26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сафар самарали бўлади

Вилоятимиз ЭКСПО – 2017 да ўтадиган Жанубий Қозоғистон кунларига ҳозирлик кўрмоқда. 3-4 кун пойтахтда санъатини намойиш этган  бошқа вилоятлардан фарқли равишда, вакилларимиз деярли бир ҳафта Астана аҳолиси билан ҳамнафас бўлади.  Мазкур –  аҳамияти юқори тадбирга минг нафардан зиёд санъаткорлар, ҳунармандлар, зиёлилар ва матбуот вакиллари бормоқда. Куни-кеча вилоят Маданият бошқармаси матбуот хизмати журналистларни  ана шу оламшумул тадбирга тайёргарликнинг бориши билан таништирди. 

Ҳожимуқоннинг либосларини жаҳон кўради

ЭКСПО – 2017 тадбирлари доирасида Миллий музейда  улкан кўргазма ташкил этилади. Унда Жанубий Қозоғистондан кўплаб экспонатлар намойиш қилинади. Элимизнинг фахри бўлган буюк полвон Ҳожимуқоннинг буюмлари ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортиши аниқ.

1871 йили чекка овулда туғилган халқ қаҳрамони туғма қобилияти ва мунтазам давом этган машғулотлари туфайли жаҳоннинг энг кучли полвонлари қаторига чиқа олди. Рус полвонлари билан бирга Петербург, Париж, Берлин каби йирик шаҳарлар аҳли унинг куч-қудрати, матонати ва санъатига қойил қолган. 

Япониялик полвон Жиндофу Саракики билан яккама-якка олишув унинг шуҳратини ошириб юборди. Жиу-житси усулини мукаммал эгаллаган Саракики аввал бошда полвонимизга бир қанча жиддий жароҳатлар етказди. Аммо қозоқ қоплони уни тутиб олгач, сичқонни тилкалагандай жағини ажратиб юборган. 

Ватанпарвар юртдошимиз Улуғ Ватан уруши йилларида фронтга боролмади. Чунки уруш бошланганида у 74 ёшга тўлганди. Шу ёшида ҳам у эл оралаб, томоша кўрсата бошлади ва халқдан йиғилган пулга самолёт сотиб олиб, Қизил Армияга совға қилди. Бош қўмондонга ёзган хатида у мазкур самолётни қозоқ ботирларидан бирортаси бош­қаришини илтимос қилган. Амангелди Иманов номи берилган Қажитай Шалабаев бошқарган самолёт 217 марта жанговар топшириқни  бажарди, шундан 120таси  кечаси адо этилди. 

Астанага мана шу номдор юртдошимизнинг ўйнатган тошлари, галстук каби эгган темирлари, умрининг охирида кийган кийимлари олиб борилади. 

Сўнгги қозоқ хонидан ёдгорликни астаналиклар ҳам кўришади

Қозоқ хонлиги узоқ вақт ўз мустақиллиги учун курашгани тарихдан маълум. Охирги хон – Кенесерихоннинг кураши кўпроқ вилоятимиз ҳудудида ўтди. Унинг қиличи айнан вилоятимиз ўлкашунослик музейида сақланаётгани ҳам бежиз эмас. 

Бундан ташқари, ушбу музейда ўтми­шимизга оид яна кўплаб осори-атиқалар сақланмоқда. Шу жумладан, ўн саккизинчи асрга оид бирорта мих ишлатилмасдан ясалган бешик шу кунгача ишлатилишга тайёр, оҳорини йўқотмай турибди. 

Астанада намойиш этиладиган экспо­натлар шугина эмас, албатта. Бир неча юз экспонатнинг нафақат пойтахт  аҳли, балки жаҳоннинг турли нуқталаридан келган кўплаб меҳмонларнинг ҳам эътиборини қозонишига шубҳа йўқ.

 

“Сақ” студияси ўтмишни жонлантиради

“Така ва қўчқор” мульт­фильмининг  мил­лионлаб болалар кўнглини олгани сир эмас. Ушбу асар ижодкорлари шу кунларда “Ҳожимуқон” мультфильмини тугатиш ара­фасида. Унинг тақдимоти Жанубий Қозоғистон вилояти кунларида Астана шаҳрида ўтказилади. 

Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий ян­гиланиш” мақоласида  кўзда тутилган мақсадлар сари ҳаракатланаётган ижодий жа­моа жорий йилда 13 серияли жангари фильм, Ўтрор қалъаси мудофааси, Қазиғурт афсонаси ҳақида мультфильмлар устида ишламоқда.  Элимизнинг ке­лажаги – болаларнинг маънавий баркамоллигини кўзлаган бу асарларнинг тарбиявий аҳа­мияти катта.

Ўйлаймизки, пойтахт аҳли юртдошларимизнинг мазкур изла­нишларини муносиб баҳо­лайди.

Тўмарис  афсонаси циркда намойиш қилинади

Қозоғистонда бугунги кунда 4 та цирк мавжуд бўл­са, улардан фақат Астана ва Шимкент цирклари тўлақонли ишлаб турибди. Юртдошларимиз ЭКСПО – 2017 кунлари намойиш этиладиган дастурга ало­ҳида эътибор қаратмоқдалар. Унда шерваччалар, арслонлар, йўлбарс, отлар, понилар қатнашади. Ҳайвон ўргатувчилар ва чавандозлардан ташқари, акробатлар ва кўзбойлоғичларнинг ҳам чиқишлари кўзда тутилган. 

“Тўмарис” номи билан тайёрланган мазкур дастур маликанинг ёшлигидан бошлаб, шаҳаншоҳ Кир билан тўқнашувигача бўлган даврни ўз ичига олади. Премьера “Астанацирк”  биносида ўтади.

Цирк директори Арман Алиевнинг айтишича, сентябрь ойида ушбу ғаройиб томоша Шимкент аҳлига ҳам кўрсатилади. 

Санъаткорлар Шамши куйларини ижро этадилар

Жанубий Қозоғистон вилоят филармонияси артистлари ҳам Астана сафарига тайёргарлик кўрмоқдалар.  Бунинг учун “Нурли жўл” куйи басталанди, шу кунларда ижрочилар томонидан сайқалланмоқда. Халқ чолғу асбоблари ёрдамида  ижро этиладиган бу мусиқий  асар намойишида 50 дан ортиқ санъаткор қатнашади. 

Вилоятимиз фахри бўлган Шамши Қалдаяқовни кўпчилик яхши билади. Астанада унинг куйларидан  тузилган махсус дастурни намойиш этиш режаланган. 

29 август куни Этноовулда “Сугир” қозоқ миллий чолғу асбоблар дастаси “Жанубнинг 100 куйи” тантанали концерт дастурини уюштиради. Унда бош дирижёр, кўплаб халқаро танловлар ғолиби Ерлан Дауренбеков бошқарган санъаткорлар Сугир, Т. Мўмбеков, Б. Риспанбетов ва бошқа юртдош бастакорларимизнинг куйларини ижро этадилар.

 

 

 

А. САРМОНОВ, 2017-08-08, 11:29 654
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.