26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Жануб – дўстлик бешиги

Култегин ёдгорликларида ёзилганидек, “Тотув элнинг насибаси бутун”.  Элбошининг ташаббуси билан тузилган, юртимизнинг бирлиги, барқарорлиги, тараққиёти йўлида улкан хизмат қилаётган Қозоғистон халқи Ассамблеясининг навбатдаги сессияси яқинлашмоқда. Ана шу муҳим анжуман арафасида биз тотувлик йўлида самарали хизмат этиб келаётган вилоятимиздаги ташкилот раисининг ўринбосари – ҚХА вилоят котибияти мудири  Муратали Қалмуратов билан суҳбатлашдик.

– “Тўртовлон тугал бўлса – унмаганни ундирар”, деган нақл бор. Мустақил Қозоғистоннинг чорак асрлик тараққиёт йўли бу мақолнинг нақадар тўғрилигини исботлади. Ушбу жараёнда Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ўрни ва роли ҳақида айтсангиз...

– Бугунги кунда “Барқарор ривожланишнинг Қозоғистон модели” атамаси жаҳон миқёсида оммалашган. Мамлакатимизнинг тарих мезонида арзимаган давр бўлган 25 йил ичида эришган муваффақиятлари ҳақида миллионлар ўқийдиган нуфузли нашрларда мақолалар, телеканалларда кўрсатувлар чиқди. Элбошининг, давлатимиз раҳбариятининг мустақилликкача бўлган даврдан мерос муаммоларни закийлик билан бартараф этиши, халқимизнинг тотувлиги ва сабр-қаноати туфайли барқарор ривожланиш йўлига тушиб олдик. Бу жараёнларда Қозоғистон халқи Ассамблеясининг хизмати беқиёс. Дунёда тенги йўқ бу ташкилот  мамлакат билан бирга ривожланиб, фаолият доирасини кенгайтириб бормоқда. Юздан ортиқ этник гуруҳлар вакиллари бир чанғароқ остида иш юритмоқдалар. Давлат раҳбарининг фаолиятимизга бевосита етакчилик қилиши эса унга берилаётган эътиборнинг нақадар улканлигини далиллайди. Қозоғистондаги бу тажрибани кўплаб мамлакатлар ўрганиб, ўзларида қўллаётгани ҳам бежиз эмас.

– Қозоғистон халқи Ассамблеяси “элимизда яшаётган камсонли миллатларнинг адвокати” деган фикр мавжуд эди. Бугунги кунда ташкилотни сиз қандай таърифлаган бўлардингиз?

– Кўпдан кўп гап чиқади. Аммо ташкилотимиз  вазифаси фақатгина камсонли миллатларнинг муаммоларини ҳал этиш ёки турли этносларнинг тили, маданияти ва анъаналари кунини ўтказиш билан чекланмайди. Қозоғистон халқи Ассамблеясининг асосий вазифаси – юртимиздаги тотувликни мустаҳкамлаш. Бош ниятимиз қозоқ миллатининг  мамлакатимизни бирлаштирувчи ролини ҳисобга олган ҳолда барча этносларни ягона мақсад – эл бирлиги, тинчлиги ва фаровонлиги йўлида бирлаштириш. Етти йўналишдаги аниқ дастурлар асосида иш юритмоқдамиз. 

Муваффақиятларимиз ҳам кўп. Биз Қозоғистонда илк бор «Ижтимоий тотувлик» ташкилотининг туман филиалларини ташкил қилдик. Фаолият самарадорлигини оширган бу қадамимиз Президент маъмуриятининг қўлловини топди. Тажрибамиз Астана, Алмати, Петропавл, Атирау, Ақтау шаҳарларида оммалаштирилди, Павлодар, Шарқий Қозоғистон вилоятларида бу иш давом эттирилади. 

Вилоятимиздаги барча мактаблар ва ўрта махсус таълим даргоҳларида бағрикенглик клубларини ташкил этишни таклиф қилдик, уларда «Дўстлик» клублари очилмоқда. Натижада, таълим даргоҳидаги клуб – таълим бўлими – ҳоким – Ассамблея котибияти занжири вужудга келмоқда. Бу эса ёшлар орасида пайдо бўлган ҳар қандай муаммони қисқа вақтда, ҳуқуқ маданиятини сақлаган ҳолда ҳал этиш имконини яратади. 

Яна бир ташаббус – маҳаллий ҳокимликлар вакиллари ва фаол ватандошларимиз иштирокида тез-тез йиғилишлар ўтказа бошладик. Уларда халқнинг ичидаги гап-сўзлар тарозига солиниб, зарурат туғилганда чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака қочади”, деган нақл бор.  Ассамблея, унинг қошидаги «Ижтимоий тотувлик» ташкилоти мана шундай кўнгилсизликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилаверади. 

– Бугунги кунда вилоятимиздаги этномаданият бирлашмаларининг фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Уларда қозоқ тилига эътибор қандай? Давлат тилини ўрганиш баробарида ўз тилларини унутиб қўйишмайдими?

– Вилоятимизда истиқомат қилувчи 3 миллионга яқин аҳолининг 700 мингга яқини турли этник гуруҳлар вакиллари. 20та вилоят этномаданият бирлашмалари ишлаб турибди. Уларнинг 17 Ёшлар қаноти, 11 якшанбалик мактаби, туман ва шаҳарларда 51та филиали бор. 

Якшанбалик мактабларда қозоқ тили дарслари ташкил этилган. Вилоятимизда иш қоғозлари 100 фоиз давлат тилида юритилмоқда. Қозоқ тилининг аҳамиятини яхши тушунган этник гуруҳлар вакиллари тил курсларини ўз ихтиёри билан келиб, ўқиётгани сир эмас. «Ижтимоий тотувлик» ташкилоти қошида ҳам қозоқ тили курсларини ташкил этиш, уларга кучли филологларни таклиф этиш ниятидамиз.

Шу билан бирга йил сайин турли этносларнинг тили, маданияти ва анъаналари куни ўтказилмоқда. Турли соҳаларда муваффақиятларга эришган этнос вакиллари вилоят ҳокимининг «Бауырмал» мукофотини олишмоқда. 

«Ғамхўрлик», «Юракдан юракка» хайрия акцияларида этномаданият бирлашмалари фаол қатнашишади. Илк бора «Достық сыйы» акциясини бошлаб юбордик. «Менинг элим – Қозоғистон!», «Мустақиллик таянчи – Мангу Эл!», «Қозоқ дастурхони», «Играй, гармонь!», «Дўстлик тилаги» каби тадбирларнинг барчаси биргаликда ўтказилмоқда. Бултур вилоят этномаданият бирлашмалари ҳамкорликда ота-онасиз қолган 260 болага 2,6 млн. тенге кўламида хайрия ёрдами кўрсатди. «Ижтимоий тотувлик» ташкилоти вилоятимиздаги 6 нафар бемор боланинг Алмати, Астана шаҳарларида даволанишига кўмаклашди, Арис шаҳридаги Болалар уйининг 9 тарбияланувчисини доимий оталиққа олган. Шунингдек, ўтган йили «Сайрам-Ўгам» тоғ тизмасидаги чўққилардан бирига «Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 20 йиллиги чўққиси» номи берилди. 

Бундан ташқари этномаданият бирлашмалари билан бирга жуда кўп тадбирлар ўтказмоқдамиз. Улар қаторида қозоқ халқининг меҳмондўстлиги, миллий ошпазлик санъатига эҳтиромни кўрсатадиган «Ет асу» фестивалини алоҳида кўрсатишни истардим. 

– Фестиваль давом этадими? Сизнинг бевосита ташаббусингиз билан уюштирилган бу тадбирни туман ва шаҳарларда ҳам ўтказиш керакмасмикан? 

– «Ет асу» фестивалини, аввало, давлатимизнинг бирлиги ва барқарорлигини таъминловчи мафкурамизни омма қалбига сингдириш воситаси сифатида билишимиз лозим. Фестивалдан мақсад таом пишириш эмас, миллий руҳни, мамлакатимиз тотувлигини тарғиб этиш. Итальянлар спагетти, турклар лавашини қанчалик мақтаса, биз, қозоғистонликлар ҳам ўз миллий таомларимизни шу қадар эъзозлашимиз зарур. 

«Ет асу» фестивали орқали қозоқ дастурхонининг танилиши учун хизмат қилмоқдамиз. Унда фақат бошқа миллат вакиллари томонидан тайёрланган миллий таомимиз тақдим этилади. Лойиҳа туфайли ўзга этнослар қозоқларнинг маънавий дунёсини чуқурроқ англайдилар. 

– Президентимиз Қозоғистон халқи Ассамблеясига юкланган вазифалар қаторида медиация тизимини ривожлантиришни ҳам кўрсатиб ўтганди.

– Тараққий этган мамлакатларда медиация жуда ривожланган. Аммо унинг ғояси қозоқ халқида азалдан бор. Турли низоларни бийлар кўпчиликка овоза қилмасдан ҳал этганини жуда яхши биламиз. Медиациянинг мақсади ҳам шу – турли муаммоли вазиятларда томонларни суддан олдин тинглаш ва томонларга мақбул йўл топиб, уларни тотувлаштириш.

Асрлар давомида мавжуд бўлган ушбу анъанани замонавийлашган кўринишда такрор жорий этмоқдамиз. Масалан, икки ёш ажрашиш ҳақида ариза берди. Бу ҳолда тегишли расмий орган «Ижтимоий тотувлик» ташкилотига хат юборади. Медиаторларимиз эса оиланинг бузилиши сабабларини ўрганиб, муаммони ечишнинг йўлларини таклиф этадилар, имкони борича уларни яраштириб қўйишга ҳаракат қиладилар. 

Биз вилоятдаги барча фуқаролик ҳолатларини қайд этиш органлари (ЗАГС), вилоят суди, адлия департаменти, нотариал палата ва адвокатлар уюшмаси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаганмиз. Кўпни кўрган, сўзи ўткир қарияларни бу ишга жалб этганмиз. Уларга давлат кўмаги белгиси сифатида «Қоғамдық келісім төрағасы» гувоҳномасини бериш ниятидамиз.

Медиаторларимиз ижтимоий аҳамиятга эга бошқа тортишувларга ҳам аралаша олади. Туман-шаҳарлар ҳам фаолиятимизни қўллашмоқда. Ишлаётганимизга атиги бир йил бўлсада, Туркистон шаҳри, Сайрам, Тўлебий туманларида самара яққол кўринмоқда. Келажакда медиация хизматининг кенгайиши аниқ.

– Охирги йилларда Жанубий Қозоғистон вилоят халқи Ассамблеясининг фаолиятида янги қирралар намоён бўлмоқда. 

– Ҳа, биз ижодий йўналишни кенгайтириш ниятидамиз. Тўкис таъмирдан чиққан 800 ўринли «Қазақстан» кинотеатри бизга берилмоқда. Бино қаршисида турли этнос вакиллари тўплаган маблағ ҳисобига қад ростлаган «Қазақ еліне мың алғыс!» монументи турибди. Қозоқ халқига эҳтиром белгиси сифатида қўйилган мазкур ёдгорликка «Тағдыр тәлкегімен қазақ жеріне қоныстанған барлық этностар атынан ҚАЗАҚ ЕЛІНЕ МЫҢ АЛҒЫС!» деган битик ўйиб ёзилган. Бинода этномаданият бирлашмалари бошқарувлари ва турли ижодий уюшмалар жой олади. Уларнинг самарали ишлашлари учун имкониятлар яратилади. 

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда махсус саҳифаларимиз бор. Журналистлар ва блогерлар клуби ишлаб турибди. Унинг аъзолари ҳар ойда йиғилиб, эл бирлиги ва жамият барқарорлигини мустаҳкамлашга оид ишларни маслаҳатлашишади, ташаббусларни амалга ошириш йўллари тўғрисида фикр алмашишади. Клубнинг таклифларига кўра «Дўстлик туҳфалари» акцияси, «Мен қозоғистонликман!», «Дўстлик тилаги» лойиҳалари амалга ошди. Турли этносларнинг фаол иштирокида «Қазақ еліне мың алғыс!» туркум видеолавҳаларини суратга тушира бошладик. Улар ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилади.

Сўз сўнгида Қозоғистон халқи Ассамблеяси ижтимоий тотувликни таъминловчи ташкилот эканлигини ёдимизда тутишимиз лозимлигини эслатишни истардим. 

– Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

А. САРМОНОВ суҳбатлашди., 2017-04-24, 15:27 150
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.