26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Уйдирмадан мудҳишроқ ҳаёт

Ота-онанинг муҳаббати мўъжизалар яратишга қодир. Лекин, у фарзандларининг ҳаётига зомин бўлиши ҳам мумкин. Буни Тўлебий туман судида кўрилган бир жиноий иш мисолида кўриш мумкин. 

 

Суд келяпти!

 

У жиноят курсисида ўтирибди, залга қарамайди. Кўзлари бир нуқтага қадалган. Балки, қизларини эслаётгандир? 

Судланувчига сўнгги сўз берилди. У туриб, гапира олмади, ёш боладай, ҳўнграб йиғлаб юборди. 

– Раҳматилла Абдуллаевга (исм-шарифлар ўзгартирилган) сакиз йил қамоқ жазоси белгилансин!

Залдан чиқаётиб, судланувчининг яқинларига эътибор қаратдик. 

– Шайтон йўлдан уриб бу ишни қилган. Эҳ, дўстим, саккиз йилни орқалаб кетяпсана, – деди унинг бир оғайниси. – Қизларини жонидан ортиқ яхши кўрарди, афсусланяпти, нега суд шуларни ҳисобга олмади? Фақат сал қаттиққўл бўлди, фарзанларини камтар, тартибли-фаросатли бўлиб ўссин, деган эди. 

 

Оила – муқаддас қўрғон эмасми?

 

– Дада, мен Лайлоларнинг уйига бориб келай?

Раҳматилланинг қовоғи уюлди.

– Дарсларинг-чи? Математикадан тўрт олибсану, уялмай-нетмай яна бирон жойга бораман, дейсан. Ўқитувчининг қизи тўрт баҳога ўқиши – шармандалик! Ҳамкасбларим олдида қандай қилиб бош кўтариб юраман, наҳотки шуни ўйламайсизлар? Бор, дарсингни қил, ҳеч қаерга бормайсан!

Мадина йиғлагудек бўлиб, дарс хонасига кириб кетди. «Дадажон, тўрт баҳо деган икки эмаску», демоқчи бўлдию, айтолмади. «Ҳали сен менга гап қайтарадиган бўлдингми», деб яна бир марта жазолайди. Ҳатто, кечки овқатсиз қолдириши мумкин. Опаси Маҳфузага яхши, унинг баҳоларини дадаси текширмайди. Чунки, 5 ёшлигида хархаша қилавергач, молхонага қамаб қўйган ва қизалоқ қаттиқ қўрқиб қолган. Руҳий касалхонада даволаниб чиқди ҳам. Шунинг учун унинг асабига ҳеч ким тегмайди. 

«Ҳар бир оиланинг ўз бахтсизлиги бор», деган экан бир файласуф. Лекин, Абдуллаевлар оиласидагиларни бахтсиз дейишга тил бормасди. Турмуш ўртоғи – шифокор, Раҳматилла оилани муқаддас деб билса ҳам, қаттиққўллик тарбиянинг муҳим омили, деб ҳисобларди. Қизларидан бири паст баҳо олиб келиб, отаси уларга «жазо» тайинлаётганида хотини аралашса, жеркиб берарди. 

– Фалончи қўшнимизнинг қизини кўрдингку, қандай тарбиясиз, ота-онасининг гапини кўзга илмас экан. Тунов куни бир тўйда кўриб қолдим, очиқ-сочиқ кийиниб олиб, даврани ҳеч кимга бермади. Қиз бола деган ҳаёли-иболи бўлиши керак. 

– Сиз ҳам тўғри иш қилаётганингиз йўқ, дадаси, бўш вақтингиз бўлди дегунча қизларга панд-насиҳат ва танбеҳ беравериб, чарчатасиз. Бечоралар дарсу мактабдан бошқа нарсани билмайди.

Бундай ҳангомалар эр-хотин орасида деярли ҳар куни такрорланар, лекин, ота айтганидан қайтмасди. 

– Кундалигингни олиб кел! – дерди кичкина қизига. – Яна тўртми? Демак, бугун чана учишга бормайсан!

Катта қизига:

– Нега калта кўйлак кийиб олдинг? Дарҳол алмаштир!

– Дада, синфдошларимнинг ҳаммаси шундай кўйлак кийиб юришибдику, – деса:

– Бошқалар билан нима ишим бор? Муҳими, менинг қизларимнинг кийими энг яхши бўлиши керак! 

 

Уйга бормайман!

 

Мудҳиш воқеа май ойининг сўнггида юз берди. Мадина кундалигида физикадан йилликка уч чиққанини кўриб, ҳушидан кетаёзди. Синфда ўтирган жойида ўтираверди. 

– Сингилжон, уйга кетдик, бувим келдилар! – деди ўзида йўқ хурсанд опаси Маҳфуза.

Мадина ўзини босолмай, йиғлаб юборди.

– Уйга бормайман! Йиллигимда уч бор. Дадам аяб ўтирмайди. Ахир у... Мен, яхшиси, қизлар билан чўмилишга бораман. Кун исиб кетди.

Мадинани бошқа ҳеч ким тирик кўрмади. Тиззадан келадиган сувда чўкиб кетибди. Бирга чўмилган қизлар Мадина сувнинг ўртасига борганда сузишдан тўхтаганини айтишди. Полиция бу ишни бахтсиз ҳодиса деб баҳолади. Қизнинг онаси юрак хуружига йўлиқди. Раҳматилла эса бир неча ой тунларни бедор ўтказди, тинмай чекар, қаерда хатога йўл қўйдим, деб ўйларди. Лекин, ўзини айблаш умуман хаёлига келмасди. «Балки, унга сузишни ўргатишим керакмиди?» деган хаёл тинчлик бермай қўйди ва катта қизини сузиш тўгарагига юборишга қарор қилди.

 

  Нафратланаман!

 

– Энг ачинарлиси, отанинг ҳаёт зарбасидан тегишли хулоса чиқара олмагани, – дейди терговчи С. Асанов. – Бир қизингдан айрилдинг, бераётган тарбиям тўғри эмасдир, деб, иккинчисини эҳтиёт қилсанг бўлмасмиди? Бор аламини катта қизидан олган.

Маҳфуза синглисининг вафотидан кейин анча ўзгариб қолди. Ҳеч ким билан гаплашишни истамасди. Мадина дарс қиладиган столга қараб, юрак-бағри эзиларди. Қалбида эса, отасига нисбатан нафрат кучайиб борарди. Синглисининг ўлимида уни айбдор деб биларди. 

Мактаб бошлангач, отаси унга «Тайёрлан, ҳар шанба сузиш тўгарагига борасан!» деди. 

– Мени тўгаракларга боришга вақти бор деб ўйлаяпсизми? Уйнинг ҳамма иши, ойим уч ойдан бери ўрнидан туролмай ётибди, мактаб... Яшашга ҳам вақт керакку, дада?

– Яшаш? Ношукрлик ҳам эви биланда, қизим. Мен сенлар учун жон куйдиряпман ахир. Кунни тунга улаб меҳнат қиляпман, сен фаросатсизларни боқиш учун! Ҳаёт дегани ўйин-кулгудан иборат эмас. Яхши ўқи, чиниқ, қолганини кейин кўрамиз. 

Маҳфузанинг кўзидан ёш думалади.

– Мадина сизни деб ўзини ўзи ўлдирди! – деди у. – Ўлгудай қўрқитиб қўйган эдингиз! Сиздан нафратланаман!

– Оқпадар қиз! Бундай дейишга қандай тилинг борди. Сени яхшилаб жазолаш керак экан! Юр мен билан, – деб қўлидан судраб, гаражга итариб юборди ва эшикни қулфлаб қўйди. Қиз эса йиғидан ўзини тўхтата олмасди. 

Раҳматилланинг қўл телефони жиринглаб қолди. Мактаб директори экан. «Тез етиб кел, болаларни вилоят марказида ўтадиган тадбирга олиб борасан», деди.

У кетди ва қизини гаражга қамаб қўйгани кечқурун эсига тушди. Кун қаттиқ исиб, темирдан ясалган гараж қизиб кетишини ўйламаган эди. Маҳфуза ҳушидан кетиб ётган экан. Уни олиб чиқди, сув ичирди ва «тез ёрдам» чақирди. Лекин, машина келганда қиз жон берган эди. 

Бугун қаттиққўл ота жазосини ўтамоқда. Колонияда ҳеч ким билан гаплашмайди. Шкафида сақлаётган икки қизининг суратини олиб, улар билан те-тез «суҳбатлашади». Ҳатто, овоз чиқариб йиғлайди, қизларидан кечирим сўрайди. 

 

 

 

Баҳорой ДЎСМАТОВА, 2017-07-21, 18:32 200
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.