26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бир қултум сув

…Навбатдаги снарядни отга­нимиздан сўнг командирнинг бақиргани эшитилди.

– Ҳамма панага! Окопга!

…Ўзимни торгина окопчамиз тагига таппа ташладим. Қинидан чиқиб кетгудай бўлиб ураётган юрагим ҳам аста-секин тинчлана бошлади. Бошимдан каскамни ечдим-да, тагида ғижим бўлган ва тердан нам пилоткам билан юзимни артдим. Тепага қулоқ соламан, немис пулемёти бизнинг ўт очиш нуқтамизни ўққа тутяпти. Бошимизга қум ва кесаклар тўкилади. Чор-атрофимиздан осмонга чанг-тўзон кўтарилмоқда. Бироқ бу пулемёт ўқлари бизга унчалик хавфли эмас. “Ерга яқинроқ бўл, ер ҳимоя қилади. Окопни чуқурроқ қазинглар”, деб командиримиз жавраган маҳалларда окоп қазийвериш малол келган пайтлар ҳам бўлган. Мана энди биляпмизки, окопнинг чуқури жоннинг паноҳи экан. Фақат душман анави чийилдоқ олти оғизли миномётларидан ўқ ёғдириб қолмаса, бўлгани. Шуни ўйласам, кўнглимга яна ваҳима аралаш нохуш бир хижиллик оралай бошлайди.

…Ишимиз ўнгидан келди. Биз ҳозиргина ўзимизга топширилган вазифани уддаладик. Қирқ беш миллиметрли тўпчамиз билан қаршимиздаги душманнинг портловчи ўқ отадиган катта калибрли пулемёт нуқтасини яксон қилиб, пиёдалар ҳужумига йўл очдик. Энди навбатдаги буйруққача дам олиб турсак бўлаверади. Жойимизни пайқаб қолиб, ҳалидан бери акиллаб ётган душманнинг бошқа бир пулемёти овози ҳам, ниҳоят, ўчди.

Ёзнинг тип-тиниқ осмони. Окопга қуёш нури тушиб, қиздира бошлади. Танамиз сояда бўлса ҳам бошимиз қизиб кетди. Ко­мандиримиз – старшина Фредков букчайганча окопнинг соя томонига ўтиб ўтирди.

– Бопладинг-а, аблаҳларни, – деди у мамнунлик билан куларкан, соқоли ўсиб, чанг ўтириб қолган юзи тиришди. – Комбат ишни уддаласангиз, ҳар бирингизни “Жасорати учун” медалига тав­сия этаман, деган. Медали йўқ­лар гимнастёркасидан тешик ҳозирлайверсин. Комбат бир сўзли…

Ҳамма аскар ҳам, айниқса(ҳеч қандай мукофот олмаган бўл­са), медаль олса, ўзида йўқ хурсанд бўлади. Хизматинг тақ­дирланаётганини ҳис қилиб туриш, ёқимли-да. Менда-ку иккита медаль бор, лекин манави ошналарим, Федотов фбилан Хрипиннинг ҳам гимнастёркасига биттадан нишон осилса, зап иш бўларди-да…

– Ҳа, бари бекор гап, қизиқ­тириш учун айтаверади-да. Бундай очиқ майдонда, медаль оламан, деб ўлиб кетиш ҳеч гап эмаслигини ўйлашмайдиям…

– Нафасингни иссиқ қил-э. Мана, уддаладик-ку. Беришади. Ҳозир мудофаада турибмиз. Бундай пайт иш тез битади. Фақат дивизия командири қўл қўйса, бўлди. Мана, кўрасан, беради, – деди Фредков шимининг ён чўнтагидан тамаки халтасини оларкан, сўнг жиддий оҳангда сўради:

– Хрипин, қалайсан? Аҳволинг яхшими? Кечгача чидай ола­санми? 

Юзи бўзарган, кўзлари ич-ичига ботиб кетган Хрипин тагидан қон сизиб аллақачон қип-қизил бўлиб қолган бинт билан ўралган бошини қуйи солганича қунишиб ўтирибди.

– Чидайман, …фақат, роса чан­қадим, – деди у ҳирқираган овозда, чанг, лой қотиб қолган лабларини ялаб, тамшанаркан.

Ҳамма беихтиёр камарида осиғ­лиқ сувдонга қўл югуртир­ди-ю, яна жим қолди. Ҳеч кимда сув қолмаган. Мен белимга то­мон силжиб кетган сувдонни пай­паслаб олдимга сурдим-да, ка­маримдан ечиб олдим. Чайқаб кўрган эдим, тагида озгина сув чайқалгандай бўлди. Идишнинг қопқоғини бураб очиб, Хрипинга узатдим.

– Ма, ич. Озроқ борга ўх­­­­­­­­­шайди…

– Йўғ-е, озроқ бўлса, ўзинг ичақол, – деди у бироз ўнғай­сизланиб, лекин тупроққа бе­ланган, тирналган қўлини узат­ди. Кўзлари пирпираб, бурун катаклари асабий титрарди. Унга нисбатан қалбимда илиқ бир меҳр жўш урганини сездим.

– Ол, ошна, мен чанқаганим йўқ, ич, ҳаммасини ич, – дедим меҳрибонлик билан ўзимнинг ҳам танглайим қақраб турганини ҳис қиларканман.

Бечора ошнамизнинг жанг аввалидаёқ омади чопмади. Дайди ўқдан боши жароҳатланди. Кўп қон йўқотгани учун анча ҳолсизланиб турибди. Хрипин сувдонни қўлига олиб, оҳиста чайқатди ва оғзига олиб борди. Дарров қайтарди.

– Ич, яна ич.

– Ичдим. Раҳмат. Маза қилдим, – деди у жилмайишга уриниб.

– Сувни тежаш керак. Ҳали кечгача ўтирамиз. Қоронғи тушгач, овқатга бориб келасизлар, – деди командиримиз.

– Номоз, менга ҳам узат-чи. Бир ҳўплай, – деди Федотов ёнбошлаб ётганича қўлини узатиб.

Федотов ҳам сувдонни чайқаб кўрди-да, менга бир қараб қўйиб, лабига тегизди. Сўнг сувдон Шутимовга ўтди. Окоп деворига орқаси билан суяниб, оёқларини чўзиб ўтирган Шутимов ҳам сувдонни бошига кўтариб, бир ҳўплади-да, командир томон узатди. Оғзи-бурнидан кўкимтир тутун чиқариб, тамаки чекиб ўтирган Фредков ҳам оғзига бир теккизди-ю, сувдонни Обедкинга чўзди. У, ичмайман, дегандек бош чайқади.

 Сувдон ўзимга қайтди. Уни лабимга олиб бораётиб, ичида Хрипинга узатаётганимда қанча сув бўлса, ҳали ҳам ўшанча сув турганини ҳис қилдим. Дўстларим сувдондаги охирги томчи сувни бир-бирига илиниб ичмасдан, фақат лабини ҳўллабгина қай­таришган эди. Мен ҳам сувдоним тагидаги сувни ичиб қўйишдан ўзимни тийиб, қопқоғини яхшилаб қотирдим-да, камаримга тақиб қўйдим…

 

 

  

 

Сафар КОКИЛОВ., 2017-08-07, 18:36 762
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.