26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қазиғуртнинг қадрига ета олдикми?

“Кема тоғлар мисоли тўлқинлар, мавжлар орасида кунлаб сузиб турди. Тўфон, бўрон кун сайин кучайиб, сув кўпайгандан кўпайиб борар эди. Ниҳоят, ер юзини буткул сув қоплади, ҳеч нарса кўринмас, ҳаммаёқ сувдан иборат эди. Ер юзидаги бор махлуқот: инсонлар, ҳайвонлар ва бошқа жонзотларнинг барчаси сувда бўғилиб нобуд бўлганди. Фақат Нуҳ алайҳиссалом билан бирга кемада бўлганларгина бу балодан омон қолиб, нажот топишган эди.

Аллоҳ таолодан шундай хитоб бўлди:

– Эй Ер! Сувингни ют! Эй Осмон! Сувингни тут!

Энди ёмғир тиниб, довул тўхтаган, кўкдан булутлар тарқаб, қуёш нур сочаётган, ер устидаги сувни торта бошлаганди.

Кема Жудий тоғи устида тўхтади. Лекин ҳали кеманинг панжаралари ва эшиклари ёпиқ бўлиб, кеманинг ичи қоп-қоронғи эди.

Нуҳ алайҳиссалом кема қуруқликка – ерга текканини ва сузишдан тўхтаганини билгач, дунёнинг аҳволидан хабардор бўлиш учун панжара – дарчани очди. Кема ичига ёруғлик кирди. Неча кунлаб қуёш нурини кўрмаган кемадагилар қувонганларидан қий-чув қилиб бақиришарди. Арслон наъра тортди, қоплон овоз берди, бўри увлади, ит вовуллади, туя бўкирди, қўй маъради, от кишнади, эшак ҳангради, хўроз қичқирди, қарға қағиллади, бойқуш, чумчуқ чирқиллаб овоз чиқарди. Бу овозларнинг бари инсон товушлари билан қўшилиб кетди. Худди инсонлар ва ҳайвонлар бир овоздан:

– Аллоҳим! Бизларни қутқарганинг учун Сенга ҳамдлар айтамиз, Ўзингга шукрлар бўлсин!.. Фақат Сенга сиғинамиз, Сенга дуо қиламиз, Ўзингдан ризқ, нажот тилаймиз, ёрдам сўраймиз! – дейишарди.

Кемадаги одамлар:

– Эшикни очгин, эй Нуҳ! Эшикни оч! – деб сўрашарди.

Нуҳ алайҳиссалом эса уларга:

– Сабр қилинглар. Олдин ер юзида нималар содир бўлганини билиб олайлик, – деди.

Ҳазрати Нуҳ ер юзидан сув тортилиб, замин қуруқлик ҳолига келганини кўргач, эшикларни очди. Аввал ваҳший ҳайвонлар ва йиртқич қушларни чиқарди. Улар узоқлашгач, уй ҳайвонларини ва бошқа паррандаларни қўйиб юборди. Ниҳоят, энг охирида ўзи, оиласи, ва Аллоҳга имон келтириб, унга бўйсинган қавмдошлари чиқишди”...

Бу ривоятнинг ҳақиқатлигига ишонч ҳосил қилгиси келганлар тўфон суви босганда Нуҳ Пайғамбарнинг кемаси тўхтаган муқаддас маконни излаб келади. Ер юзини тўфон суви босганда, Пайғамбар кемасини макон тутганлар Аллоҳнинг қудрати билан омон қолгани тўрт муқаддас китобда ҳам айтилган.

Юқорида таъкидлаганимиздай, жаҳонда Нуҳ пайғамбарнинг кемаси тўхтади, деган анча ер бор. Бу фикрга аниқлик киритишга ҳаракат қилганлар оз бўлмаган лекин, ҳақиқат деярли очилгани йўқ. Шундай бўлса ҳам юртимизнинг тоғу тошлари билан тупроғида ҳам буюкларнинг изи бор. Бугунги кунда Шимкентдан бир соатлик масофада, тепаликда турган кеманинг макети бор холос. Шу қирдан Қазиғурт тоғи аниқ кўринади, лекин, бир замонлар кема тўхтаган жой бу ер эмас. Шунинг учун  ушбу  ҳудудни, сайёҳлик  минтақаси  деб аташ қанчалик ҳақиқатга яқин  экани номаълум.

 

Аҳоли муқим яшай бошлаган Қазиғурт ҳақида Гередот ҳам фикр билдирган

“Ёзувчи Шерхан Муртаза “Қазиғурт муқаддас бешик” деса, у ҳақда Мағжан Жумабаев “....Қазиғурт муқаддас тоғ бўлмаса, Нуҳ кемаси нега у ерда  тўхтаган?” – деб куйлаганди. Шунингдек, қадим замонлардан бери ер юзини сув босганда Нуҳ пайғамбарнинг кемаси ушбу тоққа келиб тўхтаб, янги ҳаёт бошланган, деган  ривоят ва афсоналар бор. Тарихга назар солсак, олимлар ва ёзувчилар, сайёҳлар бу ўлка ҳақида жуда кўп фикр-мулоҳаза билдирган.

Қангли давлатининг маркази ҳам, жаҳонга машҳур Шарқий Турк ҳоқонлиги даврон сурган жой ҳам мана шу ўлка. Машҳур қозоқ  хонлари Хақназар, Есим, Тауекел, Тауке, Жўлбарис, Абилайлардан ташқари Тўле бий билан Қизибек бий, Айтеке бийларнинг  умри ҳам мана шу Қазиғурт билан чамбарчас  боғлиқ.

Кеманинг Қазиғуртда  тўхтагани  ҳақидаги афсона асрлар оша  бизга етиб келган. Буни у ердаги жой номлари “Пайғамбар тўхтаган” “Пайғамбар  бармоғи”, “Нуҳ пайғамбарнинг масжиди”, “Ғайып ерен, қырық шілтен”, “Кеме қалған” сингари муқаддас қадамжолар  билан уч юздан ошиқ булоқлар ҳам афсонада ҳақиқат борлигини исботлайди”, деб ёзади журналист Дўсжан Мейирим. 

Ривоят шундай якунланади: “Ҳақ таоло буюрдики:

– Эй Нуҳ! Сен ва фарзандларинг ер юзида тарқалиб, ҳаёт кечиринг, деҳқончилик қилинг, ер юзини ободлаштиринг.

Нуҳ алайҳиссалом аҳли оиласи ва қавмдошлари билан бирга экин экишга киришди. Кўчатлар, ниҳоллар ўтқазди. Ер юзи тўфондан сўнг яна гуллаб яшнади, обод бўлди, гўзал ва чиройли манзарага бурканди”.

 

“Тўфон олмаган Қазиғурт, сени ким олади?!”

Вақтида Абу Наср ал-Форобий бобомиз: “Тўфон олмаган Қазиғурт, сени ким олади?” деган экан. Тўфон сув билан кема қолган афсонаси ўлкамиз ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Қазиғуртни  табиат тилсимларининг қаторига қўшиш мумкин. Ундаги тепаликларда олимлар энергия манбаи ва ғайритабиий куч борлигини сезишган.

“Миллат тарихи –  ўлка тарихидан бошланади. Ўлка тарихини ўқитиш муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, инсоний қадриятлар, дунёвий қадриятлар билан миллий қадриятлардан ташкил топса, миллат тарихини ушбу қадриятларнинг қайнар булоғи дейиш мумкин”.  Элбошимиз ўзининг бир нутқида шундай деган. “Шундай экан, Қазиғуртнинг қадрига кеч бўлмай туриб етганимиз маъқул”.

 

 

Шоҳиста ТОШПЎЛАТОВА, 2017-08-09, 18:12 186
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.