26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Олимлар йиқилса – олам нурайди

Ҳурматли «Жанубий Қозоғистон» газетаси жамоаси, муштарийлари!

Мен жуда ҳам ҳурмат қиладиган Мираҳмад Мирхолдоровнинг яқинда вафот этганини эшитиб, қаттиқ қайғурдим. Оллоҳ раҳматига олсин! Етук билимли, уламо киши эди. 

Қозоғистон мустақилликка эришгач, Сирдарё бўйини макон тутган ўтроқ қавм вакиллари ҳам ўлкашунослик йўналишида қатор ишларни амалга оширдилар. Уларнинг бир қанча китоблари чоп этилди. Шу жумладан, Мираҳмад Мирхолдоров ёзган «Чимкент тарихи» (Чимкент, 1997 йил)ни алоҳида таъкидлашни истардим. Бундан ташқари, оқсоқол араб ёзувида чоп этилган қатор китоб ва рисолаларни таржима қилиб, ўқувчиларга тақдим этди. 

Мени Мираҳмад аканинг Сайрам шаҳри тарихи хусусидаги фикрлари қизиқтирган эди. «Қозоғистон ўзбеклари» китобини ёзишга тайёргарлик даврида Сайрам музейига атайин келганман, шу ерда иккимиз бир неча марта учрашиб, маслаҳатлашгандик.

Сайрам фақат Ўрта Осиёнинг эмас, Евроосиё материгининг ҳам энг қадимий шаҳарларидан. Олам халқлари тарихини илк бор бир тизимга келтирган Рашид-ид-Дин замонида Сайрам эртаклардаги каби фусункор шаҳар бўлган. «Жами-ат тавориҳ»да Сайрам тарихини қозоқлар «Отамиз – Алаш, керагамиз – ёғоч», деб атайдиган Алашахон даврига боғлаб шундай таърифлайди: 

«…турклар Яфитни Абулжа-хон (Алаша-хон) деб аташди ва ҳозир ҳам шу ном билан атаб келишмоқда ва Абулжа-хон (Алаша-хон)нинг Нуҳнинг ўғли ёки невараси эканлигини аниқ айтишолмайди. Бироқ унинг авлоди эканлиги ва яшаган замони хусусида барчаси ҳамфикр. Барча мўғуллар, турк қабилалари, кўчманчилар (матнда – даштда яшовчилар) унинг авлодидан тарқалган. Бу масалани шундай тушунтиришган: Абулжа-хон (Алаша-хон) кўчманчи бўлган, унинг ёзги яйловлари Ўртоғ ва Ғозтоғ (Қазтағ), унинг яқинида Инанж (Жубан она) шаҳри бўлган. Абулжа-хон (Алаша-хон)нинг қишлов жойи Кўкён (Какъян) ва Қорақум (уни Қорақурум деб ҳам аташади) деган жойларда. Талас ва Қадимий Сайрам унга яқин жойда жойлашган. Кейинги шаҳар жуда қадимий ва жуда катта. Уни кўрганлар бир четидан иккинчи четига етиш учун бир кун юриш керак ва унинг қирқ дарвозаси бор, деб таърифлашади. Бугунги кунда унда турк мусулмонлар истиқомат қилишади...»

Ўша даврлардан бери Сайрам номи кўпчиликни қизиқтириб келади. Шаҳар номи анча марта ўзгарган, бир даврда уни Исфижоб дейишса, яна бир даврда Мадинат ул-Байзо, Оқ шаҳар, Ўринкент, деб аташган. Сайрамнинг хосиятли ерлари,унда туғилиб ўсган уламолар ҳақида оз ёзилмади. Улар ичида бугунги кунда хотираси қалбимизни тарк этмаган Мираҳмад Мирхолдоровнинг «Сайрам тарихи» китоби ҳам бор. У қадимий даракларга таянган ҳолда бу ерда қадимда Идрис пайғамбар сажда қилган, Хизр пайғамбар изи қолган, Исо ва Нуҳ пайғамбарлар юрган, Анушервон одил ҳукм юргизган дейди. 

«Авесто» китобида Сайрам номи тилга олинган. Қангли элининг қишлови шу ерда бўлган, бунга асос сифатида ўлкашунослар Сайрамдаги «Қангқа» деган жойни кўрсатишади. Хўжа авлодлари насабномаларида ислом келгунига қадар бу ерларда муғ ва тарсо деган халқлар яшаган, деб маълумот берилади, кўпчилиги Тангрига эътиқод қилган ўғуз қабилалари ҳам шундай аталаверган. 

М. Мирхолдоров Сайрамда 1980 йилларда топилган буддапарастлар ибодатхонасини зардушт дини билан боғлаб, уни «муғ даври» деб атади. Бу фикр тўғри, деган фикрдаман, чунки «муғ даври», яъни қозоқча айтганда «миқ даври» деб аталган қадимий даврни дашт қариялари бронза даври ёдгорликлари билан боғлайдилар. 

Сайрамни фақат хўжалик маркази эмас, авлиёлар макони, десак ҳам адашмаймиз. Бошқаларини тилга олмасак ҳам, бу шаҳар Хожа Аҳмад Яссавий дунёга келган, унинг отаси Иброҳим ота ва онаси Қорасоч онанинг маскани. 

Туркистонни Қозоқ хонлиги барпо бўлган даврда ўз кўзи билан кўрган исфахонлик тарихчи Рўзбихон унинг ҳудудини аниқ кўрсатиб кетган. «Меҳмоннома-и Бухоро» китобида у Сирдарёнинг чап соҳилидаги Аркук истеҳкомини у Бухородан Дашти-Қипчоққа олиб борадиган йўл устидаги Туркистоннинг дастлабки қалъа истеҳкоми деб кўрсатган. Туркистоннинг шарқидаги қалъалар қаторида Рўзбихон Сайрам ва Ясси шаҳарларини кўрсатади. Сиғаноқни эса шимоли-ғарбдаги чекка қалъа сифатида атаб ўтган. 

Шарққа қараган бу мустаҳкам истеҳкомда қозоқ давлати тақдирини ҳал этувчи анча йиғилишлар ўтган бўлса керак. Довруғи Жўжихондан кам бўлмаган Қосим ва Ҳақназар хонлар даврида Сайрамдан қўзи кўчиши масофасида жойлашган Мартўбе тепалигида қозоқ элининг яхшилари бош қўшиб, ҳал қилувчи мажлислар ўтказганлар.

Бугунги кунда Сайрам Шимкент шаҳри маъмурий ҳудудига қўшилган. Сайрамда 1897 йил саноғига кўра 8613 ўзбек яшаган бўлса, улар сони 1920 йилги саноққа кўра 10 628 кишига етган (85, с.24). Бугунги кунда Сайрам туманида 200 мингдан зиёд ўзбек жигарларимиз истиқомат қилади ва бу ерларда хўжалиги тараққий этган Қорабулоқ, Оқсувкент, Манкент сингари йирик аҳоли манзиллари бор. Сайрам каби қадимий шаҳарга тарихий аҳамияти ҳисобга олинган ҳолда алоҳида мақом берилиши ҳам келажакда рўёбга чиқишига умид қиламиз. Мираҳмад Мирхолдоров билан суҳбатларимизда, Сайрам очиқ ҳаво остидаги музей-шаҳар бўлишга лойиқ, деган фикрга келгандик. Энди бу суҳбатлар ҳам тарих бўлиб қолди...

Сирдарё бўйида Мираҳмад аканинг ишини давом эттирадиган ўлкашунослар кўплаб чиқишига умид қиламан. 

Шимкент азалдан Қозоғистон жанубидаги йирик шаҳарлардан бири. М. Мирхолдоровнинг «Чимкент тарихи» китоби «Қозоғистоннинг энг гўзал шаҳарларидан бири, шу сабабли, уни жанубнинг “яшил гавҳари”, дейишади» жумласи билан бошланган. Шимкент ўрта асрларда Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган йирик савдо бекатларидан бири бўлган. Шунинг учун ҳам унда сарт қавмлар яшагани табиий. Бу ер аввалдан савдо-сотиқ қайнаган, ишлаб чиқариш ривожланган марказ. 

«Шимкент» («Чимкент») атамасини баъзан «яшил шаҳар» деб таржима қилишади. Аслида қадимги сўғд тилида «шим» («чим») деб қўрғон, қалъани ҳам айтишган. Шунга кўра «Шимкент» сўзи кўпроқ истеҳкомли шаҳар деган маънога мувофиқ келади, шекилли. Фақат хўжалик, савдо шаҳри бўлгани учун асосан сиёсий воқеаларни акс эттирган ўрта асрлар тарихий манбаларида номи кўп айтилавермайди. Шаҳарнинг Қозоқ хонлиги таркибида бўлганини ва ХIХ аср бошида Қўқон хони тасарруфига ўтганини ўқиймиз. Россия элчилари ХІХ аср бошида бу шаҳарда 700 уй ва шаҳар атрофида ўндан зиёд қишлоқлар мавжуд бўлганини шундай таърифлайдилар: «все они обнесены нетолстыми глиняными стенами и по большей части находятся на возвышенных местах» (110, с.29). 1829 йили Шимкентда бўлган хорунжий Н. И. Потанин «Город Чемкет располжен при речке Бадам, в лощине, посреди которой на возвышенном месте находится небольшая крепостца (по ташкентски – орда), обнесенная со всех сторон высокою стеною, сделанную из глины и имеющая въезд со стороны речки, по узкой дороге...В крепостце выкопаны многие каналы, наполненные водою, втекающую в них из речки...на каналах этих выстроены мельницы. ...Домов в Чемкете находится до 600; мечеть одна в крепости, улицы в городе узкие и неправильные... Жители преимущественно занимаются хлебопашеством и частью торговлею с кочующими поблизости киргизами (казахами-Ж.А.) Большой Орды» дейди. (111, с.212). 

Шаҳарни рус аскарлари 1864 йил 20 сентябрда босиб олишди. Бу истило М.Мирхолдоровнинг китобида қуйидагича тасвирланган: «Чимкент 1864 йили 20 сентябрда штурм билан босиб олинди. Шаҳар ўрисларники бўлди. Солдатлар бозорларни таладилар, уйларга кириб, одамларни ўлдирдилар. Кўп аёллар ва болалар ҳам жабрланди. Босқиннинг бир йиллиги куни ҳам маҳаллий халқ йиғлаб юрди»(89, 47 б.).

***

Олимлар инсоният гултожи, илмнинг манбаи, тараққиёт меъморлари. Мираҳмад Мирхолдоров ана шу тоифа инсонларнинг энг заҳматкаш вакилларидан бири эди. Унинг хизматлари муносиб баҳоланишига, авлодлар қалбида сақланишига ишонаман. Оиласига сабр тилайман.

Эҳтиром ила: 

 

Жамбил АРТИҚБАЕВ, Л. Гумилев номидаги Евроосиё Миллий университети профессори, тарих фанлари доктори, 2017-08-18, 18:44 776
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.