26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Оилавий бахтга эришишнинг синалган усули

Эрта тонг турмуш ўртоғимни ишга кузатгач, тез-тез нарсаларимни йиғдиму уч ёшли ўғлимни олиб, онамникига жўнадим. Онажоним ва дадажоним мени очиқ юз билан кутиб олдилар. Аммо мен уйга кирдиму, онамни қучоқлаб, йиғлай бошладим. Бу ҳолатни кўрган дадам қўлимдан набираларини олдилару, бошқа хонага ўтдилар…

– Онажон, мен ортиқ чидай олмайман, ажрашаман куёвингиз билан! Жонимдан тўйиб кетдим, онажон! 

Онажоним: «Хўп, қизим, хўп, қизалоғим, сен нима десанг, биз розимиз. Дадажонинг билан мен доимо сени қўллаб-қувватлаймиз. Ўзингни бос, қизалоғим, доим ёнингдамиз», деб мени овутдиларда, ошхонага олиб ўтдилар.

– Куёвингизнинг қилиқлари жонимга тегди. Ишдан кеч қайтади, доим баҳонаси тайёр. Гоҳида мендан араз қиладилар, мен билан тузук-қуруқ, дилдан гаплашмайдилар, мени ёмон кўрадилар. Мен бундай ҳаётда яшай олмайман. Гоҳида менга жаҳл қилиб, бақирадилар, тўйиб кетдим, онажон…

Онажоним сукут билан, бир оғиз гап қўшмай тингладилар. Сўнгра бир оз вақт жим ўтирдилар-да, бир варақ оқ қоғоз ва қалам олиб, қоғозга ўртасидан узунасига чизиқ чизиб, менга узатдилар ва дедилар:

– Шу чизиқнинг чап томонига куёвимнинг айбларини бирма-бир ёзиб чиқ.

Менинг:

– Нега, онажон? – деб сўрашимга эътибор ҳам бермадилар.

– Ёз, ёз, сен ёзавер… – дедилар.

Мен ҳам бир оз ўйланиб ўтириб, иштиёқ билан ёза бошладим. 

«Ишдан кеч қайтади. Менга жаҳл қилади. Мен билан гаплашмайди. Менга бақиради» каби феълларини туширар эканман, ўйладим:

– Онажоним доим «яхши» дейдиган куёвларининг аҳволини бир кўриб қўйсинлар, бир боплаб ёзай, қоғозлари тўлиб кетсин…

Ёзиб тугатдим-да, онажонимга узатдим. У ёзганларимни ўқиб ҳам кўрмадилар-да, қоғозни ўзимга қайтариб, дедилар:

– Энди ҳар бир ёзган куёвим ёмон феълининг рўпарасига, чизиқнинг ўнг томонига унинг ўша феълига сенинг ўзинг қиладиган жавобингни ёзиб чиқ, – десалар бўладими?

– Ёз, ёза қол! 

Мен жавоб ёзмай ҳеч қаёққа кетолмаслигимни англагач, амаллаб ёза бошладим.

«Ишдан кеч қайтадилар» нинг рўпарисига – “Кеч келгани учун қовоқ уйиб кутиб оламан”;

«Менга жаҳл қиладилар» нинг рўпарисига – «Мен кейин хафа бўламан, овқат тайёрламайман» каби ўзимнинг уларга жавоб ҳисларимни амаллаб қоғозга туширдим.

Онажонимга узатар эканман: «Куёвингиз-да, ҳаммасини бошлайдиган!» – дедим. Онам қўлимдан қоғозни олдилар-да, қайчи билан ўрта чизиқдан тенг иккига бўлдилар. Куёвларининг ёмон феъллари ёзилган бўлагини ғижимлаб, ахлат челагига ташладилар. Менинг қўштирноқ ичидаги «феълларим» туширилган қоғозни ўзимга узатдилар-да:

– Қизалоғим, ҳаёт ўйинчоқ эмас, қўлингда ўз қўлларинг билан ёзилган «феълларинг» турибди. Ҳозир кийинасан, набирам биз билан қолади. Қўлингдаги қоғоз билан уйингга борасан. Ўз уйингда ўз феълларингни ўқиб, ҳазм қиласан. Куёвим сенинг қандай феълларингга чидаётганини ўйлайсан. Ақлингни йиғ! Ўшандан кейин ҳам «Йўқ, мен ҳақман!» – десанг, биз рози, – дедилар-у қўлимга қоғозни тутқазиб, кўчага чиқариб қўйдилар.

Мен нима бўлганини англаб-англамай уйга кириб келдим. Ошхона курсисига омонатгина ўтирдим-да, ўз қўлларим билан ёзган чиройли «феълларим»ни ўқий бошладим. Ўқир эканман, «Наҳот мен шунчалар ёмон аёл бўлсам, наҳот менинг турмуш ўртоғим шу феълларимга чидаб яшаётган бўлсалар?!» – дедим.

Мен ўзимнинг шайтонга қулоқ тутган нафсимни деб норасида ўғлимни тирик етим, ўзимни эса бебахт қилишимга бир баҳя қолганлигини сездим. Ҳушёр торттим-да, турмуш ўртоғим ишдан келишларига тансиқ овқат тайёрладим. Уйларни гўзаллаштирдим.

 Турмуш ўртоғим ишдан қайтдилар. Мен юзимда табассум, очиқ чеҳра билан уларни кутиб олдим. Ҳурматларини жойига қўйиб, аёллик мулозаматини қуюқлаштирдим. Хўжайиним ҳайрон, хурсанд эдилар. Ва ниҳоят:

– Бугун кун бошқачами? – дедилар.

 Мен эса уларга шундай дедим:

– Сизни менга тақдир қилиб берган Аллоҳимга ҳамдлар бўлсин! Энди бутун ҳаётимиз бошқача бўлади…

 

 

 

Maslahatim uz.дан олинди, 2017-08-07, 18:23 167
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.