26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Муҳиддин СИДДИҚОВ: “Элбоши топшириқлари таълим даргоҳи ишида дастуриламал”

Янги ўқув йили арафасида Сайрам тумани ҳокими Қорабулоқ қишлоғида янги таълим маскани – 4-сонли мактаб-гимназияни ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарди. Қисқа муддатда Улуғбек номли мактаб янги бинога кўчиши муносабати билан бўш қолган бино янги таълим маскани балансига ўтказилди. Янги ташкилотга ёш ва ғайратли раҳбар Улуғбек Боялиев раҳбар этиб тайинланди. Куни-кеча ўтган синовлардан сўнг ушбу таълим масканига дастлабки ўқувчилар қабул қилинди. 

Муҳиддин Сиддиқов, Сайрам туман маслаҳати депутати:

– Мамлакатимизда учинчи янгиланиш доирасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шулар қаторида таълим тизимининг тўла ислоҳ қилиниши кўзда тутилмоқда. Ўтган йилдан биринчи, бу йил иккинчи, бешинчи ва еттинчи синфлар янги дарсликлар асосида янги талабларга мувофиқ таълим олишади. Ўзгаришлардан асосий мақсад: жаҳон миқёсида рақобатбардош, зукко, ўз устида мустақил ишлай оладиган, ҳар бир маълумотга танқидий кўз билан қараб, таҳлил қиладиган ва хулоса чиқарадиган авлодни тарбиялаш. Қорабулоқ қишлоғида иқтидорларни чархловчи, чуқурлаштирилган билим берувчи илм масканига эҳтиёж бор эди. Бу нарса сайловолди дастуримдан ҳам ўрин олган. Мазкур ниятимизнинг амалга ошганидан жуда хурсандман. Муваффақиятлар куттириб қўймайди. Янгидан иш бошлаган мактаб-гимназия бу борада улкан муваффақиятларга эриша олишига ишонаман.

Улуғбек Боялиев, 4-сонли мактаб-гимназия раҳбари:

– Янги таълим даргоҳига фарзандини йўллаш – халқнинг улкан ишончи, деб биламан. Чунки, мактаб болаларнинг билим пойдеворини мустаҳкамлаб, келгуси муваффақиятларга кенг йўл очадиган даргоҳ. 

Муаллимлар ҳамжамиятида ҳам мактаб-гимназиянинг тузилиши ижобий кутиб олинди. Янги таълим даргоҳига тажрибали, билимли, обрў-эътиборли устозларни жамлашга ҳаракат қилдик. Бизнинг таклифимизни бажонидил қабул қилиб, элнинг болаларига билим беришни ифтихор деб билган ўқитувчиларнинг ёши ҳар хил, аммо мақсадлари бир: шогирдлар камоли учун тер тўкиш, умуммуваффақият учун баҳамжиҳат ишлаш. 

Янги даврнинг талаблари юксак. Гимназиямиз гуманитар йўналишда бўлгани боис учтиллиликни жорий этишда ҳам катта хизматлар қилишига ишонаман. Айни вақтда жамоамизда табиий-аниқ фанлар ҳам чуқур ўқитилади. 

Гимназиямиз чор-атрофдаги мактаблар учун ҳам илғор тажриба манбаси бўлиб қолади, деган ниятдамиз. Турли семинарлар, анжуманлар, форумлар ўтказиш ҳам мўлжалланмоқда.

Айни вақтда кўзда тутилган шартлар доирасида қатор чекловлар қўймоқдамиз. Ариза берган барча ўқувчиларни қабул қилишга имконимиз йўқ. Шунинг учун ҳам ота-оналардан бизни тўғри тушунишларини илтимос қилардик. 

Зуҳра Исмоилова, Кўлкент қишлоғидан:

– Қишлоғимизгача анча йўл. Аммо фарзандларининг эртанги кунини ўйлаган ҳар бир ота-она уларга сифатли билим беришни ўйлаши керак. Янгидан очилган мактаб-гимназияда талаб даражасида таълим берилишига кўзим етади. Чунки унда жамланган муаллимларнинг аксариятини шахсан танийман ва касбий маҳоратини биламан. Икки фарзандим мазкур таълим даргоҳига кириш учун тест топширишмоқда. Ўйлайманки, синовдан муваффақиятли ўтишади.

 

Мактаб-гимназия устозлари ҳақида икки оғиз сўз:

Қодирқул Ниёзметов, таниқли математик, 1978 йилдан буён таълим соҳасида тер тўкиб келмоқда. Таълим соҳасини мукаммал билади. Бугунги кунда кўпчиликка танилган шогирдлари: “Қорабулоқ” мактабини маҳорат билан бошқараётган Муроджон Тожиев, “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси раҳбарларидан бири Муроджон Абубакиров, тадбиркорлик соҳасида мамлакатимизга танилган Бадриддин Нишонқулов ва бошқалар.

Нафосат Акромова, олий тоифали бошланғич синф муаллимаси. Бир неча тўпламлар ва китоблар муаллифи. Қатор тўпламларга муҳаррирлик қилган. I даражали ўқиш ва янгиланган таълим курсларидан ўтган. Иш тажрибаси турли даражадаги анжуманларда оммалаштирилган. Жамоат ишларида фаол: вилоятимиз муаллимларининг янгиланган таълим бўйича маълумот алмашишини таъминлаб келаётган maktab.kz сайтининг муҳаррири.

Нодира Абдувалиева, инглиз тили муаллимаси. Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида магистрликка ўқиган. Етук мутахассис. Шогирдлари турли олий ўқув юртлари, шунингдек АҚШ Давлат департаменти ташкил этиб келаётган FLEX дастури грантларини олишга муваффақ бўлишган. 

Назгул Уалиева, олий тоифали қозоқ тили ва адабиёти ўқитувчиси. III даражали курсни тугатган, 2016 йилдан тренерлик курсини тамомлаб, ўз иши билан бир вақтда муаллимларга янгиланган таълим соҳасида билим бериш ҳуқуқига эга бўлди. Туман, вилоят анжуманларида муваффақиятли қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритган. Республика миқёсида ўтказилган “Тіл – халықтар достығының дәнекері” танлови ғолибаси бўлган. 

 

 

 

А. САРМОНОВ, 2017-08-21, 19:19 271
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.