26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Сўзлари элига эм бўлган

(Давоми. Боши ўтган сонда).

 

Кейинги йилларда  “Маданий мерос” давлат лойиҳаси дои­расида олиб борилган изла­нишлар натижасида Тўле бий билан боғлиқ муҳим манбалар ва унинг ўғли Жўлоннинг су­рати Пекин архивидан то­пилди. Итальян рассоми Кас­телиано чизган расмда Тўле бийнинг элчиси Жўлон Хитой императорига от тортиқ қила­ётгани тас­вир­ланган. 

Бу қадимий сурат нусхасини  олима Марварит Абусейитова Тайпейдаги архивдан олиб кел­ган. Бир вақтлар Тўле бийнинг авлоди Муслимбой Дайирбеков шу суратни ва Тўқбўлат Тўғисбаев чизган қозоқнинг уч бийи портретини менга топширган эди. Тўле бийнинг шажарасини эса унинг еттинчи авлоди Умирбек Темирули тақдим қилган. Ушбу ўта қимматли ёдгорликлар бугунги кунда Назарбаев Маркази жамғармасида сақланмоқда.

Ўша даврдан қолган қимматбаҳо ёдгорликлардан бир қанчаси – Тўле бий бобомизнинг ўтовининг олдинги қисми, чопонининг астари, у инсон ўқиб юрган Қуръон нусхаси, юзига ёпилган гиламча Тў­­­­­ле бий туманининг Киелитас овулида, Тўле бийнинг Довулбойидан тарқаган еттинчи авлоди Балиқбойнинг Еркинбегининг оиласида сақланмоқда. Ўз вақтида вилоят раҳбарларига ҳам айтдим, ўзим ҳам сўраб бордим, бироқ бермади. Аслида кўп­чиликка муштарак бу мерос давлат қарамоғида сақланса, тузук бўлар эди.

 

u   u   u

 

Рус тарихчиси А. Левшин илмий ишларидан бирида Тўле бийнинг Жўлбарс хон ўлгандан кейин Тошкентни олти йил бошқаргани ҳақида ёзади. Қазанғап Байбўлули “Тўле бий тарихи” номли китобида 1718 йилда Тошкентнинг теграсида етти ариқ қаздириб, экинзор-боғлар барпо этганини ёзган.

Умрининг сўнгги йилларида Тўле бий ўзининг Тошкент ҳокими эканини Хитойга ҳам, русларга ҳам тан олдира билди. Бунга халқаро вазият ҳам таъсир кўрсатди. 1745 йили Галдан-Церен вафот этди. 1750-йиллари Абилай хон бошлаган қозоқ лашкари жунғорлардан мамлакатни тўлиқ озод этди ва 1755 йили ҳозирги Хитойдаги Чугучак қалъасигача от ўйнатиб борди. Тўле бий умрининг охиригача (1756 йил) Тошкент ҳокими бўлди.

Халқимизнинг босиб ўтган йўлидаги турли давр­ларга тегишли кўплаб жир, мақол-матал, ривоят, достонларини тўплаган тарихчи Машҳур Жусип Кўпейули: “Ботирлар ичида қоракерей Қабанбайдан ўтадиган ботир йўқ, уйсин (уйшун) Тўле бийдан ортиқ бий йўқ”,  деганди. Тўле бийни ўз вақтида хон ҳам, қора халқ ҳам сийлаган, ҳеч ким у кишининг олдини кесиб ўтмаган.

Тўле, Қазибек, Айтеке – қозоқ халқининг илк ҳуқуқ тизимини тузган уч даҳоси, давлатимизнинг уч тиргаги, одилликнинг уч устуни, ҳокимият ва сўз санъати – чечанликнинг йиқилмайдиган уч туғи эди. Қозоқ маънавиятининг салтанат қурган пайти ҳам, қозоқнинг эзгу сўзга қулоқ осган кези ҳам ушбу уч бий даврида бўлди.

 

u   u   u

 

Тўле бийнинг вафоти ҳақидаги хабарни Абилай хонга Бухор жиров етказди:

 

Эй, Абилай, Абилай,

Туғилган одам ўлади,

Кафан кийиш вақти келади.

Ажралдик қозоқнинг тоғидан,

Тўғри сўз, тап тортмас, берди жон. 

Элимда тенги йўқ эр эди,

Йўлбарс эди у, шер эди.

 

Дунёни тебратган нор туядек,

Ақли уммон кезган кемадек...

Хайрлисин берсин ортидан,

Отанг ўлди Тўледек! 

 

Абилай:

– Оқилим ўлган экан, дунёдаги энг яқиним ўлган экан, донишмандим, охуним ўлган экан, – деб шилқ этиб ўтириб қолибди.

 

u   u   u

 

Шўролар империяси даврида тарих сиёсатга айлантирилди, Алашнинг жонкуярлари  ўз халқига ёв қилиб кўрсатилди. Бир-бирига гиж-гижланди. Содда қозоқ муддао нималигини англамади. Эл орасида ғийбат, бахиллик, бўлиниш оловланди. Давлат пойдевори емирилди. Улуғ Дала тирқираб, ким дўст, ким қардош эканини билолмай, қадди дол бўлди. Шу тариқа ўз яхшиларини ўзи хўрлади.

“Қартайдик, қайғу тушди, улғай­ди армон” деганида Абай ҳали кексаймаган эди. Уни қаритган ҳам, ҳассага таянтирган ҳам, бошини эгган ҳам, Шокаримни қудуққа ташлаган ҳам, Биржонни занжирбанд этган ҳам, Имонжусипни аравага тескари ўтқазган ҳам, Қурманғазини зиндонга солган ҳам – қозоқ.

Тўле, Қазибек, Айтеке бийлар шундай фалокатлар бўлишини, эл-юрти, ери талон-торожга тушишини, элнинг тинчлиги бузилишини қанчалик ҳис этганини, шу боис қанчалар хавотирланишганини тасаввур қилса бўлади. Уларнинг орзу-армони – мамлакат яхлитлиги-ю элнинг бирдамлиги эди.

Бугун биз эришган Мустақилликка даҳо уч бий ҳам, улуғ Абилай хон ҳам, эрк йўлида бошини дорга тиккан баҳодирлар ҳам, Абай ҳам, куни кеча кўз олдимизда ҳаётдан кўз юмган Мухтор Ауезов ҳам ета олгани йўқ. Шукр, бизга насиб этди. Бу бахтга халқи билан бирга Президент Нурсултан Назарбаев етди. Шу тариқа, кўз ўнгимизда эл ҳам, замон ҳам ўзгарди. Эл эсини йиғди, этагини ёпди, қаддини ростлади.

Мустақил Қозоқ Эли эзгу йўлга қадам қўйди. Ушбу йўлни Нурсултан Назарбаев бошлаб берди.

Биз буюк тарихий жараёнда, авваллари қозоқ халқи эриша олмаган бахтга эришиб, бошқалар амалга ошира олмаган иш – Мустақил давлат тузишга муваффақ бўлдик. Бу вазифани  эл ичидан отилиб чиқиб, оғирликни бўйнига олган, тақдирини эл тақдири билан боғлаган, шу тариқа халқнинг азалий орзусини рўёбга чиқарган элимизнинг довюрак фарзанди Нурсултан Назарбаев зиммасига олди. Масъулияти ҳам, қийинчилиги ҳам мўл бўлган ушбу йўлда Президент халқига таянди.

 

u   u   u

 

Нурсултан Назарбаевнинг: “Мен ўз халқим йўлида бошимни тиккан одамман. Менга ор-номуси учун жонини садақа қиладиган шундай жонкуяр халққа, мени ўғлим деб, фарзандим деб бошига кўтарган халққа, ўтмишда қозоқ боласининг бирортасининг пешанасига буюрмаган бахтни – Мустақил давлат барпо этишнинг бошида бўлиш бахтига муяссар қилган халққа хизмат қилишдан ортиқ ҳеч нарсанинг кераги йўқ, шу йўлда мен ўзимда бор ғайрат ва шижоатни, билимни аямасдан ишга соламан, ҳар қандай хавф-хатарга қарши тураман”, дегани эл-юртнинг ёдида. Чин кўнгилдан айтилган бу сўзларни унутиш мумкин эмас.

Худога шукр, бугунги кунда ер юзини тан олдирган, бирлиги ярашган мустақил элимиз бор, элимизнинг йўлбошчисини юксалтириб, Тўле бийнинг орзусини амалга ошириб, Абилай хоннинг омонатини ўрнига қўйган эр йигитимиз бор, қулон югурса туёғи тўзадиган, қирон учса қаноти толадиган бепоён еримиз бор.

Узоқ тарихимизга кўз қиримизни ташласак, хўрлик кўрган, соддалигимиздан, оқкўнгиллигимиздан, ишонувчанлигимиздан, бўлинувчанлигимиздан азоб кўрган халқмиз. VII асрга оид Култегин битиктошида қуйидагиларни ўқиймиз:

– Эй, турк беклари, халқи! Сизлар тахтга хуштор­сизлар, олаланишга тайёрсизлар. Ота-боланинг муросасизлиги, оға-инининг ўзаро низоси, беклару халқнинг ўзаро ёвлашганидан ҳоқонингдан, ҳоқонлигингдан, эллигингдан, тўрдаги жойингдан айрилдинг. Қаерларда жафо тортмадинг! Қайсидир биринг ўнгга тортдинг, бошқа  биринг чапга, шунда не фойда топдинг? Бек ўғилларинг қул, пок қизларинг чўри бўлди. Турк беклари, турк халқи, ўкин!

Суягинггача зирқиратадиган ушбу сўзларни ота-боболаримиз юрагининг қони билан, кўзининг ёши билан мангу ўчмас қилиб тошга ўйиб ёзганлар. Буни ҳеч қачон унутиб бўлмайди.

Бий бобомизнинг: “Ҳаромнинг йўли қийшиқ, Инсофнинг йўли тўғри эди; Яхши-ёмон ҳар кимнинг орасидан ўтади; Аразлашмай, талашмай тотув юрсанг не бўлар? Иттифоқи бор бўлса, бу дунёнинг бойлиги барингга тугал етади”, деган сўзларини ҳам унутмайлик.

Майқи бий, кейинроқ Тўле, Қазибек, Айтеке бий боболаримизнинг бизга қолдирган ҳам васиятига, ҳам омонатига хиёнат қилмайлик! Оллоҳ ушбу бирдамлигимиздан айирмасин.

 

 

Мирзатай ЖЎЛДАСБЕКОВ., 2017-08-04, 19:16 173
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.