26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тўй оқшомидаги ўйлар

Тўйлар мавзуси ҳамма вақт ОАВнинг диққат-эътиборида бўлган. “Жанубий Қозоғистон”да ҳам турфа мақолалар чоп этилган. Шундай бўлса-да, учрашувлар, ўзаро мулоқотларда ҳамюртларимиз тўйларга оид муаммоларни янада кенгроқ ёритишни сўрашади. Камина бугун баъзи фикрларни ўртага ташламоқчиман...

Газета тахламларини кўздан кечириб, тўйлар тўғрисида эълон қилинган мақолаларнинг аксариятида, одатда, миллий урф-одатларга риоя қилиш, тўйларни исрофсиз ўтказиш, келиннинг сарпоси-ю никоҳ кечаси киядиган либоси, меҳмонларнинг даврада ўзини тутиши каби ўта муҳим ва долзарб масалалар қамралгани гувоҳи бўлдим.

Ёз – тўйлар фасли. Шукурки, тўкинлик шарофати ила юртимизда байрамлар, тўйлар, гап-гаштак, зиёфатлар кўп. Тўй баҳонасида дастурхонга ноз-неъматлар тортилиб, чиройли либослар кийилади, янги уй жиҳозлари харид қилиниб, гиламлар тўшалади. Хуллас, тўй – эзгу орзу-умидлар тантана қилган кундир. 

Юртимизнинг ҳар гўшасида тўйлар ўзгача тарзда уюштирилади. Масалан, Сайрамда – наҳорга ош берилади, Қорабулоқда – “Тўй оши” наҳорда ёки тушлик пайти тортилади, Шимкентда – тўйнинг эртаси аёллар меҳмон қилиб кутилади.. Хуллас, ҳар жойнинг ўзига хос удумлари бор. Аммо, барча учун умумий масалалар мавжуд ва уларни биргалашиб ҳал этиш, уларга жамоатчилик назарини қаратиш ўринли.

Тўйнинг файзли ўтиши – унинг соҳиб-соҳибаларига, меҳмонларга, тўй бошқарувчиларга бевосита боғлиқ. Сўнгги йилларда тўйдаги янги-янги урфлар ҳам ҳаётимизга кирди. Никоҳ кечасини бир лаҳза кўз олдимизга келтирайлик...

Ана, ёш келин-куёв “Лимузин”да тўйхонага етишди, “Тўйлар муборак!” садолари остида ичкарига киришмоқда. Даврада келин ва куёв пайдо бўлиши билан карнай-сурнай овози янграб, доира-ноғора гумбирлаб, “тор жойда томоша” қизиди. Тўғри, тўйга келган меҳмон мезбон кўрсатган ўринга жойлашади, одоб юзасидан сабр қилади. Аммо қулоғи остидаги мусиқа садоларидан гангиб, нима еб, нима ичганини унутса, бечора дардини кимга айтсин? Меҳмоннинг тўй дастурхони атрофида маълум вақт ўтиришга сабри чидамаслиги, бетоқат бўлишининг бир сабаби шу эмасми?

Янгилик эмас, даврада келин ва куёвнинг қўл ушлашиб рақсга тушиши аввал бошда малол келган бўлса-да, ҳозир кўникдик. Лекин ушбу ҳолат тобора қуюшқондан чиқиб борётгандек, назаримда. Келин-куёвни узун навбатга туриб табриклаш ҳам русумга кирганига бироз бўлди. Бечораларни тўй кечаси ҳам ҳоли қўйишмайди. Масалан, бир тўйда хизматдошлар табрик сўзидан сўнг куёвнинг олдига чиқиб, қўл олиб, қучоқлаб, табриклашди, бу ҳам етмагандек, ўртага тортиб, ўйинга чорлашди. Куёвбола келинни саҳнада қолдириб, ўртада жазавали рақсга тушиб кетди. Никоҳ кечаси келин ва куёвни бир-биридан ажратмаслик кераклигини, наҳотки, йигитнинг жамоадошлари билишмаса? 

Тўйнинг чиройли ва тартибли ўтиши кўп жиҳатдан хизмат қилаётган санъаткорларга боғлиқ. Айниқса, бошловчи “тизгинни бўш қўйиб” юбормаслиги керак. Чунки ҳамма, ҳатто, тўй соҳиби ҳам унга қулоқ солади. Улар тўйнинг умумий қонун-қоидаларига бўйсунмаётганларни дарҳол тартибга чақириб, “эркалик” қилаётганларни мулойим тарзда тергаб қўйишса, айни муддаодир. Соҳирнафас, салкам “Халқ артисти” унвонига даъвогарлик қилаётган созанда-ю хонандалар ранжишмасину, даврада ижро қилинаётган куй-қўшиқлар ҳам маданиятимиз даражасини белгилашини унутмайлик. Халқ хизматидаги санъаткорларнинг кўпчилиги заҳматли меҳнатлари билан олқиш олаяпти. Тасаннолар бўлсин! Аммо айрим ҳолларда овоз кучайтиргич асбоблар қулоқни ларзага келтирадиган даражада созланиб, кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилмоқда. Бир таниш хонандадан, овозини сал пасайтиришнинг иложи йўқмикан, деб сўрасам, ранжигандек бўлди. Мусиқа шу даражада қаттиқ қўйиладики, ҳатто баъзи қўшиқларнинг сўзларини илғаб олиш қийин.

Яна бир гап: Сайрамда бундан бироз йиллар аввал никоҳ тўйларини бир кунда ўтказиш ташаббуси кўтарилган эди. Аслида, бу янгилик эмас. Зеро, Тошкентда аллақачон бир кунлик тўйга ўтилган. Яъни, узатилаётган қизникида никоҳ оши берилади-да, базм кечаси йигитникида бўлади. Бу нафақат иқтисодий жиҳатдан нафли, балки вақтни ҳам тежайди. 

Тўйни маданиятли ўтказишни, меҳмонга ҳам, мезбонга ҳам оғирлик туширмасликни ўйлашимиз зарур. Илоҳим, ҳар кимнинг топгани тўйга буюрсин, ҳар биримиз тўй кўрайлик! Хуллас, айрим мулоҳазаларнигина баён қилдим. Сиз нима дейсиз, азиз муштарий? Мактуб ва фикрларингизни кутамиз. 

 

 

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2017-08-04, 19:12 186
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.