26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Шоҳ ва мот!

Шаҳмат... Бу ўйинни ўйнаб, ҳар донасини завқ-шавқ билан сурган одамгина унинг чин лаззатини туя олади.

2020 йил 26-30 октябрь кунлари дунё миқёсида интеллектуал спорт ўйинлари бўйича чемпионат ўтди. Қозоғистонда ҳам ўқувчилар ўртасида онлайн- жаҳон чемпионати ўтказилиб, ғолиблар аниқланди. 

Бутун жаҳонда шаҳмат марафони ўтаётган пайтда, Қозоғистон мактабларида шаҳмат ўргатилиши масаласи янада долзарб бўлди. 

“Мактабда – шаҳмат” дастури – академик Шахмардан Есенов номидаги илмий-таълим жамғармаси ва Қозоғистон шаҳмат федерациясининг қўшма лойиҳаси эди. Дастурнинг асосий мақсади – мактабда “Шаҳмат” фанини жорий этиш. 

Бугунги кунда шаҳмат нафақат спорт тури, балки таълим тизимининг ажралмас қисми сифатида талқин этилмоқда. Мактабларда шаҳмат ўргатилаётган мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ўқувчилар мустақил ижодий фикрлаш, ҳозиржавобликлар ва қиёсий таҳлилда юксак натижаларга эришмоқда. 

Лойиҳани юртимизда амалга ошириш учун 2018 йилда махсус ўқув дастури ишлаб чиқилди, умумтаълим мактабларининг 2,3,4-синфлари учун ўқув-услубий тўпламлар тайёрланди. Кейинчалик эса, таълим бўлимлари билан келишилган ҳолда 18та мактаб танлаб олиниб, уларда тажриба-синов ўтказила бошлади. Мактаблар, асосан Алмати, Қизилўрда, Павлодар вилоятларида жойлашган. Машғулотларда бошланғич таълим, жисмоний тарбия ўқитувчилари, шаҳмат ўйнаши мумкин бўлган табиий-математика фанлари ўқитувчилари иштирок этишди. 

Шимкент шаҳрида ҳам ушбу қадимги ўйиннинг чин мухлислари унинг мактабларда фан сифатида ўқитилиши учун жон куйдиришди. 

Натижада учинчи мегаполисда 26та мактаб лойиҳада қатнашди. Бугунги кунда юқоридаги минтақалар ва Шимкент шаҳрини қўшганда, 2000дан зиёд ўқувчи “Шаҳмат” фанини ўрганмоқда. 

Шу кунларда Шимкентда уч кун давомида шаҳматдан спартакиада уюштирилиб, унда ёшу-қари омадини синаб кўрди. 

Ташкилотчилардан бири, таниқли журналист, аслида шаҳматни бутун оиласи билан қадрлайдиган Балтабек Туйетаев турнир ҳақида шундай дейди:

– Номзодлардан 150дан зиёд ариза тушгани билан, карантин сабабли ҳаммаси иштирок эта олмади. Лекин 66 ёшли отахоннинг турнирда ғолиб бўлгани бу ўйинга нафақат ёшлар, балки кексаларнинг ҳам ҳурмат-эҳтироми юқори эканлигидан далолат беради. 

Шуҳрат Рўзиметов, шимкентлик таниқли тадбиркор:

Шаҳматга болалигимдан қизиқаман. Отажоним (раҳматли) уйга шахмат олиб келиб, эринмай ўргатган эди. У киши илм-фанни, ақл-мантиқни жуда қадрларди. Шаҳмат эса биринчи навбатда кишида ақлий қобилиятни, хотира ва мантиқни шакллантиради, кучайтиради. Россия ва Ўзбекистон бу жиҳатларни яхши тушунгани учун мактабларда шаҳматни фан сифатида қарор топтириб, ўқувчиларнинг ақлий ривожланишига катта эътибор қаратиб келаётганига бир неча йиллар бўлиб қолди. Бизда ҳам шу масала йўлга қўйилса, болаларимизга кенг имкониятлар очиларди, деб умид қилаётган эдим. Хайриятки, мамлакатда шаҳматни мактабда ўргатишга киришилмоқда. Бу ғояни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. 

Оиламда ҳар куни кечқурун кенжа ўғлим билан дона сурамиз, у шахмат тўгарагига қатнайди. Ишонасизми, у математика фанидан жуда кучли. Сабаби, бу ўйин мия фаолиятини чархлайди, аввалдан башорат қила олиш, режалаштириш усулларини ўргатади. Талабалик чоғимда иқтисоддаги асосий фан – “Математик услублар ва режалаштириш моделлари назарияси” курси ўтиларди. Шаҳмат тахтаси устида ўйланиш – ана шу муҳим дарсни ёдимга солади. Бу ўйин ҳар қандай ҳаётий вазиятга қараб, дарҳол қарор чиқара олиш, олдиндан режа тузиш, вазмин, кучли етакчи, сабр-тоқатли бўлиш каби услубларни ўргатади. Қисқаси, шаҳмат – назария ва амалиёт ўртасини боғловчи восита, жипслаштирувчи фан. Ёшлигимда фотография, кураш, футбол, жамоат ишлари (комсорг) билан машғул бўлганим учун шахмат билан жиддий шуғулланишга вақт топа олмадим, қизиқишларим ҳаваскорлик даражасида қолиб кетди. Лекин буюк Амир Темирнинг ўзи асабларни тинчлантирадиган ушбу ўйинни яхши кўргани, не-не машҳур подшоҳлар, вазирларнинг севимли машғулоти бўлган шаҳматга беэътибор қололмадим. Ўзим ўқиган Муқимий номли 13-мактабда шаҳмат тўгарагини очиб, 2та турнир ўтказишга муваффақ бўлдик. Шимкент шаҳридаги қатор мактабларнинг ўқувчиларини таклиф этиб, бу ўйинга қизиққан болажонлар учун ажойиб, унутилмас байрам ўтказдик. 

Ёш авлод вакиллари бемаъни мусиқа эшитиб, бефойда интернет сайтларида соатлаб ўтиргандан кўра, шаҳмат ўйнаса, ҳам ижодий, ҳам мантиқан, ҳам қалбан ривожланарди. 

Зиёдбек Ўрмонов, Муқимий номидаги 13-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси, шаҳмат тўгарагининг раҳбари:

Мактабларда шаҳмат ўйинининг фан сифатида ўтилишини жуда-жуда истайман. Агар бу иш амалга ошса борми, не-не ажойиб натижаларга эришган бўлар эдик. Сабаби – ақл гимнастикаси бўлган шаҳматнинг ақл-тафаккур, хотира-мантиққа берар фойдаси мўл. Шаҳримиздаги Чехов номли 21-мактабнинг 5-синфида ўқиб юрган пайтимда шаҳмат тўгарагига қатнай бошладим. Жисмоний тарбия фанидан дарс берувчи Руслан Шавкат ўғли илк бор бу сеҳрли ўйин оламига мени олиб кирди. Сўнгра шаҳардаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби ( “Белая ладья”)га қатнаб, машҳур мураббий Владимир Касмин ёрдамида ўйин сирларидан воқиф бўлдим. Ҳаваскорликдан касбий даражага эришиб, Иттифоқ бўйлаб турли мусобақаларда қатнаша бошладим. У пайтда спартакиадаларга бориб-келиш деярли бепул эди. 10-15 кунлаб Ўзбекистон, Туркманистон, Россияда ўтадиган мусобақаларда қатнашардик. 10дан зиёд йирик турнирларда ғолиб бўлдим. Жумладан, 90-йилларнинг бошида Москвада ўтган йирик халқаро турнир – “Кубок Карпова”да қозоғистонлик терма жамоа таркибида қатнашиб, машҳур гроссмейстер Анатолий Карпов қўлидан соврин олишга муваффақ бўлдим.

Ушбу нуфузли халқаро диплом вилоят бўйича фақат мендагина бор. Спорт усталигига номзодман, касбий разрядим бор, ҳар йили ўтадиган “Ўқитувчилар спартакиадаси”нинг мутлақ ғолибиман. ТошДУни битириб, ўқитувчи бўлиб ишлаганим билан, барибир, шаҳмат – жону дилим. Буни билган мактаб директори бир куни мени ҳузурига таклиф этиб, ичкарида бир одам кутаётганини айтди. Шу тариқа, Шуҳрат ака Рўзиметов билан танишиб қолдик. У ҳам шаҳматнинг ашаддий мухлиси экан. Унинг ҳомийлиги остида тўгарак очиб, ўқувчиларни жалб этдик. Икки марта мусобақа уюштириб, шаҳардаги 7та мактабдан вакиллар иштирокини таъминладик. Ҳозир карантин бўлгани боис, бу хайрли ишларимиз бироз тўхтаб қолди. Бизда ҳам шаҳмат фан сифатида киритилса, 1-синфдан эмас, 4-5-синфлардан бошлаб ўтилса, ажойиб иш бўларди. Бунинг тарбиявий аҳамияти, фойдали жиҳатларини сўз билан ифодалай олмайман.   

Шимкент шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Жанат Тажиеванинг ушбу долзарб мавзуга оид расмий жавоби.

 – Шимкент шаҳридаги мактабларнинг бошланғич синфларига ҳафтасига бир соат дарс сифатида шаҳмат киритилди. Бу қўшимча дарс эмас, мажбурий дарс.

ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев жорий йилги  Мактубида “Вояга етиб келаётган ёш авлоднинг спорт ва ижодкорлик салоҳиятига алоҳида эътибор керак. Бор эътиборни оммавий спорт, жисмоний тарбия ва албатта, болаларга қаратиш зарур”, деб алоҳида урғу бергани маълум.

Шунингдек, “Қозоғистон Республикасида бошланғич, асосий ўрта, умумтаълим беришнинг намунавий ўқув дастурларини тасдиқлаш тўғрисида” ҚР Таълим ва фан вазирининг 2018 йил 4 сентябрдаги 441-сонли буйруғига мувофиқ, жисмоний тарбия фанига ҳафтасига  уч соат ажратилган. Дастурнинг ҳар бир учинчи соати сифатида андазавий талабларга мос равишда, ўқувчиларда ўз саломатлигига ғамхўрлик ҳисси билан қараш заруратини шакллантириш, тананинг физиологик ва руҳий, ақлий қобилиятини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби мақсадларни амалга ошириш йўлида шаҳмат дарси танлаб олинди.

Юқорида кўрсатилган қонуний меъёрларга мос ҳолда жисмоний тарбия фанининг учинчи дарси спорт ўйинларига (танлов бўйича) берилган. Шимкент шаҳрининг услубият марказида (таълим бошқармаси) керакли услубий материаллар ёрдам сифатида тавсия этилмоқда. Шаҳмат дарслари нафақат Шимкент шаҳрида, балки республиканинг бошқа минтақаларида ҳам жорий этилди. Шимкентда эса 2017 йилдан буён тажриба сифатида қўлланиб келмоқда. Шаҳардаги 134та умумтаълим мактабининг 104тасида ушбу дарс ўтмоқда. У онлайн, оффлайн тарзда ҳам ташкил этилмоқда. 

Айни пайтда бу масала кенг жамоатчилик ўртасида қизғин таҳлил этилмоқда. Айниқса, шаҳмат ўйинини билмайдиган жисмоний тарбия ўқитувчиларининг дарс ўтиш масаласи. Шунинг учун бу мавзуга нуқта қўймаймиз ва сизнинг ҳам фикр-мулоҳазангизни кутиб қоламиз.      

Н. МАВЛОНОВА, 2020-10-31, 02:21 673
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.