26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мактаб битирувчиларининг 71 фоизи ЯМТ топширади

  Бу йил Жанубий Қозоғистон вилоятида 33 112 ўқувчи мактабни тугатади. Мустақил ҳаётга қадам ташлаётган битирувчилардан 24974 нафари қозоқ, 2887 нафари – рус, 4940 нафари – ўзбек, 311 нафари тожик. 

  Уларнинг аксарияти ЯМТда қатнашиш ниятида. Бироқ олий ўқув юртига тушишни хоҳловчи битирувчилар бу йил тест синовларини янги шаклда топширадилар. Вилоят минтақавий коммуникациялар хизматида ўтган брифингда вилоят таълим бошқармаси раҳбарининг вазифасини бажарувчи Раушан Ергашова шуларни маълум қилди.

  Бу йил талабга мувофиқ Ягона миллий тест икки босқичда ўтади. Биринчиси – якуний аттестациялаш – яъни, давлат битирув имтиҳони. Иккинчиси – ЯМТ – олий ўқув юртларига кириш имтиҳони. Якуний аттестация мактабда бешта фандан(шу жумладан 4таси мажбурий, 1таси танланган фан бўйича) ўтади. Барча имтиҳонлар, шунингдек, тест синовлари ҳам ўқувчининг ўзи ўқийдиган мактабда қабул қилинади. 

  Айтганча, имтиҳонга қўйилган баҳодан норозилик туғилган тақдирда, битирувчи келаси кунги соат 13.00гача туман, шаҳар таълим бўлимлари ҳамда вилоят таълим бошқармаси қошида тузилган комиссияга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Имтиҳонлар тахминан 2017 йил 29 май ва 9 июнь оралиғида ўтказилади. 

  – Якуний аттестациянинг барча материалларини тайёрлаш ҳамда таълим бошқармаларига етказишни Миллий тест маркази, мактабларга етказишни таълим бўлимлари уюштиради. Шунингдек, ёзма ҳамда оғзаки имтиҳонларни баҳолаш, тўғри жавоб кодлари асосида жавоб варақаларини текширишни мактабда тузилган имтиҳон комиссияси ҳар бир фан бўйича юритади, – дейди Р. Ергашова.

  ЯМТ олий ўқув юртига кириш имтиҳони ҳамда давлат грантларини тақсимлаш тизими сифатида қолади. Янги шаклга мувофиқ ЯМТ учун 5та фан бўйича 120та савол тасдиқланган. Унинг 3таси мажбурий ҳамда абитурентларнинг олий ўқув юртига топширадиган мутахассислигига тааллуқли, 2таси қобилиятига қараб танланади. Тест вақти 3 соату 30 дақиқани ташкил этади. Кириш балли – 50 – ўзгаришсиз қолади.

  Тестда қатнашиш учун аризалар 10 март – 10 май оралиғида ЯМТ ўтказиш пунктларида қабул қилинади. Уни ўтказиш вақти 20 июнь билан 1 июль оралиғига белгиланган. 2017 йил август ойи ва 2018 йил январь ойида ЯМТни тўловли асосда қайта топшириш имконияти берилади.

  Ҳозирги кунда битирувчилардан 23 760 нафари, яъни 71,8 фоизи ЯМТда қатнашмоқчи.

  Шунингдек, ЯМТ топширадиган 23 760 битирувчидан 13 585 нафарини транспортда олиб келишга, 12 443 нафари овқатланишга, 1825 ўқувчи эса ётоқхонага муҳтож. Бугунги кунда маҳаллий бюджетдан битирувчиларни тестдан ўтказиш учун керакли маблағ ажратилиб, ташкилий ишлар юритилмоқда.

  Вилоятимиздаги 1429 нафар битирувчи “Олтин белги”ни кўзлаётган бўлса, 852 битирувчи имтиёзли аттестатдан, 9-синфни битирувчилардан 3568 нафари имтиёзли шаҳодатномадан умидвор.

  Бундан ташқари, жорий йилда “Олтин белги” соҳиблари мактаблардаги давлат битирув имтиҳонлари натижасига кўра, мактаб директорининг буйруғи билан тасдиқланади. “Олтин белги” соҳиблари, умумтаълим фанлари бўйича халқаро, республика олимпиадаларининг, илмий лойиҳаларнинг ғолиблари ва совриндорлари ЯМТни умумий тартибда топширадилар. Бинобарин, балл сони тенг бўлиб қолган тақдирда таълим грантларини олишда устунлик берилиши ҳисобга олинган. Масалан, агар битирувчи ҳамда “Олтин белги” соҳиби иккаласи 122 балл олса, грант “Олтин белги” эгасига берилади. Агар битирувчи кўпроқ балл тўплаган бўлса, “Олтин белги” эгасига устунлик берилмайди. Умумий таълим фанлари бўйича халқаро олимпиада ғолиблари ва совриндорларига махсус грантлар ажратилади. 

  Бундан ташқари, мактабни аввалроқ тамомлаган ҳамда техника ва касб-ҳунар коллежларини битирган талабалар олий ўқув юртларига кириш учун мажмуавий тестдан топширадилар. Мажмуавий тестга ариза бериш вақти жорий йил 1 – 20 июнь оралиғи. Тест 17 – 23 июль ўртасида ўтказилади. Тестдан ўтказиш вақти 1 соату 40 (100) дақиқа. Мажмуавий тест синовлари вилоятдаги олий ўқув юртларининг базаларида жойлашган тест марказларида ўтказилади.

 

С. ШАРИФБОЕВА, 2017-04-25, 15:03 729
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.