26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
“Етти ўлчаб, бир кес” мақолини амалда қўллайик

“Тартибга бош эгган қул бўлмайди”. Бауржан Мўмишулининг ушбу ҳикматли сўзига жамоат кенгаши аъзолари чин дилдан “амал қилган” шекилли. Бундай дейишимизга сабаб, ўтган сешанба куни ўтиши керак бўлган кенгаш йиғилиши кейинга қолдирилди. Чунки, йиғилишга кенгаш аъзоларининг ярми келмаган. Жума куни кенгаш раиси Ў. Мелдеханов тартиб масаласини кўндаланг қўйди. Сабаби, жамоат кенгаши халқ билан ҳукумат орасидаги “олтин кўприк”. Шу боис тартибни менсимайдиган кенгаш аъзоларига бу ерда ўрин йўқ эканини қатъий таъкидлади. Шу куни кенгаш аъзолари саккизта масала муҳокама қилишди. Шулардан бири – субсидия масаласи.

Давлатнинг ушбу имтиёзидан барча хўжаликлар бирдай фойдалана олмаётгани, устомонларнинг субсидиянинг кўпгина турларини олиб, маблағдан мақсадли равишда фойдаланаётгани айтилди. Кенгаш аъзоси Д. Абиш бундай осон “ўлжа”га эга бўлганларнинг рўйхати ОАВ саҳифаларида эълон қилиниши зарурлигини тавсия этди. 

Шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш юзасидан вилоят энергетика ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги бошқармасининг раҳбари М. Марайимни кенгаш аъзолари саволга тутдилар. Сўзга чиққан фаол жамоатчи Ж. Ўтегеннинг таъкидлашича, шаҳарнинг бугунги аҳволи талабга жавоб бермайди. Йил бошидан кўплаб ободончилик тадбирлари ўтказилса ҳам, шаҳар тозалиги кўнгилдагидай эмас. Ачинарлиси, бундай ноқулайликлар вилоят марказининг барча даҳаларида кўзга ташланади. Раҳбарият назоратни сусайтирса, фуқаролар ҳам она шаҳрига жон куйдирмайди, шекилли. Бошқарма раҳбари бундай лоқайдликларга келажакда йўл бермасликларини таъкидлади. Сўнг, вилоят ҳокими девони раҳбарининг вазифасини бажарувчи Қ. Қунанбаев “Жанубий Қозоғистон вилоятининг “Фахрий фуқароси” унвонини йил сайин 25 кишигача бериш тўғрисидаги вилоят маслаҳатининг 2009 йил 23 апрелдаги 17/215-VI қарорига ўзгариш киритишни тавсия этди. Таклиф ўринли, лекин бу фахрий унвон қандай меъёрларга асосланиши керак, деган савол жавобсиз қолмоқда. 

Дарҳақиқат, бугунгача шундай эҳтиромга эга бўлганларнинг қаторида эл оғалари билан бирга санъатга кечагина кириб келган хонандалар ва халқига қайси меҳнати сингганини ўзи ҳам яхши тушунмайдиган ёшлар ҳам кўп. Бироқ, чин маънода ҳурматга лойиқ, эл корига камарбаста фуқаролар орамизда етарли. Уларни ким билиб, ким эслаяпти? 

Кенгаш аъзолари қизғин муҳокама қилган масалалардан бири – 2017-2018 ўқув йили учун техникавий ҳамда касбий мутахассислар тайёрлаш жараёни бўлди. Вилоят таълим бошқармаси вакили Роза Эргашеванинг маълум қилишича, бунга вилоят бюджетидан 11 084 ўрин, республика хазинасидан 4 584, жами 15 668 ўрин ажратилган. Туман, шаҳар ҳамда бошқармалардан 87 мутахассисликка 14 374 талаб тушган. Уларни ўқитишга ҳозирнинг ўзида минтақамиздаги 60 коллеж ариза берган. Унинг 40таси – давлат, 20таси – хусусий коллеж. Асосийси, шунча боланинг касбий билимини ривожлантиришга жуда кўп маблағ сарфланади. Мутахассис тайёрлашга ажратиладиган маблағга келганда кенгаш аъзоларининг фикри бир жойдан чиқмади. Кенгаш аъзоси Бўлат Нажиметдинули йил сайин кўп маблағ сарфланадиган мутахассис тайёрлаш тадбири номигагина бажарилаётганига тўхталди.

– Йил сайин давлат топшириғи билан билим олган битирувчилар таълим даргоҳларини тамомлайди. Бироқ кўпчилигининг билим даражаси паст. Шу сабабдан, биздаги тадбиркорлар улар билан ҳамкорлик қилишни исташмайди. Масалан, мен Москва ва Киев шаҳридан мутахассис ёллаяпман. Яъни, малакали мутахассисни ўзимиздан топмагандан сўнг, чорасизликдан шуларни жалб этишга тўғри келди. Бизнинг битирувчилар ҳам шулар каби “серқирра” бўлса, керакли мутахассисни узоқдан изламас эдик. Бу биринчидан. Иккинчидан, туман, шаҳарлардан тушадиган аризаларнинг кўпчилиги қоғоздаги рақамларгина. Қаерга қандай мутахассис кераклиги тўғрисида улар томонидан назорат ишлари ўз даражасида юритилмайди. Шу сабабли, йил сайин кераксиз кадрлар тайёрланмоқда.

Дарҳақиқат, бу масалада камчиликлар етарли. Масалан, рўйхатга киритилган 87 ихтисослик қаторида имомлик ҳам бор. Бизни ўйлантираётгани вилоят таълим бошқармасидагилар дин ходимлари техник мутахассислик тоифасига кирмаслигини билишмайдими? Ёки улар имом билан муҳандисни ажрата олишмайдими?

“Келишиб бичилган тўн калта бўлмайди”. Шундай масалаларнинг жамоат кенгашида кўрилгани мақсадга мувофиқдир.

 

 

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-07-28, 20:07 688
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.