26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Эркакнинг топганида барака бор

Эркак кишининг топганида  барака бор, дейди халқимиз. Лекин, сўнгги йилларда кўпчилик оилалар мисолида бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланаётган ҳам, бизнесни ривожлантираётган ҳам, мардикорлик қилаётган ҳам, хорижга бориб ишлаб келаётган ҳам аёллар эканини кўрамиз. Бу ҳақда ҳатто қўшиқ ҳам куйланмоқда:

Қоп кўтарса куйинган эдим, 

Четдан қайтса суюнган эдим, 

Оллоҳ Оллоҳ, энди не дедим 

Мардикорга чиқди аёллар...

Аёллар, аёл зоти, қирқта жони бор, 

Аёл ширин сўзнинг гадоси. 

Бўлиб қадри сомондан арзон 

Гул ғунчадан қолдими хазон, 

Қайнасин деб, рўзғорда қозон,

 Мардикорга чиқди аёллар.

 Кўпчилик аёллар ишласа, оила тебратса, эркаклар нима қиляпти, наҳотки улар оиласи, фарзандлари олдида масъулиятни ҳис қилмаса? Қайси бир аёл уйда фарзандлари тарбияси билан шуғулланиб, эрининг топаётганини ўрнида ишлатиб, ўзига оро бериб ўтиришни хоҳламайди дейсиз? Лекин аёл жамиятда ўз ўрнини топса ва қилган ишига яраша моддий манфаат кўрса, у ҳаётидан мамнун бўлади, харажатларини қоплай бошлайди, оиласининг бирор корига ярайди, рўзғорнинг бир учини кўтаради, билими, малакаси ва ўзига бўлган ишончи ортади.

Ушбу муаммолар ҳақида жамиятнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш мақсадида бир гуруҳ газетхонларимиз билан суҳбатлашдик. Баъзи муштарийларимиз аёлларнинг ишлашини қўллаб-қувватласа, оила бошлиғи бўлган эркаклар буни маъқуллашмади: аёл киши ишласа, ҳаддидан ошар эмиш, димоғи баландлашиб, овози жаранглай бошларкан, агар турмуш ўртоғидан кўпроқ пул топса, менсимай қўяркан. 

– Жамиятда, умуман оилада, эркакнинг ўрнига аёл ишлашига қандай изоҳ берасиз?

 

З. АҲМЕДОВ:

– Бундай масалага кенгроқ қараш керак, чунки бир томонлама фикр айтиш қийин. Гендер сиёсати деймизу, лекин, эркак оиланинг устуни эканини унутмаслигимиз керак. Баъзи оилалардаги муносабатларга кўзгу тутсангиз, оилада эркак ва аёл вазифалари алмашиб қолганини, икки ўртадаги мувозанат йўқолиб, эр ва хотин бир-бирини писанд қилмай қўйганини кўрамиз. Бугунги кунда кўплаб аёлларни бозордаги савдо ўринларида кўрамиз. Айтиш жоиз, бу ишни эркакларга қараганда аёллар яхши уддалашади. Раҳбарлик лавозимда ишлаётган аёлларимиз ҳам бор. Муҳими, аёллар қандай иш қилса ҳам, аёллик сифатларини, назокатини йўқотмасин. Эрни эр қиладиган хотин, лекин, эркакшода бўлиб кетмасин. Яъни, шоир таъбири билан айтганда, “Сен ўша меҳр-ла қол, сен ўша нур-ла қол”.

 

Г. АСҚАРОВА:

– Агар аёл ишлаб, эркак ишламаса, бу жиҳат ажралишга олиб келиши мумкин. Яъни, аёл ўзи ишлаб, оиласини асрай олишига ишонса, ҳеч ўйланмай бу қадамни босганига ўзим бир неча бор гувоҳ бўлганман. Бу ҳақда шоирнинг сўзларига эътибор беринг:

Миннатлидир, аёл пул топса,

Ишдан келиб, ҳам қозон осса,

Фарзандию, эрни ҳам боқса,

Эркак бошин эгмагин ҳаёт.

Узоқ-узоқ жойларда аёл, 

Келар бизга эҳ, қандай хаёл, 

Бу сўзларим келмасин малол,

Эркак бошин эгмагин, ҳаёт.

Фарзанд учун масъулмиз бизлар,

Сиз ҳам қараб ўтирмайсизлар,

Аммо бори шу, деб кўнмайсизлар,

Эркак бошин эгмагин, ҳаёт.

 

А. АКРОМОВ:

– Бир йигит  катта уй қуриб тугатаётганда  битта устун етмай қолибди. Хотини тилла узугини сотиб берибди. Кейин уй тўйи қилибди. Тўйда аёли “Агар мен тилла узугимни сотиб бермаганимда, бугун тўй ҳам бўлмасди, дебди. Бу ҳол ҳар куни такрорланаверибди. Охири эри ўша устунни олиб ташлабди. Айтмоқчиманки, келинглар, аёлимизга бундай гап айтишига сабаб қолдирмайлик. Қураётган уйимиз бугун бўлмаса, эртага битар. Менинг фикрим, аёл хонадоннинг фариштаси бўлиб, ишламай, уйда ўтирсин. 

 

С. РАҲИМБЕКОВ:

– Меҳнатсеварлик сифатлари оилада шаклланади. Фарзандларимизга ҳалол меҳнатнинг фойдали жиҳатларини тушунтиришимиз керак. Баъзи оталар бор, ўғлига шундай насиҳат беради: “Бир бойваччанинг қизини топиб, уйлансанг, бир умр ишламасанг ҳам бўлади”. Баъзи ота-оналар ўғлининг ичкуёв бўлишига ҳам рози. Уларни қандай тушуниш мумкин?

 

Қ. МИРЗАПЎЛАТ:

– Фикримча, келин ишласа, бунда ҳеч бир ёмон жиҳат йўқ. «Аёл ишламаслиги керак», деган қоидани ўрнатган оилаларни кўриб, очиғи, ҳайрон бўламан. Ҳатто айримлардан: «Келин оилада бола туғиб бериш, оиланинг хизматини қилиш учунгина керак», деган фикрни ҳам эшитганман. Очиғи, бундай гаплар фақат калтабинлик оқибатида келиб чиқади, деб ўйлайман.

Келин ишлаб, рўзғорга моддий ёрдам берса, турмуш ўртоғига маслаҳатгўй бўлса, бунинг нимаси ёмон? Айримларнинг: келиним ишласа, невараларимга вақт ажратолмайди, деб ўйлаши табиий ҳол. Лекин қайнота-қайноналар уларга ёрдам беришлари керак, деб ўйлайман. Болалар боғчалари ҳам етарли. Ҳам тарбия, ҳам савод беришади. Ёш оилага ҳар томонлама кўмак бериш катталарнинг вазифаси-ку, ахир. Лекин оиланинг моддий таъминотини фақат аёлнинг елкасига илиб қўйиш ҳам ярамайди.

 

М. БАКИРХЎЖАЕВ: 

– Эр-хотин – қўш ҳўкиз, дейишади. Оилада эркак ишламасдан, аёл ишлаб пул топса – бу эркак томонидан пасткашликдир, бунга умуман қўшилмайман. Агар эркак киши касал бўлиб ётиб қолса, унда аёли бошқа чораси йўқлигидан ишлайди. Лекин, эркаклик ғурури бор, оила масъулиятини бўйнига олган эркак ҳеч қачон аёлини ишлатиб, ўзи уйда ётмайди. Агар аёл бола тарбиясини, уй ишларини улгурса, у ҳолда бемалол ишласа бўлади.  

Мавзу долзарб бўлганлиги учун барча газетхонларимизнинг фикрларини кутиб қоламиз. 

 

 

Я. ҒАНИЕВА., 2017-07-28, 20:25 186
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.