26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бировнинг ҳақи – камоннинг ўқи

Вилоят ички ишлар департаменти маълумотларига кўра, сўнгги йилларда қарз олди-бердиси билан боғлиқ жиноятлар сони ўсиб бормоқда. Бир жиноий ишда қарз олган одам (қарзни сўрайвергани учун) қарз берган одамни ўлдирган бўлса, иккинчисида қарз берган одам қарзини қайтармагани учун ўз қариндошини ўлдирган. Қарз бериш ё олиш қотиллик билан якунланар экан, «Дўстнинг кўнгли қолгунча, душманнинг бўйни узилсин» ҳикматига эмас, «Ишонмагил ошнангга, ошнанг урар пошнангга», нақлига амал қилган маъқулдир?

 Киши кўзини ҳаром нарсаларни кўришга очса, қулоғини ношойиста сўзларга солса, тилини ёлғону бўҳтонга югуртирса ва қўлини ўз биродарларига озор берувчи ишларга узатса, Аллоҳ таолонинг омонатига хиёнат қилган бўлади. Омонат – бировнинг ишончига сазовор бўлиш, сақлаш учун қўйилган буюм, мулк ёки пул. Етказиб бериш мўлжалланган ёки муайян манзилга юборилган махсус хат ёки топшириқ. 

Мендан омонатингизни олинг

Эътибор беринг, «мендан омонатингизни олинг», деган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Бирон нарсани омонатга олиб турмоққа тўғри келган ҳоллар инсонни оғир вазиятдан чиқариб юбориши мумкин. Омонат уйлар баҳорги ёғингарчиликка бардош бера олмай қулаб тушса, не ажаб. Ҳаётий муҳим нарсанинг амалга ошишига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай, масъул кишининг ҳузурида омонатгина ўтириб, мулзам бўлишга ҳеч ким мажбур бўлмасин. Омонат сақловчиларга ишонч йўқолмасин. Лиқилдоқ стол, оғма, беқарор вазият не-не одамларни доғда қолдирган. Яхши ҳам эмас, ёмон ҳам эмас, ўртамиёна, доимо ўзгариб туришлик ҳолати кимга ҳам вафо қилибди? Эскирган, тўзган, қариган, кексайган, мункиллаган, чириган, эскириб зўрға турган барча нарсаларни қалтис омонат деб тушунасан. Тутуриқсиз, бетайин, айнимачи киши омонат эмасми? Ўз лавозимини суиистеъмол қилиш, ўз чиройидан мағрурланиш хиёнатнинг дастлабки кўринишига ўхшамайдими? 

Маккор, фирибгар, алдоқчи, тўсатдан ўзгарувчи беқарор ҳаво. Шундай ҳавога ишониб, касал бўлиб қолишлик – доғда қолдирувчи хиёнат. 

Бир ривоятда айтилишича, Намозбек деган киши ҳаммомга кетаётиб, бир кишини учратади ва йўлда ҳамроҳ бўлишни илтимос қилади. У рози бўлади, манзилга етиб келгач, Намозбек қўйнидаги юз тилласини чиқариб, ҳамроҳига беради ва дейди: «Эй биродар, мен ҳаммомга кириб чиққунча, бу тилла сенда турсин, ҳаммомдан чиққанимдан сўнг менга топширасан». Ҳамроҳи тиллани олиб, ўша жойда ўтиради. Намозбек ҳаммомдан чиқиб, кийимларини кийиб, пулини унутиб, кета бошлайди. 

Ҳамроҳи уни орқасидан чақириб, дейди: 

– Эй жувонмарг, кел, мендан олтинларингни ол. Бугун мен сенинг омонатингни сақлаб ўз ишимдан қолдим. 

Намозбек: 

– Сен кимсан, нега дабдурустдан мени жувонмарг деяпсан? – деб сўрайди.

Ҳамроҳи: – Мен бир ўғриман, сенинг олтинларингни деб ишдан қолдим, – деб жавоб беради. 

Намозбек: «Агар сен ўғри бўлсанг, нима учун бу олтинларни олиб кетмадинг?» Ўғри: «Чўнтагингга тушиб, бу олтинларни олсам – бошқа гап. Мен учун ҳалол бўларди. Сен бу олтинни менга омонат топширдинг. Омонатга хиёнат қилмоқ – дунёдаги энг ҳаром ишлардан бири», деб хайрлашади. 

Хиёнатчи ҳар қанча давр сурмасин, ҳар қанча қутурмасин, барибир хиёнатнинг охири вой. Дунёда ҳеч бир хиёнат изсиз кетмаган. 

Марҳум ҳеч кимдан қарз эмасмиди?

Майитга жаноза ўқишдан аввал домла, имом шариат қонунларига кўра, таъзияга тўпланган одамларга мурожаат қилади: 

– Марҳум ҳеч кимдан қарз эмасмиди? 

Майитнинг ўғли отасининг қиёмат қарзини тўлашни бўйнига олсагина, унга жаноза буюрилади. Вафот этган мусулмон киши жанозасиз кўмилмайди-ку. 

Орамизда яқинларидан, таниш-нотанишлардан қарз олиб, бермай юрганлар қанча. Улар нимани ўйлашаётган экан? Ажал айтиб келмайди, кимга қанча умр берилгани Аллоҳгагина аён. Шундай экан, улар ҳали туғилмаган фарзандларининг бўйнига қарз ёзмайди, деб умид қиламиз. Хиёнатчиларга яна бир қойим гапни тайинламоқчимиз. Қарзингизни қиёматга қолдирмай, ўз вақтида узишга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда осмонлар ёриладиган, барча халойиқ ҳисоб-китобга рўбарў бўладиган куни «қарз берган киши ва сизлар орангизда Яратганнинг ўзи ҳакам бўлур! Ана шунда хиёнатнинг уволи тутади”. 

«Дўстга хиёнат қилдинг, ўзингга жиноят қилдинг», дейди халқимиз. Айтмоқчимизки, – «Дўст кишининг ҳақи – камоннинг ўқи». Яъни, камоннинг ўқидай бу ёғингдан кириб, нариги ёғингдан тешиб чиқади. 

Қарзинг борида ноним бор дема

Қуйида қарз бериб, қайтариб ололмай доғда юрган ҳамюртларимиз ва ижтимоий тармоқлардаги жонкуярларимизнинг фикрларини келтирамиз.

 

Дониёр РАСУЛОВ, шифокор:

– Соддалигим, ишонувчанлигим, кўнгилчанлигим туфайли бир ҳамқишлоғимга алданиб қолдим. Уй қураётганимда у арзон баҳода дераза ойналарини олиб келиб бераман, деб пул олиб кетган эди. Узоғи билан бир ҳафта ичида топиб беришини айтди. Мен ҳам бу гапларга ишондим. Орадан ҳафта, ойлар ўтаяптики, ҳеч дараги йўқ. Охири уятни йиғиштириб, минг бир истиҳола билан уйига бордим. У уйида экан. «Нима бўлди? Бу ёғи қиш... Кунлар совияпти. Нима қилдингиз», деган эдим: «Шошманг, яна бир ҳафта кутинг, олиб бераман», деди. Мен дилини оғритиб қўймаслик учун ҳеч нарса демай қайтдим. 

Шу ҳолатда 4-5 марта сўрадим. Орада ойнага берилган пулнинг қарзларидан ҳам қутулдим. Охири чарчаб, сўрамай ҳам қўйдим. Аниқроғи, умидимни уздим. 7-8 ой ўтди, битмаган уй битиб, одам яшайдиган бўлди. У пулнинг ўрни билинмай ҳам кетди. Лекин шу инсон мендан ошиб кетгани йўқ. Бораман-келаман, оиласидаги бўлаётган яхшиликлардан ҳам, ёмонликлардан ҳам хабарим бор. Шу хонадонда яхши кунлардан кўра ёмон кунларнинг кўплигини кўриб, шундай хулосага келаман: бировни алдагани – оиласига ёлғон оралагани, бировларни норози қилгани – кимларнидир оғринтиргани учун шунча ташвишлар шу хонадон бошига тушмаяптимикан, деб ўйлайман. Аллоҳ кўргувчидир, ҳар қандай уволу савобнинг жавобини бергувчидир. Биз ким бўлибмизки... Ўз инсонлигини, ор-номусини, ғурурини унутган одамга, панду насиҳат кор қилмайди. Бу йигитга сатқаи йигит кет, демоқдан бошқа сўз топа олмадим. Соғ-саломат бўлсангиз, ҳаммасини кўрасиз. 

 

Собир ҲУСАНОВ, деҳқон.

– Бир йигит ижарага ер топиб бераман, деб ҳамқишлоқларининг деярли ярмидан пул олиб, ғойиб бўлган эди. Ушланди, судга бердик, икки ой қамалиб чиқдию, яна ғойиб бўлди. Пул берганлар аввал отасига келиб, талаб қила бошлади. Отаси ўғлимни оқ қилдим, деб қутулди. Лекин, хиёнатнинг доғида оғир касалга дучор бўлиб, отаси ҳам, онаси ҳам, опаси ҳам оламдан ўтишди. 

 

Фарҳод ОБИДОВ, тадбиркор:

– Бир тадбиркорни биламан, ҳамқишлоқларини беш-олти ой ишлатиб, уларнинг иш ҳақини бермай юраверади. Ойлик бермагандан кейин ҳамқишлоқлари ишдан кетишади, у эса бошқа одамларни ишга олади. Пешана тери билан топилган пулини сўраганларга:“Бир ҳафтада бераман”, дейдию, телефонини ўчириб қўяди. Лекин, топгани ўзи ва яқинларини даволатишга буюрмоқда. Отаси ҳам, онаси ҳам, укаси ҳам юрак хуружига йўлиқишди. Фарзандлари ҳам касалманд. 

 

Жанобул МАНАСОВ, имом:

– Қарз олди-бердиси ўта муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нозик масалалардан саналади. Шу боис динимизда бу масалага жиддий маънода ёндашилган. Маиший турмушга оид бўлган бу масала ҳатто Қуръони Каримда тўлиқ бир саҳифани эгаллаган. Қуръондаги энг узун оят ҳам “дайн” деган ном билан машҳур бўлиб, унда қарз муомаласининг зарурий жиҳатлари ва одоблари баён қилиб берилган. Шунинг ўзи ҳам қарз олди-бердиси нақадар нозик ва муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Шундай экан қарз олди-бердиси, қарз шартномаси тузаётган кишилар унинг шаръий одоб ва қоидаларига риоя қилишлари лозимдир. Акс ҳолда инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат ришталари парчаланиб, жамият биноси емирилиш хавфи остида қолиши муқаррардир. 

Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам уни ўз вақтида қайтариш шарт. Ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарз олди-бердиси шартномасини гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ ҳамда юқоридаги оятда айтилганидек Аллоҳнинг буйруғидир. “Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга карз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!” (Бақара сураси, 282-оят). Шунингдек, қарзни олгач қайтармаслик, ёки умуман илкбошдан қайтариш мақсадида бўлмаслик, шунингдек, бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:“Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талафот етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талафот етказади” – дейилади.

 

Наргиза АВАЗХОНОВА, хуқуқшунос:

– Қарзни қўлингиз билан бердингизми? Энди уни кутасиз. Бермаса ундан воз кечасиз. Аллоҳнинг олдида сўрови бор, ҳатто ичган бир қултум сувимизнинг ҳам.

Ривоят

Бир бадавлат киши ўлими олдидан яқинларини чақирибди: 

– Мен қоронғи хонада ёлғиз қолишга қўрқаман. Шунинг учун давлатимнинг тенг ярмини юраги отнинг калласидай одамга хатлаб бераман. У мен қабрга қўйилган куни эрталабгача ёнимда ўтириши керак, кўнгиллилар борми? – деб сўрабди. 

Қариндошларидан бири, Қодир бу ғалати шартга кўнибди. Чунки, бойнинг давлати беҳисоб эканда.

Орадан бир ҳафта ўтиб, бой вафот этибди. Қабрда бир кун тунашга рози бўлган йигит мозорга кетаётиб, оёғи остидан бир қарич арқон топиб олибди. Рўзғорда яраб қолар, деб, чўнтагига солиб қўйибди. Ниҳоят, у юрак ютиб, қабрга тушибди. Бир вақт икки сўроқчи келиб, марҳум билан савол-жавоб қилибди. Кейин навбат унга келибди. 

– Хўш, сен кимсан, нимага бу ерда ўтирибсан? – сўрашибди улар ҳайрон бўлиб. 

– Мен – Қодирман, марҳумнинг илтимоси билан қабрга тушиб, шу ерда ўтирибман, – дебди.

– Илтимоси билан эмас, бирон фойдани кўзлаб ўтиргандирсан? – деб савол жавобни бошлашибди.

Бир неча дақиқадан кейин саволнинг ҳаммаси йўлда топиб олган арқонга боғланаверибди. “Қаердан олдинг? Нега олдинг? Эгаси ким? Нимага ишлатмоқчисан? Олишга ҳақинг бормиди? Бировнинг мулкига кўз олайтиришни неча ёшдан бошлагансан?” деб эрталабгача сўроққа тутишибди. 

Эрталаб, Қодирни қабрдан чиқариб олишибди. Уйга келгач, бойнинг мол-мулкининг ярми унинг номига ўтказилгани тўғрисидаги ҳужжатни беришибди. 

Қодир узатилган ҳужжатни олмай:

– Воз кечдим. Бир қарич арқон учун эрталабгача жавоб бердим, бунча кўп мол-дунёнинг жавобини қандай бераман, – деб ўз йўлига кетибди. 

 

 

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2017-08-11, 18:13 194
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.