26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сулаймон Боқирғоний (авлиё Ҳаким ота) ҳақида янги дарак

Зиёев Абдуманноп Абдулазизович (Абдуманнопхўжа Зиё Абдулазизхўжа ўғли)  Қарноқ қишлоғида туғилган. Сулаймон Боқирғоний авлодидан. 

Илмий-тарихий меросимизни тўп­лаш, оммалаштиришга улкан ҳисса қўшаётган юртдошимизнинг мазкур мақоласи юртимизнинг ўтми­шига ҳам боғлиқ бўлгани боис, кўпчилик муштарийларнинг эътиборини тор­тишига ишонамиз. 

“...Машҳур юртдошимиз Хожа Аҳмад Яссавийнинг замондоши, етук шогирди Сулаймон Бо­қир­­ғоний қаерда ва қачон ту­ғил­ганлиги, унинг авлод ва аж­додлари тўғрисида тўлиқ маъ­лумот йўқ эди. Ўзбекистон, Қо­зо­ғистон ва Туркия олимлари Сулаймон Боқирғоний (лақаби Ҳаким ота) 1186 йил Хоразмда вафот этган, деган маълумотни берардилар. 

Асли туркистонлик, хизмати туфайли Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ишлаётган Аб­думанноп Зиёевнинг Ҳаким ота ҳақидаги маълумот-шажаралари диққатга сазовордир. Чунки ҳозиргача баъзи олимлар Ҳаким ота­ни Хоразмда, баъзилар Қора­қол­­­­­­­поғистонда ва яна бошқа жой­ларда туғилган деб ёзадилар.

Унинг ёши ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмасди. Ваҳо­ланки, устози Хожа Аҳмад Яссавий сингари Ҳаким отанинг асарлари, ҳикматлари ҳам халқимиз орасида кенг тарқалган. Унинг шеърлари жамланган китоблар инқилобдан аввал  бир неча бор нашр эт­тирилган. 

Шўролар даврида шоир Су­лаймон Боқирғоний шахси ва ижодига нотўғри баҳо берилгани сир эмас. Ҳаким ота диний-мистик шоир, жаҳолатни тарғиб қилган, ҳукмрон доиралар манфаатини кўзлаган, деб камситишган эди. Истиқлол туфайли Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам  Ҳаким отанинг китоблари янгидан нашр этила бошлади.

Ҳаким ота авлоди ҳисобланмиш Абдуманноп Зиёев топган шажара билан танишиб чиқдим. Бундан  2-3 аср илгари тузилган, араб имлосида битилган, элбошилари муҳри билан тасдиқланган бу ҳужжатни эътиборга олсак арзий­ди, деб ўйлайман...”  

 

Мираҳмад  МИРХОЛДОРОВ, 

Турон Фанлар Академиясининг академиги. 

 

(марҳум). 

­

Сулаймон Боқирғоний – кўҳна Қарноқнинг буюк фарзанди

Қадимий илм-маърифат маркази, ма­даният ўчоқларидан бири бўлган кўҳна Қарноқ қалъасида таваллуд топган ва ёшлик чоғидан устози Хожа Аҳмад Яссавийнинг таълим-тарбиясини олиб, унинг қўлида йигирма йил хизматларини адо этганидан сўнг, “илми камол”лик даражасига эришгач, энг истеъдодли шогирд сифатида устозининг даъвати билан ўзга юртларга шайх (халифаси) бўлиб кетган туркий тасаввуф шеърияти осмонининг энг ёрқин юлдузларидан бири, ҳикматлар уммонининг энг сара дуру-гавҳарларига тенг ҳикматларини ёзиб, ўз ихлосмандларига тақдим этган жаҳонга машҳур мутасаввуф шоир Сулаймон Боқирғоний – авлиё Ҳаким ота аслида, қадимий насабномаларда келтирилган маълумотларга қара­ганда, Ислом дунёсининг энг буюк сиймоларидан бири, Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан бошланган тариқатнинг тўртинчи шайхи, Мадинанинг етти нафар фақиҳлари ичида энг машҳури сифатида танилган Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу невараси Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ  (Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ ал-ҚурАйший ат-Таймий-куняси Абу Муҳаммад) авло­дидан бўлиб, бобоколони каби ноёб истеъдод эгаси, Яссавия тариқатининг энг буюк шайхларидан бири ҳисобланади.

Мен, ушбу тариқат олтин силси­ласи­нинг кейинги бўғин шайхларидан бири бўлган, Ҳазрати Сулаймон Боқирғоний ҳаёт йўли ва ижоди, у ҳақдаги тарихий маълумотлар, маноқиб ҳамда ул зот­дан тарқаган авлодлари тўғрисида баҳоли-қудрат, йиллар давомида йиғиб келинган тарихий ҳужжатлар, қадимий қўлёзмалар, авлодларимиз шажара ва насабномаларидан олинган мате­риалларни жамлаб, уларни имкон қадар таҳлил қилиб, Халқимиз ўртасида ушбу улуғ зот тўғрисида афсона бўлиб юрган ривоятларга асосланган ҳолда, тарихимиз саҳифаларида ҳозирги вақтгача ёритилмаган, кўпчилик учун жуда манзур бўладиган ажойиб ва бебаҳо маълумотларни ҳамда ўқиган, билган ва эшитганларимни ёзиб, сизга тортиқ қилгим келди.

Раҳматли амаким Муҳаммад Алихўжа (Очилхўжа) Зиёхўжа ўғли Ҳазрати Сулаймон Боқирғоний тўғрисида жуда ҳам кўп ажойиб ва қимматбаҳо тарихий маълумотларни тўплаган ва ўрганган, зиёли, илми комил, Қарноқ қишлоғида, Кентов шаҳрида обрў-эътиборли, авлодларимиз шажараси ва насабномаси билан шуғулланган ва уни жуда яхши билган инсон эдилар.  Қўлимиздаги авлодларимиз тўғрисидаги бебаҳо шажара ва насабнома ўша одам қўлида сақланган, кейинчалик, у киши­­­нинг васиятларига биноан, Муҳаммад Солиҳхўжа Зиё Абдулазизхўжа ўғлининг қўлига ўтган.

Ҳазрати Сулаймон Боқирғонийнинг Хоразм юртидаги авлодларидан бири, раҳматли академик Матёқуб Қўшжонов бир мақоласида: 

“Сулаймон Боқирғоний ихлос­­­мандлари, унга авлод ҳисобланган шахсларнинг архивларида бу истеъдодли шоирнинг ҳаёт йўли, ҳатто, шажараси, насабномаси хусусида қимматбаҳо маълумотлар бор­лиги маълум, уларни ҳам иложи борича умумлаштириб, шоир ҳақидаги бугунги китобхон тасаввурини бойитадиган тадбир ва тадқиқотлар ўтказилса, бизнинг назаримизда, айни муддао бўлар эди”, деган эдилар.

Мен 2002 йили Қозоғистонда бўлган катта бир анжуманда қатнашган чоғимда Туркия делегацияси сафида келган профессор Турон Ёзғон билан танишиб қолдим. Суҳбатимиз чоғида унга мен Туркистоннинг Қарноғиданман, Ҳазрати Сулаймон Боқирғоний, яъни Авлиё Ҳаким ота авлодиданман, қўлимизда буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор, деганимда, у киши дарров ўрниларидан туриб, мен билан қучоқлашиб кўришдилар. 

– Биз, турклар, Ҳазрати Хожа Аҳмад Яссавийни бутун дунё туркларининг маъ­навий отаси ва унинг йўлини давом эттирган шогирди Авлиё Ҳаким отани тур­кий халқларнинг ифтихори ҳамда фах­ри, устозидан кейинги энг буюк  шайх­лардан бири ҳамда турк тилининг илк асосчилари ва бу зотлар туғилиб ўсган юртни, ўз ота юртимиз деб ҳисоблаймиз, – деганди ўшанда Турон Ёзғон. – “Мадинада Муҳаммад, Туркистонда Хожа Аҳмад!” деган туркий халқлар ўртасидаги олтин ибора бежиз айтилмаган ва Туркистон туркий халқларнинг азиз шаҳри ҳисобланади.

Туркияда бобомиз авлиё Ҳаким отани шунчалар эъзозлашлари, унинг ёзган асарларини қадрлаб ўқишлари мени қаттиқ таъсирлантирди. Шунинг учун ҳам мен улуғ зотлар яшаган давр тарихи, маданияти, турмуш тарзи, удумлари ва эътиқодлари тўғрисида тарихий материаллар, ҳикоятлар, ривоятлар асосида тўлиқроқ маълумотлар тўплашни мақсад қилиб қўйдим.

Улуғ зотлар тўғрисидаги тарихимиз зарварақлари остида яширинган ҳақи­қатлардан бир қисмини  бўлсада  ўқувчилар оммасига тақдим этаёт­ганлигимдан бениҳоя хурсандман.

* * *

Номлари тилга олинган улуғ зотлар тўғрисида биздан олдин шуғулланган адабиётшунос олимлар, ёзувчилар ва шу соҳа мутахассисларининг илмий из­ланишлари кўплаб чоп этилган. Бу мақо­лалар, рисолалар ҳамда китобларни ўқиб, ўрганиб, таҳлил қилиб чиқиб, шундай хулосага келдим: баъзи бир муаллифлар ёзган рисола, мақолаларида бир-бирига ўхшаш, аммо чалкаш фикр-мулоҳазалар юритилиб, исбот-далиллар келтирилган. 

Улар кўпроқ ўзларидаги бор бўлган материаллар, ривоятларгагина асосланиб, ул улуғ зотларнинг қаерда ва қачон туғил­­ганликларини аниқлашга ҳаракат қилганлар ҳамда ўзларининг нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда авлиё Ҳаким отанинг ҳаёти, фаолияти ҳамда ёзган асарлари ҳақида ўз фикрларини билдиришган. 

Албатта, бу муаллифларнинг изла­­ниш­лари замирида жуда катта меҳнатлар ётибди. Шунинг учун ҳам мен, уларга чуқур миннатдорчилик билдиргим ва улар олдида бошимни эгиб, таъзим қилгим келади! 

 Менинг мақсадим уларнинг ишларини, меҳнатларини йўққа чиқариш эмас, балки, қўлимда сақланаётган барча қўлёзмалар, авлодларимиз ҳақидаги шажара, насаб­номалар ва қадимий китобларда ёзилган материаллардаги маълумотлардан фой­даланган ҳол­да, Авлиё Ҳаким ота ва ул зотнинг авлодлари ҳамда ёзган асарлари ҳақида холисона фикр-мулоҳазалар юри­тиб, таҳлиллар асосида мантиқий-қиё­сий хулосаларни биргаликда бериш йўли билан тарихий ҳақиқатни, шўролар сиёсатининг қурбонига айланган қад-риятимизни ва умуман олганда, ушбу улуғ зотлар тўғрисидаги ҳаққоний тарихни тиклашдан иборат. Шундагина  улуғ авлиё бобомиз тўғрисидаги нотўғри ва чалкаш мулоҳазаларга барҳам  бера оламиз.

Албатта, бу мавзуда ҳали ўргани­ладиган сирли нуқталар ва қирралар жуда ҳам кўп! Агар биз маҳаллийчилик, расмиятчиликка берилиб, авлиё бобомиз тўғрисида нотўғри исбот-далилларни олға сураверсак, авва­ламбор авлод-аждодларимиз ҳамда бобомиз руҳи-поклари, қолаверса, келажак  авлод ва тарих бизни кечирмайди!

 

* * *

Мана шу масала хусусида шажара ва насабномаларимиздаги Хоқон Юнусхон томонидан чиқарилган фармонларида ёзилган жумлалардан бирини келти­ришни ўзимга маъқул кўрдим:

"Пайғамбар алайҳиссалом айтиб­дурлар: "Ал-валаду жузъ ул-волид. Ва таъзи­му аҳадиҳи-мо таъзим ул-охари" (“Бо­ла отанинг жузъи бўлагидир. Икковидан би­­рининг таъзими бошқа­сининг таъзими, улуғланишидир"). Бу сўзларга амал қил­сунлар. Сочилғон ота-фарзандларини иззат ва ҳурмат қилсунлар.

На учунким, Ҳадисда айтур: "Аззиму аводано, ли-аннаҳу ал-валаду  райхонун" "Фарзандларимизни улуғланг, чунки, ҳақиқатдан (бизнинг авлод башарият орасидаги) райҳонларидирлар!".

Керакким, сўнгги подшоҳ ва умаро (амир­лар)ва қозийи шаръи шарифлар сочилғон ота фарзандларига хилоф қилмасунлар!”.

Улуғ зот авлиё Ҳаким ота тўғрисида қилинаётган бу савобли ишлар, асосан икки мамлакат – Ўзбекистон ва Қозоғистон, ҳатто, бутун Ўрта Осиё халқлари ўрта­си­даги ўзаро му­­­но­­­сабатларни, дўстликни янада мустаҳкамлашга ҳамда уларнинг тарихини бойитишга  хизмат қилади, деган умиддаман.

* * *

Йиллар давомида йиғилиб ҳамда ўрганилиб чиқилган мазкур манбаларда келтирилган маълумотларга қараганда, бобомиз Сулаймон Малик (Сулаймон Боқирғоний), яъни авлиё Ҳаким ота 1126 йили Қарноқ тупроғида туғилиб ўсган, уни  ота-онаси уч ёшида муллога ўқишга беришади. Мактабдалигиданоқ ўткир зеҳни ҳамда ақли билан ҳаммани қойил қилган болани  Хожа Аҳмад Яссавий 7 ёшлигида шогирдликка олади. Устозининг тарбиясини кўрган Ҳаким ота ундан барча илмларни мукаммал ўрганиб, у сингари "илми камол"лик даражасига эришади.  

Шундай қилиб, йигирма йил давомида устози Хожа Аҳмад Яссавийга астойдил хизматини адо этганларидан сўнг, уч йил Шом (Сурия) давлатида бўлиб, у ернинг  халқини мурид қилади. Сўнг, ўз юртига қайтиб келгач, устози шогир­дининг фаҳм-фаросатли эканлигига, камолга етганлигига, илм сирларини эгаллаганлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилганидан кейингина ўзининг таълимотини ўзга элларда тарқатмоқ мақсадида, Ҳаким ота Сулаймонни Хоразм юртига халифа этиб юборишга қарор қиладилар.

Устоз анъаналарини давом эттириш мақсадида Ҳаким ота туғилиб ўсган юрти Туркистоннинг Қарноғини, ота-оналарини (отаси Бужув Малик Хўжа – Сочилғон ота ва онаси Улуғпошшо – Улуғ она)  ва ҳатто улардан мерос бўлиб қолган Cаброн (Саврон)нинг Адоғ ерлариндаги барча мол-мулкини ташлаб, (ғоя учун ҳамма нарсадан воз кечиб, тарки дунё қилиб) устозининг башоратига мувофиқ эрта тонгда келган оқ туяга минган ҳолда тақдир тақозоси ила Хоразм юртининг “Бейнав орқаси” деган ерига борадилар ва у ерда кўп кароматлар кўрсатадилар. 

Хоразм подшоҳи Бўғрохон  унинг илмига ва кўрсатган кароматига тан бериб, 14 яшар соҳибжамол қизи (Райҳона) Анбар Бибини назр қилиб берадилар ва ҳамма аёнлари билан биргаликда унга мурид бўладилар. Шундай қилиб, Ҳаким ота Сулаймон  подшоҳ қизи соҳибжамол Анбар Бибига уйланади ва солиҳ фарзандлар:  Маҳмуд Хўжа, Асқар Хўжа ва Ҳубби Хўжалар туғилиб, вояга етишади. Уларнинг вали зур­­­­­­­­­риётлари ҳақида жуда кўп хилма-хил мўъжизакор ҳикоялар ва ривоятлар борки, буларнинг ўзи алоҳида китоб бўлади.

 

(Давоми бор).

Абдуманноп ЗИЁЕВ, 2017-08-14, 19:29 1309
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.