26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Сулаймон боқирғоний (авлиё Ҳаким ота) ҳақида янги дарак

(Давоми. Боши ўтган сонда).

 

Ҳаким ота Сулаймон устозининг барча кўрсат­маларига амал қилган ҳолда, қолган умрини Хоразмда  ўтказди. Устозининг йўлидан бориб, Хожа Аҳмад Яссавийга ҳам­да унинг ғояларига эътиқоди ва садоқати жуда кучли эканлигини исботлади. Ниҳоятда кўп  ҳикматлар, достонлар ва шеърлар ёзди. Унинг  асарлари асрлар давомида халқ орасида жуда машҳур бўлган ҳамда келажак авлод учун ҳам бебаҳо мерос бўлиб қолаверади.

Хожа Аҳмад Яссавийнинг истеъдодли шогирдини ўзга юртларга шайх қилиб юборишидан асосий мақсади – чексиз ҳудудларни эгаллаган саҳройи туркий қабилалари орасида исломни янада кенг ёйиш ва мустаҳкамлаш эди. Бобомиз Ҳаким ота Сулаймон эса  вазифасини адо этган ҳолда, устозининг топшириқларини аъло даражада бажарди ва олтмиш ёшида (1186 йили) бу фоний дунёдан кўз юмди.

Менинг қўлимда сақланаётган насаб­номалардаги маълумотларга қараганда, бобомиз Ҳаким ота Сулаймон асли Қарноқда туғилган. Унга берилган тахал­лус туғилган жойи билан алоқадор эмас. Шажара ва насабномани ўқисак, тахаллус: “Таёқ бирлан урдилар, тева боқирди ва қўпмади. Ул ерга Боқирғон от андин қолди”, деган иборадаги “Таёқ бирлан урдилар тева боқирди”, сўзига алоқадор эканлиги аён бўлади.

Менинг назаримда, ”Боқирғон” шаҳрига ном бобомиз Ҳаким ота Сулаймон Туркистон(Ясси)нинг Қарноғидан Хоразм  юртига бориб яшаган пайтларидан кейин берилган. Бу ҳақда менинг қўлимдаги барча насабномаларда аниқ ва равшан ёзилган.

Бугунги кунга қадар, изланишлар олиб бораётган барча олимларимиз ва шу соҳа мутахассислари Сулаймон Боқирғонийни Хоразм юртининг Оққўрғон  қишлоғида туғилган, деб ҳисоблаб келишган. Менинг қўлимдаги насабномаларда эса:  “Хожа Аҳмад Яссавийнинг юз йигирма йил умри бўлди. Ҳаким отанинг олтмиш йил умри бўлди. Хожа Аҳмад Яссавийдин назари ҳиммат бўлуб, улуш олди, деб айтурлар”,  деган фикр ва далиллар баён этилган.

Шунинг учун ҳам, ушбу тарихий ҳужжатларга асосланган ҳолда “Ҳаким ота 1186 йили вафот этган” деган маълу­мот мантиққа бирмунча яқин келади,  деб қабул қилдим ва шунга кўра фикр юритдим.

Менинг шундай қарорга кели­шим­нинг асосий сабаби,ушбу насаб­номаларда: “Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу невараси, ислом дунёсининг энг буюк тариқат шайхларидан бири, фақиҳ Қосим ибн Муҳаммад авлодидан бўлган Бужувхўжа Малик раҳматуллоҳи алайҳ лақаби Сочилғон ота ўғиллари Кошифул-асрор(сирларни кашф қилувчи), Ҳақиқати сайёр шаҳри ишқу-муҳаббат (ишқу-муҳаббат ойида юрувчининг ҳақиқати), Ҳодийи шариату тариқату ҳақиқат (шариат, тариқат ва ҳақиқатга бошловчи) ва Қудсий манзилат (илоҳий мақомли), Фирдавс хосият (жаннат хосият)ли” (шажарада Сулаймон Боқирғоний – Ҳаким отага атаб келтирилган таърифлар) Ҳазрат Қул Сулаймон лақабли Ҳаким ота раҳматуллоҳи алайҳи, Саброннинг Адоғ еринда, Чўрлоқ ариғин бошиндаги чашма бўйида туғилди”, деб ёзилган бўлиб, бу ҳақда олиб борилган таҳлилларим шуни кўрсатдики, ул зот ҳақиқатан ҳам Қоратов этагидаги Қарноқ қишлоғида  таваллуд топганлиги аниқ.

Мана шу боисдан ҳам, қўлимда сақ­­­­­­­­ла­наётган тарихий ҳужжат ва қўлёз­маларга асосланиб, авлиё Ҳаким ота, яъни Сулаймон Боқирғоний Хоразм юртида (Боқирғон кентида) эмас, балки Туркистоннинг Қарноғида туғилган деб айтишга ҳақлиман! 

Назаримда, Ҳаким ота яшаган давр тахминан 1126-1186 йилларга тўғри келади. Бобомиз Сулаймон Боқирғоний ватани – Қарноқнинг ер-сувлари тўғрисида қўлёзмаларда, шажара ва насабномаларимизда берилган мате­риаллар асосида, ҳақиқатан ҳам ул зотнинг ушбу масканда туғилганлигини исботловчи бир неча маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Бир шажара ва насабномада: “Сабронда Адоғ еринда Чурлоқ ариғин, Булдуруқ ариғин, Оқтепадаги Хўжатўғон, Муллотўғон деганни Сочилғон отаға ниёзу назр қилдук”, дейилади. 

Шажарада таъкидланишича Ҳаким ота Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ авлодидан бўлиб, оталарининг исми Бужув Малик (лақаби Сочилғон ота) эканлигини эътиборга олинг.

“Чурлоқ ариғин бошиндаги чашма (бўйи)да Сулаймон туғилди. Ўшал чашма Сочилғон отанинг каромати турур. Туркистон ўттиз икки пора навкент турур. Чурлоқ Ҳаким отанинг мулки турур”, деб ёзилган бўлиб, ҳақиқатан ҳам бу жойлар Қарноққа тегишли эканлигини аниқладик.

Қадимда Қарноқ қишлоғи Қоратоғнинг ён бағрида, икки томони тоққа туташган қалин ўрмонзорли қирлар билан ўралган, булоқлари жуда ҳам кўп, гўзал, кўркам ва ажойиб сўлим бир маскан бўлиб, ўртасидан катта сой оқиб ўтган (ўша сой ҳозир ҳам бор).

Тоғ тарафдан назар ташласангиз, қишлоқ ўртасидан оқиб ўтадиган сойнинг  ўнг томонида, сув бўйида катта тепалик бор. Бу тепалик ҳозир “Ғортепа” (олдин “Хонтепа” ёки “Оқсарой”, милодий IV асрга тўғри келади) деб аталади.  “Оқсарой” – ҳукмдорлар яшайдиган макон (қўрғон) ҳисобланган.

Қарноқ қишлоғи ўртасидан оқиб ўтадиган ариқнинг ўнг томонида жой­лашган қир-адирлар бағридаги ҳудуд “Чўрлуқ”(Чўрлоқ) ерлари деб аталади. Ушбу ерларга “Ғортепа”(“Хонтепа”) ёнида жойлашган “Авлиё Қора Бура ота” булоғи ва унинг ёнидаги Сочилғон ота чашмаларидан қайнаб чиққан булоқ сувлари катта ариққа қуйилади. Мана шу ариқ “Чўрлуқ” (Чурлоқ)  ариғи дейилади. 

“Чўрлуқ” ариғининг сувлари “Чўр­луқ” (Чурлоқ) ерлари орқали оқиб ўтиб, ”Шакарбулоқ” нинг юқори томонидан, қишлоқ ўртасидан ўтган Ҳофизбанд сойига бориб қуйилади. 

Демак, биз юқорида шажара ва насабномаларимизда ёзилган маълу­мотларга асосланиб айтадиган бўлсак: Сочилғон ота, яъни Бужув Малик Хўжа­нинг ўғли Ҳаким ота Сулаймон мана шу гўзал табиат  қўйнида жойлашган (“Хонтепа” ёки “Оқсарой”да) қўрғонда яшаб ўтганлар! 

Бу далиллар инкор этиб бўлмайдиган тарихий ҳақиқатдир! 

Ҳозирги “Ғортепа” (“Хонтепа”) бобомиз авлиё Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний яшаган қўрғон ўрнида ҳосил бўлган катта тепалик ҳисобланади. (“Ғортепа” ёки “Ғорноқ” – бу сўфий авлиёлар яшаган маскан маъносини англатади).   

Энди яна бир ўйлаб кўришга арзий­диган фикр! Бизнинг қўлимиздаги ҳужжатларда “Саброн (Саврон)да Адоғ еринда”, деб ёзилган, “Адоғ” сўзи Қарноқ шевасида “адо (бўди) бўлмоқ”, “адоғ бўлди” дегани, “тугади, тамом бўлди” маъносини англатади.

Демак, ”Адоғ ерлари” деганида бу Қоратоғ этагида жойлашган тоғ олди ерлари, яъни тоғ этагигача бориб тугаган ва унга туташган ерлар тушунилади. 

Шунинг учун ҳам, Чўрлоқ ариғи, Булдуруқ ариғи ва Ҳофизбанд ариқлари Қоратоғдан Саброн(Саврон) тарафга оқадиган ариқ(сой)лар ҳисобланиб, улар орасида ётган барча ҳосилдор яхши тоғ олди ерлари  ”Адоғ ерлари”,  деб аталган. Қарноқ Қоратоғ тизмасининг ён бағрида жойлашган айнан ана шундай қишлоқ ҳисобланади.

“Маноқиб” китобида ёзилишича: “Ҳикоятда андоғ келиб турурким, Ҳаким ота алайҳир раҳма кичикликда мактабға борсалар, Қуръони Шарифни бошлариға кўтариб борур эрдилар. Барча ўғлонлар бўйунлариға кўтариб осиб борур эрдилар. Ва Ҳаким ота қойтарда юз-ларини устозлари сари қилиб, орқаларини уйлари сари қилиб келур эрдилар. Муборак одлари Сулаймон эрди. Кунларда бир кун Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳир эшикларинда ўлтуруб эрдилар, кўрсалар, бир бўлак ўғлон келурлар ва мактабга борур эрдилар. Буларнинг орасинда бир ўғлон Каломуллоҳни бошиға кўтариб борур эрди”.

Буни кўриб қолган Хожа Аҳмад Яссавий раҳматуллоҳи алайҳи, Ҳа­ким Сулаймонни шогирдликка қабул қилиш мақсадида унга қараб айдилар: «Устозинг ижозат берса, албатта, келгил. Мен санга Қуръон ўгратайин». Бу сўзни эшитиб, Сулаймон устозиға адаб бирла салом қилди ва ижозат тилади. Устозлари ижозат берди. Ондин сўнг ота-онасидин ижозат тилади. Ота-оналари ҳам ижозат бердилар. Ўзлари келиб, Хожа Аҳмад Яссавийдин Қуръон ўгранур  эрдилар. Саҳл вақтда барча илмларни забт қилдилар.

Ўн беш ёшиға етгандин сўнгра маъсум эгач, тавба қилиб Хожа Аҳмад Яссавийға мурид бўлди. Барча тариқи адабларни забт қилиб, ўгранди. Кечаю кундуз шарти адаб бирла хизмат қилур эрди”, деб ёзилган. Ўйлайманки, бу воқеалар ҳам Сулаймон Боқирғоний туғилган юрт – Туркистоннинг Қарноғида бўлган эрди. (Шарқшунослик институтида сақланаётган Жўйборийзода қаламига мансуб, 1330 ҳижрий йилида (милодий 1911 йил) ёзилган авлиё Ҳаким ота тўғрисидаги “Маноқиб” (таржимаи-ҳоли) 2069/ V рақамли қўлёзма китобининг 79-100 саҳифаларидан нусхаси кўчириб олиниб, Ҳамидуллоҳ Беруний томонидан 2006 йили, 12 ноябрь, якшанба куни ушбу рисола табдил (таржима) қилинган).

Хожа Аҳмад Яссавий ёш Сулаймон Маликнинг 3-7 ёшлик давридаги ўткир зеҳни ва ақлли эканлигини Хоразм юртига бориб мактаб олдида кузатмаган бўлса керак? Чунки, баъзи бир муаллиф­ларимиз ёш Сулаймонни ота-онаси 12 ёшида Хожа Аҳмад Яссавийдан сабоқ олиш учун Туркистонга олиб келган, деб ёзишади. Ул зотни аслида ёш болалик чоғида Хожа Аҳмад Яссавий ўзига шогирдликка олган эди.

Менинг қўлимда сақланаётган бар­ча шажара ва насабномалардан олин­ган Абу Бакр Сиддиқ учинчи ўғли Муҳаммад ибн Абу Бакрдан тарқаган ҳар бир бўғин авлодлари тўғрисидаги маълумотларнинг авлиё Ҳаким ота, яъни Сулаймон Боқирғонийгача бўлган қисми олиниб, таҳлил қилинганида, ҳар бир бўғин авлодларининг номлари “Сувноқ”ларнинг бобоси Ҳисомиддин Сиғноқий авлодлари ҳақида ёзилган барча насабномаларда кўрсатилган бўғин авлодларининг номларига айнан ўхшаш ва бир бирига тўғри келади!

XII аср бошларида Туркистонда яшаб ўтган Қосим ибн Муҳаммаддан тарқаган авлодлардан бири, Қайюм Маликнинг тўнғич ўғли Абдуллоҳ Маликдан Ҳисо­миддин Малик (Ҳисомиддин Сиғноқий), яъни авлиё Сувноқ ота туғилади. Иккинчи ўғли Бужув Маликдан эса, Сулаймон Малик (Сулаймон Боқирғоний), яъни авлиё Ҳаким ота туғилди.   

Натижада, Туркистон заминида бир отадан туғилган икки ака ва уканинг фарзандлари:  Абдуллоҳ Малик ўғли Сувноқ отадан “Сувноқ”лар уруғи ҳамда Бужув Малик ўғли Ҳаким отадан эса “Қиличли хўжа”лар уруғи тарқаган.

Мана шу пайтгача жуда кўплаб муаллифлар:  Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг авлоди Сувноқ отани кўкларга кўтариб гапиришади-ю, Ҳаким ота билан Сувноқ отанинг бир отадан туғилган ака ва укаларнинг фарзандлари эканлигини эътибордан соқит қилишади.  Азалдан Туркистон халқида ҳам: ”Хўжа билан Сувноқ бир отадан тарқаган”, деган  нақл бор.

Шунинг учун ҳам, “Сувноқ” уруғига мансуб қарин­дош­ларимиз, Хожа Аҳмад Яссавийнинг энг истеъдодли шогирди ва халифаси сифатида устозининг даъвати билан Туркистондан ўзга юртларга шайх (халифаси) бўлиб кетган туркий тасаввуф шеърияти осмонининг энг ёрқин юлдузларидан бири, ҳикматлар уммонининг дуру-гавҳарларига тенг ҳикматларини ёзиб, элга тақдим этган жаҳонга машҳур улуғ мутасаввуф шоир Сулаймон Боқирғоний, яъни авлиё Ҳаким отадан тарқаган авлодларидан Қарноқ қишлоғида яшовчи “Қиличли хўжа”лар уруғи вакилларини ҳеч қачон эсларидан чиқармасликлари лозим.

Менинг назаримда, бир отадан тар­қаган икки буюк авлиёнинг кейинги бўғин авлодлари ўртасида “Хўжа” ва “Сувноқ” тушунчалари аслида кейинги даврларда пайдо бўлган.

Агар ҳақиқатан ҳам авлиё Ҳаким ота Хоразм юртида туғилганида  Хожа Аҳмад  уни 5-7 ёшида ўзига шогирдликка олмаган бўлар эди.  Туркистон заминида бир отадан туғилган Абдуллоҳ Малик ва Бужув Малик фарзандлари: Ҳисомиддин Малик (авлиё Сувноқ ота)ни Сиғноқда эмас, Чўрноқда ҳамда Сулаймон Малик (авлиё Ҳаким ота)ни эса, Қарноқда эмас, Хоразм юртида туғилган эди, деб фараз қилинса, мантиққа тўғри келган бўлармиди? 

Авлиё Сувноқ отанинг қабри ва мақбараси ҳозирги Қозоғистон Рес­публикаси, Қизилўрда вилояти, Янги­қўрғон туманида “Сувноқ ота” деган қишлоқда жойлашган бўлиб, унинг авлодлари асосан ўша ҳудудда ва Жанубий Қозоғистон вилояти, Туркистон тумани теварагидаги Чўрноқ ҳамда Сувноқ деган қишлоқларда яшашган. Шунингдек, қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг бир неча вилоят­ларида ҳам Сувноқ ота авлодлари яшашади.

 Менинг фикрларимни тасдиқлайдиган яна бир исбот-далил:

Авлиё Ҳаким ота вафотидан (1186 йил) кейин, Хоразмдан биринчи бўлиб отасининг васиятига кўра, унинг ўғли Маҳмуд Хўжа 55 ёшига қадар ота юрти ҳисобланган Қарноққа келиб, маълум муддат яшайди. Маҳмуд Хўжа ҳам отаси каби замонасининг пешқадам уламоси, улуғ шайхлардан бири бўлганлиги сабабли, уни Самарқанднинг Нур воҳасига шайх қилиб юборадилар. Маҳмуд Хўжадан Бобо Жўш Хўжа туғилади. Ул зотнинг қаерда ва қачон туғилганлиги бизга номаълум. 

Хўш, Муҳаммад Шайх Азизон ҳам худди бобоси авлиё Ҳаким ота каби “Яссавия” тариқати шайхларидан ҳисобланиб, Хожа Аҳмад Яссавий таълимотини давом эттирган издош­ларидан бири сифатида яссавиёна ҳикматлар ёзиб, ижод қилган.

 Улар орасида, айниқса  Муҳаммад Муқим Шайх (авлиё Эр Муқим ота) азизлари умрларининг кўп қисмини ботиний ва зоҳирий таълимни мукаммал билишга бағишлаган, одиллиги, билими, тоат-ибодати билан ўз даврининг Шайх-ул Машойихи даражасига эришган улуғ зотлардандир. 

Яна бир тарихий ҳақиқат, бу авлиё Ҳаким отанинг қайноталари Бўғрохоннинг Қарноққа келиб қолганлиги ва Қарноқ қишлоғида ҳақиқатан ҳам, Қора Бура ота қабрининг борлиги ва ул зотнинг авлодларидан “қорахонийлар” (қисқача “қорахон”лар) уруғи ҳозирги кунга қадар ушбу қишлоқда яшаётганлигининг ўзи ҳам инкор қилиб бўлмайдиган тарихий далилдир!

Сулаймон Боқирғоний издошларидан бўлмиш Мавлоно Шамсуддин Ўзгандий – Шамси Бузурук ўз ҳикматларидан бирида:

“Сирдарёға чўмғувчи, дурри гавҳар олғувчи,

 Харидорға сотғувчи, Ҳаким Хожа Сулаймон.

Сирдарёни кезибон, суҳбатларни тузагон,

Ҳаким билан безагон, Ҳаким Хожа Сулаймон”, деб ёзган мисраларига яхшилаб эътибор берадиган бўлсангиз, ул зот ҳақиқатан ҳам, Ҳаким Хожа Сулаймоннинг Туркистон атрофида яшаганлигига ва ўша диёр фарзанди эканлигига ишора қилганлиги яққол намоён бўлади.

 

***

 

“Мен “Охир замон китоби”, “Биби Марям китоби”, ”Меърожнома” ва “Собит қиссаси” каби ўлмас асарлар ёзиб қолдирган улуғ авлиё Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний ҳақида баҳоли қудрат ёзиб тугатар эканман,  ушбу буюк авлиё бобомизнинг ҳақиқий ихлосманди ва авлодларидан бири сифатида, ушбу улуғ зот тўғрисидаги тарихий ҳақиқат­нинг тикланиши талабгориман.

Шуни ҳам айтиш керакки, Сулаймон Боқирғонийнинг ҳаёти, кароматлари, илоҳий нафаслари ҳақида кўпгина нақлу ривоятлар мавжуд. Шунинг учун ҳам, олимларимиз томонидан бу улуғ зотнинг тарихий ва маноқибий ҳаётлари янада чуқур ўрганилиб,  халқимизга тақдим этилиши керак!

Яна бир фикр, балки, зукко олимларимиз ва ушбу соҳа мутахассислари юқорида келтирилган бир неча  далиллар асосидаги хулосаларга ўз фикрларини билдиришар, деган умиддаман.

 

Абдуманноп Зиёев, 2017-08-16, 19:38 199
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.