26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Гўзаллик – саломатликда

ёки увол бўлаётган табиийлик...

Анчадан буён ушбу мавзуда мақола ёзиб, муштарийларни мушоҳадага чорлашни ўйлаб юргандим. Сабаби, бу ҳолат, айтиш жоизки, оммавийлашиб, муаммога ҳам айланиб бормоқда. Гап пластик жарроҳи ҳақида кетмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги хотин-қизларимизнинг аксариятида табиий қиёфа ўзгариб, “замонавийлашмоқда”. Илгари фақат косметология, яъни пардоз-андоз, соч турмаклашга кўпроқ эътибор берилган бўлса, ҳозир пластик жарроҳи авжига чиқди. Бу, айниқса, карантин пайтида қаттиқ сезилди, расмий статистика ҳам Қозоғистонда бу турдаги хирургия ўсганини тасдиқламоқда. Чунки, чегаралар ёпиқ, фуқароларимиз чет элларга бориб жарроҳи қилдира олмайди, қолаверса, ҳамма ишларимиз онлайн тартибга кўчди, эрталабдан кечгача ижтимоий тармоқларда ўтириб ишлашга мажбур бўлганлар учун гўзал кўриниш истаги кучайди. Телефондаги аксига қараб, руҳан тушкунликка тушаётганлар учун жарроҳилик сўнгги умид йўли бўлиб кўриняпти. Шу тўғримикан? Латофатли кўриниш ортидаги салбий оқибатлар-чи! Пластик жарроҳиликнинг фойда ва зарарларига тўхталиб кўрсак.

Табиийки, ёш 40дан ошганда юзда ажин ва тиришлар пайдо бўлиши одатий ҳол. Ҳар ёшда тароватли кўринишни истайдиган аёлларни шубҳасиз тушунаман. Лекин айрим ёш қизларда, ҳали гўзаллигини йўқотиб улгурмаганларда ўз қиёфасини ўзгартириш урфини қандай тушуниш мумкин? “Кўзини торттирибди, лабини шиширибди, юзини ёшартирибди” деган сўзларга ҳозир деярли ҳеч ким ҳайрон бўлмай қолди. Нега? Аслида шундай бўлиши керакми?

Келинг, яхшиси бу саволларга мутахассис жавоб берсин. Қарағанди шаҳрида барча пластик (блефаропластика, липосакция ва бошқалар) хизматларни амалга ошираётган “Кристина” клиникасининг тажрибали мутахассиси шимкентлик ёш тадқиқотчи-олим, пластик жарроҳ Элёрбек Тошметов билан суҳбатимиз қизиқарли маълумотларга бой бўлди.

– Аввало, тиббиётдаги пластика соҳасини қисқача тушунтириб берсангиз.

– Соҳа асосан икки йўналишдан иборат. Агар танада туғма нуқсонлар, турли хил аномалиялар, орттирилган жароҳатлар бўлса, бундай табиий камчиликларни бартараф этиш учун реконструктив пластик жарроҳга мурожаат қилинади. Лекин вақт ўтгач, инсон организми, хусусан, тери қатламлари ҳам кексалик сабаб ўзгаради. Бунинг учун эса эстетик пластик жарроҳлик услуби қўлланилади.

– Бизда айнан қайси тури кўпроқ қўлланилади, яъни пластик амалиётларга кимлар тез-тез мурожаат этмоқда?

– Лаб, бурун, энгак коррекцияси, терини торттириш, қорин, қўл-тиззадаги ортиқча ёғларни олдириш каби липосакция услубига мижоз кўп. 

– Севимли операциясингиз?

– Танадаги ортиқча ёғларни олиб ташлаб, танага тўғри ўлчамлар (контур) беришни ёқтираман. Коррекция – тана тузилишига оид камчиликларни бартараф этади. Масалан, дейлик, бир қизнинг сут безлари меъёрдан кичик бўлгани боис, болалигидан уялиб, буни муаммо деб билади. На йигитлар билан таниша олади, на бирорта тузук ўқиш-ишга кира олади. Ҳадеб шуни ўйлайверганидан, руҳан ўксик бўлиб ҳам қолади. Сут безларини меъёрга келтириш амалиёти орқали у болалигидан шаклланган “стереотип”дан қутулади, табиийки, ўзини бахтли ҳис қила бошлайди ва ҳоказо. Сут безларига шикаст етказмаган ҳолда ўтказилган амалиёт келажакда ҳомиладор бўлиш ва бола эмизишга ҳам мутлақо ҳалақит бермайди. 

– Ушбу фаолият, айтиш керакки, тиббиётимиз учун янгилик. Уни қандай ўзлаштирдингиз, қаерларда малака ошириб, тажриба йиғмоқдасиз?

– Шимкент шаҳрида 22-сонли, 6-сонли мактабларда ўрта таълим олгач, олий маълумот олиш учун Қарағанди давлат тиббиёт университетини танладим. Дастлаб – умумий тиббиёт, сўнг интернатурада – жарроҳликни ўргандим. Бу йил магистратурани тугатаман. 2017 йилда «Science Slam Karaganda-2017» халқаро лойиҳасида қатнашиб, ёш тадқиқотчи олимлар ўртасида болалар жароҳатланиши профилактикасига бағишланган илмий ишим бўйича ғолибликни қўлга киритгач, соҳага қизиқишим янада ортди.

Хирургия ва жароҳатланиш соҳасидаги илмий ишларим Европа ортопедия ҳамжамияти анжумани (EORS)да юксак баҳоланди. 2018 йили Ирландиянинг Голуэй шаҳрида ўтган ушбу анжуман жаҳон тадқиқотлари ва инновацияларини чуқурроқ ўрганишимга ёрдам берди. Халқаро анжумандан қадрдон университетимиз номига келган ташаккурнома Нидерланди, Австрия, Ирландия, Россияда ўқиб, билим-тажрибаларимни кенгайтиришимга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. 

– Мижозларингизни қайтарган ҳолларингиз ҳам бўлганми?

– Албатта, ҳамма гап пулда эмас-ку, ахир. Мен, биринчи навбатда, шифокорман. Клиникамизга келган мижоз аввал талай ташҳисларни топширади, организми тўлиқ ўрганилади. Дабдурустдан жарроҳи столига ҳеч ким ётқизилмайди. Кардиолог, невропатолог, гинеколог, психотерапевт каби қатор мутахассисларнинг кўригидан ўтгач, энг сўнгги босқич – жарроҳга келади. Пациент билан оддий суҳбатдаёқ билинади, унинг нима истаётгани. Кимдир ҳақиқатан ҳам туғма ёки кейин орттирган жисмоний нуқсонлардан азият чекади, кимдир эса Интернет ёки турли кинофильмлардаги “гўзаллар”га тақлид қилади. Аксарият ёшлар оддий ҳуснбузар ва доғлар туфайли ноқулай вазиятга тушади. Натижада асабийлашади, тажанглик, тез диққати ошиш кабилар пайдо бўлади.

Хуллас, жарроҳиликда ҳар бир кишига алоҳида ёндашиш зарур. Эстетик жарроҳиликда ҳам.

– Операцияларнинг салбий оқибатларига тўхталсангиз.

– Устозларимиз ўргатганидек, ҳар бир жарроҳи бу – таваккалчилик, бу – хавф, ўзига яраша салбий оқибатлар ҳамдир. Мижозларга буларни ҳар доим такрорлаймиз, жарроҳидан кейинги муолажаларни бажариш шартлигини уқтирамиз. Масалан, пластик жарроҳи учун қуёш таъсири муаммо келтириб чиқаради. Камида 6 ойгача офтобда қораймаслик керак. Қориндаги ёғларни олдирганлар учун эса оғир нарса кўтармаслик, ҳатто жажжи болаларни ҳам қўлга олмасликни тайинлаймиз. Тамаки чекиш эса шунча машаққатли ва нозик меҳнатни барбод қилади. Энг хавфлиси – некрозга олиб келади. Кўп ҳолларда мижозларимиз бунга амал қилишмайди, кейин жарроҳлардан норози бўлиб юришади. 

– Ҳозирги айрим ёшларга, яъни табиий гўзалликнинг қадрига етмай, борига қаноат, шукр қилмай, пластикага мурожаат қиладиганларга нима дейсиз?

– Энг аввало, ташқи гўзалликка эмас, тана саломатлигига эътибор зарур. Соғлом аёл ёки эркакгина кўркам ва жозибадор бўлади. Ташқи парвариш ёки муолажа ўз йўлига, ички, руҳий парваришда самара катта. Қолаверса, атроф-муҳитдаги зарарли омиллар, тўғри овқатланмаслик, нотўғри турмуш тарзи ҳам қариш жараёнини тезлаштиради. Натижада 40 ёшда ажинлар пайдо бўлади, юзда сўлиш ҳолати пайдо бўлади. Ана шу омилларга кўпроқ эътибор қаратиш керак. 

– Қизиқарли суҳбатингиз ва маслаҳатлар учун раҳмат!

Н. МАВЛОНОВА, 2021-01-23, 03:22 482
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.