26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ёшлар ва маънавият

 Тўлебий туманида вилоят ёшлар сиёсати масалалари борасидаги бошқарма ташаббуси билан ташкил этилган «Ёшлар ва маънавият» учрашувида Екпинди қишлоқ округи ёшлари, туман ёшлар ташкилотлари фаоллари, тадбиркорлар, вилоят Ижтимоий тотувлик ДКК ва «Нұр Отан» партияси туман филиали вакиллари ва раҳбарлари иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққан вилоят Ёшлар масалалари бўйича марказ бошлиғи Балмаржан Нарбекова Элбоши Н. Назарбаевнинг «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» мақоласида белгиланган вазифаларга тўхталди. 

– «Билимли, кўзи очиқ, дили уйғоқ бўлишга интилиш – қонимизда бор хусусият. Мустақиллик йилларида жуда кўп ишлар бажарилди. Ўн минглаб ёшларни жаҳоннинг нуфузли университетларида ўқитиб, тайёрладик. Бу иш ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари аввалида йўлга қўйилган “Бўлашақ” дастуридан бошланди. Элимизда олий даражадаги қатор университетлар очилди, заковат мактаблари тизими шаклланди. Бошқа кўплаб тадбирлар ҳам уддаланди.

Бинобарин, билимнинг тантанаси барча учун умумий бўлиши керак. Бунинг аниқ, исбот талаб қилмас сабаблари бор. Технологик инқилобнинг боришига қарасак, яқин ўн йил мобайнида ҳозирги касбларнинг ярми йўқолиб кетади. 

Иқтисодиётнинг касбий сифати илгари ва ҳозир, ҳеч бир замонда бу қадар жадал ўзгармаган», – деб ёзади Элбоши ўз мақоласида. Шунинг учун давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга катта эътибор қаратилиб, муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг билим олиш ва касб танлаш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, спорт иншоотлари замон талаблари даражасида бунёд этилиб, етарли шарт-шароитлар билан тўлиқ таъминланмоқда, – деди у. – Фахр билан айтиш жоизки, кўплаб ёшларимиз ўзларининг интеллектуал салоҳияти билан халқаро олимпиадалар, спорт мусобақалари, қолаверса, барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришиб, юртимиз байроғини, Ватанимиз шарафини ҳимоялаётганлиги ҳаммамизни қувонтиради. Лекин, ютуқлар билан бир қаторда айрим ёшлар ўртасида зарарли одатларга ружу қўйиш ҳоллари учраб турганлигини инкор қилиб бўлмайди. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, оила, мактаб ва таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига бугун барчамиз жиддий ёндашмоғимиз лозим.

“Вилоят ёшлар захира маркази” ДКК бошлиғи Береке Дуйсебеков Элбоши мақоласидаги «Биз ёт мафкураларнинг таъсири ҳақида айтганда, уларнинг ортида бошқа халқларнинг маълум бир қадриятлари ва маданий рамзлари турганини ёдда тутишимиз зарур. Демак, уларга ўзимизнинг миллий қадриятларимиз орқалигина зарба бера оламиз», деган сўзларини эслатди. 

 – ХХI асрда мафкуравий курашларнинг ақл бовар қилмайдиган кўринишлари пайдо бўлмоқда, – деди у. – Ҳеч бир халқнинг миллий-маънавий анъаналарига асосланмаган, фақат инсоний ахлоққа зид ҳаёт тарзига чақирувчи “оммавий маданият” шундай кўринишлардан бири.Тезкор ўзгаришлар давридаги энг мураккаб муаммо бу – ғоявий ва мафкуравий таҳдидлар. Бугун ёшларнинг 90 фоизи асосий ахборот манбаи сифатида интернетга мурожаат қилади. Айни пайтда тизимда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғиб қилувчи 10 мингдан зиёд сайт мавжуд. Компьютер ўйинларининг 49 фоизи зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилади. Халқаро экспертлар дунё миқёсидаги болаларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги сайтларни, 26 фоизи эса миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларни мунтазам кузатиб боришини аниқлашган. Айтиш жоиз, экологик, ижтимоий, иқтисодий муаммолар ва терроризм, трансмиллий жиноятларнинг салбий оқибатини аниқ кўриш, булар етказган моддий ва маънавий зарар миқдорини ўлчаш мумкин. Бироқ мафкуравий хуружлар, “оммавий маданият”нинг жамиятга етказаётган зиёнини ўлчаб бўлармикан? Афсуски, йўқ.

Навбатдаги маърузачи – туман Ижтимоий тотувлик ДКК бошлиғи Н. Клушев жаҳон миқёсида кечаётган мураккаб жараёнлар,  баъзи давлатда ирқчилик, миллатчилик кўринишидаги жиноятларнинг ортиб бораётгани, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилаётган ёшлар сони кўпаяётгани, маънавият ва тарбия масалаларига эътиборсизлик ҳар қандай давлат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини хавф остига қўйиши ва охир-оқибатда жамиятни таназзулга олиб келиши мумкинлигини кўрсатаётганини мисол тариқасида келтирди. 

– Тан олиш керак, жаҳон оммавий ахборот воситалари хабарларида тилга олинаётганидек, глобал молиявий-иқтисодий муаммолар асносида бутун оламда жиноятчилик кўлами ортиб бораётир. Бугун биз ҳаётимизни компьютер-техникасиз тасаввур қила олмаймиз. Олимлар ҳатто инсон миясидаги фикрни ўқийдиган, уни керакли йўналишга бура оладиган ақлли машиналар, буюртма биологик организмларни вужудга келтиришга қодир сунъий қурилмалар ихтиро қилиш устида ҳам бош қотирмоқдалар. Лекин бу ихтиролар келгусида нимага хизмат қилиши, ёшлар онги ва тафаккурига, одоби ва тарбиясига, Ватан, миллат олдидаги масъулиятига қандай таъсир кўрсатиши устида камроқ фикр юритилмоқда. Энг ёмони шундаки, лоқайдлик ва бепарволикнинг ўзи бугунги кунда катта хатарга айланмоқда. Ана шундай эътиборсизлик, лоқайдлик натижасида бугун бутун дунёга “оммавий маданият” бемаза қовуннинг уруғидек тез тарқалиб кетмоқда. Агар ҳар бир одам “оммавий маданият” намуналарида қандай катта хавф-хатар борлигини сезса, ўзига ўзи “Ахир, инсонийлик мезонларидан узоқ, сохта бундай “маданият” менга қандай фойда беради? Унинг турган-битгани зарар эмасми?” деган саволларга жавоб топиб яшаса эди, албатта, хавотирга ҳожат қолмаган бўларди. Бунинг учун оиладан бошлаб мактаб, маҳалла ва меҳнат жамоасигача – жамиятдаги барча тарбия институтлари ўзаро ҳамжиҳатликда изчил иш юритиши зарур. Шу билан бирга, миллий қонунчилигимизда ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш механизмлари шаклланиши лозим.

– Давр шиддат билан ўзгаряпти, – деди «Нұр Отан» партиясининг Тўлебий туман филиали раисининг биринчи ўринбосари Қ. Қансеитов. – Кечаги куннинг болалари билан ҳозиргилари ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Бу фарқ уларнинг мактаб ёшидан бошлаб компьютерда ишлай олишлари, техникани ўзлаштиришида яққол сезилмоқда. Бугуннинг ўсмири ўзидан икки-уч ёш катта бўлган бирор танишининг омади юришаётганини кўрса, ундан қолишгиси келмайди. Бу билан, мен ҳали ундан ўзиб кетаман, деб яхши маънода ўзига ўзи сўз беради. Гап шундаки, келажак сари интилиш яхши. Ўсмирларнинг компьютерга ҳавас қўйишлари ижобий ҳолат. Аммо “Интернет” деб ёзиб қўйилган кафеларга серқатнов бўлиб қолган болаларнинг ҳаммасини ҳам “Билим ўрганяпти”, деб бўлармикин? 10-12 ёшли болаларни қўя турайлик, 16-18 яшар ўсмирларнинг ҳам бундай жойларга кириб эртадан-кечгача футбол ёки ур-сур, отишма ўйинлари билан машғул бўлишаётганини қандай тушуниш мумкин? Ёки уларнинг нигоҳлари Интернет сайтларидан жой олаётган айрим ёт оқимларнинг “маънавий хуружи”, ҳаёсиз тасвирлар-у, ўзига тинимсиз таниш қидирадиганларнинг тузоғига тушмайди, деб ким кафолат бера олади?

Вилоятдан ташриф буюрган меҳмонлар тумандаги ёшлар раҳбарлик қилаётган корхоналарга бориб, ишчи-хизматчилар билан суҳбат қуришди. Жумладан, улар Зертас қишлоқ округидаги Жанакуш овулидаги Мирзағали Абдираимовнинг олмазорини оралаб, Екпинди овулидаги тадбиркор Усен Саурбаевнинг йилқи фермаси ва қимиз ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишдилар.

 

 

Б. ДЎСМАТОВА, 2017-07-26, 18:17
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.