26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳити: ютуқлар, муаммолар, режалар...

“Оңтүстік” ахборот марказида Элбоши Н. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласини тарғиб қилиш, этнослараро бирлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, ижодкорлар орасида алоқаларни янада жонлантириш мақсадида “Қозоғистон ўзбек адабий муҳити. Ютуқлар. Режалар” мавзуида давра суҳбати уюштирилди. Унда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси, вилоят мақомидаги “Чашма”, шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган “Чимкент”, “Сайрам”, “Исфижоб” каби адабий уюшмаларнинг аъзолари, жамоатчилик вакиллари ва ёш ижодкорлар иштирок этишди.

Тадбирни “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси директор-бош муҳаррири А. Сотволдиев очиб, “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласидаги “Миллий бирлик” тушунчаси ва “Туғилган юрт” дастурининг мазмуни ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида” мавзуида маъруза қилди. 

Дарҳақиқат, Элбошимиз мақоласида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга зиёлилар – ёзувчи ва шоирлар қавми ҳам ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Мақсадсиз олдинга қадам қўйиш мумкин эмас. Адабий муҳитда рақобатбардош бўлиш – бутун ижод аҳли учун долзарб вазифа. Шу ўринда онгни янгилашга туртки берувчи омиллар қаторига лотин алифбосига кўчиш, “Янги гуманитар билим. Қозоқ тилидаги 100 янги дарслик”, “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаларини киритиш мумкин. 

Айтиш жоизки, кекса бўғин ижодкорларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Қозоғистонда ўзбек адабий муҳити шаклланган, ҳозирги кунда 12 та ижодий уюшма фаолият кўрсатади, назм ва наср йўналишидаги китоблар чоп этилмоқда. Ўтган йили Мустақилликнинг 25 йиллигига бағишлаб Алмати шаҳрида чоп этилган “Мангу элим менинг” жамоа тўпламида 6 нафар ўзбек шоирининг ижодидан намуналар берилишини ютуқ сифатида кўрсатиш мумкин. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Эрназар Рўзиматов, Баҳодир Собит, Ҳавазмат Қўчқоров, Абдураҳим Пратов, Зокиржон Мўминжоновлар баракали ижод қилишмоқда. “Жанубий Қозоғистон” газетаси ва “Ижодкор” адабий бирлашмаси ташаббуси билан орадан 17 йил ўтиб, яна икки нафар ҳамюртимиз Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабулланди...

Шундан сўнг сўз олган Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси раиси Абдураҳим Пратов “Қозоғистондаги ўзбек адабий муҳити ва келажакдаги режалари тўғрисида” гапириб, ижодкорлар олдида турган долзарб муаммоларга тўхталди. Жумладан, жорий йил – “Таржима йили” деб эълон қилингани, ўзбек ижодкорларининг асарларини қозоқ ва бошқа тилларга ўгириш бугунги куннинг долзарб масаласи эканини эслатди. “Шундагина уларнинг ижоди кўпчиликка танилади, Қозоғистон адабиётининг бир қисмига айланади”, деб таъкидлади у.

“Жемқорлықсыз Қазақстан” газетаси бош муҳаррири Асет Ассандининг фикрича, ижодкорларнинг бу каби учрашуви яхшилик нишонасидир. Зеро, ижод аҳли халқнинг дардини ёритади, улуғвор мақсадларга етаклайди. 

Абдураҳмон Жомий, Рабиндранат Тагор, Надежда Кондакова, Петрусь Бровка каби мумтоз адабиёт вакилларининг моҳир таржимони, таниқли қозоқ шоири Нармахан Бегалиули давра суҳбати иштирокчилари эътиборини қозоқ ва ўзбек халқларининг бирлиги масаласига қаратди. “Бунга тарихда мисоллар етарли, – деди у. – Масалан, қозоқнинг илк темирйўл муҳандиси Мухаммеджан Тинишбаев Қўқон Республикасининг биринчи бош вазири бўлган; таниқли давлат ва жамоат арбоби Ўзбекали Жонибеков ҳам адабиётшунос олим Қулбек Ергўбек билан мусоҳабасида ўзининг исми ҳақида айтиб, қозоқ ва ўзбек халқлари дўстлигини мисол қилган экан”. 

“Чимкент” ижодий бирлашмаси раисаси Эркиной Султонова “ЭКСПО-2017”га атаб чоп этилган “Шырайли Шымкент шайырлары” китоби билан таништириб, мазкур тўплам нуфузли кўргазмага ўзбек ижодкорларининг муносиб туҳфаси бўлишини таъкидлади. 

Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига тўхталди. У, шунингдек, сўнгги пайтларда Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон орасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни ҳам тилга олди. Ижодкорлар ҳам бундан мустасно эмас. Бу борада, айниқса, қозоқ ижодкорлари фаоллик кўрсатишмоқда. Жумладан, бир неча ой муқаддам таниқли қозоқ адиби, Давлат мукофоти совриндори Сабит Дўсанов ҳажвчи ва таржимон Меҳмонқул Исломқулнинг 70 йиллигида иштирок этиб, уни “Алаш” Халқаро адабий мукофоти билан тақдирлади. Бу – Ғафур Ғулом, Ойбек, Собит Муқонов, Сирбай Мауленовлар пойдеворини қўйган дўстлик алоқаларининг бугунги кундаги ёрқин ифодасидир. Сўзининг ниҳоясида И. Ҳошимжонов ўзбекзабон шоир ва ёзувчиларни Астана шаҳрида жорий йил 5 сентябрда ўтадиган “ЭКСПО-2017”даги Ўзбекистон кунлари”да фаол иштирок этишга чақирди. 

Тадбирда, шунингдек, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Собит, таржимон Атанбек Науризлар кун тартибидаги масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини баён этишса, ёш шоира Майсара Сапарова қозоқ тилида шеърлар ўқиди.

Шундан сўнг Н. Бегалиев ва И. Ҳошимжоновлар Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасига янгидан қабулланган Суннатилла Акромов ва Соатой Камол қизига аъзолик гувоҳномаларини тантанали равишда тақдим этишди. Ижодкорларни йиғилганлар номидан фахрий устоз Каримжон Юсвалиев қутлаб, уларга ижодий муваффақият ва омад, мустаҳкам соғлик тилади. 

А. Сотволдиев тадбирга якун ясар экан, таниқли қозоқ шоираси Ханбиби Есенқараеванинг узрли сабаблар билан кела олмагани, телефон орқали ўзининг эзгу истакларини баён қилганини айтди ҳамда давра суҳбатида фаол иштирок этган меҳмонларга, барча ижодкорларга самимий миннатдорчилик билдирди. 

 

 

Тасвирларда: тадбирдан лавҳалар.

Зокир АҲМАД, 2017-08-04, 19:18 704
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.