26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Экканингни ўрасан

“Онасини ранжитган парча нонга зор,

Отасини ранжитган эл ичида хор”.

(Халқ мақоли)

 

Ёз. Чилла. Кун қизигандан қизиган пайт...

Йўл чеккасидаги дарахтлар соясидан юриб, уйга қайтарканман, ҳовлиси девор билан ўралмаган уйдан чиқаётган шовқин эътиборимни тортди. Эшикнинг тарақлаб очилгани, ойнанинг чил-чил синганини эшитдим. Беихтиёр ушбу хонадонга бурилдим.

Бу уйнинг эгаси – ёшликдан бирга ўсган дўстим Холмўмин эди. Уйнинг ёнига қатор экилган гилослар пишиб, қоқланиб, тўкилгани янчилиб ётибди. 5-6 туп қулоч етмас ўриклар дарахтидан тўкилган мева ҳам оёқ остида эзилиб ётар, ёғоч ишкомдаги ток қаровсизликдан патаклаб кетганди. Каллак урилмаган ўрик новдалари ҳосили оғирлигидан эгилиб, уй эгаларининг жанжалига мунғайиб қараб тургандек эди гўё. Ишком тагига қўйилган эски сим каравотга шолча солинган, бир четидаги эски кўрпачада Холмўмин ўтирган экан. Мени кўриб, ўрнидан турди:

– Кел, э-э, дўстим, бормисан? – деб йиғламсираб кўришди ва: – Ҳой, қўйингларчи энди... – деб қизларига зорланди.

– Ҳа, нима бўлди, дўстим, бу қизларинг ким билан уришаяпди? – деб сўрадим.

Холмўмин кўзидаги ёшини артдида: 

– Бундай воқеалар ҳар сафар қизларим уйимга келганида бўлади, келиним уларнинг кўнглини тополмайди, кетишганидан кейин эса у аламини мендан олади, – деди.

Мен кирганимдан кейин ҳам жанжал тўхтамади. Ён-атрофдаги қўшнилар ҳам шовқинни эшитиб киришган экан, мен билан кўришиб, елка қисиб тарқалишди. 

– Ҳа, қизларим, нега келиша олмай қолдинглар? – деб сўрадим. 

Катта қизи отасига қараб туриб гап бошлади... 

– Буважон, кирганингиз яхши бўлди, мана бу отамнинг ўтиришини кўринг, келин отамизни яхши кутмайди. Қариганида касалга чалиниб, кундан-кунга орқага кетаётганини кўриб турибсиз. Охири ноилож: – Отамга яхши қарамасанг, уйни бўшат, мен ўғлим билан келинимни олиб келиб бераман, отамни улар яхши боқади, – десам мен билан уй талашиб, уришяпти. 

Кичик қиз ҳам опасининг гапини маъқуллаб турди. Шу пайт 15-16 ёшлар чамасидаги бола гапга аралашди, у бувасининг олдига келиб:

– Дода, сиз шунга хўп дейсизми? Унда биз қаерда яшаймиз? Мен, синглим шу уйда туғилиб, ўсдик-ку, энди қаёққа кетамиз? Бизни уйимиздан кетказишга йўл берманг, – деб ёлворди. 

Мен ҳайрон бўлиб, келинни чақириб: 

– Шу гаплар ростми? – деб сўрадим. 

– Қайнонам борида ҳам булар онасига мени ёмон кўрсатиб, уриштириб кетишарди, келишса юрагимни ҳовучлаб турардим. Келишмаса – уйимиз тинч, боримизни пишириб, еб-ичиб ўтирар эдик. Онамиз: “Борига шукур, қизларим, боримизни еб, ўйнаб-кулиб ўтиринглар, худо хоҳласа, бизнинг ҳам болаларимиз улғайса, яхши кунларга ҳам етармиз”, деб уларни босиб қўярди. У киши вафот этгач...

Бугун ҳам отам нонуштадан кейин чойхонага чиқиб кетган эди. Ўғлим иккимиз кунлик ишга чиқиб, топган пулимизга сомон туширгандик. Булар келиб қолишди. “Келинглар”, деб боримни қўйиб, чой-пой қилдим. Сомонни болам ташиб, унга қизим ёрдамлашаётганди. Шу пайт отам уйга икки буханка нон кўтариб келиб қолди. 

“Ҳа, ада, ҳали бу текинтомоқларга нон ҳам ташияпсизми?” деб қайнопам жанжал кўтарди. Худога шукур, 40 сўтих еримиз бор, экин экиб, болаларим билан бирга кучимиз етганча қараймиз, ҳосилни сотиб, қишга кўмир, биттагина сигиримизга чўп-сомон оламиз. Шунинг сутига хамир қориб нон ёпамиз, қатиқ қилиб ичамиз, ортганини сотиб, кунжара, кепак оламиз. Кунлик ишдан топган пулимизни кийим-кечак, китоб-дафтарларга ишлатамиз. Отам ҳар пенсиядан бир қоп ун, 3 литр ёғ, 1-2 кило гўшт, 2-3 кило шакар олиб беради. Майли, шунисига ҳам шукур. 

Аммо қизлар ҳар сафар келганида: “Дастурхонда нон билан қанддан бошқа ҳеч нарса йўқ, отам қоқланиб қолди, сен пенсиясини еб ўтирибсан”, деб жанжал қиладилар. Бадавлат бўлганимизда балки, биз ҳам кунига қази-қарта солиб палов дамлаган бўлармидик. Нима қилайликки, қўлимиз калта. Ўзимиз ҳам отамиз билан бирга овқатланиб ўтирибмиз-ку, – деб келин ҳам ўз дардини тўкди.

– Биласиз, укангиз 10 йилдан ошди, бир бева аёлнинг уйига кириб, яшаб юрибди, на хабар олади, на ёрдам беради. Қайнопаларим эса: “Сен яхши бўлганингда укамиз ватангадо бўлиб, аллақаерларда юрмасди”, деб мени уришишади. Уйдан ҳайдаб чиқарамиз, сендақа келиннинг боридан йўғи яхши, дейишади.

Майли, мен ёмон бўлай. Икки йил ётиб қолган қайнонамни боққаним, қайнотамнинг хизматини қилиб юрганим, кўрпа-тўшагини, уст-бошини ювиб, боримни пишириб, едириб-ичириб ўтирганим ҳисобмас, дейлик. Лекин мана шу ўғлим билан қизимнинг айби нима?

Майли, укаси келсин, сен ёмонсан, деб жавобим берсин, мен кетай.

 Бугун ҳам уйни бўшат, чиқ уйдан, деб бақиришди, уйга қочиб кириб, ичидан қулфлаб олсак, ойналарни уриб, синдиришди. Эшикни тарақлатиб тепишди. Энди мен шуларнинг барини пулга тузатаман! Манавини кўринг, – келин боланинг оғир меҳнатдан ёрилиб, қадоқланиб кетган кафтини очиб кўрсатди. – Шу болага битта қўлқоп олиб беролмаяпманку, у ҳам уларнинг укаси-ку, шунга жони ачимайдими? Буларнинг айби нима?

Ҳа, дарвоқе, болаларда нима гуноҳ?..

Йўлдан чиққан ота, тарбия кўрмаган аммалар дастидан хор-зор бўлаётган, вояга етмай туриб ишга чиқиб кетган бола, ҳар куни ўтга кириб-ўтдан чиқиб нон ёпаётган қизалоқ. 

Барчасини чақириб, ўтқизиб, насиҳат қилдим.

– Мана, отангиз ҳам 77 ёшда, энди қанча умри қолди, бир Худо билади... Қизларим, ҳақиқатда келинга ҳам қийин, отангларга ҳам... Бундай жанжалдан не фойда? Унинг ўрнига яхши гапириб, келинни хурсанд қилинглар, келганингларда у-бу олиб, отангизга, мана бу тирик етимлар ва бевага едириб, савоб олинглар. Бир кун улғайса, қайтаришади. Қайтаришолмаса – Оллоҳдан қайтади! – деб тушунтириб ўрнимдан турдим. 

Уйга қайтарканман унинг ёшлигини бир бошдан хаёлдан ўтказдим.

1960-йиллар. 

Холмўмин иккимиз ўн ёшлар чамаси эдик. Унинг отаси Мамматқул ва онаси Бибиойша оддий колхоз ишчиси бўлиб, ўзларига берилган 20 сўтих ерга ўрик-олма, олча, гилослар ва атрофига тол-тераклар экиб, йўл атрофига мана шу уйни қуриб, ўртаҳол яшар эдилар. Улар дунёга 3 ўғил ва 3 қиз келтирдилар. Афсуски, қизамиқ касаллигидан 5 фарзанди бирин-кетин кўз юмиб, мана шу Холмўмин омон қолганди. Ота-онаси уни ”ерга қўйсам чанг босади, кўкка қўйсам ғам босади”, деб опичлаб, мактабга олиб бориб, ўқиш тугагач, олиб қайтар эди. 

Еттинчи синфни битиргач, билим юртига ўқишга бориб, ўқиб, ҳунар-техника сирини ўрганди, ҳайдовчилик гувоҳномасини олди. Кейин колхозга ишга кириб, эски машинани таъмирлаб, шунда ишлади. Онаси яхши ният билан бир қариндошининг қизига уйлантирди. У ота-онам олдида бир ёрдамчим бор, деб ишга шўнғиб кетди. Эрта кетиб, кеч келар, топганини отасига берарди, у эса пулга ўз пулларини қўшиб рўзғорга ишлатди, ортганини йиғиб, оғилхона солди, сигир олди. 4-5 йилда ўзини ўнглаб 3 соғин сигир, бузоқ ва бир от сотиб олиб, ҳаётлари яхшиланиб қолди. Бу вақт ичида Холмўмин 1 қиз, 1 ўғиллик бўлди.

Кунлар ўтиши билан колхоздан олаётган маоши озлигини айтиб, автобазага ишга ўтди. Отаси бироз норози бўлди. Аммо у айтганида туриб олди. Аввал юк машинаси, сўнгра автобусга ҳайдовчи бўлди. Қиш, ёз ўтди, ишлари юришиб, обрўси ҳам анча кўтарилди. Бу вақт Оллоҳ яна 2 ўғил бериб, болалари 4 нафар бўлди. 

Отаси кексайиб, томорқадаги экинларни парвариш қилишга ярамай қолди. Бибиойша опа келини билан экинларни чопиб, ўтар, Мамматқул ота суғориб берар, молга қарар эди. Шундай кунларнинг бирида, қаттиқ иситмалаб, касалхонага тушиб қолди. Сал соғайиб, уйга келгач, келини яна дала ишига чиқиб кетди, Холмўмин эса халқ хизматида. 

Уйда қари ота ва касалманд она ёш болаларни етаклаб, олма, ўрик қоқлашар, қуриганини қоплашар, хуллас тиниб-тинчишмасди. Бир йилдан сўнг кампир оғирлашиб, оламдан ўтди. Энди ота ҳам ўзини анча олдириб қўйган, уйда ёш болалар билан қоларди. Холмўмин йўлда, келин далада эди...

Куч кетгандан кейин қийин экан. Мамматқул ота невараларга ялчитиб қарай олмай қолди, болалар тупроққа қорилиб улғайишди. Улар сафига яна 2 қиз ва 1 ўғил қўшилиб, 7 нафар бўлишди. На отаси, на онасидан етарлича эътибор кўрмай катта бўлган бу гўдакларнинг кунлари “ўзинг учун ўл етим” қабилида ўтаётганди. 

Бир куни Мамматқул ота ўғлига: “Болам, мен ҳам қариб қолдим, сен ишда, аёлинг далада, болаларинг қаровсиз қолишаяпти, мени тингламай қўйишди, уй ҳам жуда бебарака бўлиб бораётир. Мабодо ўлиб қолсам, эл-юртга кулги бўлиб юрманглар”, деб кўзига ёш олди. Холмўмин уни бамайлихотир эшитиб, “Ўҳў, дада, ҳали сиз кўп яшайсиз, ваҳима қилманг, болалар ҳали ёш. Эси кириб қолади”, деди ва яна ишига, ишдан кейин маишатга кетди. 

 “Ҳали кўп яшайсиз”, дегани бекор гап экан. Мамматқул ота тўсатдан вафот этди. Отанинг ўлими Холмўминни анча довдиратиб қўйди. Амаллаб отасининг маъракаларини ўтказиб олди. 

Сўнгра уйининг ёнига уч хона қўшди, таъмирлади. Албатта, бунинг учун отасидан қолган моллар сотилди, сарой бўшаб, бир соғин сигири бузоғи билан қолди. 

Топгани ўзидан ортилмай, кунлар ўтарди. Аёлининг: “ Қизим бўй етди, совчилар келаётибди”, деб зорланишига қарамай, ўрганган жойи – чойхонадан бўшай демасди. Аввалига “50-50” отиб юрган отанинг ичадигани ҳам ортиб борди. Баъзан чойхонада ётиб қоладиган одат чиқарди.

Кўпроқ аёли югурди-елди, тун-кун ишлади, қизлари билан далада ишлаб, бировдан ортиқ, бировдан кам сеп йиғиб, узатди. Ўғиллари на ўқишни ёлчитди, на бирор ҳунар эгаси бўлди.

Холмўмин катта қизини узатиб, иккинчи ўғлини уйлантирганидан кейин таги номаълум бир аёлга айланишиб қолди. Ҳафталаб уйга келмай қўйди. Аёли “Қаерда юрибсиз?” – деб жанжал қилса, “Сенга нима керак? Мана, пулни ол ва ... юр!” деб сўкиниб бироз пул ташлаб кетарди. 

Эл оғзига элак йўқ. Бир куни қўшнилари:

– Ҳой, Орзихон, эрингиз бошқа аёл олгани ростми? – деб ҳиринглай бошлашди.

– Олди нима, олмади нима, бор-йўқлиги билинмайди, барибир ўзимнинг, болаларимнинг ташвишини ўзимга ташлаб қўйган, билганини қилсин, – дер эди сир бермай. Аммо ич-ичидан куйиб, эзилар эди. 

Ҳа, кунлар шу зайлда ўтди. Аёли, ўғил-қизлари кун-тун ишлашди. Қизлар узатилди, ўғиллар уйланди. Яхши-ёмон сўз билан икки ўғилга уй ҳам қурилди. Кенжа ўғил 17 ёшга етганида муштлашиб, қаттиқ калтак еди ва 5-6 ой ётиб, хазон бўлди. 

Катта ўғил ота изидан қувиб, ичкиликка берилди. Иккинчи ўғилнинг уйи бўлак, ўзи билан ўзи. Учинчи ўғил уйланди, бироқ ойлаб аллақаёқларда юрар. Келганида эса келин билан жиққамушт жанжал, уйда тинчлик йўқ эди. Келин бу орада 1 ўғил, 1 қизли бўлди. Ўғлининг аҳволи бундай, онанинг тили қисиқ. 

Худо берган юкни ўзи оларкан. Она дардга чалинди, икки йилдан ортиқ тўшакда ётгач, вафот этди. Холмўминда ҳам аввалги шашт йўқ эди, нафақага чиқиб, уйга ўралашиб қолди. Онасининг таъзиясига келган ўғлига “Қаёқда юрибсан?” деб ёқасидан олиб, калтаклагач, у бутунлай келмай қўйди. 

Шундай қилиб уйда тўридан гўри яқин Холмўмин, келини ва 2 невара қолди. Пенсия уйнинг кемтигига етмайди. Келин невара ўғил билан кунлик ишдан чарчаб қайтишади, невара қиз уйдан ортмайди. Боғ-роғ, уйлар қаровсиз... Қизлари эса ойда бир келиб, жанжал қилишади. “Ота-онамга яхши қарамабсан, пенсиясини еб ётибсан” баҳонасида келинни уйидан ҳайдаш, ота уйини ўзларига ўтказиб олиш орзусида юришибди... 

Кайфиятим тушган, қон босимим кўтарилганини сезиб турибман. Келин дамлаган иссиқ кўк чой ҳам кор қилмади. Ўрнимдан туриб, томорқага чиқдим. Сафланган аскардай маккажўхори, қизариб келаётган помидор кўзни қувнатади. Қулупнай барглари орасида пишиб етилганлари мўралайди. Ўрикзор, олмазорларни айланиб келдим. Қайтарканман, қайнона келиннинг ёзги ошхонадаги пичир-пичирини эшитиб қолдим.

– Вой ойижон, эшитдингизми? Холмўмин отанинг ўғли катта уйига қайтиб келаётган эмиш. 

– Нима, келин билан ярашибдими?

– Йўқ, ярашмабди. Ҳалигиси борку, ўшани ҳам олиб келаётганмиш. Катта ҳовлини дача қиламан, ёзда келиб-кетишга, шаҳардаги уйда қишда яшайман, деяётганмиш.

Шарпамни сезишдими, вижир-вижир гап тинди. Мен эса бечора дўстимнинг бошида яна қандай ғавғолар борлигини ўйлаганча аста уйга кириб кетдим. 

 

 

Победахон АБДАЗИМОВА, “Ижодкор” адабий уюшмаси аъзоси, 2017-07-21, 18:39 848
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.