26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Элбошининг дуосини олган бола...

Халқимизда ... "Бола ёшдан", деган ажойиб нақл бор. Менинг қаҳрамоним айнан ана шу мақолга мос. У 1998 йили Шимкентда, шифокор-офтальмолог Гулнора Ҳайитмат қизи оиласида дунёга келди. Бобоси ва момоси яхши ният билан унга Муроджон деб исм қўйишди. Сочлари олтиндай товланувчи болакай қувноқ ва ҳар нарсага қизиқувчан бўлиб ўсди. Уч-тўрт ёшидаёқ ўйинчоқ машиналарнинг ранглари, механизмларини диққат билан кузатар, нима учун рулни бурганда жажжи ғилдираклар ҳаракатга келиши сабабини билишга қизиқар, айниқса, темирдан ясалган ўйинчоқ машиналардан унга кўпроқ “Мерседес”, “Жип”, “Митсубиси” ёқар, катта бўлганда фақат “Жип”да юришни орзу қиларди. Бу болакайнинг назаридан ҳеч нарса – бувижониси Мамлакат опанинг ширин таомларию кечалари айтган эртаклари четда қолмас эди. 

Онаси Гулнора Муроджонни дастлаб дефектологик камчиликлари бор болалар тарбияланадиган боғчага беради. Чунки у ўғлини рус тилида эркин сўзлашга ўргатишни ният қилганди. 

Болалигидан хотираси кучли бўлган Муроджон тарбиячилари ёдлатган шеър, мақол ва маталларни тез эслаб қоларди. Онаси уни санаш, ҳарфларни ёзиш ва товушларни эркин талаффуз қилишга барвақт ўргата бошлайди. Зийрак ва уқувли болакай волидаси кўрсатган нарсаларни тез ўзлаштиради.

Муроджонни етти ёшида Шимкент шаҳридаги 23-сонли лицей-мактабга берадилар. У ўқитувчи Валентина Иванова қўлида бошланғич таълимни эгаллайди. Мактабга боргунга қадар “Букварь”даги ҳарф ва бўғинларни, сўзларни бемалол ўқий олган Муроджон тез кунда бўғинлардан сўз, сўзлардан сўз бирикмаси, сўз бирикмаларидан гап тузишни ўрганади. Тенгдошлари орасида анча илгарилаб, математикани ҳам яхши ўзлаштиради. Биринчи чоракнинг ўзидаёқ бирдан юзгача санаш, ортга санаш ва оғзаки бирликларни бирликларга қўшиш, айириш каби мисолларни тез бажаради. Ўқувчисидаги билимга чанқоқликни пайқаган Валентина Николаевна унга кўпроқ вазифалар юклайди. 

Уйда буваси тузиб берган қатъий кун режаси бўйича иш қиладиган набира икки соат чамаси дарс тайёрлайди, вақтида дўстлари билан ўйнаб, дам олишга ҳам фурсат топади.

2003 йили Жанубий Қозоғистон вилоят драма театри очилиши муносабати билан ўлкамизга ташриф буюрган Элбоши Н. Назарбаев “Кенг баба” истироҳат боғида жанубликлар билан учрашув чоғида жажжигина беш ёшли Муроджоннинг қўлини олиб унга: – “Сен үлкейіп мықты жігіт бол, Отаныңды сүйіп, оған қызмет ет!” – деб фотиҳа берган эди.

1-2-синфларда буваси ва бувиси дарс тайёрлётганда уни назорат қилиб туришади. Кейинчалик у ўзи мустақил дарс тайёрлай бошлайди.

Муроджон “Домовёнок Кузя” ҳамда Ганс Христиан Андерсен ва ака-ука Гриммларнинг эртакларини мустақил ўқиб, мазмунини оқизмай-томизмай айтиб берарди. У юқори синфларда математика фанига алоҳида меҳр қўйди. 

3-синфда Муроджон мактабда ўтказилган математика олимпиадасида 3-ўринни эгаллади. Нуфузли мактаблардан бирида математикадан 3-ўринга муяссар бўлиш оддий ўзбек боласи учун катта ютуқ эди. 

У тарих, география фанларига ҳам қизиқарди. 8-синфда физикани сидқидилдан ўрганиб, шу фан бўйича олимпиадада 3-ўринни қўлга киритди. Ўша йили учинчи чоракда Шимкент шаҳридаги Назарбаев заковат мактабининг математика ва физика йўналиши бўйича ўқитиш синфига қабул қилинди. У ерда инглизчадан бошқа ҳамма фанларни осон ўзлаштиради, фақат инглизчадан кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келади, қўшимча курсларга бориб, ўрганади. Мr. Curtis етакчилигида инглиз тилида бемалол гаплаша бошлайди. 9-синфда қозоқ тили ва адабиёти фанидан олимпиадада қатнашиб, Назарбаев заковат мактаблари ўқувчилари ўртасида 2-ўринни эгаллайди. 

2014 йили июль ойида Қарағанди шаҳрига 10 кунга илмий-тадқиқот ишлари бўйича бориб, “Туғилган ерга таъзим” дастури асосида эссени рус тилида ёзади ва фейсбукда 450та ижобий лайкка эришади. Шу йили Қарағанди шаҳридаги кимё ва биология йўналиши бўйича таълим бериладиган Назарбаев заковат мактабида “Қарлаг” лагери юзасидан илмий-тадқиқот ишларида қатнашиб, рус тилида илмий эссе ёзади. 

11-синфда эса физика фани бўйича олий даражадаги физикага оид мисолларни ечиш бўйича олимпиадада 1-ўринни эгаллайди. 

 Астанадаги АРТ фестивалида асарни саҳнада қозоқ тилида намойиш этишда ҳам юксак маҳорат кўрсатиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлади. 

2016 йили ёш олим инглиз тилида тест саволлари, эсселар, интервью ҳамда раҳнамолик сифатлари – FLEХ дастури бўйича уч турдаги синовдан ўтиб, АҚШнинг Огайо штатидаги Lakewood High School номли мактабда 12-синфни тамомлайди. 

Қаҳрамоним у ерда нотиқлик санъати, физика, олий математика, АҚШ қонунлари, Америка тарихи, инглиз тили, гуруҳий спорт, испан тилини ўрганади, таъкидланган мактабни муваффақиятли тамомлайди. 

Civic Education Workshop дастури бўйича эссе саволларига жавоб бериб, Вашингтонга саёҳатни ютиб олади. Сўнгра тўрт кун давомида Нью-Йоркда бўлиб, катта таассуротлар билан қайтади. 

2016 йил июнь ойида она шаҳрига, яқинлари бағрига қайтган Муроджон сентябрь ойида Алматидаги кимё ва биология йўналиши бўйича Назарбаев заковат мактабига ўқишга қабул қилинади. Иккинчи чорак якунида Венгриядаги Будапешт университетининг фан ва иқтисод факультетига, Гонконг политехника университетининг электр муҳандислиги ва Астана шаҳридаги Назарбаев университетининг “Электр-электроника” факультетларига грант асосида ўқишга қабул қилинади. 

Муроджоннинг шу кунгача эришган ютуқларида бутун ҳаётини қурувчилик, журналистика соҳасига бахшида этган буваси Ҳайитмат Муҳиддинов, бувижониси Мамлакат ая, онаси Гулнора Муҳиддинова ва Назарбаев заковат мактаби директори Қоракўз Абдрахманова, куратор Анара Умарова, математика ўқитувчиси Акром Муҳитов ҳамда Lakewood High School номли мактаб устозлари, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистондаги дўстларининг кўмаги катта бўлди. Муроджон уларни мамнуният билан такрор-такрор тилга олади. 

Муроджоннинг келажакдаги бирдан бир орзуси – хориж давлатида олий маълумотга эга бўлиб, кейинчалик АҚШдаги Гарвард университетининг инжинерия магистратурасида ўқиш, Элбошимиз ишончини оқлаш, Қозоғистоннинг равнақига муносиб ҳисса қўшиш.

Болалигидан билимга меҳр қўйиб, мустақил ўқиб-ўрганишда, изланишда барча қийинчиликларни, тўсиқларни енгиб ўта олган, мустаҳкам иродали, заковатли ёшларимиз бугунги кунда кўпчиликни ташкил этади. Муроджон каби ўз устида тинмай изланадиган, нафақат оиласи, вилояти, балки бутун Қозоғистон нуфузини, шуҳратини оламга ёяётган ёшлар, бизнинг ифтихоримиз. Уларни олдинда порлоқ келажак, қизиқарли ҳаёт кутмоқда. 

 

 

Суратларда: Муроджон ўқишда ва ҳаётда.

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-07-21, 18:27 172
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.