26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ҳамкорлик қирралари кенгаймоқда

Жанубий Қозоғистон ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда. Уч ой муқаддам ушбу вилоятдан келган делегация асосан қишлоқ хўжалик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш, сармоя жалб қилиш масалаларини муҳокама қилган эди. Бу сафар эса, Ғарбий Қозоғистон вилояти раҳбари Алтай Кўлгинов раҳбарлигидаги делегация таркибида нефть-газ саноати дарғалари ташриф буюришди. Улар орасида “Қарашағанақ” компанияси етакчилари кўпчиликни ташкил этади.

Нефть саноати дарғаси

Ўтган асрнинг 70-йилларида кашф этилган Ғарбий Қозоғистон нефть конлари фақат мустақиллик йилларида тузуккина маҳсулот бера бошлади.  Элимизнинг мустақил иқтисодиёти таянчи бўлган “қора олтин” қазиб чиқариш ишлари 90-йиллар охирида, қатор Европа,  Америка, Хитой ва Россия  компаниялари ёрдамида тобора кенгайиб борди. Шулар қаторида мамлакатимизда чиқарилаётган табиий газнинг деярли эллик, нефтнинг ўн фоизини бераётган “Қарашағанақ” лойиҳасини амалга ошираётган компаниялар консорциуми фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Royal Dutch Shell plc, Eni, «Шеврон», «Лукойл» ва «ҚазМунайГаз» каби номи жаҳонга маълум компаниялар биргаликда амалга ошираётган лойиҳага бугунги кунда 20 миллиард доллардан зиёд сармоя жалб этилган. 

Юртимиз маҳсулотларига эҳтиёж катта

Бугунги кунда  ушбу гуруҳ таркибида  олтингугурт улуши ниҳоятда юқори маҳ­сулотни истеъмолчиларга мувофиқ шаклда етказиб бериш устида ишламоқда. Айни вақтда консорциум зарур маҳсулотларни юртимиз тадбиркорларидан харид қилиш устида ҳам ўйланмоқда. Зеро, ишни бундай ташкил этиш нефть-газ соҳасидаги  ривожланишнинг бошқа соҳаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатишига олиб келади. 

Шу кунларда консорциумга кўр­сатилаётган хиз­­­­­матларнинг 60 фоиздан зиёди ва сотилаётган товар­­ларнинг ўн фоизга яқини  ўзимиздаги корхоналар орқали амалга оширилмоқда. Ваҳоланки, унинг сифатли маҳсулотга эҳтиёжи катта. Чунончи, консорциум бир йилда 40 миллион долларга арматура, 60 миллион долларга турли металл қувурларни сотиб олиши зарур. 

Қандай қилиб халқаро ташкилотга маҳсулот сотиш мумкин?

Халқаро бозорларга чиқиб кўрмаган тадбиркорлар учун “Қарашағанақ” лойи­ҳасини амалга ошираётган гуруҳ билан ўзаро ҳамкорлик жуда мураккаб туюлиши табиий. Чунки, ушбу ташкилот халқаро меъёрларга  риоя этган ҳолда иш кўради. Барча шартномалар фақат ҳамкорлар рўйхатига кирган компаниялар ўртасида ўтадиган қатъий андазалар кўрсатилган тендерлар асосида, энг арзон нархлар таклифига кўра имзоланади. 

Юртимиз тадбиркорларини таклиф этиш ҳам кўзда тутилган. Чунончи, фақат Қозоғистон компаниялари иштирок этиши мумкин бўлган тендерлар мавжуд. Тенг шартлар таклиф этилганида маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўлламоқда.

Тадбиркорларни жалб этиш учун консорциум яна бир қатор енгилликлар белгилаган. Айтайлик, Қозоғистондаги бирорта корхонада  консорциум учун зарур маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти бор, аммо бунинг учун маълум миқдорда сармоя  керак. Корхона  сармоя сарфлаб, маҳсулот чиқара бошласа-ю, тендерда ғалаба қозонолмаса, пулига куйиши мумкинлигидан хавотирланади. Чунки,  “Қарашағанақ”даги каби ўзига хос шарт-шароит жаҳоннинг бошқа бирор нуқтасида учрамайди. Консорциумнинг ҳам  зарур маҳсулотини ишлаб чиқармаётган корхона билан шартнома тузишда хавфсираши турган гап. 

Шундай ҳолларда консорциум қўл келадиган усул – муддати узайтирилган шартномалардан фойдаланмоқда. Шарт­нома муддати шундай кўрсатиладики, корхона белгиланган давр мобайнида зарур маҳсулотни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга улгуради. 

Каспий бўйига Шимкент маҳсулоти боради

Ғарбий Қозоғистон делегацияси аъзолари билан учрашувда ви­лоятимиз ва мазкур вилоят ўр­тасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома, шунингдек, нефть-газ корхоналари ва Кентов транс­форматор заводи ҳамда “Шимкентцемент” заводлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Меҳ­­монлар “Карлскроне”, “Шим­кент­цемент”, “Алем-БТ”, “Балтекс­тиль”, “Еврокристалл” ва бошқа корхоналарда бўлдилар. Сафар келгусида мева бериши, янги шартномалар ортидан янги сармоялар жалб қилиниши ва иш ўринлари бунёд этилиши шубҳасиз. 

Муваффақиятлар мўл, режалар юксак

Жорий йилда вилоятимизда 37 мил­лиард тенгелик 17та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шимкент нефтни қайта ишлаш ва “Шимкентцемент” заводлари замонавийлаштирилмоқда. Йил бошидан буён 180,6 миллиард тенге сармоя жалб этилди. Бу эса 2016 йилнинг шу давридагидан  33 фоизга кўп.

 

 

А. САРМОНОВ, 2017-08-11, 18:45
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.