26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Гумроҳлик ёки ўз қизининг қотилига айланган аёл

Қизгина кечки таомдан бўшаган қозон-товоқни шақир-шуқур қилиб ювар ва паст овозда хиргойи қиларди:

«Яшагим келади мангулик қадар,

Дилда йўқ кадар…»

Унинг яшагиси келар, аммо дилида кадар, яъни ўкинч, ғам кўп эди. Нариги хонада ўтирган аёл қўшиқнинг оҳангига ва сўзларига бефарқ. Юз ифодасида қандайдир заҳархандалик бор. Стол устига ёзилган дастурхонда нон бўлаклари ва тиғи узун ошхона пичоғи…

Қиз ошхонадаги ишини тамомлаб, онаси ўтирган хонага кириб келди. Онанинг кайфияти бузуқ. Ярим соатча аввал у кўча айланиб қайтган ва мана энди нимадандир ранжиб ўтирарди.

– Нимадан хафасиз? – сўради қиз.

– Ҳамма нарсадан, –  жавоб қилди она.

– Бошқалардай ҳаёт кечирсангиз бўларди.

– Ҳар кимнинг ўз ҳаёти бор. Мен бошқалардай бўлолмайман. Пешонамга битгани мана шу ётоқхона, мана шу жин ургур 92-хона. Ҳовлим борми? Уйим борми? Эрим борми?..

– Ҳаммасига сабабчи ўзингиз.

– Нимага шама қилаяпсан, очиқ айт?

Она-бола ўртасида бошланган айтишув кўп ўтмай жанжалга айланди. Энди ҳар иккаласи ҳам қизишиб кетиб, бир-бирларини ҳақоратлашга ўтишди.

Инсоннинг ҳаёт тарзи кўп нарсани белгилайди. Бу дунёга келиш-кетиш орасидаги қисқагина умрни биров шон-шарафга буркаса, бошқа биров ўзининг қилмишига яраша тавқи лаънатга дучор бўлади. Инсоннинг жамиятда ўзини тутиши, хулқи ва бошқа жиҳатларининг шаклланишига қараб, унинг турмуш тарзини тасаввур қилиш қийин эмас. Масалан, спиртли ичимлик истеъмол қилиб, кўчада йиқилиб қоладиган кишининг хонадонида тинч-тотув турмуш бўлиши ҳақиқатдан йироқ. Ёки оқшомлари уйдан чиқиб, кўча-кўйда, емакхоналарда дайдиб юрадиган аёлнинг рўзғорига меҳр қўйишга, уни саранжом-саришта сақлашга рағбати бўлмайди.

Бундай рўзғордан қут-барака кетиб, файз кўтарилади. Асия ана шундай аёллар тоифасидан. Шу боис, қизи билан чиқиша олмайди. Онани тартибга чақирган Васила кўпинча дакки еб, айтган гапига пушаймон бўлади.

Уларнинг жанжалидан ётоқхонадаги қўни-қўшниларга ҳам тинчлик йўқ. Она билан қиз ўртасидаги айтишувлар кўпинча кечаси рўй беради. Онага танбеҳ бериш мумкинми? Ким бўли­шидан қатъиназар, шу қизни туққан, тарбиялаган, дейди биров. Шу ҳам тар­биями, мен қизнинг ҳаётига ачинаман, қуш уясида кўрганини қилади, деб эътироз билдиради бошқаси.

Бундан кўринадики, қўшнилар Асия билан қизининг ҳаётига бефарқ эмас. Тўғри, ғийбат учун мавзу топилганидан хурсанд бўладиган ва қўшиб-чатиб бошқаларга етказадиганлар ҳам бор. Аммо кўпчилик қўшнилар шу оиланинг ҳам тиниб-тинчиб кетишини ўйлаб муҳокама юритадилар.

“Қуш уясида кўрганини қилади”. Асиянинг қўшниси айтган бу мақол ҳам инсоннинг турмуш тарзига тааллуқли. Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, оилада қандай тарбия олганига қараб ўз ҳаётини қуради. Ота-онанинг бир-бирига бўлган муносабатлари мустақил турмушга қадам қўйган фарзандлар учун бами­соли ҳаёт дарслиги.

Хусусан, қиз бола турмушга чиқиб, яшаш тарзи бир қадар бегона бўлган рўзғорга борганидан кейин дастлабки пайтлар нима қилишини билмай, гангиб қолиши ва беихтиёр узоқ йиллар давомида ўз онасидан ўрганган йўлни тутиши табиий. Шундай экан, Васила турмуш қургач, онаси Асиядан ўрганган турмуш тарзи бўйлаб кетмайдими?

Албатта, шундай бўлади, деб айта олмаймиз. Чунки оиладан ташқарида ҳам ҳаёт бор. Мактаб, маҳалла, қўни-қўшни ва ҳоказо. Балки Васила қўшнилардан бирининг яхши тарбия кўрган, оқила қизи билан дугонадир, балки синфдошлариникига бориб, дугонаси ёки дўстининг оиласидаги муҳитни кўрган, ҳавас қилган ва ўзи ҳам шундай яшашни орзу қилгандир.

Нима бўлганда ҳам ўша оқшом, яъни 11 июль куни, кеч соат 9-10 ларда у онасини ёмон йўлдан қайтаришга яна уриниб кўрди. Ўзи билган тинч-тотув оилаларни, бир-бирига меҳрибон эр-хотинларни, бутун ҳаётини фарзандлари камолига бағишлаган ота-оналарни мисол қилиб кўрсатди. Тўғриси, қиз онасининг бирор номаъқул иш қилиб қўйишидан ва суд олдида жавоб беришидан, жазо олишидан қўрқарди. Бунга асоси бор эди унинг.

Асия Шамиева муқаддам судланган эди. Фирибгарлик қилиб, 7 йилга озод­ликдан маҳрум қилинган, лекин, авфи умумий  туфайли 6 ойдан кейин озодликка чиқарилган эди. Онасининг жазодан қутулиб чиқиши, озодликда юрганлиги мамлакатимизда қабул қилинган қонун­ларнинг фақат инсон­парварликка, адолатга асослан­ганлигининг натижаси эканлигини тушунарди. Ва шу боисдан ҳам онани инсофга, диёнатга чақирар, тўғри ҳаёт кечиришга ундар эди.

Афсуски, Асия қизининг даъватини қабул қилмади.

– Яна қамалмоқчимисиз? – деди қиз алам билан.

–  Менга таъна қилма!  – қичқирди ғазабланган она.

–  Онажон, мени нотўғри тушу­наяпсиз. Бу таъна эмас.

Она сал юмшагандай бўлди. Балки “онажон” деган сўзнинг ҳарорати унинг муз қотган юрагини оз бўлса-да илитган, шу лаҳзада бўйи бўйига тенг бўлиб, рўпарасида турган қизининг мурғаклик пайтини эслаган, кўксини тутиб оқ сут берган лаҳзаларини қўмсагандир. Васила гўдаклик пайтларида ҳамиша унга “онажон” деб мурожаат қиларди. Аммо йиллар ўтиб, оиланинг ҳаётига совуқлик оралади. Асия турмуш ўртоғи билан ажрашди. Бирор жойда ишлаш, ҳалол меҳнат қилиб кун кўриш ўрнига кўча кезишни маъқул кўрди ва қизининг тарбиясига эътибор бермай қўйди. Ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди. Ваҳоланки, агар истаса ҳаётини бутунлай қайта қуриши, қизи билан бирга меҳнат қилиб, ўтаётган ҳар бир кундан завқу шавқ олиб, топганларига қаноат қилиб яшаши мумкин эди.

“Яшагим келади…”. Қиз қошиқ-товоқ­ни саранжом-саришта қилиб келаркан, онасининг авзойига қараб хиргойи қилишдан тўхтади. Кўнглидан кўп гап­лар ўтди. Бир томондан онасига раҳми келар, бошқа томондан унинг қилиб юрган ишларини оқлашга ўзида куч тополмасди.

Афтидан Асия ўша паллада ким­дандир қаттиқ ранжиб қайтган ва яна унинг олдига бориш, орани очиқ қилишни ўйларди. Шу сабаб Ва­силанинг “Нимадан хафасиз?” деган саволи ошдан чиққан тошдек тишига тегди. Қизим мендан аҳвол сўраяпти-ку, демади ва қизишиб кетди.

Босиқлик ва мулоҳаза ҳамиша, ҳамма жойда керак. Бунга амал қилмаслик гоҳида жуда ачинарли ҳолатларга олиб боради. Инсон қилган ишидан пушаймон бўлади. Асия ҳам ўша оқшом қизи билан айтишиб қолиб, жиддий хатога йўл қўйди.

– Кеч бўлди, энди кўчада нима бор? Уйда ўтиринг, – илтижо қилди қиз.

– Ўргатма.

– Кўнглим ёмон бир нарсани сезаяпти, чиқманг!

- Аралашма менинг ҳаётимга!

Даҳанаки жанг шиддатли тус ола бошлади ва Васила бу ёруғ дунёдаги сўнгги гапини айтди. Шу гапни айтма­ганда, балки омон қолармиди. Балки жамиятга фойдаси тегадиган етук инсон бўлиб шаклланармиди…

Инсоннинг дунёга келишидан мақсад нима? Бу саволга жавоб бериш осон эмас. Шунга қарамай айтиш мумкинки, инсон ҳаётга келар экан, ўзидан аввал ўтган кишилар томонидан қолдирилган ёки замондошлари яратаётган моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлади. Ўзи ҳам ҳаётни яхшилаш учун илм олади, нимадир яратади, кашф этади, ўрганади ва ўргатади. Шундай қилиб, келажак авлодга нимадир қолдиради. Бундай кишилар худбинликдан йироқ бўлиб, жамиятга фойда келтиришни ўйлайдилар. Ҳақиқий ҳаёт ана шу. Ким билади, балки Васила ҳам ана шундай инсонлар сафида бўлармиди?! Афсуски, ўша оқшом, яъни юқорида айтганимиздек, 11 июль унинг сўнгги куни бўлди.

Қизгина ажалнинг келганини ва у яна бир неча дақиқадан сўнг ўз вазифасини оғишмай бажаришга тайёр турганлигини билмасди, албатта.

“Яшагим келади мангулик қадар…” деган мисрадаги сўзлар оҳанги, балки ҳали унинг шууридан батамом кетиб улгурмаган эди.

Туман суд-тиббиёт экспертизаси  бўлимининг хулосаси қуйидаги маз­мунга эга эди:

Марҳума Васила С.га ўткир кесувчи, санчилувчи жисмнинг таъсири нати­жасида оғир тан жароҳати етказилган. Жароҳат марҳуманинг ўлимига сабаб бўлган.

Ҳа, бу Василанинг жасади эди. Экспертиза хулосасида кўрса­тил­ганидек, ўткир санчилувчи жисм – биз юқорида айтиб ўтган ошхона пичоғи. Қиз қошиқ-товоқларни юваётганда, хиргойи қилаётганда, ундан кейин онаси билан айтишаётганда пичоқ стол устида турарди.

Кейин ғазаб таъсирида қаттиқ тит­­­­­­­­­­­­­раган бармоқлар уни маҳкам чангал­лади. Она ўз қизига пичоқ урди. Қизнинг ўлимига сўнгги бир оғиз гап сабаб бўлди. У онасига қараб: “Ичишни бас қилинг!”, деган эди.

Ҳаёт инсонга икки марта берил­майди. Шундай экан, уни қадрлаш, умрнинг ҳар бир лаҳзасини эзгулик йўлида сарфлаш керак. Ҳаётини қай тарзда ташкил этиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.

Мазкур фожиали воқеадан ҳам кўриниб турибдики, нопок йўлга кириш инсоннинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборади ва ўз навбатида бундай ҳаёт кечириш уни ҳалокат томон етаклайди.

Бир сўз билан айтганда, бу – гум­роҳлик. Сабр-қаноатни, инсофу диё­­натни унут­ган кишилар охир-оқибат гумроҳлик йў­ли­га кириб кетган­ликла­рини пайқамай қоладилар. Шундан эҳтиёт бўлинг, бошқаларни ҳам огоҳ этинг ва эзгуликка чорланг.

 

 

«Жанубий Қозоғистон» мухбири., 2017-07-28, 20:21 227
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.