26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Республикадаги дастлабки тил маркази Шимкентда тузилган

Шимкент шаҳар ҳокимлиги Тил бошқармаси қошида “Давлат тилини мажбурий ва бепул ўқитиш маркази” очилганига 20 йил тўлди. У мамлакатимиздаги давлат тилини бепул ўқитадиган тўнғич Марказ сифатида тил ўрганувчиларга ҳаводай зарур эди. “Тил тақдири – эл тақдири” ҳамда қозоқ тилини ўқитиш ачинарли аҳволда бўлиб турган бир пайтда Шимкентда тўнғич Марказнинг очилиши давлатнинг тил сиёсатида ўзгача янгилик, оламшумул воқеа бўлгани аниқ. Шундай қилиб, 1997 йили Шимкентда қозоқ тилини ўрганувчиларга шароит яратилиб, вилоят марказидаги ҳар бир фуқаронинг давлат тилини ўзлаштиришининг бош дастаги топилиб, ишга туширилди. Албатта, бу айтишга осон бўлгани билан бир бўшлиқ жойда мамлакатимизда биринчи бўлиб, давлат тилини бепул ўқитадиган Марказ очишнинг жуда мураккаб ва қийин бўлганини биров билса, биров билавермайди. Эндиликда бундан 20 йил илгариги Тил марказини ташкил этиш тарихига тўхталиб кетсам, тўғри бўлар. 90-йиллари мамлакатимизда қўлланилаётган чораларга қарамасдан, қозоқ тилининг давлат мақомини тўла-тўкис амалга ошириш мумкин бўлмади. Бунинг асосий сабаби, тил мақоми фақат расмий равишда эълон қилингани билан, уни жойларда ўргатиш ва қўлланиш механизми ўйлаб топилмаган эди.

Бу ҳақда 1996 йил 4 январдаги Давлат раҳбарининг Фармойиши билан тасдиқланган “Қозоғистон Республикаси Тил сиёсатининг концепцияси”да айтилиб, “давлат тилини мажбурий ҳамда бепул ўқитиш марказларини ташкил этиш кераклиги” кўрсатилган эди. Шунингдек, 1996 йил 23 майда Элбоши томонидан тасдиқланган “Қозоғистон Республикасининг давлатга мансублик концепцияси”да: “Давлатга мансублик деганимиз давлатга хос барча унсурларнинг мустақиллик белгиларига мувофиқ келишини билдиради. Давлатга мансублик жиҳатларидан бири – давлат тилининг бўлиши ҳамда тил сиёсатида муайян бир устуворликларга амал қилиш ҳисобланади. 

Қозоғистон жамиятида ўрин олган тилнинг аҳволида давлат тилини ихтиёрий равишда ўқиб-ўрганишга рағбатлантириш, унинг ролини бирлаштирувчи муомала воситасига кўтариш керак”, – деб ёзилган. Шу муносабат билан, биз тил сиёсатини амалга оширишнинг асосий дастаги – қозоқ тилини ўқитиб-ўргатиш масаласига дахлдор эканини теран тушуниб, шаҳардаги катта ёшли фуқароларга қозоқ тилини бепул ўргатиш Марказини ташкил этдик. Шу мақсадда 1996 йилги концепцияларда ҳамда Бош Қомусимизнинг 93-моддасида ёзилган: “Конституциянинг 7-моддасини амалга ошириш мақсадида Ҳукумат, маҳаллий вакиллик ҳамда ижро органлари махсус қонунга мувофиқ Қозоғистоннинг барча фуқаролари давлат тилини эркин ҳамда бепул ўзлаштириши учун керакли барча шароитларни яратиб беришга мажбур”, – деган талабларга амал қилган ҳолда Марказни очишга фаол киришдик. Ўша йиллари мамлакатимиз иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечириб, бюджет муассасалари ходимлари 3-4 ойлаб маошларини ололмай юрган оғир давр эди. Шунингдек, 1996 йили Марказ очишга қонуний асос бўладиган юқорида қайд этилган “Қозоғистон Республикасида Тиллар тўғрисида” махсус Қонуни ҳам қабулланмаганди. Айтишга осон деганларидай, 2013 йили 5 сентябрда мени Алматига “Қозоғистон” Миллий телевидениесининг “Айтуға оңай” дастурига атайин чақиришиб, унда қатнашган эдим. Хабар давомида Бейсен Қуранбек менга: “Нима чиқса ҳам Шимкентдан чиқади, тўнғич тил Марказини ташкил этганларингиз яхши янгилик экан. Шунда нима, қозоқ тилини ўқитиш Марказини бирданига ташкил этавердингизми? Қандай тўсиқлар учради? Қозоқлар зич жойлашган Шимкентга бундай Марказ очишнинг нима кераги бор эди?” – деб бир неча саволни кўндаланг қўйди. Мен унга қозоқлар кўп яшайдиган Шимкентда 1989 йил аҳоли рўйхати бўйича, шаҳардаги қозоқларнинг улуши 29 фоизгина бўлганини айтдим ҳамда 90-йилларнинг бошида мамлакатимиздаги каби шаҳардаги қозоқ тилининг аҳволи ташвишланарли бўлганлиги сабабли бунга атрофлича тўхталиб, саволларга жавоб бердим.

Албатта, Шимкентда қозоқ тилини бепул ўқитиш Маркази бирдан ташкил этилгани йўқ. Аввало, Шимкентда қозоқ тилини бепул ўқитиш Марказини тузиш кераклигига тўхталсам, 90-йилларнинг бошида шаҳар тугул, туман ва қишлоқларда ҳам ҳужжатлар рус тилида юритиларди. Бунга ўзим талай гувоҳ бўлганман. Ҳатто 100 фоиз қозоқ миллати вакиллари яшайдиган қишлоқда буйруқлар рус тилида чиқарилар эди. Шунга мувофиқ, 1990 йили “Қозоқ тили” жамиятининг ташкилотлари қозоқлар зич жойлашган туманларда тузилгани маълум. Масалан, 1990 йили мен Шимкент “Электроаппарат” заводида цех раҳбари ва шу завод “Қозоқ тили” жамиятининг жамоатчилик асосидаги раиси бўлиб ишладим. “Электроаппарат” заводидаги мингга яқин ишчиларнинг 3-4 фоизигина қозоқ миллатидан эди. Бу заводда барча буйруқлар ва ҳужжатлар фақат рус тилида чиқариларди. Корхонанинг кираверишидаги “Шимкентский завод “Электроаппарат” деган пештоқдаги ёзувдан бошлаб, барча цехлар ва бўлимларнинг номлари рус тилида ёзилар, йиғилишлар фақат рус тилида ўтар эди. Ҳатто, ўша йиллари ўғил-қизларимизни она тилида ўқитиш учун қозоқча болалар боғчалари ва мактаблар етарли эмас эди. Бунга исбот сифатида, 1990 йили Шимкентда 3тагина қозоқ мактаби ва 2тагина қозоқ болалар боғчаси бўлганини айтсак кифоя. Институтлар ва техникумларда талабалар асосан рус тилида ўқитиларди. Корхона, муассаса, ташкилотлардаги турли йиғилишлар ва тадбирларнинг барчаси рус тилида ўтказилар эди. 90-йиллари биз, “Қозоқ тили” жамиятининг йиғилишлари ва мамлакатимизнинг мустақиллик олиш йўлида турли жамоат бирлашмалари томонидан ташкил этилган учрашувлар ва суҳбатлардагина қозоқча сўзлар эдик. Мамлакатимиз Мустақиллик олган йиллари давлат органлари ва муассасаларда хизмат қилаётган кўплаган мутахассислар ҳамда раҳбарлар 60-80 йиллари мактабда ва олий ўқув юртларида рус тилида ўқиб, билим олганлиги сабабли, улар қозоқ тилида ҳужжатлар тайёрлаб, маъруза қилишда қаттиқ қийналишарди. Ҳужжатни аввал рус тилида тайёрлаб, сўнгра қозоқчага таржима қилишининг сабаби ҳам шунда эди. Мен 1993 йили Шимкент шаҳар Тил бошқармасининг раҳбари бўлиб тайинланганимдан сўнг, бошқарманинг бош мутахассиси У. Қарасаев икковимиз биргалашиб, шаҳар ҳокимининг 1994 йилги 31 майдаги 513-сонли қарори билан “Тил ҳамда халқ педагогикаси масалалари билан шуғулланадиган услубият маркази”ни очдик. Марказнинг маблағи бўлмай қолган пайтда, мен уларни қўллаб-қувватлаб турдим. 1996 йил декабрь ойида биз “ҚР Тил сиёсатининг концепсияси”да айтилган ҳамда Бош Қомусимизнинг 93-бандида ёзилган: “Қозоғистоннинг барча фуқаролари давлат тилини эркин ҳамда бепул ўзлаштириши даркор”, деган талабларига мувофиқ, шу Марказ асосида шаҳар тил бошқармасининг қошида “Қозоқ тилини ўқитиш марказини ташкил этиш тўғрисида” шаҳар ҳокими А. Ўрмановга илтимоснома ёздик. Даставвал бош мутахассис У. Қарасаев шу хат билан шаҳар раҳбарларига боргани, лекин ҳеч қандай натижа чиқмагани тўғрисида янги йилга бир ҳафта қолганда маълум қилиб, улардан ранжиганини ҳам айтди. Сўзининг сўнггида Усекен менга: “Қабил болам, мен энди Марказ очишдан умидимни бир йўла уздим. Янги Марказ ёшларга, сенларга керак, мен нафақа ёшидаман. Ташаббусни кўтарган ўзинг, ушбу Марказни тузиш масаласи билан ҳам ўзинг шуғуллан!” – деб чиқиб кетди.

Шундан сўнг ушбу муҳим масалани ўзим қўлга олиб, 1997 йил январнинг бошида шаҳар молия бошқармасининг раҳбари И. Асқаровга борганимда, у бюджетда маблағ йўқлигини айтиб, Марказ очишга қаршилик билдирди. Мен эса Марказ тузиш қонуний ва замон талаби эканлигини тушунтириб, уни пайсалга солмай очиш кераклигини айтиб, шаҳар ҳокими Анарбек Ўнғарулига ҳафта сайин эрталабки соат бешдан бошлаб (1995-1997 йиллари А. Ўрманов йиғилишни эрталабки 06:00да ўтказарди) тинимсиз, қайта-қайта бордим.

Ойнинг сўнггида ҳокимга яна кириб, Марказ тузиш чин маънода, тарихий аҳамиятга эга эканлигини ҳамда давлат тилини ўрганувчиларга қулай шарт-шароитлар яратилмас экан, қозоқ тилининг мавқеи ўсмаслигини тушунтирдим. Шу ўринда қозоқнинг сўз заргари Ғ. Мусиреповнинг: “Она тили деганимиз – шу тилни яратган, яратаётган халқнинг мангу масаласи”, – деган сўзларини айтдим. Сўнггида А. Ўрманов тантилик кўрсатиб, ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамасдан, бошидан талай хўрликларни ўтказган қозоқ тили ўзининг юксалиш даврига юз бурганини пайқаб ва тилимизнинг келажагини ўйлаб, 1997 йил 31 январда Шимкент шаҳар ҳокимлиги Тил бошқармасининг қошида “Давлат тилини мажбурий ҳамда бепул ўқитиш марказини” очиш ҳақидаги тарихий қарорга имзо чеккан эди! Ана шу тарихий қарор асосида, бундан 20 йил муқаддам Шимкентда давлат тилининг мавқеини ошириш сари дадил қадам ташланиб, республикадаги тўнғич Марказ ўз ишини бошлаган эди. Жанубдан бошланган ўша яхши янгилик ўша пайтдаги тилсевар қавмни бир силкинтириб, қувонтиргани рост. Бу эзгу ташаббус 1998 йили Астана шаҳрида ҳамда республикамизнинг бошқа шаҳар ва вилоятларида қўллаб-қувватланиб, тўрт-беш йилда бутун Қозоғистонга тарқалди. У чин маънода “Жануб – миллатимизнинг қаймоғи” эканлигини яна бир карра исботлади. Янги Марказ ташкил этишнинг дастлабки ойларида турли масалаларда қатор қийинчиликларга дуч келдик. Бунга далил сифатида, 1997 йил апрель ойида Марказ директори У. Қарасаев олдимга келиб: “Ушбу Марказингни ноқонуний очган экансан, уч ойдан бери маош ололмадик, бунга ким жавоб беради?” деб, нороизи бўлганини келтирган бўлар эдим. Мазкур муаммони зудлик билан ҳал этиш мақсадида, шаҳар ҳокимининг ўринбосари А. Медеуовга бордим, у ЖҚВ адлия департаментининг раҳбари С. Абдуллаев билан хабарлашиб, Марказнинг рўйхатдан ўтганини ва қонуний эканини аниқлади. Шундан кейин молия бошқармаси шаҳар тил бошқармасига 1997 йил учун ажратилган маблағ ҳисобидан Марказга пул юборди. Ўша йили Шимкент шаҳар тил бошқармаси ихчамлаштиришга илиниб, қисқариб кетгани билан, унинг қошида тузилган тўнғич “Давлат тилини бепул ўқитиш марказини сақлаб қолдик. Шу қийин бир замонда бунинг ҳаммаси ҳам осон бўлгани йўқ. Айтганча, вақт ўтиши билан Марказнинг моддий-техникавий муаммолари бирин-кетин ечимини топди. Бундан 20 йил бурун мамлакатимизда қозоқ тилининг нуфузини кўтариш мақсадида, унинг муҳим дастагини топиб, ишга туширган Шимкентдаги тўнғич Марказни очиш тарихи мана шундай бўлган. Яъни, 1997 йили Шимкентда қозоқ тилини ўрганувчиларга ҳар томонлама шароит яратилиб, барча фуқароларга давлат тилини ўргатишнинг пойдевори қўйилганини, тил соҳасидаги муҳим воқеа десак, муболаға бўлмас. Шундан бери “Тилларни ўқитиш маркази”нинг номи бир неча бор ўзгариб, раҳбарлари ҳам алмашди. Ўтган 20 йил ичида бу марказда бир неча минглаган давлат ходимлари ва бюджет муассасалари ҳамда шаҳарнинг оддий фуқаролари қозоқ тилини ўқиб-ўргандилар. Сўнгги 10-15 йилдан бери эса фуқаролар рус ҳамда инглиз тилларини ўқиб-ўрганмоқдалар.

Бундан уч йил бурун Давлат раҳбарининг халққа йўллаган Мактубида айтилган “Бизнинг бурчимиз – 2017 йилга қадар давлат тилини биладиган қозоғистонликлар сонини 80 фоизга етказиш” топшириғи Жанубий Қозоғистонда 10 фоиз ортиғи билан бажарилишида Марказнинг ҳиссаси катта. Ўтган асрнинг сўнггида қозоқ тилининг тўпланиб қолган муаммоларини ҳал этишни вилоятдаги ватанпарвар фуқаролар бошлаб, раҳбарлар қўллаб-қувватлаб, 1993-1997 йиллари фаолият юритган вилоят, туман, шаҳар тил бошқармалари, ҳозирги кунда эса вилоят тилларни ривожлантириш, архивлар ва ҳужжатлаштириш бошқармаси, туман, шаҳар маданият ҳамда тилларни ривожлантириш бўлимлари кўп ишларни амалга оширди. Уларнинг улкан куч-ғайратлари ва самарали меҳнати пайтида тилимизнинг қўлланиш доираси кенгайиб, катта муваффақиятларга эришдик. Ҳозирги пайтдаги қозоқ тилининг қўлланилиш даражасини 90-йиллар билан солиштирсак, осмон билан ерча фарқи борлигини пайқаш мумкин ва бунга албатта, шукроналар айтишимиз керак!

20 йиллик тарихига эга Қозоғистондаги тўнғич “Давлат тилини бепул ўқитиш маркази” мамлакатимизнинг тил соҳасида бугун қўлга киритган ютуқларига қўшган ҳиссаси салмоқли бўлганини ҳамда Марказ бундан буён ҳам фуқароларнинг тилларни ўқиб-ўрганишига муҳим ҳисса қўшаверади деб ишонч билан айта оламан.

 

 

Қабил ДУЙСЕНБИ, “Тіл жанашыры” фахрий нишони ҳамда “Вилоятга кўрсатган хизмати учун” медали соҳиби., 2017-08-21, 19:27
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.