26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ж. Туймебаев: “Байдибек туманининг салоҳиятидан барча соҳада фойдаланишимиз керак”

Вилоятимиз Байдибек туманининг салоҳиятидан ҳали ҳам тўлақонли фойда­ланаётгани йўқ.  Бу борада, умумий майдони 60 гектарни ташкил этадиган “Шаян” индустриявий минтақасининг самарадорлигини ошириб, асосий ишлаб чиқариш  марказларини шу ерда тўплаш зарур. Шунингдек, маҳаллий тадбиркорларнинг қизиқишини орттирадиган янги ва жозибадор лойиҳаларни тайёрлашга эътибор қаратган маъқул.  Байдибек туманига хизмат сафари билан бориб, бажарилаётган ишлар  билан танишган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ҳокими Жансейит Туймебаев  шуни  айтди.  

Минтақа раҳбари, даставвал Бўралдай қишлоқ округига қарашли Талап аҳоли ман­зилидаги “Таu Alма Bak” МЧБнинг фaолияти билан та­нишди. Ушбу корхона муас­сислари ўз ҳисобидан умумий қиймати 2 миллион АҚШ дол­ларини ташкил этадиган лойиҳа асосида  43 гектарда интенсив боғ барпо этган. 2013 йили йўлга қўйилган лойиҳанинг  мақсади – боғ майдонини 83 гектарга етказиш. 107 гектар ерни тўлиқ ўраб, фаолият юри­та­ётган хўжалик  келгусида ҳар гектардан 50 тоннагача маҳсулот олишни  режаламоқда. Ширкат етакчиси Сейтжаппар Абдисадиқули вилоят ҳокимига олмадан ташқари ёнғоқ экиш ҳам йўлга қўйилганини айтиб  ўтди. 

– Бўралдай қишлоқ окру­гининг тоғли ҳудуди олма  етиштиришга жуда қулай. Шу боисдан, боғ майдони йил сайин кенгайиб, ёнғоқ экишни ҳам йўлга қўйганингизни қўллаб-қувватлайман. Келгусида бошқа округларда ҳам боғдорчиликни  йўлга қўйсангиз, туман ҳо­ким­лиги томонидан барча  имко­ниятлар яратиб берилади, – деди Жансейит Қансейитули.

Байдибек тумани маҳсариси  билан ҳам танилган ҳудуд. Бу­гунги кунда маҳсулотга хо­риждан талаб катта. Ўтган йи­ли  туманда 23 минг гектарга маҳсари экилса, бу йил унинг майдони 43 минг гектарга ет­ган. Хўжаликлар гектаридан 7-8 центнердан маҳсулот олиб, вилоятимиздаги ёғ ишлаб чи­қарувчи корхоналарни  хомашё билан таъминламоқда. Йўл бўйи ўрим-йиғим мавсуми қайнаётган хўжаликларнинг иши билан танишган минтақа раҳбари кел­гусида туманда маҳсари ёғи ишлаб чиқарадиган  кор­хона очишни маслаҳат берди. 

Шундан сўнг вилоят ҳокими Бўралдай қишлоқ округидаги “Абердин-Ангус” зотли қора­мол хўжалигига бориб, ху­сусий тадбиркор Мақсад На­зарбаевнинг фаолияти билан танишди. 2015 йили ташкил этилган хўжалик фермасида бугунги кунда 154 бош  зотдор қорамол бор. 3500 гектар ерга эга хўжалик келажакда мол бошини 2 мингга етка­зишни режаламоқда. Ви­­лоят ҳокими “Шаян” индус­триявий  минтақасига ҳам бориб, у ерда амалга ошириладиган ло­йиҳалар билан танишди. Умумий ҳудуди 60 гектарни ташкил этадиган минтақа барча инфратузилмалар билан таъминланган. Келгусидаги масала – сармоядорларни жалб этиб, кўплаб янги иш ўринларини очиб берадиган  корхоналарни ташкил этиш. 

Вилоят ҳокими Индустриявий минтақанинг имкониятидан самарали фойдаланиш зарур­лигини эслатди. 

Сўнгра,  минтақа раҳбари Ақбастау қишлоқ округидаги “Думалоқ она” мажмуаси яқи­нидаги ипакчилик хўжалигининг иши билан танишди. Ипак ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхона бугуннинг ўзида шу жойга 140 минг туп тут кўчати ўтқазибди. Бу йил хўжалик Шаян  қишлоғида “ОN-Байдибек” ҳунармандчилик марказини очиб, ипакдан гилам, жун пайпоқ тўқиш, қозоқ миллий  чопонини тикишни ҳам йўлга қўйибди. Бундан ташқари, туманда араб сармоядори Шайх Халифанинг  паррандачилик маркази  кун сайин ривожланиб бормоқда. 895 гектар ерни эгаллаган корхона 3,5 млрд. тенге хориж сармоясини жалб этиб, тувалоқ  бошини 4 мингга етказган. Йилига бюджетга 700 млн. тенге солиқ тўлайдиган сармоядорлар лойиҳанинг учинчи босқичини амалга ошириб, ишчилар со­нини 400га етказишни мўл­жалламоқда. Шунингдек, хо­риж корхонаси тумандаги 5та ижтимоий иншоотни ўз маб­лағига қуриб бермоқчи. Ушбу корхонага махсус борган ви­лоят ҳокими бу ерда амалга оширилган ишларга ижобий баҳо берди.

 

 

 

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-08-11, 18:38 670
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.