26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
“Бу хонадонда оғамизнинг руҳи кезади”

Чиройли Шимкент шаҳ­рини сайр қилсангиз, қатор тарихий жойларга, буюк инсонларнинг изи қолган жойларга дуч келасиз. Айтганча, бир пайтлар шу му­қаддас шаҳарда таниқли ёзувчи Жусипбек Аймаутов яшаган. Буюк Абайнинг фарзанди Турағул ҳам тақдир тақозоси билан шу ернинг ҳавосидан баҳраманд бўлди. Тарихни чуқурроқ англай бошласак, бундай воқеалар кўплаб учрайди. Бироқ, биз баъзида кундаликдаги ҳаёт оқими бўйича яшаганимизни тан олавермаймиз. 

 

Шимкент шаҳридаги Шамши Қалдаяқов кўчасидан ўтган са­йин  менга бир ўй тинчлик бер­майди. Республика шоҳкўчаси ва Ш. Қалдаяқов кўчаси чор­раҳасидаги кўп қаватли уй олдида буюк бастакорнинг кичик ҳайкалига ўткинчиларнинг кўзи тушиши турган гап. Ана шу ҳайкал орқали бу уйда яқин ўтган даврда Шамши оғамиз ҳаёт кечирганини билиб олади. 

Халқимизнинг суюкли фар­зандларидан бири яшаб, ўлмас, ўчмас асарларни яратган инсон  квартирасининг кейинги тақдири нима бўлди?

Хонадон эгаси Ажар опа Абенова мен билан бироз вақт суҳбатдош  бўлди. Истеъдод соҳибининг изи қолган квар­тирада ўтириб, Ажар опанинг эсдаликларини ёзиб олдим. 

– Умр йўлдошим Наби Еликбаев ўша пайтда вилоят комсомол қўмитасида хизмат қиларди. Мен мактабда ўқитувчи эдим. Турмуш қурганимизга бир йил бўлганда Шамши оға Алматига кўчадиган бўлди. Оға билан  илгаридан таниш эдик. Унинг синглиси Раушан менга келинойи бўлди. Куёви Ўразали Абитов мактаб директори эди. Янгам олтиндай 10 нафар ўғил-қизни дунёга келтириб, тарбиялади. Шаке бизникига тез-тез келиб турарди. Борди-келди  дўстликка айланди. 

Шакем Алматига кўчадиган бўлгандан сўнг квартирани бизга қолдирди. Қайнонам Ажаркул қишлоқдаги сигирини сотиб, пулини бизга олиб келиб берди. Ўзимизнинг ҳам йиққан пулимиз бор эди, Шакега квартира ҳақини тўлиқ  тўладик. 

Биз кўчиб келганда квар­тирада Шакенинг пиа­ниноси ва темир каравотигина турган эди. Уларни куёвим поездга ортиб, Алматига жўнатди. Шундан сўнг кўчиб келдик. Бун­гача ҳам биз Шакени излаб, тез-тез хабар олиб турардик. Мухтар Шаханов, Тўлеген Айбергенов, Нармахан Бегалиев, Муха­меджан Рустемов ва бошқа санъаткорлар билан ҳам шу ерда танишдик. Оғанинг уч хонали квартираси доимо меҳмонлар билан гавжум эди. Туғма истеъдод соҳибларининг турли мавзудаги суҳбатлари тонггача давом этар эди. Орада қўшиқ ва куйга навбат келиб, кеча файзли ўтар эди. Ўзим гувоҳман, Шаке кўп­гина қўшиқларини мана шу пианинони чалиб яратган.  

Бир куни Шакем бизникига меҳмонга келди. Аммо бир­данига мазаси қочиб қолди. Дарров “тез ёрдам”ни чақириб, касалхонага бордик. Икки-уч ҳафтадан сўнг соғая бошлади. Шундан сўнг уни касалхонадан чиқарадиган бўлишди. Энди олиб кетайлик, десак, кийимлари йўқ. Нима қилиш керак? Уйда Мухтар Шахановнинг кийимлари бор эди. Шу ёдимга тушдию, уларнинг тўғри келиши ва келмаслигини ўйлаб ҳам ўтирмадим.

– Касалхонага Шамши бўлиб келиб, Мухтар бўлиб чиқдим, – дегувчи эди раҳматли. 

Кунлардан бирида Шакен эшигимиз олдига “Жигули” автомашинаси билан келиб тўхтади. 

– Наби! Ажар! Мен машина олдим, – деди у уйга киргандан сўнг.

Биз бастакорнинг машинасига кўрмана бердик. Шундан сўнг унинг уловида марказга боргимиз келаётганини айтдик. 

– Мен ҳали машинани ҳайдай олмайманку, – деди у. 

Шундай деб кулди. Ёдига бир нарса тушди чамаси. 

– Нега куласиз?, – дедик бараварига. 

Шаке озгина тутилиб гапи­рарди. 

– Боя бир ДАН ходими тўхтатди.  “Мен Шамшиман”, деб айтаман деб дудуқланиб қолдим. “Ш-ш-ш” деворибман. Йўл соқчиси, мени сўкиняпти, деб ўйлаб, талонимни тешиб берди. Кулгимнинг сабаби шу, – деди Шаке ва яна кулди. 

Унинг гапига биргалашиб кулдик.

Оға кўчиб кетгандан сўнг ҳам бизнинг уйга тез-тез келиб турди. Ёшлик даврининг энг фараҳбахш кунларини ўтказган муқаддас макони эмасми? У келганда қувониб кетардик. Уйга келган сайин кўйлакларини, кийимларини  ювиб бераман. Наби иккови узоқ гурунглашишади. Бирга овқатланишади. Кетар пайтида миннатдорчилик билдириб кетарди.

Квартирани сотгандан сўнг Шакенинг бизга  берган фотиҳасини ҳам унутиб бўладими?! Ўша фотиҳаси қабул бўлди-ёв чамамда,  бошпана бизга қутлуғ келди. Бир ўғил, бир қизли бўлдик. Ўғлим Абзал ҳозир Москвада яшайди. Ҳуқуқшунос. Икки фарзанди бор. Худо хоҳласа, яқинда она юртга кўчиб келади. Ундан кейинги қизимиз Гулмира Алматида истиқомат қилади. Шифокор. Куёви Тажимурат органда хизмат қилиб, нафақага чиқди. Оллоҳга шукур, оғадан сотиб олган квартира бизга мана шундай қут-барака, омад ва бахт олиб келди.

Айтмоқчи, Шаке сотиб олган “Романтика-106” ра­диоприёмниги шундайлигича бизнинг уйда қолди. Шакега бир неча бор “поездга солиб юборайлик” дедик. “Ўша ерда тураверсин”, деб бизга туҳфа қилиб кетди. Ҳозирги кунгача ишлаб турибди. Радиоприёмникни қўшсам, Шамшининг қўшиқлари қуйила  бошлайди. Биз турган уйнинг бурчагидаги Шакенинг ҳайкалини кўргандирсан. Баъзан ўша томондан уйга кирар чоғда ёдгорликни кў­риб, танам титраб кетади. Олдимдан елпиллаб оғам чиқиб қоладигандай туюлади. Уйга кириб, пианиносини из­лайман, ҳаловатим бузи­либ, ўзимни нохуш сезаман. Ҳа, бу квартирада Шамшининг руҳи кезиб юради. 

Эндиликда Шамши қўлининг тафти, оёқларининг изи қолган квартирада яшаш зиммамга катта жавобгарлик юклайди. Уйда ёлғиз қолганимда бояги тўрт қибламиз тугал, бахтли кунларимиз ёдимга тушиб, юрагим сирқирайди.

– Ҳақиқатан бу – хосиятли квартира. Баъзи-баъзида қулоғимга пианино садолари  эшитилади. Полни қисирлатиб, оғанинг арвоҳи кезиб юргандай, уйқум очилиб кетади, – дейди Ажар опа мунғайиб.    

Ҳа, ёшлик даври ҳақида гапирадиган бўлсак, бугун-эрта тугамайди, шундай эмасми? Ўша  йиллар ҳақидаги  хотиралар тез-тез кўз ўнгимизда гавдаланади. 

Ажар опа ўтган кунларини соғинч  билан эсга олиб, айтиб ўтирди. 

Ажар опа мана шу уйни музейга айлантириш учун Шимкент шаҳар ҳокимлигига талай хат ёзди. Шакенинг дўсти Мухтар Шахановдан, композитор Қалдибек Қурманалидан ёрдам сўради. Иккови ҳам шаҳар ҳокимлигига қулоқ қоқиш қилгани билан, маблағ етишмаслиги боис Шамши турган уй давлат томонидан сотиб олинмади. Агар квартира музейга айланганида, унга қўйиладиган экспонатлар шу шаҳарнинг ўзидан кўплаб чиқар эди. Ажар опа билан бирга Шамши оға борди-келди қилган оилалардан бастакорнинг талайгина ашёлари топилган эди. 

Шамши квартирасининг чироқчиси Ажар опа ҳам ҳо­зир  кунига учрайвермайди. Тунов куни Шамши яшаган уйнинг эшигини қоқиб кўрдим. Ҳеч ким овоз бермади. Опа бировларга сотиб юбормадимикан? Сотиб юборса,  Шамши оғадан қолган радиоприёмник қаерда экан? Россияда Пушкиннинг севгилиси Анна Керн қоқилиб кетган тош  ҳам музейда сақланмоқда. Бир қараганда оддийгина тош. Бироқ, буюк шоир ҳаётининг бир лаҳзасидан дарак берувчи қимматли ёдгорлик. Биз эса Давлатимиз Мадҳиясини ёзган муаллиф Шамши ҳаётининг бир парчасига айланган уйга кўнгил бўла олмаяпмиз.

Шунчалик лоқайд бўлиб кетдикми, азизлар?!

 

Сабирбек ЎЛЖАБАЙ, 2017-08-18, 18:52 780
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.