26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўкинч

Кечки соат бешларга яқин  уйимизга бир аёл кириб келди. У билан салом-алик қилиб бўлгач, уйга таклиф қилдим. Исми Мавлуда экан,  «хўш хизмат» деган маънода қарагандим, йиғлаб юборди. Келиним дастурхон ёзди, бир пиёла чой устида у суҳбатини бошлади. 

 

 

–  Қизим Дилфуза гул баргидек тоза ва пок эди,  бир йигит унинг обрўсини тўкиб, нозик қалбини яралади, отаси, акалари ва мен пешонаси шўр, қўни-қўшнилар олдида ер билан яксон бўлдик. Йиғлайвериб адойи-тамом бўлдим, охири ҳузурингизга келдим, мана шу бошимиздан ўтган ғам-ташвишларни газетада ёритсангиз, ана шундай қабиҳ инсонлар сал ўйланса, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизимни бадном қилган  Ҳамид (исми ўзгартирилди) ҳам ушбуни ўқиб, инсофга келса, дардларимни сизга айтсам, сал енгиллашардим, деб келдим. 

Кўнгилни ғам, кўзингни нам босса, ақлингдан адашиб, нима қилишингни билмай, бошингни ҳар тўсиққа урар экансан. Воқеа шундай бошланган эди. 

Мавлуда мактаб кутубхонасида ишлайди, Хосият­хон ҳам шу мактабда муаллима. Улар жуда яқин ва қалин дугона, Хосиятхон 49 ёшда, Мавлуда 51 ёшда. Дугоналар ўзаро аҳдлашиб, Мавлуданинг қизи Дилфузани, Хосиятхоннинг ўғли Ҳамиджонга олиб беришмоқчи бўлиб, икки ёшнинг кўнглига қарамай, қуда тушишади. Дилфуза жуда ораста, пазанда, ақлли ва меҳрибон қиз, гўзалликда фариштадай. Мавлуданикига келиб-кетиб юрган Хосиятхон Дилфузанинг  чаққонлигини кўриб, келин қиламан деб ёпишди-қолди. Хосиятхоннинг ўғли Ҳамид 28 ёшда эди, у тенгилар 3-4 болали, нега ўғлингизни уйлантирмайсиз, деб сўрашса, тенги  топилмаяпти, деб жавоб берарди онаси.  

Дилфуза 22 ёшда. Институтни тамомлаб, онаси ишлаётган мактабга ишга кирди. Математикадан дарс берарди. У ҳамқишлоғи Равшан билан аҳду паймон қилишиб, телефон орқали пинҳона гаплашиб юрарди. Дилфуза Ҳамидга биринчи учрашувдаёқ рад жавобини бериб юборган эди. Лекин Хосиятхоннинг Мавлуданинг уйига тинимсиз ташрифлари  катта иш берди. Мавлуда қизининг кўз ёшларига қарамади, эл-юртга хабар қилиб, фалон куни нон синдириб, фалон куни катта ош оламан деб, жар солди. Дилфузанинг кўз ёшлари дарёдай оқди. Бу ҳақда севгилиси Равшанга хабар қилди. У ҳам бу гапдан шошиб қолди. Иложини топай деб, катта тоғасиникига бориб, севган қизини бошқа бировга беришаётганини айтади. Тоғаси бор гапни Равшаннинг ота-онасига айтиб, уларни Дилфузаларникига  совчи­ликка боришга ундайди.

Равшаннинг отаси Қаҳрамон ака нафақа ёшидаги мўйсафид,  6 фарзанднинг падари бузруквори. Тўнғич қизларининг ҳаммаси уйли-жойли. Фақат 27 ёшдаги ўғли  Даврон  ногиронлар аравачасида юради, ёшлигида томдан йиқилиб, умуртқаси узилган, жарроҳи қилинса ҳам, юра олмай қолган. Уйларида фақат Равшан ишлайди.Хонадоннинг бор оғирлиги Равшаннинг зиммасида эди. Опалари ора-сира келиб, онасига уй ишларида ёрдам бериб, уйларини тозалаб кетишади. Бу уйга келин албатта керак, лекин оиланинг топиш-тутиши ночор бўлганлиги, уйи эскилигидан уялиб, Равшан бироз ишлаб, озгина пул тўплаб, уйни таъмирлаб, кейин уйланмоқчи бўлиб юрганди. Равшан Дилфузани ўтган йили, холасининг тўйида кўриб, ёқтириб  қолганди. Холасининг қизи Жасмина Дилфуза билан курсдош эди.  Йигит Дилфузанинг ўқишига қайта-қайта қатнайвериб, охири қизнинг муҳаббатига эришди. Улар учрашиб, баъзида телефон орқали гаплашиб юришарди. Ўртада мана шундай вазият туғилгач, Дилфузанинг хонадонига отаси билан тоғасини юборди. 

Бироқ совчилар хафа бўлиб, қизнинг боши боғлиқ деган хабар билан келишди. Юрагига ханжар санчилган Равшан жон аччиғида Ҳамидни ахтариб, суриштириб охири топди, унга Дилфузани севишини айтди. Бироқ Ҳамид пинагини ҳам бузмади. «Севсанг қараб ўтирмай, ҳаракатингни қилмадингми, энди қиз меники, мен аллақачон ўзимники қилиб қўйганман, нон пишгунча, кулча куйиб кетибди-да», деб ишшайди. Равшан чидай олмади, жаҳл устида, Ҳамид билан ёқалашди. Йигитларнинг бирининг кўзи кўкарди, бирининг боши ёрилди. Равшан Ҳамиддан уч ёш кичик эди, шундай бўлса ҳам ундан олдин эсини йиғди. Ҳамиддан яна бир бор Дилфузани тинч қўйишини сўради. Бироқ ғишт қолипидан кўчган, икки дугона аллақачон ишни пишитишган эди. Равшаннинг отаси билан тоғаси келиб кетгач, Мавлуда Дилфузага яна заҳрини сочди:

 – Нега кўз ёш тўкасан, ўша ошиғингнинг нимасига учасан, қулай деб турган уйларигами, ота-онаси жуда кекса, ишингга бора олмай, бир умр ногирон акасига қараб ўтмоқчимисан? Ҳамиджонга тегсанг, ҳамма нарсанг етарли, истаганингни муҳайё қилади. Хосият опангни биласан, жуда яхши аёл, оиласи ҳам жуда яхши, намунали. 

Дилфуза йиғлаб, онасига: 

– Нега яхши йигит бўлса шу ёшгача уйланмаган, гаплари ҳам совуқ, орамизда ҳеч қандай илиқ муносабат йўқ. Ойижон мени унда кўнглим йўқ, – дея зорланди. 

Аммо бу кўз ёшлар, Хосиятхоннинг дунёси-ю бойлиги олдида Мавлудага таъсир қилмади. Мавлуданинг эри Мақсад ака бўш-баёв эркак, хотинининг айтганини қилар, Мавлуда нима деса ҳаммасини маъқулларди. Шундай қилиб, Дилфузанинг оҳу фарёдига ҳеч ким қулоқ солмади. Равшаннинг эса севгилисини ўзга инсонга тортиқ қилишдан бошқа иложи йўқ эди. Дилфузани олиб, бирон ёққа кетай деса, бу суюклисининг  ҳаётига қаттиқ таъсир қилади, ҳамкасблари орасида обрўсига путур етади. Тақдирига  тан беришдан бошқа чора қол­мади. Дилфузанинг тўйи белгиланди, ниҳоят Хосият­хон ва Мавлуда орзу қилиб кутган тўй куни ҳам яқинлашиб қолди. Дилфуза Ҳамид билан атиги уч марта учрашди. Бу учрашувлар жуда совуқ, уларнинг сўзларининг маъноси-ю нафи йўқ эди. 

Ҳар учрашувда Дилфузанинг кўзлари йиғидан қизариб  кетарди. Равшанни эсидан чиқара олмай ўксинарди. Унинг ширин муомаласи, бири-бирининг шарпасидан уялиши, титроқли сўрашишлар, термулиб эркала­нишлар, унинг қалбида сўнмас олов бўлиб турарди. Ҳамид эса, унга жуда қўпол муносабатда бўлар, ҳар гапида «иккимизнинг ҳаётимиз бари-бир яхши бўлмайди, тақдиримни ойим ҳал қиляпти, кўриниб турибди, сенинг ҳам менда кўнглинг йўқ, онангнинг қистови билан ёнимга чиқаяпсан, дея тўнғилларди. Шундай қилиб, Мавлуда чет эл гиламлари-ю, Италия мебель диванларини харид қилди, 200-300 мингга оқсуяклар хонадонига мос пардалар тиктирди. Хосиятхон қудасининг мардлиги, чўрткесарлигидан хурсанд бўлиб, уйларини ясатиб қўйгач, қайта-қайта икки ёшга фотиҳа дуосини қилар, қўни-қўшниларни олиб кириб кўрсатарди. 

Ниҳоят, тўйга  таклифномалар  тарқатилди. Новвойларга нон, тўйга созандалар, ошпазлар буюр­­тирилди. Қиз киядиган оқ кўйлак ҳам олинди. Хосиятхон келинига атаб, 250 минг тенгега тилло зирак-узуклар тақдим қилди. «Маҳаллага дув-дув гап» бўлгиси келди шекилли. Хуллас, икки қуда бир-биридан қолишмай,  қимматбаҳо сарполар олишди. Тўйга саноқли кунлар қолганда, Ҳамид бирданига йўқолиб қолди, онаси Хосиятхон саросимага тушиб, аччиғини эрига тўкди. Эр-хотин бормаган жойи қолмади. Бўлажак қудаларига у-бу нарсани баҳона қилиб, сездирмай туришди, «чиқмаган жондан умид» деганларидай, ўғли келиб қоладигандай кўзлари эшикда қолди. Йигитнинг амаки-тоғалари тегишли  жойларга хабар қилди, лекин Ҳамиднинг на ўлиги, на тириги бор эди. Тўйга икки кун қолганда, Хосиятхон эри билан Мавлудаларнинг уйига яқин кишиси ўлгандай йиғлаб келади. Вазиятдан воқиф бўлган Мавлуда ҳушидан кетади, бир зумда «тез ёрдам» етиб келади ва ҳоказо. 

Шу куни кечқурун Ҳамид Дилфузага телефон қилади: «Дилфуза мени кечир, шаҳарда хотиним, бир ўғлим бор, лекин буни шу кунгача ота-онамдан яшириб  келдим ва охири қочиб кетдим. Мен ҳозир хотиним ва ўғлим билан биргаман, сен ҳам бахтсиз бўлма, ўз тенгингни топ», деб айтади.

 Мана сенга худбинлик, мана сенга шармандалик,  Ҳамид шунақа дардинг бор экан, шунча кундан бери қаёқда эдинг, қуда бўлганига икки ой бўлди. Бировнинг қизини бадном қилгунча ўз бадномлигингни ошкор қилмадингми, никоҳсиз туғилган болангни ота-онангга олиб келмадингми, улар ўша юзсиз хотининг билан яшашга рухсат беришарди-ку. Шунча чиқимлар, исрофгарчиликлар юзага келишидан сенга не фойда эди? Ота-онангни ер  қилдинг, Дилфузанинг ҳаётини нега ўйламадинг, нега шунчалик номардлик қилдинг? 

Хосиятхон қидириб, охири ўғлини топибди, қараса, ўғли ўзидан беш ёш катта савдогар аёлга уйланиб олган экан. Қанча йиғламасин, қанча ялинмасин, барибир бағри тош ўғлининг юрагини эрита олмади. Ўғлига «сени оқ қилдим, сендай болам йўқ, мен учун ўлгансан», деб тескари фотиҳа берибди.

 Ҳамид ота-онасининг дилини вайрон қилди, бундай бехосият фарзанд ўстирган Хосиятхон туну кун йиғлади, ота ич-ичидан тутаб, адойи-тамом бўлди. Мавлуда эса, кўчага чиқа олмай, аросатда қолди, қизининг гапларига, кўз ёшларига қулоқ солмай, қилган ишларидан пушаймон, қанча пуллар сарфлаган эди-я, қанча сарполар олган эди! Гулдай қизини айтмайсизми! Дилфуза шуларга лойиқмиди? Нима қилиб қўйдинг Мавлуда, ҳаётнинг паст-баландига қарамай, қудангни остонасига боравердинг, қизингни орзу-ҳавасини, пок муҳаббатини хўрладинг, бойлик кўзингни кўр қилди, сен қандай онасан. 

Энди Дилфузанинг тақдири нима кечади, йигит бўлса бир сари, қайтадан уйланаверади, лекин қизингни энди ким олади, қизинг сен учун ҳали пок ва номусли бироқ, кўчадагилар учунчи? Қиз баҳор гулидай нозик, қордай оппоқ ғурурини қандай оқлай олади. Мебелларни, диван пардаларини  қайтиб олиб келиш, ўлим билан баробар, эмасми, бу албатта, эрдан қайтгандай ҳисобланмайдими. Ҳамидга нима деймиз энди? Шу иши учун унга ким раҳмат айтади, гердайган кўнгли таскин топдими? Бировнинг бахтини бузиб, роҳат топган қалбларинг бир кун вайрон бўлар. Ўз ота-онангнинг қадрини билмаган, ўзгани қандай қадрлайсан? Ўктам жуссаларинг, келишган қоматларинг, ўзбекнинг гўзал қизларига ярашиқ эди, аттанг ўзингдан беш ёш катта аёл сендан олдин нечтасиники бўлган экан. Ана шунақа ҳаёт, азиз ота-оналар, укалар, сингиллар, келинглар фарзандларимиз ҳаётини барбод қилмайлик, уларнинг кўнглига қарайлик. 

Сўнгги пайтда кўпчилик қизларига совчи келса, бойлигини, таг-тугини суриштиряпти, уларнинг орзуси, севгиси, бойлик тагида яксон бўляпти. Бойлик-давлат қўлнинг кири, пешонасига берсин, агар ҳалол меҳнат, фаровон ҳаёт бўлса, ана шунда, эшигингдан барака кириб келаверади. Синглимиз Мавлуданинг дардларини оқ қоғозга тушириб, Дил­фуза қизимизга бардамлик ва бахти очилишини тилаймиз. Балки Равшан чиндан севса, Дилфузага қайтармикан деган, умид учқуни ёнсин. Дилфуза, сен бахтли бўлишга лойиқсан, ҳаётинг ҳали олдинда. Худо хоҳласа, вақт – олий ҳакам, даволайди, лекин, матонатли бўл.

Дилфузанинг онаси:

– Буюмларини қайтиб олиб келганда, ўлик чиққан уйдай, оҳу фарёд чекдим, – деб, чиқиб кетди. Эҳ бе­чора она,  сенга ҳам қийин, ўйламасдан қадам босиш шундай азоб, у ёқда Хосиятхон ўтда куйиб ўтирибди. 

Бу ҳаммаси фарзандларимизга бошидан тарбия бермаганимиздан, қўлларига хоҳлаганча пул бериб, қиммат машиналар миндириб, қаёқда юрга­нини суриш­тир­маганимиз туфайли улар йўлдан чиқади. Шу боис,  фарзандларимиз ота насиҳатини қулоғига олишса, улар юзингизни ерга қаратмаса керак, деган бўлардим.

Бу дунё ўтади, кетади, ҳеч кимга вафо қилмаган, шунинг учун ота-онамизнинг қадрига етайлик. Шундай фарзанд ўстирган ота-онасига раҳмат, деган номга эга бўлайлик, азизлар.

 

Дилбар ҚУРБОНТОЙ қизи., 2017-07-14, 19:35 829
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.