 минг тенгега сотиш мумкин. Мен ишлаган торимга кафолат бераман. Чунки, улар иссиққа ҳам, совуққа ҳам, намгарчиликка ҳам чидайди. Ҳозир баъзилар қуритиш ускуналаридан фойдаланиб, муддатни қисқартиришга ҳаракат қилишмоқда. Ундай торнинг овози маромида бўлмайди. Машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзов чалган тор ҳозир ҳам бор. Страдивари ишлаган скрипкаларга бир неча аср бўлган бўлса-да, ҳамон харидоргир. 

– Қайси машҳур санъаткорларга чолғу асбоблари ишлаб бергансиз?

– Жиззахлик Нуриддин хонанда садафли торга буюртма берган эди. Собиқ Иттифоқ вақтида битта торни 1800 сўмга олган эди. Қозоғистондаги санъаткорларнинг барчаси мен ишлаган торларни чалишади. Хонанда Ойбек Султонов вилоятимизга хизматга келиб, танбурини синдириб қўйибди. У Музаффар Тўрахонов билан бирга ўқиган экан. Танбурни маромида таъмирлаб берганман. Хоразмда бўлам бор. Уни кўришга борганимизда, бозордаги янги ишланган торларни кўриб, камчиликларини айтган эдим, устаси уйига меҳмонга чақирди. Чунки, мен камчиликларни тўғри айтган эдим. Тўрт киши эканимизни айтган эдим, ўн одам бўлсак ҳам, меҳмон қилишини айтди. У муддатни тезлаштириш учун ёғочни тузга ботириб қуритишини айтди. Мен унга табиий равишда қуритишни маслаҳат бердим. Бошқа камчиликларини ҳам айтдим. Шундан буён у билан хабарлашиб турамиз. Унга садаф солишни ҳам ўргатдим. Ҳозир у минтақадаги энг яхши устага айланди. Қўқондан Ғуломқодир уста келиб, ишларим билан танишди. Шунда уйимга укаларим Ўктам Мўминов ва бошқа бир қанча санъаткорлар келиб қолишди. Бири тор чаляпти, бири қўшиқ айтяпти. Шунда Ғуломқодир ака “Азамат ака, Сайрамда ҳамма санъаткорми?” деб, ҳавас қилган эди. Ғуломқодир ака оламдан ўтган, ҳозир ўғли Жаҳонгир билан борди-келди қиламиз. Тошкентдаги “Чорсу” бозоридаги усталар ҳам ҳурмат қилишади. 

– Машҳур раққоса Мукаррама Турғунбоева хонадонингларда меҳмон бўлган экан...

– Ўзбекистонлик бир гуруҳ санъаткорлар гастролга келишганда “Ғунча” халқ дастасида фаолият юритган Расулмат акам уларни уйга бошлаб келганди. Хайрулла Лутфуллаев, Қаҳрамон Дадаев, Қувондиқ Искандаровлар уйимизда меҳмон бўлишган. Отам дутор чалганда Мукаррама опа рақсга тушиб берган эди. 

– Ўғлингиз Аваз Солиев – эл суйган хонанда, халқ олқишини олиб юрибди. 

– Тўрт ака-ука санъаткормиз. Уйдаги муҳит унинг ҳам санъатга қизиқишини уйғотган бўлса, ажаб эмас. Ҳозир Ўзбекистонда фаолият юритиш учун 5 йилга лицензия олган. Унга ҳамиша камтар бўлишни маслаҳат бераман. 

Уста билан суҳбатимиз чоғида “Озодликнинг шамоли” қўшиғи билан машҳур бўлган хонанда Ойбек Маҳмудов ва Озодлик қишлоғидан миллий чолғу асбобларини таъмирлатиш учун Акмал Рўзақуловлар келиб қолишди.

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди, 2020-10-13, 05:00 553
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.