26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистоннинг келажаги мактабларда шаклланмоқда

Рақамли иқтисодиёт ва рақамлар

Йигирма биринчи асрни Ахборот асри дейиш мумкин. Бугунги кунда муомаладаги маълумотлар ҳажми йил сайин геометрик прогрессия тарзида ортиб бормоқда. Рақамли технологиялар эса бу жараёндан инсон фаровонлиги йўлида фойдаланиш имкониятини яратди. Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг салкам эллик фоизи интернет хизматидан фойдаланмоқда. АҚШ иқтисодиётида эса бу кўрсаткич саксон фоизга яқинлашмоқда. Жаҳоннинг энг ривожланган 7 мамлакатида рақамли технологиялар бозори йилига 3,2 триллион долларни ташкил қилади (таққослаш учун: вилоятимизнинг йиллик бюджети 10 миллиард долларга ҳам етмайди). Ва бу кўрсаткич ҳар беш йилда икки баравар ўсиб бормоқда. 

Янги имкониятлар яратаётган технологиялардан мамлакатимизда ҳам фойдаланилмоқда. Элбошининг “Қозоғистоннинг учинчи замонавийлашуви: дунёвий рақобатбардошлик” Мактубида рақамли технологиялар, коммуникация воситаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, йигирма биринчи аср билан ҳамнафас одим ташлаш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси ихтиролар, янги техника ва технологиялар, улардан самарали фойдаланиш усулларидан бохабар бўлиши лозим. Янги авлоддан нафақат маълумот олиш, балки уни танқидий муносабат билан таҳлил этиш ва зарур нуқталарда ташаббус кўрсатиш талаб қилинади. Шундагина ҳар бир ватандошимиз, демакки, Ватанимиз жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлади.

Шу кунларда мамлакатимизда мазкур йўналишда дастлабки муваффақиятлар кузатилмоқда. Алматидаги ахборий технологиялар кластери, кўплаб олий ўқув юртлари қошида гуркираб ривожланаётган, бир вақтнинг ўзида тижоравий муваффақиятларни кўзлаётган, назария ва амалиёт муштараклигига асосланган изланишлар дастлабки натижаларини кўрсатмоқда. 

Айни вақтда улкан ютуқларга эришиш учун жамиятда улкан ўзгаришларни амалга ошириш зарур. Ва уларни юзага чиқариш учун дастлабки қадамлар ташланмоқда. 

 

Янги ғоялар – янги мактаб орқали оммалашади

Ҳар қандай жамиятда барқарорлик ва ўзгаришлар мувозанати сақланиши зарур. Чунки, инқилобий ўзгаришларнинг ижтимоий қиймати ҳаддан ташқари юқори. Айни бир вақтда қобиққа ўралиб яшаш қолоқликка олиб келиши ҳам табиий. Элбоши ўзининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Жамиятимиз олдида турган онг ўзгаришини амалга оширишда эса мактабларнинг аҳамияти катта.

2050 йилгача Қозоғистонни жаҳоннинг 30 мамлакати қаторига олиб чиқишни кўзлаган миллий стратегик режа доирасида умумтаълим мактабларига киритилаётган янгиланган таълим дастури ана шундай узоқни кўзловчи тадбирлардан бири. 2017-2018 йилда иккинчи, бешинчи, еттинчи синфлар ана шу асосда таълим олишни бошлайди. Ва бу жараён нафақат давлат идоралари, мактаб ходимларининг, балки барча ижтимоий фаол инсонларнинг иштирокини талаб қилади. Чунки, янги авлод – ҳар биримизнинг эртанги кунимизни белгилайди. 

Мактабларда рақамли технологиялар кенг кўламда қўлланилмоқда. Турли расмий ҳужжатлар ва ҳисоботлар, назорат ва янгиликларни етказиб бериш электрон турда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари муаллимларнинг малака ошириш имкониятлари ҳам кенгаймоқда. Онлайн дарслар, онлайн конференциялар, вебинарлар... буларнинг барчаси замондош муаллимларнинг кундаликда фойдаланадиган сўзларига айланди. Интерфаол тахталар, дарсларда медиафайллардан фойдаланиш, дарс жараёнида интернет тармоқларидан жой олган видео, аудио материаллардан фойдаланиш ҳам одатий ҳол. Бу ишлар билан, zero.kz сайтининг маълумотига кўра, мамлакатимизда рўйхатга олинган 430тадан зиёд сайт ижодий жамоалари шуғулланмоқда. 

 

Ўзбек мактабларида аҳвол қандай?

Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши Қозоғистондаги ўзбекзабон мактаблар жамоаларининг ҳам эътиборидан четда қолмади. Қатор мактаблар ушбу кунларда ўз сайтларини юритмоқдалар. Айниқса, Шимкент шаҳридаги Юсуф Сарёмий номли мактаб-гимназиянинг бу борадаги тажрибаси алоҳида эътиборга лойиқ. Деярли барча мактаблар ва муаллимлар ижтимоий тармоқлар бераётган имкониятлардан фойдаланишмоқда. 

Шу билан бирга янада кенг қамровли интернет захираларга эҳтиёж мавжуд. Ўтган йилнинг охирида “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси, Шимкент, Туркистон, Кентов шаҳарлари, Сайрам, Сариоғоч туманларида ўзбек тилида таълим-тарбия бераётган фаол устозларнинг жамоатчилик асосида амалга оширган ишлари, “Дўстлик” ҳамжамияти, Қозоғистон халқи Ассамблеяси, Парламент Мажлисидаги, турли даражадаги маслаҳатлардаги депутатларимизнинг беғараз кўмаги билан maktab.kz сайти дунёга келди ва шу эзгу мақсадга хизмат қила бошлади. 

Сайт жамоаси эътибор қаратган асосий йўналишлардан бири – янгиланган дастур асосида ўтиладиган дарслар учун услубий материаллар тайёрлаш эди. Ижодкор устозларнинг саъй-ҳаракатлари билан турли дарслар учун қисқа муддатли, ўрта муддатли дарс режалари намуналари, дарсларда фойдаланиш учун тақдимотлар сайтда чоп этилди. Айни вақтда дарсларда ишлатиладиган видеолавҳалар суратга олиш йўлга қўйилди. Бугунги кунгача йигирмага яқин видеолавҳа сайтдан ўрин олган. Уларни томоша қилган ўқувчилар янгиланган таълим дастурини тўлақонли ўзлаштиришлари анча енгилроқ бўлади. Айниқса, 1-синфдаги “Савод таълими” дарсининг 158 ва 155 дарслари учун олинган видеолавҳалар кўпчиликнинг эътиборини торта олди.

Куни-кеча вилоятимизда ва мамлакатимизда танилган устозлар, маориф соҳаси жонкуярлари, жамоатчилик вакиллари ва Қорабулоқ қишлоғи ҳокими А. Абдуқодиров иштирок этган тадбирда ўтган давр давомида бажарилган ишларга якун ясалди. К. Юсвалиев, С. Акромов ва бошқа кекса устозлар, Б. Нуралиев, О. Юсвалиев, А. Абдушукуров ва бошқа таълим даргоҳларининг раҳбарлари, М. Мусаева, А. Сотволдиев каби вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари, Тараз, Чимкент, Туркистон, Кентов шаҳарлари, Сариоғоч, Сайрам, Тўлебий туманларидан ташриф буюрган амалиётчи муаллимлар сайт ижодкорларининг ишига, чоп этилган тўртта услубий китобга ижобий баҳо бердилар.

Ўйлаймизки, келажакда, янги, рақамли технологиялар ҳудудида юқоридаги каби ташаббуслар тобора кенгайиб бораверади. Бу эса мактабларимизда таълим олаётган фарзандларимизнинг салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, амалга оширилган ишлар оширилиши мумкин бўлганларидан ҳамиша кам, ниятлар эса мўл.

 

 

М. САТТОР, 2017-08-14, 19:55 973
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.