26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ўпишиб кўришиш ҳаромми ё ҳалол?

Таҳририятимизга мурожаат этган навбатдаги муштарийнинг илтимосига биноан ушбу мақолани ёзишга аҳд қилдик. Гап ўпишиб кўришиш, саломлашиш ҳақида. 

Мақола учун материаллар тўплашга киришарканман, мавзунинг хақиқатдан ҳам долзарблигига ишонч ҳосил қилдим. Оврўпа маданиятининг таъсиридан ёки шаръий билимимизнинг саёзлиги натижасида бу ҳақдаги одобларни ўзимиз ҳам кўп бора бузганимизни тан олишимиз керак. 

Бугунги кунда қайнота ўз келини билан, келиннинг қайнилари билан, ёки йигитлар ўз дўстларининг рафи­қалари билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришаётганига деярли ҳар куни гувоҳ бўламиз. Гўёки бу одатий ҳол тусига кирди. Ўзларини “маданиятли” ҳисоблайдиган баъзи хонадонларда қайнота ва келиннинг ёки қайнона ва куёвнинг қўл бериб, қучоқлашиб ёки ўпиб кўришишлари айрим ҳолларда келин билан куёвнинг никоҳи бутунлай, қайта тиклаб бўлмайдиган даражада бузилиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигини биласизми? Айниқса, шаҳват билан  бўлса.

Балки муштарийларимиз орасида бундай ҳолатларни ўринли санаб, силаи раҳмнинг  бир кўриниши, меҳрини изҳор этиш аломати деб баҳолайдиганлар ҳам топилиши мумкин. Аммо умримиз мезонларини белгилаб қўйган шариат аҳкомларининг бу борадаги қоидалари ўзгачароқ. Келинг, бу борада ислом одоблари қандай эканлигига назар ташлайлик.

Мавзуга оид масалаларни таҳлил қилиш вақтида никоҳ, маҳрам, номаҳ­рамлик масалаларидан ажратиб қараш мумкин эмас. 

Аллоҳ таоло турли сабабларга кўра ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган. Эркак киши уларга уйланиши мумкин эмас, бундай қилиши ҳаром ҳисобланади.

Никоҳи ҳаром қилинган аёллар икки тоифага бўлинади:

I. Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар.

II. Никоҳи вақтинча ҳаром қилинган аёллар.

Никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар 3 хил бўлади:

1. Насаб йўли билан никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар:

* Оналар, момолар (ота-онасининг оналари).

* Қизлар, қизларининг қизлари (яъни на­­­­бира қизлар).

* Опа-сингиллар (ота бир она бошқа ёки она бир ота бошқа бўлиши мумкин).

* Ака-укаларнинг, опа-сингил­лар­нинг қизлари.

* Амма-холалар.

2. Қудалик асосида никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар:

* Қайноналар ва уларнинг оналари.

* Ўгай оналар.

* Фарзандларнинг хотинлари.

* Ўгай қизлар.

3. Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром бўлган аёллар:

Бу ҳукм остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа аёлни тўйиб эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри отасига, болалари ака-ука ва опа-сингилга айланади.

Пайғамбаримиз с.а.в. бу борада «На­саб туфайли ҳаром бўлган нарса эмиш туфайли ҳам ҳаром бўлади» – де­ганлар. Насаб йўли билан қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали ҳам ўша тоифа аёллар никоҳи ҳаром бўлади.

Никоҳи вақтинчалик ҳаром бўлган аёллар ҳам 3 хил бўлади:

* Эри бор аёл.

* Никоҳида турган хотиннинг опаси ёки синглиси...

* Ўзи учталоқ қилган аёл.

Шариат қоидаларидан хулоса қилган холда эркак кишига қачон ва кимни ўпишга рухсат берилган ёки ман этилган деган саволга қуйидагидай жавоб бериш мумкин.

1. Никоҳи абадий ҳаром қилинганлар эркак учун маҳрам хисобланади ва уларни ўпишга ва ўптиришга рухсат берилади. Бунга гуноҳ йўқ. Лекин, шу ўринда уламоларнинг таъкидлашича, вояга етган қиз ва сингилларни ўпиб, саломлашишдан тийилган маъқул.

2. Никоҳи вақтинчалик ҳаром қилинган аёллар номаҳрам хисобланади, яъни уларни ўпиш мум­кин эмас. Акс холда гуноҳ хисобланади.

Эри бор аёл учун қайноғаси, қайниси, эри­нинг ўртоқлари но­маҳрамдир. Шу қаторда аёл учун эркак қуда, эркак учун аёл қуда номаҳрам хисобланади. Куёв учун қайноғасининг ёки қайнининг хотинлари номаҳрам бўлади.

Бу эркак ва аёллар ўртасидаги че­гаранинг шариат белгилаб берган меъёр­лари. Ва лекин кундалик ҳаё­тимизда бази эркакларнинг бош­қа эркаклар билан ўпишиб салом­лашганининг ҳам гувоҳи бўлиб турамиз. Вилоятимиздаги ўрта билим бериш масканларининг бирида мактаб бити­рувчи синф ўқувчиларининг, яъни йигитларнинг бир-бирлари билан ўпишиб саломлашишининг оммавий тус олганига гувохи бўлганман. 

Мактаб маъмурияти бу беодобликка қарши тушунтириш ишларини олиб боргани ҳам эсимда. 

Ўқувчини бола деб, ҳали кўп нарса­лардан бехабар деб оқлаш мумкин. Лекин кўп­ни кўрган, тажрибаси мўл, бирор-бир кор­­­хонанинг бошлиғи бўлган тадбиркор ака­­­­­ларимизнинг ҳам гоҳида юқорида ай­­тилгандай “кўришишларига” нима дейиш мумкин? Афсуски, бундай ҳолатларнинг ҳам гувоҳи бўлиб турамиз. 

Эркак билан эркакнинг мана шу зайлда кўришишига лўттибозликдан қолган асорат, деб баҳо беришга мажбурмиз.

Шу қаторда ўпиб кўришишнинг шахсий гигиена ва санитария талабларига зид келишини ҳам унутмаслик зарур. Ҳаво йўллари орқали бериладиган юқумли касалликлар ва бактерияларни юқтириб олмаслик учун бундай одатлардан воз кечган маъқул.

Шунингдек, ҳамкасб эркак ва аёл­ларнинг ўпишиб кўришишлари ҳам динимизга ёт, кабираи гуноҳ удум.

Салом иймоннинг камоли, Исломнинг шиоридир. Салом пайғамбар суннати, улуғларнинг одатидир. Инсон маънавиятининг кўзгуси, меҳр-муҳаббат гарови, дўстлик аломати, инсоний алоқаларни мустаҳкамловчи метин аркон бўлган саломни гуноҳ орттириш воситасига айлантириб қўймайлик.

 

 

Алишер ҒОФУРЖОН ўғли, 2017-07-31, 19:33 196
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.