26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
МАНГУ ЭЛНИНГ РАҲНАМОСИ

Бугун – Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти куни, умумхалқ байрами. 1991 йил 1 декабрда Қозоғистонда илк бор умумхалқ сайлови ўтди. Унда сайловчилардан аксариятининг қўлловига эга бўлган Нурсултан Абишули Назарбаев ғалаба қозонди. Қозоғистон халқи мана шу тарихий танлов туфайли Мустақил давлатимизнинг тараққиёт йўлига илк қадамини ташлади. Тўнғич Президент ёш давлатнинг тамал тошини қалади. Миллат Етакчисининг узоқни кўра билиши туфайли Қозоғистон жаҳонда ўз ўрнига эга давлат бўлиб шаклланди.

Ўтган давр мобайнида мустақил Қозоғистонимиз дунёга тинч, тотув ва равнақ топаётган давлат сифатида танилди. Республикада тинчлик ва осойишталикни қарор топтиришда Nur Otan партияси ва унинг раҳнамоси Нурсултан Назарбаевнинг ҳиссаси беқиёс. 

29 йилдан буён Мустақиллигимизнинг ҳар бир йили юртимизда эркин демократик жамиятни барпо этиш солномасини сермазмун саҳифалар билан бойитиб бормоқда. Ҳар бир йил мустақиллик даврида кечаётган умримизда, онг-шууримизда, турмуш тарзимиз ва муносабатларимизда ўзига хос из қолдирмоқда. 

Бугун биз ўтган асрнинг тўқсон биринчи йил декабридан бошланган янги, эркин ҳаётимиз тарихига назар ташлаб, шу йиллар ичида Элбошимиз Нурсултан Назарбаев раҳбарлигида амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, қисқа давр мобайнида нақадар мураккаб, аммо улуғ, асрга татигулик шонли йўлни босиб ўтганимизга амин бўламиз. Фақат биз эмас, дунё ҳамжамияти Қозоғистон ўзи танлаган, халқига, миллий манфаатларига хос ва мос йўлдан дадил одимлаётганига, ҳар бир йилни барча соҳалар бўйича муваффақиятли якунлаб, янада фаровон ва бахтли ҳаёт тадоригини кўраётганига гувоҳ бўлиб турибди.

Элбошимиз Нурсултан Назарбаев «Хотирани қадрлаш – тотувликни мустаҳкамлаш демак», китобида Мустақилликнинг илк йилини «асрга татигулик йил» деб атаган. «Хотира – ҳаётимизнинг асоси. У – инсон зоти то бу ҳаётда яшар экан, мангу йўлбошчи. Хотира – дарс, хотира – сабоқ. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Хотира – истиқболимиз пойдевори», деб ёзади юртимиз раҳнамоси.

 Дарҳақиқат, халқимизда эллик йилда эл янги бўлар, деган нақл бор. Бугун биз баралла айтишимиз мумкинки, Мустақиллигимизнинг уч ўн йиллигида эл ҳам, юрт ҳам, онггу шуур ҳам янгиланди. 

Мустақиллик мафкураси, янги Конституция, янги иқтисодий сиёсат, янгича қадриятлар руҳида камол топган, замонавий билимларни чуқур эгаллаган, ўтмиш аждодларнинг маънавий меросидан баҳраманд янги авлод вояга етди. Бу авлод - бизнинг энг катта ютуғимиз, мамлакатимизнинг, халқимизнинг буюк ишончи ва таянчидир.

Барча жабҳаларда ўтган ана шу қисқа давр ичида асрга татигулик ютуқларга эришдик. Кундан-кун чирой очиб бораётган шаҳару қишлоқларимиз, гуркираб ўсаётган иқтисодиётимиз, янгидан қурилаётган йўллар, иншоотлар, хуллас, улкан бунёдкорлик ишлари бунинг ҳаётий ифодасидир.

Вилоятимиз марказига айланган Туркистоннинг қиёфаси тобора ўзгариб, чирой очиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз.

– Элбошимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди Қозоғистон Республикаси Парламенти мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев. – Давлат раҳнамоси қаламига мансуб «Өмір өткелдері» («Умр сарҳадлари») номли китобни қайта-қайта мутолаа қиламан. Унда Элбошининг умр йўллари ёритилган. Халқининг ғамхўри бўлган давлат раҳнамосининг умр йўллари. Бу – қийинчиликлару муаммоларга тўла йўллардан мардонавор ўтиб, собиқ иттифоқда етакчи ўринга чиққан, жаҳон ҳамжамиятини тан олдирган мамлакат раҳбарининг умр йўллари. Беихтиёр Элбошининг халқи олдида берган қасамёди, Ўрдабошида уч давлат раҳбарлари билан бирга дўстлик байроғини тиккани хаёл дарёсидан бирма-бир ўта бошлайди. Элбошимиз билан шахсан учрашган одам унинг ёрқин сиймосини бир умр ёдида сақлаб қолади, буни мен ўз ҳаёт тажрибамдан биламан. Мен Қорабулоқ қишлоғи ҳокими лавозимида ишлаб юрган йилларда Президентимиз билан суҳбатлашиб, қишлоқдаги аҳвол ҳақида ҳисобот берганман. Республикамиздаги барча қишлоқлар каби, Қорабулоқ ҳам қийинчиликларни бошидан кечираётган оғир бир давр эди. Президент билан бўлган учрашув менга гўё қанот бахш этгандай бўлди. Барча ҳамқишлоқларимнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди бу учрашув. Китобни ўқиётганда завқланасиз. Шундай Президентимиз борлигидан Аллоҳга шукроналар келтириб, фахр ҳиссини туясиз.

 Тўнғич Президент куни Элбошимизнинг умр йўлларини, унинг юртимиз олдидаги хизматларини эътироф этадиган кун. Эътироф эса авваламбор юртимиз келажаги бўлган ёшларга керак. 

«Мустақиллик йилларида дунёга келган ёшларимиз бугун университетни тугатиб, катта ҳаётга қадам босмоқда», дейди Элбошимиз. Лекин улар давлатимиз босиб ўтган йўлларни бир муддатга ҳам унутмасликлари керак. Ҳозирги тинч замонимиз, эзгу ишларимиз, пойтахтнинг бошқа шаҳарга кўчирилиши ёшларга эртакдай туюлиши мумкин. Лекин ўтган салкам ўттиз йил мобайнида биз асрга татигулик ишларни амалга оширдик. Қозоғистоннниг бугунги муваффақиятларини кўпчилик «Евроосиёнинг иқтисодий каромати» дея баҳолаши мумкин. Мен, юқорида бу муваффақият сари қўйилган ҳар бир қадамнинг оғир ва оғриқли бўлганини таъкидладим. Мен, ёш авлод мана шу қийинчиликларни, бажарилган ишларнинг нақадар оғир бўлганлигини ҳис қилса дейман», деб ёзади Президент.

 Халқи учун жонини фидо қилишга тайёр Элбоши доно сиёсати, келажакни олдиндан кўра билиш қобилияти туфайли тўғри йўлни танлай билди. Ваҳоланки, йигирманчи аср сўнггида Мустақил давлат қуриш, эгамен элнинг тизгинини ушлай билиш каби буюк ишларни Тангрининг ўзи, тарих ва тақдирнинг ўзи Тўнғич Президентимиз Нурсултан Назарбаевга юклади. «Мустақиллик майдони», «Конституция учун кураш», «Чегарани чегалаш», «Ташқи сиёсат сўқмоқлари», «Нурли йўл», «Астана – мардлар майдони» деб номланган суҳбатларни ўқиган китобхон ўзини давр тўлқинида, тарих сарҳадларида юргандай ҳис қилади. Суҳбатлар поёнига етиб, «Нурли йўл»га чиқасиз. «Мангу эл муродлари», «Қозоғистон-2050» Стратегияси, «ЭКСПО-2017» ҳақидаги мулоҳазалар баён этилган суҳбатлар назм сатрларидай юракни тебратади. Бу асарни ўзини ватанпарварман, деб ҳисоблайдиган ҳар бир қозоғистонлик ўқиб, уқиб олиши керак.

 Давлатимиз раҳбарининг барча асарларида маънавиятнинг маъно-моҳияти узоқ йиллик ҳаётий кузатишлар, мустақиллик йиллари тажрибалари ва бугун дунё миқёсида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, инсон руҳий оламидаги ўзгаришлар мисолида ғоят таъсирчан очиб берилган: 

Мустақиллигимизнинг дастлабки қадамларидан бошлабоқ ижтимоий-маданий ҳаётимизда, таълим ва тарбияда маънавиятга, хусусан, миллий ва умуминсоний қадриятларга алоҳида эътибор қаратилган. 

Тўнғич Президентимиз бугунги кунда ҳам Қозоғистонни сиёсий-иқтисодий ҳамда ижтимоий жиҳатдан тараққий эттириш билангина чекланиб қолмай, халқимизнинг ХХI аср талабларига мос равишда маданий камол топишига катта эътибор қаратмоқда.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2020-12-01, 04:35 298
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.