26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Навосоз ҳофиз хотирасига бағишланди

Машҳур ҳофиз, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудига 100 йил тўлди. Шу муносабат билан унинг туғилган юрти – Хоразм воҳасида юбилей тантаналари уюштирилди. Жумладан, 21-22 июль кунлари Урганч шаҳрида “Комилжон Отаниёзов ижодий меросининг Марказий Осиё халқлари маданияти ва санъатида тутган ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Маданият ишлари вазирлиги таклифига кўра, мазкур тадбирда ҚР ўзбеклари этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги санъаткорлар уюшмаси раиси, “Ерен еңбегі үшін” медали соҳиби, таниқли хонанда Тўлқин Ҳасанов иштирок этди. Унга саволлар билан мурожаат қилдик.

– Тўлқин ака, Комилжон Отаниёзовни қозоғистонликларга таништириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Суҳбатимизни бевосита сафардан бошласак...

– Раҳмат! Мазкур анжуманда иштирок этганимдан бағоят хурсандман. Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов таклиф этганида, яширишнинг ҳожати йўқ, аввал шошиб қолдим. Чунки, бундай нуфузли анжуманда иштирок этишнинг ўзи юксак масъулият юклайди. Комилжон аканинг ўзбек мумтоз қўшиқчилигини ривожлантиришдаги хизматлари беқиёсдир. Унинг 100 йиллик тўйини ўтказишга Республика Президенти Ш. Мирзиёевнинг шахсан ўзи ташаббускор бўлгани бежиз эмас. Тошкентдан Урганч шаҳрига бир гуруҳ санъаткорлар даврасида самолётда махсус рейсда етиб бордик. Икки кун давом этган тадбир мундарижаси ранг-баранг бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, Тожикистондан таклиф этилган СССР халқ артисти Жўрабек Муродов, “Ўзбекнаво” бирлашмаси директори Азамат Ҳайдаров, Хоразм вилояти ҳокими Пўлат Бобожоновларнинг иштироки анжуман нуфузини орттириб юборди. Шунингдек, Ёқуб Аҳмедов, Муножот Йўлчиева, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов каби атоқли санъаткорлар билан бирга бўлдик.

– Қандай тадбирлар ўтди? Ўзингиз ҳам қўшиқ ижро этдингизми? 

– Юбилей тантаналарига жуда катта тайёргарлик кўрилган экан. Санъаткор яшаган иморат таъмирланиб, ҳофизнинг уй-музейи очилди. Огаҳий номли вилоят театри томонидан “Ҳофизнинг ҳаёт йўли” спектакли намойиш этилди. Урганч шаҳрида Отаниёзов бюстининг, унинг номидаги “Ёшлар ижод маркази” очилишларида иштирок этдик. Фаолиятини бошлаган марказда ёшлар Комилжон ака яратган қўшиқчилик мактаби, умуман, мумтоз қўшиқчиликнинг сир-асрорларидан воқиф бўлишади. Вақт топиб, буюк санъаткорнинг қабрини зиёрат қилиб, Қуръон бағишладик. Ҳалқаро анжуманда камина Комилжон Отаниёзовнинг Қозоғистонда ҳам шогирдлари ва мухлислари кўп экани, репертуаримдаги “Хоразм лазгиси”, “Жафо қилурсан” каби қўшиқларни севиб куйлашимни айтдим, унинг ижодини улуғ оқинимиз Абай ижодий мероси билан қиёсладим. Индаллосини айтганда, Комилжон аканинг биз билмаган қирралари ҳали кўп экан. Масалан, ҳофизнинг падари бузрукворлари Отаниёз Ниёзий ўз даврининг таниқли шоирларидан бўлганини шахсан ўзим ушбу анжуман чоғида билдим. Унинг шеърлари жамланиб, “Жамолин орзу айлаб” номли тўплам нашр қилингани айни муддао бўлибди. Дарвоқе, менга ҳам юбилейга бағишлаб чиқарилган китобларни туҳфа қилишди. Жумладан, “Мен ўзбекнинг ўғлиман” деб номланган китобда К. Отаниёзов ўзининг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади. Мазкур китобдан, шунингдек, таниқли ҳофиз Раҳматжон Қурбоновнинг “Устоз йўлларидан” эсдаликлари ўрин олган.

Ушбу санага бағишлаб чиқарилган яна бир туҳфа – Абдулла Сафоевнинг “Устоздан қолган дунё” номли тўпламидир. Унда К. Отаниёзов қўшиқ қилиб ижро этган шеърлар, ҳофизнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳикоялар, фотосуратлар берилган.

– Тадбирда машҳур хонанда Жўрабек Муродов билан бирга қатнашдик, дедингиз. Уни Қозоғистонга таклиф этмадингизми?

– Ҳа, Тожикистондан Жўрабек Муродов қатнашди. Албатта, Жўрабек акадай атоқли қўшиқчи билан ҳамсуҳбат бўлишнинг ўзи катта бахт. Ёши етмишдан ошган бўлишига қарамай, тетик ва бардам кўринади. Юбилей тантаналари ниҳоясида уюштирилган гала-концертда Жўрабек ака қўшиқлар ижро этганида рақсга тушмаган одам қолмади, ҳисоб. Хонанда Қозоғистонга, жумладан, Шимкентга келганини яхши эслар эканлар. “Тўйга чақирсангиз, албатта, келаман”, деб ваъда қилдилар. Шундай улуғ санъаткор бўлишига қарамай, жуда камтарин, хуштабиат инсон сифатида ёдимда қолди.

– Суҳбат учун катта раҳмат! Сизга ҳам келгусида муваффақиятлар тилаб қоламиз!

 

 

Тасвирларда: (чапдан ўнгга) хонанда Тўлқин Ҳасанов, К. Отаниёзовнинг уй-музейи директори Роҳатой Отаниёзова, “Ўзбекнаво” бирлашмаси директори Азамат Ҳайдаров, СССР халқ артисти Жўрабек Муродов; Т. Ҳасановга туҳфа қилинган К. Отаниёзовнинг 100 йиллигига бағишлаб нашр қилинган китоблар. 

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2017-07-28, 20:23 284
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.