26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сўзлари элига эм бўлган

Қай даврда, қай за­монда бўлмасин, қи­­­­йин­­чилик кезларида йўл топ­­­­­­­­­ган, сўраганга маслаҳат бер­­ган, қозоқ халқининг бошини бириктирган, туғини тик тутган улуғ шахслар оз бўлмаган. Элимизни ҳам биз шулар туфайли сақлаб қолдик.

Тарихимиздаги улуғ шахслардан бири – Тавке, Бўлат, Абилмамбет, Жўлбарс, Абилай хонлар даврида элнинг борлигини ва бирлигини сақлаб қолиш учун курашган йирик арбоб, дала демократиясининг донишманди, аз-Тавке тузган бийлар кенгашининг аъзоси, атоқли нотиқ, “Жети жарғи” (“Етти Низом”) деб аталадиган қонунлар қомусининг ижод­­­­корларидан бири – Тўлебий Алибекулидир.

 

Қозоқларнинг халқ сифатида сақланиб қолишида куч-ғайратини аямасдан хиз­мат қилган Тўлебий Алибекули туғма қо­­билиятли, халқининг қанотли сўз санъа­­­­­­тини сингдирган, гавдаси олтин сан­­­­­­­­­­­диқ, қалби тийрак, ақли теран киши бўл­ган. Иқтидор ишига эрта аралашиб, одиллиги, гапга чечанлиги, топқирлиги билан халқининг ҳурматини қозонган. 

Тўлебий – туб-томири теран, насл-на­сабидан бошчилик жиловини тутган, эрк йўлида йўлбошчи, сўз келганда тўғриликдан чекинмаган, кўпчиликнинг қайғуси билан яшаб, ғамини еган, қийин кунларда қилни қирқ ёрган, вақтида бошига бахт қуши қўнган, юраги яра юртига тиргак бўлган, доно сўзлари эл дардига малҳам, нақллари ҳам­дам бўлган, ақли дарёдек, хонга ҳам, оддий халққа ҳам тенг бўлган дашт донишманди, оқил, доно, халқ йўлбошчисидир.

Тўлебийнинг бобоси Қудайберди бий – Есим хон даврида хоннинг ўнг  қўли, қозоқнинг бир қаноти Уйсин (Уйшун) улусининг улус-беги – бий киши бўлган. 1620 йили Есим хон Олтин хон билан, Нўғой Ўрдаси билан бирикиб, ўттиз минг қўшин билан ўйрот (қалмоқ) юртига чопқин уюштирганда Қора Иртиш бўйидаги  жангда  арғин Ағинтой, алшин Жиембет, қўнғирот Алатов, шапирашти Қорасой ботирлар билан бирга Қудай­берди бий ҳам қўшилганди. Отаси Алибек ҳам адолат туғини тик тутган, элга  сўзини тинглатган  бий эди.

 

u   u   u

 

Тўлебий Алибекули 1663 йили дунёга келган. Гомернинг қаерда туғилгани масаласида юнонларнинг етти шаҳари тортишгани каби, Тўлебийнинг қаерда туғилгани ҳалигача  илмий томондан ўз далил-исботига эга манба топилмаган. Шапирашти Қазибек Тавасарулининг “Туб-томиримдан ўзимга қадар” номли китобида бобомизнинг Арқаснинг этагидаги Олакўлда, Кўктума деган кичик ирмоқнинг дарёга қуйилиш жойидаги манзилда туғилгани тилга олинади. Айрим манбаларда Қазиғурт тоғига яқин, Бодом дарёсининг чап ҳавзасидаги Байтик деган жойда дунёга келган дейилса, бир қатор тадқиқотчилар Чу водийсининг Жайсан яйловида туғилган дейишади. 

Шу билан бирга, Арқаснинг ҳам, Чингизхоннинг ҳам ота-боболари исми билан аталадиган Баян Журек, Қапал манзиллари Тўлебийнинг ота юрти  эканлиги борасида ҳеч қандай зид маълумот йўқ. Жанту-Жарилқамис илгаридан Арқас билан Шимбаснинг орасида кўчиб-қўниб юриб, йўл қилган экан. Кейинчалик, бу водий Тўлебий яйлови деб аталиб кетган.

– Шунча олисга нега кўчасиз, ўзингиз туғилган Арқаснинг бағри етмайдими? – деганда, Тўлебий:

– У ёқда бобом Байдибек ётибди, бу ерда эса унинг отаси Қараш ётибди, –  дер экан.

Алибекбий ҳам бир муддат Арқасни, бир муддат эса Лепси дарёси бўйини макон қилади.

Тўғри, ўша нотинч замонларда бобола­римизнинг туғилган ерига оёқ тираб, умр суришига имкон бўлмаган. Босқинлар ва урушларда қозоқ халқи шамолда учган момақаймоқдек бир муддат кунботарда, бир муддат кунчиқарда яшашга мажбур бўлди. Қозоқ ерининг қай  бурчагига борсангиз, шу каби ҳолат юз берганининг гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Бутун умрини элининг тинчлиги ва бирлиги учун сарфлаган Тўлебийнинг тарих саҳнасига чиққан вақти – эл нотинч, дунё тус-тўполон бўлган, йилқини ёйсанг ёвники бўлиб турган; қозоқнинг оғзидан қопқоқ, бошидан тўқмоқ кетмаган; тиғ қинидан суғурилган; ботирларининг беш қуроли ёнида, от устида кун кўрган, ҳафтада бир камарини ечмаган давр эди. Жунғор хонлиги бўй кўтариб, ҳайбатли кучга айланиб улгурган эди. Бу аҳвол, айниқса Россия ва Хитойни қаттиқ таш­вишга солган, улар қозоқ ва жунғор каби от ёлига осилиб ўсган кўчманчи икки элни бир-бирига гиж-гижлаш орқали ҳолдан тойдиришга интилар эдилар. Қозоқларнинг халқ сифатида тарихда қолиши ҳам ноаниқ бўлиб қолган давр эди бу йиллар.

Ташқи хавфни зийраклик билан сезган Тўлебий Ўрта жузнинг бош бийи Келдибекули Қазибек, Кичик жузнинг бош бийи Бойбекули Айтеке билан бирга Тавкехон даврида Туркистон шаҳрини марказга айлантириб, уч жуз халқини бир чанғароқ остига бирлаштиришга, шу тариқа ягона Қозоқ хонлигини мустаҳкамлашга, жунғор босқинларига қарши қардош қирғиз, қорақалпоқ, ўзбек халқларининг иттифоқини тузишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга фаол қатнашди.

Култепада ҳар куни йиғин ўтиб, Хон кенгаши, Бийлар кенгаши ташкил топди. Аммо Кенгаш таркибидаги қирғиз ва қорақалпоқ бийларини қўятурайлик, бутун олти Алаш тугул, 170 га яқин уруғдан ташкил топган уч жуз бошини бириктиришнинг ўзи қийин эди.  Шунга қарамай, Тўле бошлаб, Қазибек билан Айтеке қўллаб-қуват­лаб, Ўрдабошидаги халқ йиғинида маъқулланган тад­бирлар туфайли келажакка ишонч мустаҳкамлана бош­лади. Абулхайр хон қозоқлар қўшинига бош сардор этиб сайланди.

 

u   u   u

 

Тўлебийнинг ақл-фаросати “Оқ товон чувринди, Алқакўл сувлама” даврида аниқ кўзга ташланди. У қозоқ ерини босқинчилардан озод этишга улкан ҳисса қўшди. Эл-юртини бирликка чақирди.  

Қозоқ хонлиги заифлашиб, жунғор­ларнинг босқинчилик ҳаракатлари кучая бошлаган даврда Тўлебий Қабанбой, Бўганбой ва Жонибек ботирлар билан  бирлашган халқ лашкарини тузиб, озодлик йўлида кураш олиб борди. Ўша аянчли чоғларда кўрсатган мардонавор хизмати Тўлебийнинг исмини бутун қозоқ халқининг ғурурига, миллатга беғараз хизмат қилишнинг рамзига айлантирди.

“Хон бўлганнинг қозиғи, қора халқнинг озиғи” аталиб,  хон билан авом орасида олтин кўприк бўлган Майқибий, Сипира жиров, Асанқайғи, Жиренша воизларнинг ўтмиш мероси Тўле, Қазибек, Айтеке сингари бийлар тарих юклаган оғир вазифани шараф билан адо этдилар. 

Аслини айтганда, бу бийларнинг ҳар қайсисини турли жузларнинг  бийи деб аташ ҳам шартли нарса. Уларнинг ҳар уччаласи ҳам қозоқ халқининг ижтимоий-сиёсий ва маъна­вий оламининг даҳолари эдилар. Қо­зоқнинг Катта жуз, Ўрта жуз, Кичик жуз деб тақсимланиши ҳам чин маънода бўлиниш, парчаланиш эмас, Улуғ Далани бошқаришнинг оқилона усули эди.

 

u   u   u

 

Абилайни тарбиялаб, уч жузнинг хони даражасига кўтарган Тўлебий эди. Болалигидаёқ унинг қобилиятини сезиб,  “Сабалақ”, исмини берган, ташқи кўздан яшириб, туя боқтириб юриб, бутун қозоққа хон кўтариш Тўлебий сингари доно кишининггина қўлидан келарди. Абилай хон ўсиб-униб, ҳам бийнинг, ҳам элнинг ишончини шон-шараф билан оқлади. Авлиё Бухор бобомиз ҳам буни вақтида айтиб кетган.

Тўлебий 1734 йили Россия подшоси Анна Иоанновнага ва Оренбург губер­натори И. Неплюевга хат йўллаб, тобе бўлишга рози эканлигини билдирди. Оғир даврда чорасизликдан қўйилган қадам эди бу. У жунғор босқинидан азоб чеккан халқнинг аҳволини яхшилашни биринчи ўринга қўйди. 1748 йили рус савдо карвони тўналганда “тўғри бийнинг туғишгани йўқ, туғишгани бор бийда иймон йўқ” деганларидай,  Қўйгелди ботирни бийлар кенгашига чақиртириб, бутун зарарни халқ кўз ўнгида тўлат­тирди.

1748 йили Абилхайр хон ўлдирилганда унинг ўғли Эрали султон отасининг хунини талаб қилиб, Тўлебийга арз қилди. Тўлебий Абилхайрнинг ўлими учун айбдорларнинг Жети жарғи (Етти Низом) қонунига хос етти хун тў­ла­­­ниши тўғрисида қарор чиқарди. Эрали айбдордан икки хун олиб, тўрт хунни кечирди-да, отасини ўлдиришга қатнашганлардан бири –Сиримбет ботирни еттинчи хун ўрнига ўз қўли билан ўлдирди. 

Абилхайрнинг ўғиллари бу билан чекланмай, Тўлебийга Бароқ султонга даъвогар эканлигини билдирдилар. Қочиб юрган Бароқ султон Тўлебийга келиб, суд ўтказишни сўрайди. Тўлебий йиғилишга Жалғанбий, Сирлибийни, Дабабийни, Қабек мирзони чақиртиради. Бийлар кенгашида Бароқ султон оқланди.

Абилхайрхоннинг ўлими учун одам­нинг хунини белгилаганда ҳам, Бароқ султонни оқлаганда  ҳам, қариндоши Қўйгелди ботирдан тўналган рус савдо карвонининг зарари учун икки минг йилқи тўлатиш қарорини чиқарганда ҳам Тўлебий элнинг турмушини бузмаслик, қўлидан келганча халқнинг тинчлигини, бирлигини сақлашни кўзлади. 

u   u   u

 

Тўлебий номи билан боғлиқ эл оғзида, халқ ёдида кенг мерос қолди.

Тўлебий болалик чоғидан эл ора­си­даги ер-мулк низолари, есир тала­шувларига аралашиб, катта-кичик ке­лишмовчиликларга ажрим чиқариб турган. Ўша замондаги таниқли ботирлар билан бийларнинг, ҳатто хонларнинг бир қанчасига маслаҳатчи бўлиб, йўл-йўриқ кўрсатиб ўтирган.

Тўлебий хон ва султонларнинг, бек­лар билан бийларнинг ўзаро уруш ва талашув-тортишувларининг миллат мус­тақиллиги ва эркинлигига фойда бермаслигини билиб, эл бирлигини байроқ қилиб кўтарди. Уни бийнинг: “Элга бой қут (бойлик, ризқ) эмас, бий қут”, “Буғдойнинг сомонида дон йўқ, ёмоннинг сўзида маъно йўқ”, “Бийинг бир буйруқчи бўлса, элинг аланг-жаланг бўлади” сингари насиҳат сўзларидан тушуниб оламиз. Бизгача етиб келган афсона ва ривоятларнинг ҳар бирида Тўлебийнинг эл бирлигини мустаҳкамлаш йўлидаги  хизматлари кўриниб туради.

Тўлебий Тошкентдаги Шайхонтоҳур қабристонига дафн этилган.  Ибратли умр сурган бийнинг ёрқин хотирасини кўплаб оқин ва жировлар ўз ижодларида кўйлаб, унинг донолигини уч асрдир ҳормай-толмай тилга оладилар. Атоқли рассом Тўқбўлат Тўғисбаевнинг чизган суратини Тўлебий бобомизнинг даҳо сиймосини қайтадан жонлантира олган ўта муваффақиятли ижод маҳсули деб айтсак янглишмаймиз.

Тўлебийнинг исми қозоқ халқи орасида ўта ҳурмат билан тилга олинади. Бу –  унинг бутун қозоқ халқи тақдирига алоқадор йирик воқеаларнинг ўртасида юрганининг далили. Тўлебийнинг за­мондоши, тақдирдоши Қазибекбий Тўле­бий оламдан ўтди деган, совуқ хабарни эшитганда: “Тўле ўлди дегунча, дунёда адолат ўлди десанг-чи. Мукаммал ҳокимиятга Тўле етган, мукаммал хон­ликка Есим етган, бу икковига ким етган?” – деб ерга таяниб, йиғлаган экан. Шунинг ўзиёқ алпларнинг бир-бирининг қадр-қиймати ва хосиятини  тан олганини кўрсатиб турибди.

Тўлебийни биргина қозоқ халқи эмас, ўзбек, қирғиз, қорақалпоқ, тожик халқлари ҳам  авлиё киши, бийимиз деб, исмини бугунги кунда ҳам яхши хотира билан эсга олади.

Тошкент ва Шимкент атрофидаги қозоқлар ва ўзбеклар Тўлебийнинг но­мини тўғридан-тўғри тилга олмайди. “Қалдирғоч авлиё”, “Қалдирғоч бий” деб қадрлайди.

“Ўзбек ССР Фанлар академияси ахбороти” номли илмий журналнинг 1954 йилги 2-сонида М. Е. Массон “Тошкентнинг ўтмиши” номли археологик-топографик ва тарихий-меъморий очерк нашр қилдирган. Унда “Инқилобгача Шайҳонтоҳурдаги қабртошлар кўплаб қабрпўшлар остига яширинган. Бу ерда ХVІІІ асрнинг биринчи ярмида Катта жузнинг бошқарувчиси дулат уруғидан чиққан қозоқнинг бийи Тўлебий “Қалдирғоч” лақаби билан аталган киши кўмилган” деб ёзади. Таниқли давлат арбоби З. Турисбеков Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси бўлиб хизмат қилган пайтда Тўлебий мақбарасини таъмирлаб, Айтекебийнинг мақбарасини қайта тиклашга кўп меҳнати сингди.

Тўлебийнинг ҳаёти, унинг асл меро­си, ўсиб-унган муҳити, даври ҳа­ли теран тадқиқ қилингани йўқ, ки­чик мақолалардан бошқа, айрим ҳаваскорларнинг ёзганидан бошқа кенг қамровли бир иш кўзга ташланмайди. Шунинг учун Тўлебийнинг ҳаёти ва фаолиятига алоқадор манбаларни Москва, Санкт-Петербург, Тошкент, Пекин шаҳарларига, яна ўзга юртлардаги бошқа шаҳарларга махсус мутахассислар бориб, изланиш олиб бориш зарур, деб ўйлаймиз.

 

 

(Давоми бор).

Мирзатай ЖЎЛДАСБЕКОВ., 2017-08-02, 19:26 1045
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.