26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Маҳаллада яна дув-дув гап

Юксак маънавият мезонларини белгилаган Президент Нурсултан Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” номли мақоласида “Бутун ер юзи кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Жаҳонда йўналиши ҳали ноаниқ, янги тарихий давр бошланди. Кун сайин ўзгараётган алғов-далғовли дунёда онгимиз ва дунёқарашимизга обдон ўрнашиб қолган, сийқаси чиққан қоидалардан воз кечмасдан туриб, карвон бошидаги мамлакатлар билан айвонимизни тенглаб, энсамизни кўтара олмаймиз. Ўзгариш учун ўзимизни маҳкам қўлга олиб, замон оқимига мослашув орқали янги даврнинг ижобий жиҳатларини тафаккуримизга сингдиришимиз керак» – деб бежиз айтилмаган. 

Зеро, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, юртимизда тўйлар тобора дабдабали, серхаражат бўлиб бормоқда. Тўғри, кейинги пайтларда айрим тўй олди ва тўйдан кейинги маросимлар бирлаштирилди, лекин, бу билан сарф-харажат ошса ошдики, асло камаймади.

– Одамларнинг бир-биридан ошириб тўй қилишга уриниши турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди, – дейди Тўлебий туманининг фахрий фуқароси, Султонработ қишлоқғи бийи Анормат Сартоев. – Натижада, "донғи бутун шаҳарга (қишлоққа, туманга, вилоятга) етадиган" тўй қилиш ниятидаги одамлар ўзларини энг зарур кундалик эҳтиёж молларидан, озиқ-овқатлардан тийиб яшашга мажбур бўлмоқдалар. Тан олиш керак, бугунги кунда, айниқса, тадбиркорлар ва ишбилармонлар катта-катта тўйлар қилишга қурби етадиган даражада маблағ топишмоқда. Аммо бутун топганини икки-уч соатда ҳавога совуриш қайси мантиққа тўғри келади? Бу дабдабадан эртага нима қолишини нега ўйлаб кўришмайди, одамлар?

Яқинда бир қишлоқда тўйида бўлдик. Қирқ беш ёшдан ошган киши ўғлини уйлантирди. Ўзининг айтишича, кейинги ўн беш йил давомида фақат шу тўйни ўйлаб, дам олиш нима, таътил нима билмай меҳнат қилган. Шу давр мобайнида мақсад ягона бўлган: пул тўплаш, қариндош-уруғлар, қўни-қўшниларникидан қолишмайдиган тўй ўтказиш. Ҳа, танишим орзуига эришди: муҳташам тўйхонада 500 кишига жой ҳозирлаб, дабдабали тўй ўтказди. Одатдагидек, ичимлик «дарё» бўлиб оқди. Исрофгарчиликни-ку, айтмаса ҳам бўлади.

Хўш, шу билан нима ўзгарди? Ҳеч нима? Тўй эгаси тўйнинг эртаси куниёқ яна боши билан ишга шўнғиб кетди: ахир у энди кейинги ўғлини уйлантириши керак.

Тушуниш қийин, наҳотки икки-уч соатда осмонга совуриладиган каттагина маблағни ўз жойида, болаларнинг тарбияси ва билим олиши учун сарфлаш яхшироқ самара беришини тушуниб олиш шунчалик қийин кечаётган бўлса?

Ахир ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Бир киши учун тўйхонада ўртача 3000 тенге сарфланади. 500 меҳмон келди дегани, демак, базмнинг ўзи 1,5 миллион тенгени ўпириб кетди дегани! Бунга санъаткорлару, машина, видео харажатларини, келин либосини, совға-саломларни, албатта пул сарфланадиган турли расм-русумларни қўшинг. Бир ярим мингга қадар меҳмон таклиф қилинадиган ошчи? Унча-мунча миллионер чидаш беролмайди-ку бунга! Халқимиз эса чидаб келмоқда. Пул кетса кетсин, обрў кетмасин экан-да.

Буни қарангки, тўқликка шўхлик қабилида кейинги пайтлари вилоятларимизда тўйдан олдин фотиҳа тўйини ўтказиш урфга кирди. Албатта тўйхонада 300-500 нафар меҳмон иштирокида ўтадиган «кичик тўйча»нинг ўзига икки миллионга яқин харажат кетаркан!

Сарф-харажат ҳақида кўп гапиришимиз бежиз эмас. Ахир бундан юз йил муқаддам таниқли маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий одам йигирма йил меҳнат қилиб, бор топганини уч кун ичида совуришини алам билан ёзган эди. Тўйдан кейин эса айримлар ўн-ўн беш йил мобайнида, бошқалар эса бир умр қарзларини қайтариш ташвишида юрадилар. Беҳбудий ҳайратга тушади: "Субҳоноллоҳ, қарз олиб халқға ош бермоқ ақлсизлик эмасми?.."

Шубҳасиз, ақлсизлик, аммо... 

– Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларидан бошлаб оммавий ахборот воситаларида “Тўйлар ҳақида ўйлар”мавзуси узлуксиз равишда ёритиб келинмоқда. Афсуски, бу соҳада ижобий ўзгариш юз бермади, аксинча, вазият йилдан-йилга оғирлашиб борди, – дейди яна бир суҳбатдошимиз, газетамиз жонкуяри, таниқли тадбиркор Маъмуржон Юсупов.

– Баъзилар ўйлаганидек, тўй-маросимлар, маъракаларни қандай ўтказиш ҳар кимнинг шахсий иши эмас. Бу бутун жамиятга алоқадор масала. Демак, тўй-ҳашамлар, маърака-маросимлар ўтказиш тартибини белгилаб берадиган махсус қонунга эҳтиёж туғилмадими? Бизнинг қишлоқда тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш ва тартибга солиш режасини тузиб чиқдик ва қишлоқ ҳокимлигига тавсия қилдик.

Биз жамоатчилик ўртасида кичкина сўров ўтказиш ниятида шу савол билан юздан ортиқ кишига мурожаат этдик, улардан деярли тенг ярмини институтда малакасини ошираётган ўқитувчилар ташкил этди. Қизиғи шундаки, сўралганларнинг деярли ҳаммаси саволга «ҳа» деб жавоб беришди. 

Респондентлар қонунда ҳатто меҳмонларнинг энг кўп сонидан тортиб, автомобиллар миқдоригача, дастурхонга тортиладиган таомлар сонидан тортиб тўйнинг давом этиш муддатигача — ҳамма-ҳаммаси қонунда акс этиши тарафдорлари эканликларини билдиришди. 

Тўйлардаги сершовқин мусиқа ҳам ҳамманинг жонига тегиб бўлган. Бугунги кунда тўйларнинг бош қаҳрамонлари қўшиқчию раққосалар бўлиб қолишган. Уларга ҳамма нарса учун рухсат берилган. Мусиқа шу қадар баландки, уни бемалол шаҳарнинг нариги чеккасидан ҳам эшитиш мумкин. Тўйхонага яқин-атрофдаги маҳаллаларда ҳам ярим тунгача уйқу йўқ ҳисоби.

Эътибор беринг, 1913 йилиёқ Беҳбудий халқни тўйларни камтарона ўтказишга, пулни эса болаларни яхши ўқитишга, жумладан, хорижга юборишга сарфлашга чақирганди. Бизга буюк маърифатпарварлар, ўзимизнинг шифокорлар, ҳакамлар, ҳуқуқшунослар, муҳандислар, ўқитувчилар ва бошқа юқори малакали мутахассислар, депутатлар керак, деб ёзганди мутафаккир: «Ана энди биз учун тўй ва маърака ва кўпкари ўринида шул юқоридаги айтулғон ишлар аъмол – идеал – мурод – тилак – муддао бўлсун. Вало, мунисиз биз кундан кун йўқ ва забун бўлармиз». Хўш, Беҳбудий орзу қилган давр қачон етиб келади?

   

 

Отабой РАҲИМҒОЗИЕВ, жамоатчи мухбир, 2017-07-13, 10:42 175
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.